Шоҳлар учинчи китоб
14 Ўша пайтда Ёрубом ўғли Абиё касал бўлиб қолди. 2 Шунда Ёрубом хотинига деди: «Хотиним эканингни ҳеч ким билиб қолмаслиги учун уст-бошингни алмаштир-да, Шилўга йўл ол. У ерда Охиё пайғамбар яшайди. Ўша пайғамбар менга бу халқ устидан шоҳ бўлишим ҳақида айтган эди+. 3 Унга ўнта нон, бир нечта кулча ва бир хум асал олиб бор. У сенга ўғлимиз билан нима содир бўлишини айтиб беради».
4 Ёрубомнинг хотини эри айтгандай қилди. У ўрнидан туриб, Шилўга+ йўл олди ва Охиёнинг уйига келди. Охиё қариб қолгани учун кўзлари кўрмасди.
5 Аммо Тангри Яҳова Охиёга деди: «Ана, олдингга Ёрубомнинг хотини келяпти. У сендан ўғли ҳақида сўрамоқчи. Унга нима деб жавоб беришни Мен сенга айтаман. У ёнингга кирганида, ўзининг ким эканини яширмоқчи бўлади».
6 Ёрубомнинг хотини остонани ҳатлаб ўтаётганда, Охиё унинг оёқ шарпасини эшитди-да, шундай деди: «Кираверинг, Ёрубомнинг хотини. Нега кимлигингизни яширяпсиз? Сизга Худонинг даҳшатли хабарини етказмоқчиман. 7 Бориб Ёрубомга шундай денг: “Исроил Худоси Яҳова айтмоқда: “Халқим Исроил устидан бошқариш учун, сени ўз халқинг ичидан танлаб олган эдим+. 8 Шоҳликни Довуд хонадонидан тортиб олиб, сенга бердим+. Сен эса хизматкорим Довудга ўхшамадинг. У амрларимга риоя этиб, фақат Менга маъқул бўлган ишларни қилган ва бутун қалби билан йўлларимдан юрган эди+. 9 Аммо қилмишинг сендан илгариги барча шоҳларникидан ҳам ошиб тушди. Сен ўзинг учун бошқа худо ва қуйма бутлар* ясаб Мени ранжитдинг+, Мендан юз ўгирдинг+. 10 Шунинг учун Мен Ёрубом авлодига фалокат юбораман ва хонадонидаги эркак зотини, Исроилдаги ҳатто ночор ва ожиз бўлганларини ҳам қириб ташлайман. Гўнгдан тозалагандай, Ёрубом хонадонини йўқ қилиб юбораман!+ 11 Ёрубомнинг хонадонидан шаҳарда ўлганлари итларга, далада ўлганлари эса қушларга ем бўлади. Чунки буни Яҳова айтди”.
12 Энди ўрнингиздан туриб, уйингизга боринг. Шаҳарга қадам босишингиз биланоқ ўғлингиз ўлади. 13 Бутун Исроил мотам тутиб, уни дафн этади. Ёрубом хонадонидан фақатгина у қабрга қўйилади. Чунки Исроил Тангриси Яҳова Ёрубом хонадонидан биргина унинг кўнглида яхшилик топди. 14 Яҳова Исроил устидан ўша куни Ёрубом хонадонини йўқ қилиб юборадиган шоҳ тайинлайди+. У буни ҳатто ҳозирнинг ўзида амалга ошира олади. 15 Яҳова Исроилга шундай зарба берадики, у сувдаги қамишдай титрайди, ота-боболарига берган юртдан уларни таг-томири билан қўпоради+, уларни Фурот дарёсининг нариги томонига тарқатиб юборади+. Зеро, улар муқаддас устунлар*+ ясаб, Яҳованинг кўнглини оғритишди. 16 Ёрубом ўзи гуноҳ қилиб, исроилликларни ҳам гуноҳга ботиргани учун, Тангри Исроилни тарк этади»+.
17 Ёрубомнинг хотини йўлга чиқиб, Тирзага қайтиб келди. У остонани ҳатлаши биланоқ ўғли ҳаётдан кўз юмди. 18 Бутун Исроил у учун аза тутиб, уни дафн этди. Шу тариқа, Яҳованинг Ўз хизматкори Охиё пайғамбар орқали айтган сўзи рўёбга чиқди.
19 Ёрубомнинг ҳаёти, олиб борган жанглари+ ҳамда қандай ҳукмронлик қилгани ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 20 Ёрубом 22 йил ҳукмронлик қилиб, ҳаётдан кўз юмди ва ота-боболарига қўшилди+. Унинг ўрнига ўғли Надов шоҳ бўлди+.
21 Бу даврда Сулаймоннинг ўғли Рахабом Яҳудода ҳукм сураётган эди. У шоҳ бўлганида 41 ёшда эди. Яҳова Ўз исмини ўрнатиш учун+ Исроилнинг барча қабилалари орасидан танлаган Қуддус шаҳрида+, у 17 йил ҳукмронлик қилди. Рахабомнинг онаси оммонлик бўлиб, исми Намах эди+. 22 Яҳудо халқи ҳам Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилиб+, ота-боболари содир этган гуноҳлардан ўтиб тушиб+, Унинг қаҳрини келтирарди. 23 Улар ҳар бир баланд тепалик ва сершох дарахт тагида+ ўзларига тепаликлар+ бунёд этиб, муқаддас устунлар ҳамда муқаддас тошлар*+ ўрнатишни давом эттиришди. 24 У ерда ҳатто ибодатхона баччалари* ҳам бор эди+. Улар Яҳова Исроил халқи орасидан ҳайдаб юборган халқлар сингари қабиҳ ишлар қилишарди.
25 Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йили Миср шоҳи Шишах+ Қуддусга бостириб кирди+. 26 У Яҳованинг уйидаги ҳамда шоҳ саройидаги бор нарсани+, жумладан Сулаймон ясатган олтин қалқонларни ҳам олиб кетди+. 27 Шоҳ Рахабом уларнинг ўрнига мис қалқонлар ясади ва уларни шоҳ саройининг кираверишини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқларига топширди. 28 Шоҳ ҳар сафар Яҳованинг уйига борганида, соқчилар бу қалқонларни кўтариб боришарди. Сўнг эса уларни соқчилар хонасига қайтариб қўйишарди.
29 Шоҳ Рахабомнинг ҳаётию барча ишлари ҳақида Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган+. 30 Рахабом билан Ёрубом доим ўзаро жанг қилиб келишди+. 31 Рахабом ҳаётдан кўз юмиб, ота-боболарига қўшилди ва Довуд шаҳрида+ дафн этилди. Унинг онаси оммонлик бўлиб, исми Намах эди+. Рахабомнинг ўрнига ўғли Абуём*+ шоҳ бўлди.