12- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Закариё кўрган нарсаларни кўряпсизми?
«Менинг руҳим ёрдамида содир бўлади»,— деб айтмоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова. ЗАКР. 4:6
73- ҚЎШИҚ Бизга жасорат бер
БУ МАҚОЛАДАa
1. Асирликда бўлган яҳудийларни қандай қувончли воқеа кутаётганди?
ЯҲУДИЙЛАРНИНГ қувончи ичига сиғмасди. Тангри Яҳова «Форс шоҳи Кирнинг юрагида истак уйғотди» ва у ўнлаб йиллардан бери Бобилда асирликда бўлган яҳудийларни озод этди. Қолаверса, шоҳ яҳудийларни она юртига қайтиб «Исроилнинг Худоси Яҳованинг... уйини қайта қуришини» эълон қилди. (Эзра 1:1, 3) Бу жуда ҳам қувончли воқеа эди. Сабаби бу исроилликлар энди ҳақ Тангри уларга берган юртда топина олишини англатарди.
2. Яҳудийлар Қуддусга қайтгач, биринчи бўлиб нима қилган?
2 Мил. авв. 537 йили асирликдаги илк яҳудийлар Яҳудонинг жанубий шоҳлигининг пойтахти бўлмиш Қуддусга қайтган. Кўп вақт ўтмай, улар маъбадни тиклашни бошлаган. Мил. авв. 536 йили маъбаднинг пойдевори солинганди.
3. Яҳудийлар қандай қаршиликларга дуч келди?
3 Яҳудийлар маъбадни қуришни бошлаганидан кўп ўтмай қаршиликларга дуч келди. Атрофда яшаган халқлар «Яҳудо аҳолисининг руҳини тушириб, уларнинг кўнглини қурилиш ишидан совутадиган бўлишди». (Эзра 4:4) Бунинг дастидан шундоқ ҳам оғир вазият янада чигаллашди. Мил. авв. 522 йили Артаксеркс Форснинг янги шоҳи этиб тайинландиb. Қарши бўлганлар бу ўзгаришни қурилишга нуқта қўйиш имкони деб билди. Улар «қонундан фойдаланиб ёвузликни ният қилди». (Заб. 94:20) Яҳудийларга қарши чиққанлар шоҳ Артаксерксга мактуб юбориб, яҳудийлар шоҳга қарши исён кўтармоқчи эканини айтди. (Эзра 4:11–16) Шоҳ Артаксеркс бўҳтонларга ишонди ва маъбаднинг қурилишини ман этди. (Эзра 4:17–23) Оқибатда, яҳудийлар маъбад қурилишини тўхтатишга мажбур бўлди. (Эзра 4:24)
4. Маъбад қурилишига қаршилик кўрсатилганидан кейин Яҳова нима қилди? (Ишаё 55:11)
4 Юртдаги бутпараст одамлар ва Форс ҳукуматидаги баъзилар маъбад қурилишини тўхтатишга қатъий бел боғлаган. Лекин Яҳова яҳудийлар маъбадни охиригача битказишини истаган ва У доим ниятларини амалга оширади. (Ишаё 55:11 ни ўқинг.) Яҳова жасоратли Закариё исмли пайғамбардан фойдаланган. У Закариёга саккизта ажойиб ваҳий берган. Закариё бу далда бахш этувчи ваҳийларни яҳудийлар билан бўлишган. Ўша ажойиб ваҳийлар яҳудийларга душманлардан қўрқмаслиги ва Яҳованинг иродасини бажаришда давом этиши кераклигини тушунишга ёрдам берган. Бешинчи ваҳийда Закариё чироқпоя ва иккита зайтун дарахтини кўрган.
5. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
5 Баъзида ҳаммамиз тушкунликка тушиб турамиз. Шундай экан, Яҳова Закариё орқали исроилликларга чироқпоя ва иккита зайтун дарахти ҳақида берган ваҳийдан фойда олишимиз мумкин. Қаршиликка дуч келганимизда ёки йўл-йўриқларни тушунмаганимизда, бу ваҳий ёрдамида Яҳовага садоқат ила хизматимизни давом эттира оламиз.
