Масиҳнинг ҳозир бўлиши нимани англатади?
Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади? МАТ. 24:3
1. Исонинг шогирдлари қандай савол беришди?
ҚАРИЙБ икки минг йил муқаддам, Исо Зайтун тоғида тўртта шогирди билан гаплашиб ўтирганида, улар Исодан: «Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?» — деб сўрашди (Мат. 24:3). Ушбу саволда, «келишинг» ва «охирзамон», деган иккита қизиқарли ибора қўлланилган. Бу нимани англатади?
2. «Охирзамон», деб таржима қилинган сўз нимани англатади?
2 Келинг, аввал иккинчи иборани кўриб чиқайлик. Асл нусхада юнонча иккита сўз (синте́лейа ва те́лос) қўлланилган бўлиб, ўзбекча Муқаддас Китобда «охирзамон», деб таржима қилинган. Бу сўзлар икки хил маънога эга бўлиб, синте́лейа сўзи «замон» ёки якунига етиб қолган вақтни, те́лос эса «охир»ни англатади. Уларнинг фарқини тушуниш учун, Йиғилиш Залида нутқ сўзланаётганини мисол қилиб келтириш мумкин. Нутқнинг тугаши — бу, маърузачи нутқдаги асосий фикрларни қисқача такрорлаб, олган билимларни қандай қўллашни кўрсатадиган якуний қисмни билдиради. Нутқнинг охири эса, маърузачи саҳнадан чиқиб кетишини назарда тутади. Шу сингари синте́лейа сўзи, охирига етиб қолган вақт ёки замонни ҳамда охирнинг ўзини англатади.
3. Исонинг ҳозир бўлиши вақтида қандай воқеалар содир бўлмоқда?
3 Шогирдлар сўраган паруси́а сўзи (ўзбекча Муқаддас Китобда «келиш», деб таржима қилинган) қандай маънога эга? Исонинг паруси́а ёки «келиши», 1914- йилда Шоҳлик тахтига ўтирган вақтда бошланган бўлиб, у ёвуз инсонларни йўқ қиладиган «буюк мусибат»гача давом этади (Мат. 24:21). Бу давр мобайнида, ёвуз дунёнинг «охирги кунлари», мойланганларни танлаш ҳамда уларнинг самовий ҳаётга тирилиши ва кўп турли воқеалар содир бўлмоқда (2 Тим. 3:1; 1 Кор. 15:23; 1 Салон. 4:15–17; 2 Салон. 2:1). «Охирзамон» (синте́лейа) деб номланган давр, Исонинг «келиши» ёки ҳозир бўлиши (паруси́а) вақтига тўғри келмоқда.
Давомли вақт
4. Қайси жиҳатдан Исонинг ҳозир бўлишини, Нуҳ давридаги ҳодисалар билан солиштириш мумкин?
4 Паруси́а сўзи давомли вақтни ўз ичига олиши, Исонинг ҳозир бўлиши даврига мос келади (Матто 24:37–39 ўқиб беринг). Эътибор беринг, Исо ўзининг ҳозир бўлишини, Нуҳ давридаги Тўфон содир бўлган қисқа вақт билан солиштирмади. Аксинча, у ҳозир бўлиш вақтини, Тўфондан олдинги давомли муддатга таққослади. Бу муддат, Тўфон келгунга қадар кеманинг қурилиши ва Нуҳ пайғамбарнинг ваъз қилган даврини ўз ичига олганди. Бу ҳодисалар бир неча ўн йиллар давом этган. Шу каби, Исонинг ҳозир бўлиш вақтига, буюк мусибатдан олдин ва буюк мусибат вақтида юз берадиган воқеалар киради (2 Салон. 1:6–9).
5. Қандай қилиб Ваҳий китобининг 6- бобидаги сўзлар, Исонинг ҳозир бўлиши давомли вақт эканини кўрсатмоқда?
