Матто баён этган хушхабар
21 Улар Қуддусга яқинлашиб қолишган эди. Зайтун тоғи тепасидаги Байтфагияга келишганида, Исо ўзидан олдин иккита шогирдини юбориб+, 2 уларга шундай деди: «Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. Ўша ерда боғланган эшак билан хўтикни кўрасизлар. Уларни ечинглар-да, менга олиб келинглар. 3 Мабодо биров сўраб қолса, унга: “Булар Ҳазратимизга керак”,— десаларингиз, дарҳол рухсат беради».
4 Шу йўсин, пайғамбар орқали айтилган мана бу сўзлар рўёбга чиқди: 5 «Сион қизига шундай денг: “Мана, камтарин+ шоҳинг эшакка миниб сен томонга келмоқда+. Ҳа, у эшакка, юк ҳайвонининг боласига, хўтикка миниб келяпти”»+.
6 Шогирдлар бориб, Исо уларга буюрганидай қилишди+. 7 Улар эшак билан хўтикни олиб келиб, уларнинг устига ўз кийимларини ёзишди ва Исо шу кийимларнинг устига ўтирди+. 8 Халойиқнинг аксарияти кийимларини йўлга пойандоз қилди+. Бошқалар эса дарахт шохларини кесиб, йўлга тўшадилар. 9 Унинг олдида ва орқасида келаётган оломон тинмай хитоб қиларди: «Ёлворамиз, Довуднинг Ўғлига нажот бер!+ Яҳованинг* номидан келаётган муборакдир!+ Эй, самода бўлган Худо, ёлворамиз, унга нажот бер!»+
10 Исо Қуддусга кириб келиши биланоқ, бутун шаҳарда шов-шув кўтарилиб, одамлар: «Бу ким экан?» — дерди. 11 Халойиқ эса шундай жавоб берарди: «Бу Жалиланинг Носира шаҳридан бўлган Исо пайғамбар!»+
12 Исо маъбадга кириб, у ердаги олди-сотди қилаётганларнинг барини ҳайдаб чиқарди. Пул алмаштирувчиларнинг пештахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди+. 13 Исо уларга шундай деди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйим ибодат қилинадиган уй деб аталади”+,— дейилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар»+. 14 Шунингдек, маъбадда унинг олдига кўр ва чўлоқ одамлар келишди ва Исо уларни даволади.
15 Бош руҳонийлар билан уламолар Исонинг мўъжизалар яратаётганини кўриб ва маъбаддаги болаларнинг: «Ёлворамиз, Довуднинг Ўғлига нажот бер!»+ — дея хитоб қилишаётганини эшитиб, ғазабга тўлишди+ 16 ва Исодан: «Булар нима дейишаётганини эшитяпсанми?» — деб сўрашди. Исо уларга: «Бўлмасам-чи! — дея жавоб берди.— Наҳотки шундай деб ёзилганини ўқимаган бўлсангиз: “Сенга болалару чақалоқларнинг оғзи билан мадҳлар айтилди”?»+ 17 Сўнг Исо шаҳардан чиқиб, Байтанияга борди ва ўша ерда тунаб қолди+.
18 Эрта тонгда шаҳарга қайтаётганида, Исонинг қорни очди+. 19 Йўл ёқасида бир анжир дарахти бор эди, унинг ёнига бориб, барглардан бўлак ҳеч нарса топмай+: «Бундан буён сенда ҳеч қачон мева бўлмасин»+,— деди. Шундан кейин дарахт бирданига қуриб қолди. 20 Буни кўргач, шогирдлари ҳангу манг бўлиб: «Қандай қилиб дарахт бирданига қуриб қолди?»+ — дея сўрашди. 21 Уларга жавобан Исо шундай деди: «Ишонаверинг, агар имонли бўлиб, ҳеч шубҳаланмасангиз, мен анжир дарахти билан қилганимдан ҳам ортиғини қиласизлар. Ҳатто бу тоққа: “Кўтарил-да, денгизга отил”,— десангиз, айтганингиз бўлади+. 22 Шунингдек, ибодатда ишонч билан нимаики сўрасангизлар, оласизлар»+.