ҚАРШИЛИКЛАРГА ДУЧ КЕЛГАНДА
6. Чироқпоя ва иккита зайтун дарахти ҳақидаги ваҳий қай йўсин яҳудийларга далда берган? (Закариё 4:1–3) (Муқовадаги расмга қаранг.)
6 Закариё 4:1–3 ни ўқинг. Чироқпоя ва иккита зайтун дарахти ҳақидаги ваҳий яҳудийларга жасорат берган. Қанақасига? Эътибор берган бўлсангиз чироқпояда доимий ёнилғи манбаи бўлган. Иккита зайтун дарахтидан косага мой оқиб тушган. Бу туфайли чироқпоядаги еттита мойчироқнинг ҳар бирида мой бўлган. Мой ёрдамида эса улар ўчиб қолмаган. Закариё бу нимани билдириши ҳақида сўраганида, фаришта унга Яҳованинг хабарини етказиб қуйидагича айтган: «“Буларнинг бари ҳарбий куч ва қудрат билан эмас, Менинг руҳим ёрдамида содир бўлади”,— деб айтмоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова». (Закр. 4:4, 6) Зайтун дарахтларидан оққан мой Яҳованинг қудратли муқаддас руҳини билдирган. Форс империясининг бутун ҳарбий кучи Худонинг қудратли руҳи олдида ҳеч нарса эмасди. Яҳудийлар ҳар қандай қаршиликни енгишда Яҳовага ишониши ва ишни давом эттириши кутиларди, холос. Улар қаршиликларга қарамай, айнан шундай йўл тутди.
7. Қайси воқеа маъбад қурувчиларига ёрдам берди?
7 Рўй берган ўзгариш маъбад қурувчиларига муайян даражада енгиллик бахш этди. Қизиқ, қанақа ўзгариш ҳақида гап кетяпти? Мил. авв. 520 йили Форсда Доро І шоҳлик қилаётганди. Ҳукмронлигининг иккинчи йили у маъбад қурилиши ноқонуний тарзда тўхтатилганини билиб қолди. Шу боис, Доро бу ишни охиригача етказишни буюрди. (Эзра 6:1–3) Бу хабар барча одамларни лол қолдирди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Шоҳ маъбад атрофида яшаган барча халқларга бу ишга халақит бермасликни, унга кетадиган харажатларни қоплашни ва керакли барча нарсаларни тақдим этишни буюрди. (Эзра 6:7–12) Натижада яҳудийлар тўрт йилдан сал кўпроқ вақт ичида, яъни мил. авв. 515 йили маъбадни қайта тиклашди. (Эзра 6:15)
8. Нега қаршиликларга дуч келганингизда ғайратли бўла оласиз?
8 Бугунги кунда ҳам Яҳованинг кўп хизматчилари қаршиликларга дуч келяпти. Мисол учун, баъзилар фаолиятимиз ҳукумат томонидан чекланган мамлакатларда яшайди. У ердаги биродарларимиз қамоққа тушиши ва «ҳокимлару подшоҳлар қошига олиб борилиши» мумкин. (Мат. 10:17, 18) Гоҳида ҳукумат аъзолари ўзгариши мумкин ва имондошларимиз эркин тарзда хизмат қила олади. Ёки адолатли судьялар фаолиятимиз юритилишига ҳисса қўшадиган қарорлар чиқаради. Айримлар эса қаршиликларга йўлиқади. Улар Яҳовага топиниш ман этилмаган мамлакатларда яшар, аммо Унга хизмат қилишдан қайтармоқчи бўлган оила аъзоларининг қаршиликларига дуч келади. (Мат. 10:32–36) Ҳа, баъзи вазиятларда шиддат ила қаршилик қилганлар кейинчалик ғайратли имондошларимизга айланди. Қаршиликларга дуч келганингизда таслим бўлманг! Жасоратли бўлинг. Яҳова ҳамда Унинг қудратли муқаддас руҳи сиз томонда. Шундай экан, ҳечам қўрқманг!
