Ҳаворийларнинг фаолияти
8 Шоул бўлса Стефаннинг ўлдирилишини маъқуллаган эди+.
Ўша куни Қуддусда жамоатга қарши ашаддий қувғунлар бошланди ва ҳаворийлардан ташқари ҳамма Яҳудия ва Самария юртлари бўйлаб тарқаб кетди+. 2 Худотарс кишилар Стефанни дафн этиб, йиғи-сиғи кўтаришди. 3 Шоул эса жамоатга зулм ўтказарди. У уйларга бостириб кириб, эркагу аёлларни судраб чиқар ва қамоққа ташларди+.
4 Тарқаб кетган шогирдлар борган жойларида Аллоҳнинг каломи тўғрисидаги хушхабарни эълон этишарди+. 5 Худди шундай Филип ҳам Самария+ шаҳрига* бориб, у ердагиларга Масиҳ ҳақида ваъз қила бошлади. 6 Унинг сўзларини диққат билан эшитган ҳамда мўъжизаларини кўрган халойиқ унга қулоқ солди. 7 Зеро, у ерда жинга чалинган кишилар кўп эди. Жинлар баланд овоз билан бақириб, улардан чиқиб кетишарди+. Шунингдек, анчагина шол ва чўлоқлар ҳам шифо топди. 8 Шундай қилиб, ўша шаҳарга катта хурсандчилик кириб келди.
9 Ўша шаҳарда Симун исмли бир киши бор эди. У илгари сеҳр-жоду билан шуғулланар ва Самария аҳолисини лол қолдириб, ўзини улуғ одам деб юрарди. 10 Кичигидан тортиб каттасигача, ҳамма унга қулоқ солиб: «Бу кишида катта илоҳий куч бор»,— дейишарди. 11 Симун анчадан бери сеҳр-жодуси билан уларни қойил қолдириб юргани учун, ҳамма унга қулоқ соларди. 12 Аммо Худонинг Шоҳлиги ва Исо Масиҳнинг исми тўғрисидаги хушхабарни келтирган+ Филипга ишониб, эркаклар ҳам, аёллар ҳам сувга чўма бошлашди+. 13 Симуннинг ўзи ҳам ишониб сувга чўмди. У Филипдан+ ажралмай, унинг қилган мўъжизаларинию улуғвор ишларини кўриб ҳайратда қоларди.
14 Қуддусдаги ҳаворийлар самарияликлар Тангрининг каломини қабул қилишганини эшитиб+, олдиларига Бутрус билан Юҳаннони жўнатишди. 15 Улар бориб, самарияликлар муқаддас руҳ олиши учун Аллоҳга ибодат қилишди+. 16 Чунки уларнинг бирортасига ҳали муқаддас руҳ тушмаган эди. Улар Ҳазратимиз Исо номи билан сувга чўмишганди, холос+. 17 Бутрус билан Юҳанно уларнинг устига қўлларини қўйишганда+, улар муқаддас руҳга эга бўлишди.
18 Ҳаворийлар қўл қўйган кишиларга муқаддас руҳ берилаётганини кўрган Симун уларга пул таклиф қилиб: 19 «Менга ҳам шундай иқтидор беринглар, токи кимнинг устига қўлимни қўйсам, ўша муқаддас руҳга эга бўлсин»,— деди. 20 Лекин Бутрус унга шундай деди: «Кумушинг ўзинг билан қўшмозор бўлсин. Чунки сен Худонинг инъомини пулга сотиб олмоқчи бўлдинг+. 21 Тангри олдида юрагингдаги ният бузуқ бўлгани учун, бу ишда сенинг улушинг йўқ. 22 Шундай экан, юрагингдаги бузуқ ният кечирилиши учун, ёмон ишингдан тавба қилиб Яҳовага* ёлвор. 23 Зеро юрагинг аччиқ заҳарга тўлганини ва адолатсизлик қулига айланганингни кўриб турибман». 24 Симун бунга жавобан: «Мен учун Яҳовага* илтижо қилинглар, тағин айтганларингиздан ҳеч бири бошимга тушмасин»,— деди.
25 Бутрус билан Юҳанно Яҳованинг* сўзларини ваъз қилиб, кенг шоҳидлик бергандан сўнг Қуддусга қайтишди. Йўл-йўлакай эса самарияликларнинг кўпгина қишлоқларига хушхабарни етказишди+.
26 Шу орада Яҳованинг* фариштаси+ Филипга: «Ўрнингдан туриб, жанубга, Қуддусдан Ғазога борадиган йўлга туш»,— деб айтди. (Бу йўл саҳро оралаб ўтарди.) 27 У ўрнидан туриб, йўлга тушди. Йўлда ҳабашистонлик малика* ҳузурида юқори мавқега эга бўлган киши, унинг бутун хазиналари мудири кетаётган эди. У Худога топиниш учун Қуддусга келган эди+. 28 Энди эса уйига қайтаётиб, аравасида Ишаё пайғамбарнинг китобини овоз чиқариб ўқиб кетаётганди. 29 Муқаддас руҳ Филипга: «Шу аравага етиб олиб, унга ҳамроҳ бўл»,— деди. 30 У арава ёнида чопиб кетаётганда, ўтирган киши Ишаё пайғамбарнинг китобини овоз чиқариб ўқиётганини эшитиб: «Ўқиётганларингизни тушуняпсизми?» — дея сўради. 31 У жавобан: «Агар биров ўргатмаса, қандай тушуна оламан?» — деди. Сўнг у Филипдан аравага чиқиб ўтиришини илтимос қилди. 32 У Муқаддас Ёзувлардан ушбу сўзларни овоз чиқариб ўқиб кетаётган эди: «У бўғизланишга олиб кетилаётган қўйдай, жун қирқувчи олдида жим турган қўзидай миқ этмади+. 33 У хўрланганида адолатдан маҳрум этилди+. Унинг келиб чиқишини ким айтиб беради? Ахир унинг ер юзидаги умрига чек қўйилди-ку»+.
34 Ҳабашистонлик амалдор Филипдан: «Илтимос, айтинг-чи, пайғамбар бу ерда кимни назарда тутяпти? Ўзиними ёки бошқа кишиними?» — дея сўради. 35 Филип Муқаддас Ёзувларнинг ўша жойидан бошлаб унга Исо ҳақидаги хушхабарни айтиб берди. 36 Улар йўлда давом этиб, сув бор жойга келишганда, амалдор: «Мана сув, менинг сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?» — деди. 37 * —— 38 Шунда у аравани тўхтатишга буйруқ берди. Улар иккови сувга киришди-да, Филип амалдорни сувга чўмдирди. 39 Улар сувдан чиқиши биланоқ, Яҳованинг* руҳи Филипни у ердан олиб кетди. Амалдор Филипни бошқа кўрмади. Амалдор қувониб йўлида давом этди. 40 Филип бўлса Ашдод шаҳрига келиб қолди ва Кесарияга+ етиб боргунча ҳамма шаҳарларда хушхабарни ваъз этди.