5 Муқаддас Китобнинг бошқа башоратлари ҳам, Исонинг ҳозир бўлиши нафақат ёвузларни йўқ қилинишига, балки давомли вақтга тааллуқли эканини исботламоқда. Исо Ваҳий китобида, оқ отда ўтирган тождор сувори сифатида тасвирланган (Ваҳий 6:1–6 ўқиб беринг). Исо 1914- йили шоҳлик тахтига ўтиргани сабабли, «У ғолибларча йўлга отланди, яна ғалаба қозонишга чиқди». Ваҳийда унинг орқасидан бошқа суворилар, турли рангдаги отларда келаётгани айтилган. Улар охирзамон деб номланган давомли вақт мобайнида содир бўлаётган офатлар, яъни урушлар, очлик ва ўлатларни ифодалайди. Ушбу башорат амалга ошаётганини биз ўз кўзимиз билан кўряпмиз.
6. Ваҳий китобининг 12- боби, Исонинг ҳозир бўлишига нисбатан нимани тушунишга ёрдам бермоқда?
6 Ваҳий китобининг 12- бобида, осмонда Худонинг Шоҳлиги қандай ўрнатилгани ҳақида қўшимча тафсилотлар мавжуд. У ерда самовий муҳитда юз берган жанг тўғрисида ҳикоя қилинган. Микоил бўлмиш Исо Масиҳ ҳамда унинг фаришталари, Иблис ва унинг жинлари билан жанг қилишди. Натижада Шайтон Иблис жинлари билан бирга ер юзига отилди. Муқаддас Китобга кўра, ўша вақтдан бери Иблис «вақт оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб»да юрибди (Ваҳий 12:7–12 ўқиб беринг). Кўриниб турганидай, осмонда Худо Шоҳлиги ўрнатилиши биланоқ, ер ва унинг аҳолиси учун азоб-уқубат вақти бошланди.
7. Забурнинг 2- саносида нима ҳақда айтилган ва қандай имконият тўғрисида гап кетган?
7 Забурнинг 2- саносида ҳам, Исонинг самовий тахтга ўтириши ҳақида башорат қилинган (Забур 2:5–9; 109:1, 2 ўқиб беринг). Ушбу санода шунингдек, ер юзидаги ҳокимлар ва фуқароларига Масиҳнинг ҳукмдорлигига бўйсуниш учун муҳлат берилиши тўғрисида айтилган. Улар «ақлли бўлиб», Исодан «ибрат олишга» даъват этилган. Дарҳақиқат, «иқболлидир барча Ундан [Худодан] паноҳ топганлар» ҳамда Яҳовага ва тайинланган Шоҳга хизмат қилаётганлар. Хуллас, Шоҳ Исонинг ҳозир бўлиш даврида, инсонлар учун ажойиб имконият очилмоқда (Заб. 2:10–12).
Белгини таниб билиш
8, 9. Ким Масиҳнинг ҳозир бўлганини пайқаб, бунинг маъносини тушуна олади?
8 Шоҳлик қачон келиши борасидаги фарзийларнинг саволига, Исо улар учун бу «кўзга кўриниб келмайди», деб айтди (Луқо 17:20, 21). Ишонмаганлар Шоҳлик келганини била олмайдилар. Нима сабабдан? Чунки улар, ҳатто Масиҳ уларнинг бўлажак Шоҳлари эканини таний олмадилар. Ундай бўлса, ким Исонинг ҳозир бўлганини пайқаб, бунинг маъносини тушунмоқда?
9 Исо, бу белги унинг шогирдлари учун худди «чақмоқ чақиб фалакнинг бир учидан бошқа учигача ярқиратиб юборгандек» яққол кўринишини айтган (Луқо 17:24–29 ўқиб беринг). Шуни айтиб ўтиш жоизки, Матто 24:23–27 даги оятлар ҳам, Масиҳнинг ҳозир бўлиш белгиси ҳақидаги фикрни тасдиқлаяпти.
Белгиларни кўрувчи насл
10, 11. а) Матто 24:34 даги «насл» сўзи, илгари қандай тушунтирилган эди? б) Бу «насл» ким эканлиги борасида, Исонинг шогирдларига нима аниқ бўлган?
10 Олдин «Қўриқчи минораси»да, Матто 24:34 даги «бу насл» деган ибора, «Исонинг замонасидаги тавба қилмаган яҳудийларга тегишли», деб айтилган эдиa. Исо «насл» сўзини доим салбий маънода қўллагани ва уларга нисбатан «ёвуз» ва «бузуқ», деган сўзларни ишлатгани сабабли, бу тушунтириш мантиқий бўлиб туюлганди (Мат. 12:39; 17:17; Марк 8:38). Шундай экан, бугунги кунда Исонинг сўзлари, «охирзамон»нинг (синте́лейа ва те́лос) аломатларини кўраётган ёвуз «наслга» тааллуқли бўлиб кўринган эди.