ВАЗИЯТИМИЗ ЎЗГАРГАНИДА
9. Янги маъбаднинг асоси солингач, нима учун баъзи яҳудийлар йиғлади?
9 Янги маъбаднинг асоси солингач, кекса ёшдаги яҳудийларнинг баъзилари йиғлаган. (Эзра 3:12) Улар Сулаймон қурган маъбаднинг улуғворлигини кўрганди. Уларнинг назарида «аввалгиси билан солиштирганда», янги маъбад аянчли бўлиб кўринган. (Хаг. 2:2, 3) Ҳа, олдинги ва янги маъбад ўртасида анчагина фарқ бор эди. Закариё кўрган ваҳий эса уларга бу тушкунликни енгишга ёрдам бериши керак эди. Қанақасига?
10. Қай йўсин фариштанинг сўзлари яҳудийларга тушкунликни енгишга ёрдам берган? (Закариё 4:8–10)
10 Закариё 4:8–10 ни ўқинг. Фаришта яҳудийлар Зарубабелнинг «қўлидаги шоқулни кўриб хурсанд бўлишади» деганида, нимани назарда тутган? Шоқул тик ёки вертикал ҳолатни аниқлаш учун ишлатиладиган асбоб. Фариштанинг бу сўзлари Худонинг халқига йўналтирилган эди. Гарчи баъзилар учун янги маъбад эскиси билан солиштирганда оддийдек кўринса ҳам у қуриб битказиларди ва айнан Яҳова хоҳлагандай бўларди. Янги маъбад Яҳовани қониқтирарди, шунинг учун яҳудийлар ҳам ундан қониқиши керак эди. Яҳова учун энг муҳими янги маъбадда Унинг талабларига мос тарзда топиниш бўлган. Агар яҳудийлар Яҳовага маъқул келадиган топинишга диққат қаратса ва Унинг розилигини олишда давом этса, яна қувончга эга бўларди.
11. Баъзи имондошларимиз қандай қийинчиликка дуч келяпти?
11 Вазиятимиз ўзгарганида аксариятимиз учун бу осон эмас. Масалан, кўп йиллар тўла вақтли махсус хизматда қатнашган баъзиларнинг вазифаси ўзгарди. Айримлар ёши туфайли ўзи ёқтирган хизмат турини тўхтатди. Биз ҳам бунга дуч келган бўлсак, тушкунликка тушиш табиийдир. Аввалига чиқарилган қарорни тушунмасмиз ёки у билан рози бўлмасмиз. Олдин қилган ишларни соғинишимиз мумкин. Қолаверса, руҳимиз тушиши ҳеч гап эмас. Чунки Яҳова учун энди кўп қила олмаяпман, деб ўйлармиз. (Ҳик. 24:10) Хўш, қандай қилиб Закариёнинг ваҳийси Худо учун энг яхшисини беришимизга кўмаклашади?
12. Вазиятимиз ўзгарганида Закариё кўрган ваҳий бизга қандай ёрдам бериши мумкин?
12 Вазиятга Яҳованинг нуқтаи назари билан қарасак, ўзгаришларга мослашиш осонроқ бўлади. Ҳозирда Худо улкан ишларни амалга оширмоқда ва биз Унинг хизматдошлари бўлиш каби ажойиб шарафга эгамиз. (1 Кор. 3:9) Тўғри, вазифаларимиз ўзгариши мумкин, аммо Яҳованинг севгиси ўша-ўша қолади. Шунингдек, ташкилотдаги ўзгариш шахсан сизга таъсир қилса, нега ундай ёки бундай бўлди деб ҳаддан ташқари кўп ўйламанг. «Аввалги кунларни» қўмсашдан кўра, ўзгарган вазиятдан ибодат ила бирон яхши нарсани топишга ҳаракат қилинг. (Воиз 7:10) Энди қўлингиздан нималар келмаслиги эмас, балки нималар қила олишингиз ҳақида фикр юритинг. Закариёнинг ваҳийсидан ижобий руҳиятни сақлаш муҳим эканини кўряпмиз. Шу йўсин, вазиятимиз ўзгарганида ҳам қувончни йўқотмай садоқатли қоламиз.
