Эзра
5 Бу воқеалардан кейин, Хаггей пайғамбар+ ҳамда Иддонинг+ невараси Закариё пайғамбар+ Исроилнинг кўкдаги Худоси номи билан Яҳудодаги ва Қуддусдаги яҳудийларга башорат қилишди. 2 Шундан кейин Шалтиёлнинг ўғли Зарубабел+, Ёҳузадахнинг ўғли Ешува+ Худонинг Қуддусдаги уйини қайта қура бошлашди+. Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳам улар билан бўлиб, уларни қўллаб-қувватлашарди+. 3 Ўша пайтда Фурот дарёсининг ғарбидаги* ҳудуднинг ҳокими Таттанай ва Шатарбўзанай иттифоқчилари билан уларнинг олдига келиб: «Бу уйни қуришга ҳамда деворларини қайта тиклашга сизларга ким рухсат берди?» — дейишди. 4 Яна улар: «Бу иморатнинг қурилишида иштирок этаётганларнинг исмлари нима?» — деб сўрашди. 5 Бироқ, яҳудийларнинг оқсоқолларига Худо ёрдам бераётган эди+. Шунинг учун Таттанай ва бошқалар Дорога бу масала бўйича хат юбориб, ундан расмий жавоб олмагунча, қурилиш ишини тўхтатмадилар.
6 Фурот дарёсининг ғарбидаги ҳудуднинг ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва унинг иттифоқчилари ҳамда дарёнинг нарёғидаги ҳудуднинг кичик амалдорлари шоҳ Дорога хат юборишди. 7 Юборилган хатда улар шундай деб ёзган эдилар:
«Шоҳ Дорога.
Сизга тинчлик ва омонлик тилаймиз! 8 Сизга шуни маълум қилмоқчимизки, биз Яҳудо вилоятида жойлашган буюк Худонинг уйига борган эдик. Бу уй ўша ерга думалатиб олиб келинган тошлардан қуриляпти, деворлари орасига ходалар қўйиляпти. Иш қизғин кетяпти ва қурувчиларнинг иши юришяпти. 9 Шунда биз ўша ердаги оқсоқолларни сўроққа тутиб: “Бу уйни қуришга ҳамда деворларни қайта тиклашга сизларга ким рухсат берди?”+ — деб сўрадик. 10 Бундан ташқари, сизга ёзма равишда маълум қилиш мақсадида, уларга бошчилик қилаётган одамларнинг исмларини ҳам сўрадик.
11 Улар эса бизга қуйидагича жавоб беришди: “Биз еру кўк Худосининг хизматчиларимиз. Бу уйни кўп йиллар олдин Исроилнинг буюк шоҳи қуриб битказган эди+, биз эса уни қайта тиклаяпмиз. 12 Лекин ота-боболаримиз самовий Худонинг қаҳрини келтиришгани учун+, У ота-боболаримизни Бобил шоҳи халдейлардан бўлган Навуходоносорнинг қўлига берди+ ва у бу уйни вайрон қилиб+, халқни Бобилга сургун қилган эди+. 13 Шундай бўлса-да, Бобил шоҳи Кир ҳукмронлигининг биринчи йилида, шоҳ Кир Аллоҳнинг уйини қайта тиклаш ҳақида фармон чиқарди+. 14 Бундан ташқари шоҳ Кир Шашбаззар*+ исмли кишига, Навуходоносор Тангрининг маъбадидан олиб, Бобилдаги ибодатхонага қўйган олтин ва кумуш идишларни олиб чиқиб берди+. Бу кишини шоҳ Кир ҳоким этиб тайинлаган эди+. 15 Кир унга: “Бу идишларни олгин-да, Қуддусдаги маъбадга олиб бориб қўй. Тангрининг уйи ҳам аввалги жойида қайта қурилсин”+— деди. 16 Шашбаззар у ерга етиб келгач, Худонинг Қуддусдаги уйи пойдеворини солди+. Ўша вақтдан буён бу ишлар олиб бориляпти, лекин ҳалигача якунига етгани йўқ”+.
17 Агар шоҳ ҳазратлари маъқул деб билсалар, шоҳнинг Бобилдаги хазинаси текширилиб, Аллоҳнинг Қуддусдаги уйини қайта тиклаш борасида шоҳ Кир фармон чиқарган-чиқармаганини аниқлашга рухсат этсинлар+. Сўнг шоҳ ҳазратлари бу масалага тегишли қарорларини бизга ҳам юборсинлар».