Коринфликларга йўлланган иккинчи мактуб
5 Биламизки, агар ердаги масканимиз, яъни чодир мисоли танамиз йўқ бўлиб кетса+, Аллоҳ биз учун осмонда инсон қўли билан ясалмаган+ абадий макон яратади. 2 Биз учун осмонда тайёрлаб қўйилганига бурканишни истаб, ҳозирги маконимизда оҳ-нола қилиб яшаяпмиз+. 3 Унга бурканиб олганимизда эса яланғоч қолмаймиз. 4 Бу чодир мисоли танамизда яшаб, оғир юк остида оҳ-нола қиляпмиз. Аммо уни ечиб ташламоқчи эмасмиз, аксинча, ўладиган тананинг ўрнига ҳаётга эга бўлайлик+, деб бошқасига бурканишни хоҳлаймиз+. 5 Худо айнан шунинг учун бизни тайёрлаб+, бунинг гарови сифатида Ўз руҳини берган+.
6 Шу сабабли, биз доимо жасоратга тўламиз. Биламизки, масканимиз ушбу тана бўлган пайтда, биз Ҳазратимиздан узоқдамиз+. 7 Ахир биз кўрганимиз бўйича эмас, имонимизга мувофиқ яшаймиз. 8 Ҳа, биз жасоратга тўламиз, чунки бу танани тарк этиб, Ҳазратимизнинг ёнида бўлишни афзал кўрдик+. 9 Қаерда яшашимизнинг аҳамияти йўқ — Ҳазратимизнинг ёнидами ёки ундан узоқдами, мақсадимиз — унга маъқул бўлиш. 10 Зеро ҳар биримиз бу танада бўлган пайтда қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша тақдирланиш учун+ Масиҳнинг ҳакамлик курсиси қаршисида туришимиз лозим.
11 Ҳазратимиздан қўрқиш кераклигини тушунган ҳолда, биз ишонч билан одамларга таълим беряпмиз. Тангри бизнинг қандай инсон эканимизни яхши билади ва бу сизларга* ҳам аён деган умиддаман. 12 Сизларга ўзимизни қайта тавсия этаётганимиз йўқ. Аммо қалбида бори билан мақтанмай, ташқи кўриниши билан мақтанаётганларга жавоб қайтара олинглар деб+, бизлар билан мақтанишингизга имкон яратиб беряпмиз. 13 Агар ақлсизларча йўл тутаётган бўлсак+, буни Худо учун қиляпмиз. Борди-ю, ақл билан иш қилсак, бу сизлар учундир. 14 Бизга туртки берган куч — Масиҳнинг севгиси. Шу сабабдан биз ушбу хулосага келдик: агар бир киши ҳаммани деб ўлган бўлса+, демак ҳамма ўлган. 15 Чиндан ҳам, у ҳаммани деб ўлди, токи тирик бўлганлар энди ўзлари учун эмас+, балки уларни деб ўлиб қайта тирилган киши учун яшасинлар.
16 Бундан буён биз ҳеч кимнинг ташқи кўринишига қараб баҳо бермаймиз+. Илгари биз Масиҳга, унинг инсоний ташқи кўринишига қараб баҳо берган бўлсак, энди бундай қилмаймиз+. 17 Агар биров Масиҳ билан бирликда бўлса, у Аллоҳнинг янги ижодидир+. Аввалгилари ўтиб кетди. Қаранг, янгилари пайдо бўлди! 18 Буларнинг бари эса Тангридандир. У бизни Масиҳ орқали Ўзи билан яраштириб+, бизга яраштириш хизматини топширди+. 19 Яъни Масиҳ орқали Аллоҳ дунёни Ўзи билан яраштирди+ ва уларнинг айбларини ҳисобга олмади+. Яраштириш ҳақидаги хабарни эса бизга ишониб топширди+.
20 Гўё Худо биз орқали инсонларга хитоб қилгандай, биз Масиҳнинг ўрнига+ элчилик қиляпмиз+. Шунинг учун Масиҳнинг элчилари сифатида: «Тангри билан ярашиб олинглар»,— деб ёлворяпмиз. 21 Аллоҳ гуноҳни билмаган кишини+ биз учун гуноҳ қурбонлиги қилди, токи Масиҳ туфайли биз Унинг назарида одил бўлайлик+.