Салоникаликларга йўлланган биринчи мактуб
2 Биродарлар, олдингизга борганимиз фойдасиз бўлмаганини ўзларингиз яхши биласизлар+. 2 Ўзларингиз билганингиздек, аввал Филиппи шаҳрида азоб чекиб ҳақоратга дучор бўлганмиз+. Лекин кўпгина қаршиликларга қарамай* Худонинг хушхабарини сизларга гапиришимиз+ учун Аллоҳ бизга жасорат ато этди. 3 Чунки биз сизларга насиҳатни адашганимиздан ёки ёмон ниятда, ё сизларни алдаш учун берганимиз йўқ. 4 Аммо Худо бизни хушхабарни ваъз қилишга яроқли, деб топди. Биз эса бу хабарни одамларга ёқиш учун эмас, балки қалбларимизни текширадиган Тангрига+ маъқул келиш учун гапиряпмиз.
5 Чиндан ҳам, ўзларингиз билганингиздек, биз ҳеч қачон сизларга тилёғламалик ҳамда яширин ният билан тамагирлик ҳам қилмагандик+. Бунга Худо шоҳид! 6 Масиҳнинг ҳаворийлари* сифатида кўп сарф-харажат қилиб, сизларга юк бўлишимиз мумкин эди+, аммо биз на сизлардан, на бошқа бирон инсондан шон-шараф изладик. 7 Аксинча, сизларга худди болаларини паҳпаҳлаб боқадиган она каби юмшоқ муомала қилганмиз. 8 Хуллас, биз сизларга шу қадар кўнгил боғлаган эдикки, фақат Аллоҳнинг хушхабарини эмас, балки ўз жонимизни ҳам беришга тайёр эдик+, чунки биз сизларни севиб қолгандик+.
9 Биродарлар, меҳнату заҳматимиз эсингизда экани шубҳасиздир. Кўп сарф-харажат қилиб, сизлардан бирортангизга юк бўлмайлик, деб кечаю кундуз меҳнат қилиб+ Худонинг хушхабарини сизларга ваъз қилгандик. 10 Сиз имонлилар учун биз қанчалик садоқатли, одил ва бенуқсон бўлганимизга ўзларингиз ҳам, Тангри ҳам гувоҳдир. 11 Ота+ ўз болаларига муомала қилгандек, сизларга ҳам шундай муомала қилганимизни яхши биласизлар. Ҳар бирингизга насиҳат+, тасалли ва шоҳидлик берганмиз. 12 Токи сизлар бундан буён ҳам, Ўзининг Шоҳлигию шарафига+ даъват этган+ Худога маъқул келадиган тарзда турмуш кечиринглар+.
13 Сизлар Худонинг каломини биздан эшитганингизда, буни инсон сўзи сифатида эмас, балки Аллоҳ каломи сифатида қабул қилганингиз учун Худога тинмай шукроналар айтяпмиз+. Ҳақиқатан ҳам бу, сиз имонлиларга таъсир қилиб келаётган Аллоҳ каломидир. 14 Биродарлар, сизлар Исо Масиҳ билан бирликда бўлган Худонинг Яҳудиядаги жамоатлари ўрнагига тақлид қилдингизлар. Сабаби, улар яҳудийлардан қандай азоб чеккан бўлишса, сизлар ҳам юртдошларингиздан+ азият чекдингизлар. 15 Ўша яҳудийлар ҳатто Ҳазратимиз Исони+ ва пайғамбарларни ўлдириб, бизни таъқиб қилишган+. Бундан ташқари, улар Худога маъқул ишларни қилмай, ҳамма одамларга зиён етказишяпти. 16 Улар бошқа халқларга ваъз қилишимизга ҳамда уларнинг нажот топишига тўсқинлик қилишяпти+. Шу йўсин гуноҳлари кўпайиб боряпти. Бироқ охири улар Тангрининг ғазабига йўлиқишди+.
17 Биз эса биродарлар, сизлардан қисқа бир муддатга айрилиб, кўра олмаган бўлсак-да, лекин сизларни унутганимиз йўқ. Дийдорингизни кўришни орзиқиб кутиб, жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилганмиз. 18 Шу боис, биз (аниқроғи мен Павлус) икки марта сизларнинг олдингизга бормоқчи эдик, аммо Шайтон йўлимизни тўсди. 19 Ҳазратимиз Исонинг ҳозир бўлиш пайтида унинг олдида умидимиз ёки қувончимиз ё фахрланадиган тожимиз ким? Сизлар эмасми?+ 20 Ҳа, бизнинг шон-шарафимиз ва қувончимиз сизларсиз.