23 Исо маъбадга кириб таълим бераётган эди. Шу пайтда, бош руҳонийлар ва оқсоқоллар унинг ёнига келиб: «Бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қиляпсан? Бу ҳуқуқни сенга ким берди?» — дея сўрашди+. 24 Исо уларга жавобан шундай деди: «Мен ҳам сизларга бир савол берай. Агар жавоб берсангизлар, мен ҳам қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтаман. 25 Яҳё одамларни сувга чўмдириш ҳуқуқини қаердан олган эди? Аллоҳданми* ё одамларданми?» Улар эса ўзаро шундай фикр юрита бошлашди: «“Аллоҳдан”,— десак, у бизга: “Бўлмаса нега унга ишонмадингизлар?”+ — дейди. 26 Аммо: “Одамлардан”,— дейишга қўрқамиз, ахир халқ Яҳёни пайғамбар деб ҳисоблайди-ку». 27 Охири улар Исога жавоб бериб: «Билмаймиз»,— дейишди. Исо эса уларга: «Унда мен ҳам бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтмайман»,— деди.
28 «Мана бунга нима дейсизлар? Бир кишининг иккита ўғли бор экан. Биринчисига: “Ўғлим, бугун узумзорга бориб ишлагин”,— дебди. 29 У отасига: “Бормайман”,— деб гап қайтарибди. Аммо сўнг пушаймон бўлиб борибди. 30 Ота иккинчи ўғлига ҳам шу ишни буюрган экан, у: “Хўп бўлади, отажон*”,— дебди-ю, лекин бормабди. 31 Икковидан қайси бири отасининг истагини бажарибди?» Улар жавоб бериб: «Биринчиси»,— дейишди. Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Ишонаверинг, солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига сизлардан олдин кирадилар. 32 Чунки Яҳё келиб сизларга адолат йўлини кўрсатди, аммо сизлар унга ишонмадингиз. Солиқчилар билан фоҳишалар эса унга ишонишди+. Сизлар эса буни кўриб на пушаймон бўлдингиз, на унга ишондингиз.
33 Мана, яна битта масал. Бир ер эгаси бор экан. У узумзор ўтқазибди-да+, атрофини панжара билан ўраб, ичида узум эзиш учун жой ҳозирлабди. Сўнг минора қурибди-да+, уни боғбонларга ижарага бериб, ўзи эса узоқ сафарга кетибди+. 34 Ҳосил пайти келганда, меваларни териб келишсин, деб боғбонларнинг олдига хизматкорларини юборибди. 35 Аммо боғбонлар унинг хизматкорларини ушлаб, бирини уришибди, бошқасини ўлдиришибди, яна бошқасини эса тошбўрон қилишибди+. 36 Шунда узумзор эгаси аввалгидан кўра кўпроқ хизматкорларни жўнатибди, аммо боғбонлар улар билан ҳам шундай йўл тутишибди+. 37 Ниҳоят, узумзор эгаси: “Ҳеч бўлмаса ўғлимни ҳурмат қилишар”,— деб ўғлини юборибди. 38 Боғбонлар эса унинг ўғлини кўриб, бир-бирига: “Ахир бу меросхўр-ку!+ Келинглар, уни ўлдириб, меросини олиб қўяйлик”,— дейишибди. 39 Хуллас, улар уни ушлаб олиб узумзордан ташқарига чиқаришибди-да, ўлдиришибди+. 40 Хўш, узумзор эгаси келиб, боғбонлар билан нима қилар экан?» 41 Тинглаётганлар Исога жавобан: «Бу ёвуз одамларни йўқ қилиб юборади. Узумзорни эса, мевасини вақтида берадиган бошқа боғбонларга ижарага топширади»,— деб айтишди.
42 Исо уларга шундай деди: «Муқаддас Ёзувларда: “Қурувчилар кераксиз деб ташлаган тош, бурчакка қўйиладиган негиз тоши* бўлиб чиқди+. Буни Яҳованинг* Ўзи қилди ва кўз ўнгимизда мўъжиза бўлди”+,— дейилганини ўқимаганмисизлар? 43 Шунинг учун сизларга айтаманки, Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, самара келтирадиган бошқа халққа берилади. 44 Бундан ташқари, бу тошнинг устига йиқилган киши парчаланиб кетади+. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб ташлайди»+.
45 Бош руҳонийлар билан фарзийлар бу масалларни эшитишганда, Исо улар ҳақида айтганини пайқашди+. 46 Шунда улар Исони қўлга туширмоқчи бўлишди-ю, аммо халқдан қўрқишди. Сабаби, халқ Исони пайғамбар деб ҳисобларди+.