11 Исо ўша даврдаги ёвуз одамларга ёки улар ҳақида гапирганда, «насл» сўзини салбий маънода қўллагани рост. Лекин бу сўз, Матто 24:34 да ҳам шундай маънода ишлатилганми? Исонинг олдига фақат тўртта шогирди келганини эслайлик (Мат. 24:3). Исо шогирдларига «бу насл» тўғрисида айтганида, салбий сўзларни қўшиб гапирмагани сабабли, «буларнинг ҳаммаси содир бўлмагунча» ўтмайдиган «насл» — ҳаворийлар ва уларнинг имондошлари бўлиши аниқ эди.
12. Матн таркиби бўйича, Исо «насл» сўзи остида кимни назарда тутган эди?
12 Нега бундай хулосага келиш мумкин? Матн таркибини синчиклаб кўриб чиқиш бунга сабаб бўлган. Матто 24:32, 33 га кўра, Исо бундай деган: «Анжир дарахтидан ибрат олинглар. Унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар. Худди шундай, сизлар ҳам буларнинг ҳаммасини кўргач, билингки, У яқиндир, эшик олдида турибди» (Марк 13:28–30; Луқо 21:30–32 солиштиринг). Матто 24:34 да эса: «Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади»,— дейилган.
13, 14. Нега «насл» — бу, Исонинг шогирдлари, деб айтиш мумкин?
13 Исонинг сўзларига кўра, айнан унинг шогирдлари «буларнинг ҳаммаси» қандай содир бўлаётганини кўриб, тўғри хулосага келишлари мумкин. Шунинг учун Исо, 34- оятда: «Бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади»,— деганида, ўз шогирдларини назарда тутган бўлиши мумкин.
14 Имонсизлардан фарқли равишда, Исонинг шогирдлари нафақат белгини таниб билишади, балки унинг асл маъносини тушунишади. «У яқиндир, эшик олдида турганини» улар тўла маънода англаб етишади. Гарчи биринчи асрда имондан қайтган яҳудийлар ҳам, мойланган масиҳчилар ҳам, Исонинг сўзлари қисман бажарилганини кўришган бўлса-да, фақат мойланган масиҳчиларгина юз берган воқеанинг асл маъносини тушуниб, ўзларига сабоқ олишди.
15. а) Бугунги кунда кимни «насл», деб атаса бўлади? б) Нега «бу насл»нинг ҳаёти қанча давом этишини аниқ белгилаб бўлмайди? (25- саҳифадаги рамкага қаранг).
15 Худонинг ҳақиқатларини тушунмайдиганлар учун, Исонинг ҳозир бўлганига ҳеч нарса ишора этмаётгандек туюлмоқда. Уларнинг фикрича ҳамма нарса ўзгармас ҳолда турибди (2 Бутр. 3:4). Аммо Исонинг мойланган шогирдлари учун, бу белги чақмоқ чаққандек равшан бўлиб, унинг асл маъносини тушунишяпти. Замонамизда яшаётган бу мойланган масиҳчилар «наслни» ташкил этиб, «буларнинг ҳаммаси содир бўлмагунча», турадиларb. Бундан кўриниб турибдики, буюк мусибат бошланганда, Масиҳнинг айрим мойланган биродарлари ҳали ер юзида бўлишади.
«Ҳушёр бўлиб туринглар»
16. Масиҳнинг барча издошлари нима қилишлари лозим?
16 Бироқ белгини таниб билишдан кўра кўпроқ нарса талаб қилинади. Исо давом этиб бундай деган: «Сизларга нима айтаётган бўлсам, ҳаммага айтганимдир: ҳушёр бўлиб туринглар!» (Марк 13:37). Мойланган бўлишимиз ёки улкан оломон қаторига киришимиздан қатъий назар, барчамиз Исонинг сўзларига диққат қилишимиз ўта муҳим. Исо 1914- йили самовий тахтга ўтирганига 90 йилдан ошиб қолди. Гарчи баъзида қийин бўлса-да, биз доимо ҳушёр ва тайёр бўлиб туришимиз лозим. Бунинг учун, Масиҳнинг кўзга кўринмас ҳозир бўлиш вақти аллақачон бошланганини ёдда тутиш жуда муҳим. Бу шунингдек, у ўз душманларини йўқ қилиш учун, биз «ўйламаган соатда» келишига нисбатан огоҳлантиришдир (Луқо 12:40).