ЙЎЛ-ЙЎРИҚҚА АМАЛ ҚИЛИШ ҚИЙИН БЎЛГАНИДА
13. Маъбадни қайта қуриш ҳақидаги кўрсатма нега баъзи исроилликлар учун нотўғридай туюлган бўлиши мумкин?
13 Маъбадни қайта қуриш ишлари тақиқланган эди. Лекин бошчиликни зиммасига олган кишилар, яъни олий руҳоний Ешува (Ёшуа) ва ҳоким Зарубабел Худонинг уйини қайта қура бошлашди. (Эзра 5:1, 2) Бу қарор баъзи яҳудийлар учун нотўғридай туюлгандир. Сабаби маъбад қурилганида душман бундан барибир хабар топарди ва бу ишни тўхтатиш учун қўлидан келганча ҳаракат қиларди. Бу иккита масъулиятли киши Ёшуа ва Зарубабел Яҳова уларни қўллаб-қувватлаётганига ишонч ҳосил қилиши керак эди ва шундай бўлди ҳам. Қанақасига?
14. Закариё 4:12, 14 га биноан, Яҳова Ёшуа ва Зарубабелни нимага ишонтирган?
14 Закариё 4:12, 14 ни ўқинг. Ваҳийнинг бу қисмида фаришта иккита зайтун дарахти «иккита мойланган киши», яъни Ёшуа ва Зарубабел эканини Закариёга ошкор этган. Фаришта улар рамзий маънода «бутун ер юзининг Рабби, яъни Яҳова ёнида турган» деб айтган. Бу катта шараф бўлган, чунки Яҳова уларга ишонган. Шундай экан, Яҳова исроилликларни етаклаш учун фойдаланган бу икки кишига улар тўлиқ ишониши мумкин эди.
15. Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқлар биз учун аҳамиятли эканини қандай кўрсата оламиз?
15 Бугунги кунда ҳам Яҳова Каломи, яъни Муқаддас Китоб ёрдамида халқига йўл-йўриқ беришда давом этмоқда. Бу китобдан Яҳовага қай йўсин маъқул тарзда топинишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Хўш, Худонинг Каломидаги йўл-йўриқлар биз учун аҳамиятли эканини қандай кўрсата оламиз? Масалан, уларни яхшилаб ўқиш ва тушуниш учун вақт ажратишимиз мумкин. Ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг: «Муқаддас Китобни ёки адабиётларимизни ўқиганимда, тўхтаб мулоҳаза юритиш учун вақт ажратаманми? Муқаддас Китобдан бирон ҳақиқатни тушуниш қийин бўлганида, изланиш олиб бораманми ёки шунчаки кўз югуртириб чиқаманми?» (2 Бутр. 3:16) Яҳованинг таълими устида мулоҳаза юритиш учун вақт ажратсак, Унинг йўл-йўриқларига амал қилиб ваъзгўйлик ишини бажара оламиз. (1 Тим. 4:15, 16)
16. «Ишончли ва ақлли хизматкор» орқали олган йўл-йўриқни тўлиқ тушунмасак, унга амал қилишга нима ёрдам беради?
16 Яҳова «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали ҳам йўл-йўриқ беради. (Мат. 24:45) Баъзида бу хизматкор берган йўл-йўриқни тўлиқ тушунмаслигимиз мумкин. Масалан, табиий офатларда омон қолиш учун олдиндан тайёргарлик кўриш ҳақида йўл-йўриқ оламиз. Шунда табиий офатлар бизнинг ҳудудимизда рўй бермайди, деб ўйлармиз. Ё бўлмаса ишончли ва ақлли хизматкор пандемия пайтида керагидан ортиқ эҳтиёткорликни намоён этяпти, деб фикр юритишимиз ҳеч гап эмас. Хўш, йўл-йўриқлар амалий эмасдай туюлганида нима қилишимиз керак? Исроилликлар Ёшуа ва Зарубабел орқали берилган йўл-йўриққа амал қилганида қандай фойда олгани ҳақида мулоҳаза қилсак бўлади. Шунингдек, Муқаддас Китобда ўқиган баёнотлар устида ҳам фикр юритсак яхши бўлади. Баъзида Худонинг халқи олган йўл-йўриқлар инсоний нуқтаи назар билан қараганда амалий эмасдай кўринган. Лекин айнан улар орқали халқ нажотга эришган. (Ҳак. 7:7; 8:10)
ЗАКАРИЁ КЎРГАН НАРСАЛАРНИ КЎРИНГ
17. Чироқпоя ва иккита зайтун дарахти ҳақидаги ваҳий яҳудийларга қандай таъсир қилган?
17 Закариё кўрган бешинчи ваҳий қисқа эди. Аммо у яҳудийларга бажарган ишига ва топинишига ижобий нуқтаи назарда бўлишга ёрдам берган. Шунингдек, улар бу ваҳийдан билиб олганларига амал қилганида, Яҳованинг севги ила қўллаб-қувватлашини ва У йўл-йўриқ берганини ҳис қилишган. Яҳова қудратли муқаддас руҳи орқали уларга ишини охиригача битказишга ва яна хурсанд бўлишга кўмаклашган. (Эзра 6:16)
18. Закариё кўрган ваҳий сизга қандай таъсир қилиши мумкин?
18 Закариё чироқпоя ва иккита зайтун дарахти ҳақида кўрган ваҳий ҳаётингизга кучли таъсир қилиши мумкин. Кўриб чиққанимиздай, бу ваҳий ёрдамида қаршиликларга дуч келганда куч, ўзгарган вазиятларга мослашиш учун эса қувонч топа оласиз. Шунингдек, бу бирон йўл-йўриқни охиригача тушунмаганингизда ҳам Яҳовага ишонишингизга кўмаклашади. Қийинчиликларга дуч келганингизда, қандай йўл тутишингиз керак? Аввал Закариё кўрган нарсани — Яҳова халқига ғамхўрлик қилаётганининг исботини кўришга интилинг. Сўнг Яҳовага ишониш ва Унга бутун қалбингиз билан топиниш орқали кўрганларингизга мувофиқ йўл тутинг. (Мат. 22:37) Бундай қилсангиз, Яҳова Унга абадулабад қувонч ила хизмат қилишингизга ёрдам беради. (Колос. 1:10, 11)
7- ҚЎШИҚ Яҳова — куч-қудратимиздир
a Яҳова Закариё пайғамбар орқали таъсирли ваҳийлар берган. Закариё кўрган нарсалар унинг ўзига ва Яҳованинг халқига пок топинишни тиклаш борасидаги қийинчиликларни енгиш учун куч ато этган. Ушбу ваҳийлар бизга ҳам қийинчиликларимизга қарамай, Яҳовага садоқат ила хизмат қилишга ёрдам беради. Бу мақолада Закариё чироқпоя ва зайтун дарахтлари ҳақида кўрган ваҳийлардан олишимиз мумкин бўлган муҳим сабоқларни муҳокама қиламиз.
b Йиллар ўтгач, ҳоким Нахимиёнинг даврида Артаксеркс исмли бошқа шоҳ яҳудийларга жуда яхши муносабатда бўлган.
c РАСМЛАРГА ШАРҲ. Биродар ёши ўтгани ва соғлиги заифлашгани туфайли ўзгарган вазиятга кўникиши кераклигини тушуняпти.
d РАСМЛАРГА ШАРҲ. Опамиз Яҳова Ёшуа ва Зарубабелни қўллаб-қувватлагани каби «ишончли ва ақлли хизматкор»ни қўллаб-қувватлаётгани тўғрисида мулоҳаза юритяпти.