Марк баён этган хушхабар
13 Исо маъбаддан чиқиб кетаётганида, шогирдларидан бири унга: «Устоз, бу чиройли тошлару иморатларга қаранг!»+ — деди. 2 Исо эса унга: «Бу ҳашаматли иморатларни кўряпсизми? Бу ерда тош устида тош қолмайди, ҳаммаси ер билан яксон бўлади»+,— деб айтди.
3 Исо Зайтун тоғига чиқиб, маъбад кўринадиган жойда ўтирганда, Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Идрис алоҳида унинг ёнига келиб: 4 «Устоз, бу воқеалар қачон содир бўлади? Улар қачон тугашини қайси белгидан билиб оламиз?»+ — дея сўрашди. 5 Шунда Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Эҳтиёт бўлинглар, тағин биров сизларни йўлдан урмасин+. 6 Чунки кўплар менинг номим билан келиб: “Мен ўшаман”,— дея анча-мунчасини йўлдан оздиришади. 7 Урушлар шовқинини ва урушлар хабарларини эшитганингизда, ваҳимага тушманглар, ахир бу воқеалар юз бериши муқаррар. Аммо бу ҳали охират эмас+.
8 Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади+. Бир жойда, кейин бошқа жойда озиқ-овқат етишмовчилиги+ ва зилзилалар бўлади. Булар эса азобларнинг бошланиши, холос+.
9 Сизлар эса ўзингизга эҳтиёт бўлинглар. Боиси, одамлар менинг номим туфайли сизларни тутиб, маҳаллий маҳкамаларга топширишади+. Ибодатхоналарда сизларни калтаклаб+, шоҳлару ҳокимлар олдида турғизиб қўйишади. Бу сизларга шоҳидлик бериш имкониятини яратади+. 10 Чунки аввало барча халқларга хушхабар эълон этилиши лозим+. 11 Сизларни маҳкамага етаклаб боришганда эса, нима дейман деб ташвишланманглар. Ўша пайтда муқаддас руҳ томонидан сизларга нима берилса, шуни гапиринглар. Негаки сизлар эмас, балки муқаддас руҳ гапиради+. 12 Бундан ташқари, ака укасини, ука акасини ва ота ўз боласини ўлимга топширади. Фарзандлар ота-оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиришади+. 13 Менинг номим туфайли одамлар сизлардан нафратланишади+. Фақат охиригача+ чидаган қутулади+.
14 Вайронагарчилик келтирадиган жирканч нарса+ номуносиб жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи фаҳмлаб олсин), Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин+. 15 Томда турган киши бирор нарсасини олиш учун пастга тушиб, уйига кирмасин. 16 Ким далада бўлса, устки кийимини олиш учун қайтмасин. 17 Ўша кунларда ҳомиладор бўлган аёллару эмизикли оналарнинг ҳолига вой!+ 18 Бу нарсалар қишга тўғри келиб қолмасин, деб ибодат қилинглар. 19 Чунки ўшанда шунақанги мусибат бўладики+, Худо дунёни яратганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди+. 20 Агар Яҳова* ўша кунларни қисқартирмаганида эди, бирон жонзот ҳам тирик қолмасди. Аммо У танлаган кишилари учун бу кунларни қисқартиради+.
21 Шунда бирортаси сизларга: “Қаранглар, Масиҳ шу ерда!” ёки “Ана у ерда!” — деб айтса ҳам ишонманглар+. 22 Сабаби, кўпгина сохта Масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб+, иложи бўлса ҳатто танланганларни ҳам йўлдан оздириш ниятида буюк аломатлару мўъжизалар кўрсатишади. 23 Сизлар эса ҳушёр туринглар+. Мен сизларга барчасини олдиндан айтиб қўйдим.
24 Ўша кунлардаги мусибатдан сўнг қуёш қорайиб, ой нурини сочмай қўяди+. 25 Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади. 26 Шунда улар Инсон Ўғлининг+ куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра келаётганини кўришади+. 27 У фаришталарини юборади ва улар ернинг бир четидан осмоннинг бир четига қадар, дунёнинг тўрт томонидан* Аллоҳ танлаган кишиларни йиғишади+.
28 Анжир дарахтидан ибрат олинглар. Унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар+. 29 Шунга ўхшаб, сизлар ҳам барча бу воқеаларни кўрганингизда, Инсон Ўғли яқин, эшик олдида турганини билинглар+. 30 Ишонаверинг, бу авлод ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси амалга ошади+. 31 Осмон билан ер йўқ бўлиб кетади+, лекин менинг сўзларим пучга чиқмайди+.
32 У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди. Фақатгина самовий Отам билади+. 33 Шундай экан кўз-қулоқ бўлиб, ҳушёр туринглар+, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар+. 34 Бу, узоқ сафарга жўнаб кетаётган одамга ўхшайди. У уй-жойини хизматкорларига қолдириб+, ҳар бирига вазифа бериб, дарвозабонга эса ҳушёр бўлиб туришни буюриб кетади+. 35 Хуллас, ҳушёр туринглар, чунки уйнинг эгаси қайси маҳалда — кечқурунми*, ярим тундами*, хўроз қичқиришидан* олдинми ёки тонг саҳардами*+ — келишини билмайсизлар+. 36 Тағин у кутилмаганда келиб қолиб, сизларни ухлаб ётган ҳолда топмасин+. 37 Сизларга айтаётганимни барчага айтаман: ҳушёр туринглар»+.