17. Масиҳнинг ҳозир бўлишининг маъносини тушуниш бизни нимага ундаши лозим?
17 Агар Масиҳнинг ҳозир бўлишининг маъносини тушунсак, маънан бардам бўлишимизга ёрдам беради. Масиҳнинг ҳозир бўлгани ва 1914- йилдан буён самода шоҳлик қилаётгани бизга маълум. Яқинда у ёвузларни йўқ қилиб, ер юзи бўйлаб тубдан ўзгаришлар киритади. Бинобарин, Исонинг башорати амалга ошишида янада ғайрат ила иштирок этишимиз даркор. Бу башорат қуйидагича: «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг [те́лос] бўлади» (Мат. 24:14).
[Изоҳлар]
a «Қўриқчи минораси»нинг 1995- йил, 1- ноябрь, 11–15-, 19- саҳифаларини қаранг.
b «Бу насл» яшаётган давр, Ваҳий китобидаги биринчи рўё бажо бўлаётган вақтга мос келади (Ваҳ. 1:10–3:22). Ҳазратимизнинг кунига тегишли ушбу рўё, 1914- йилда амалга ошишни бошлаб, охирги садоқатли мойланган ўлганидан ва тирилиб, осмонга кўтарилганидан сўнг, ниҳоясига етади. Кўп тилларда нашр этилган «Ваҳий — унинг бажарилиши ўз поёнига етмоқда!» китобининг 24- саҳифа, 4- хат бошига қаранг
Қандай жавоб берардингиз?
• Исонинг ҳозир бўлиши давомли вақтни ўз ичига олишини қаердан биламиз?
• Ким Исонинг ҳозир бўлишининг белгисини таниб билиб, маъносини тушунди?
• Матто 24:34 да келтирилган «насл», бугунги кунда кимни билдиради?
• Нима сабабдан «бу насл»нинг ҳаёти қанча давом этишини аниқ белгилаб бўлмайди?
[25- саҳифадаги рамка]
«Бу наслнинг» ҳаёти қанча давом этишини аниқ белгилаб бўладими?
«Насл» ёки «авлод» сўзи одатда, муайян бир муддат ёки бирор ҳодиса давомида яшайдиган турли ёшдаги одамларга қўлланилади. Масалан, Чиқиш 1:6 да: «Вақти-соати етиб, Юсуф, унинг ака-укалари ва ўша авлоднинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди»,— дейилган. Юсуф ҳамда ака-укалари турли ёшда бўлишган, лекин улар бир даврнинг воқеаларини бошдан кечиришган. «Ўша авлодга» Юсуфнинг акалари ҳам тегишли бўлиб, улардан айримлари Юсуфнинг вафотидан кейин ҳам ҳали ҳаёт эдилар (Ибт. 50:24). Юсуфнинг айрим замондошлари, масалан Бенямин ундан кичик бўлишса-да, «ўша авлодга» тегишли эдилар ва эҳтимол, Юсуфнинг ўлимидан кейин анча умр кўришган.
Шу сабабли, «насл» сўзи муайян вақт оралиғида яшайдиган инсонларга қўлланилганда, бу вақт қанча давом этишини аниқ белгилаб бўлмайди. Лекин, бу вақтнинг охири бор ва у ҳаддан ортиқ узоқ давом этмайди, деб айтиш мумкин. Хулласи калом, Исо Матто 24:34 да ёзилган «бу насл» сўзини, шогирдлари «охирги кунлар» қачон тугашини аниқлаб олишсин деган мақсадда қўлламаган. Зотан, Исо давом этиб, «у кун ва у соат ҳақида» улар била олмасликларини айтганди (2 Тим. 3:1; Мат. 24:36).
[22- саҳифадаги расм]
Исо 1914- йили Шоҳлик тахтига ўтирганидан сўнг, «ғалаба қозонишга чиқди»
[24- саҳифадаги расм]
«Бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади»