Марк баён этган хушхабар
6 Исо ўша ердан жўнаб, ўз юртига кетди+. Шогирдлари ҳам унинг орқасидан эргашиб боришарди. 2 Шаббат куни у ибодатхонада таълим бера бошлади. Тингловчиларнинг аксарияти ҳайратда қолиб: «Шунча нарсани у қаердан билади?+ Бундай доноликка у қай тарзда эга бўлган? Бу каби қудратли ишларни қандай бажаряпти?+ 3 Бу киши Марямнинг ўғли+, анави Ёқуб+, Юсуф, Яҳудо ва Симуннинг акаси+ бўлмиш дурадгор-ку+. Ана, сингиллари ҳам орамизда»,— дея Исога ишонгиси келмасди. 4 Лекин Исо уларга: «Пайғамбарни ҳар ерда эъзозлашади. Фақат ўз юрти, қариндош-уруғлари ва ўз уйидагина уни ҳурмат қилишмайди»,— деб айтди+. 5 Шундай қилиб Исо у ерда ҳеч қандай қудратли ишларни бажармади. Баъзи касалларга қўлини теккизди-да, уларга шифо берди, холос. 6 Исо ўша ердагиларнинг имонсизлигига ҳайрон қолди. У йўл-йўлакай одамларга таълим берганча, атрофдаги қишлоқларга кетди+.
7 Кейин Исо 12 шогирдини чақирди-да, иккитадан жўнатаётиб+ уларга ёвуз руҳларни қувиб чиқариш ваколатини берди+. 8 Шунингдек, ўзлари билан ҳассадан ташқари ҳеч нарса: нон ҳам, егулик солинган халта ҳам, белбоғига пул* ҳам+, 9 қўшимча кийим ҳам олмасликни буюрди. Аксинча, сандалларини кийишни айтди. 10 Сўнгра уларга яна шундай деди: «Қайси уйга кирсангиз, то кетмагунингизча ўша ерда қолинглар+. 11 Агар қайсидир жойда сизларни қабул қилишмаса ва тинглашмаса, ўша ердан чиқаётиб, уларга шоҳидлик бўлиши учун оёқларингиздаги чангни қоқиб ташланглар»+. 12 Бундан кейин шогирдлар кетиб, одамлар тавба қилишсин дея ваъз эта бошлашди+. 13 Улар кўп жинларни қувиб чиқаришарди+ ва анча беморларга мой суртиб, уларни даволашарди.
14 Исонинг исми ҳаммага маълум бўлгани учун, подшоҳ Ҳирод* ҳам бундан хабар топди. Айримлар: «Халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё тирилибди, ана шу боис у орқали бундай қудратли ишлар юз беряпти»+,— деб айтишарди. 15 Бошқалар эса: «Бу Илёс пайғамбар»,— дейишарди. Яна бошқалар: «Бу ҳам қадимги пайғамбарларга ўхшаш пайғамбардир-да»+,— дея гапиришарди. 16 Ушбу гапларни эшитиб, Ҳирод шундай деди: «Мен бошини танасидан жудо қилган Яҳё тирилибди». 17 Чунки бундан олдин, Ҳирод Яҳёни ҳибсга олиш учун одамларини жўнатиб, уни кишанлаб, қамоққа ташлаганди. Буларни у акаси Филипнинг хотини Ҳиродияни деб қилганди. Сабаби, Ҳирод уни хотинликка олган эди+. 18 Яҳё Ҳиродга: «Акангизнинг хотинига уйланишингиз ноқонуний»+,— деб айтарди. 19 Шу сабабли, Ҳиродия Яҳёдан аччиқланиб, уни ўлдиришни истарди, лекин буни амалга ошира олмасди. 20 Чунки Ҳирод Яҳёнинг одил ва муқаддас киши эканини билиб+, ундан қўрқарди ва уни ҳимоя қиларди. Яҳёни тинглаётганда эса, у билан нима қилишини билмай гангиб турарди, бироқ уни маза қилиб тингларди.
21 Бир куни қулай фурсат туғилиб қолди. Ҳирод ўзининг туғилган куни+ муносабати билан амалдорларни, мингбошиларни ва Жалиладан машҳур одамларни чақириб, зиёфат уюштирди+. 22 Ҳиродиянинг қизи кириб, ўша ерда ўйинга тушди ва бу Ҳиродга ҳамда у билан бирга ёнбошлаганларга жуда ёқди. Шунда подшоҳ қизга: «Истаган нарсангни сўра, сенга тортиқ этаман»,— деди. 23 Ҳирод қасам ичиб, унга: «Ҳа, истаганингни бераман, ҳатто шоҳлигимнинг ярмини сўрасанг ҳам бераман»,— деб айтди. 24 Қиз онасининг олдига бориб: «Нима сўрасам экан?» — дея сўради. Онаси унга: «Яҳёнинг* калласини сўра»,— деди. 25 Қиз дарҳол подшоҳнинг олдига югуриб бориб, ундан шуни талаб қилди: «Ҳозироқ менга лаганда Яҳёнинг бошини келтиришларини хоҳлайман»+. 26 Бу гаплардан Ҳирод қайғуга ботди, аммо меҳмонларнинг олдида қасам ичгани учун, унга рад жавоб беришни истамасди. 27 Шу сабабли, подшоҳ жаллодни жўнатиб, Яҳёнинг бошини келтиришни буюрди. У бориб қамоқхонада Яҳёнинг бошини танасидан жудо қилди. 28 Жаллод Яҳёнинг бошини лаганда келтирди-да, қизга узатди. Қиз эса уни онасига олиб бориб берди. 29 Яҳёнинг шогирдлари бу ҳақда эшитгач, дарров етиб келишди. Унинг жасадини олиб, қабрга қўйишди.
30 Ҳаворийлар Исонинг олдига келиб, қандай ишлар қилишгани ва нималар ўргатишгани тўғрисида унга ҳаммасини айтиб беришди+. 31 Кейин Исо уларга: «Келинглар, хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам оламиз»+,— деди. Чунки кўп одамлар келиб-кетарди ва уларнинг ҳатто овқатланишга ҳам вақти йўқ эди. 32 Шунинг учун улар ёлғиз қолиш мақсадида қайиқда хилват жойга сузиб кетишди+. 33 Аммо одамлар уларнинг жўнаб кетишаётганини кўришди. Шунда кўпчилик бундан хабар топиб, барча шаҳарлардан улар бораётган жойга олдин югуриб боришди. 34 Қайиқдан чиққач, Исо тумонат халойиқни кўриб, уларга ачинди+, чунки улар чўпонсиз қўйлардай эди+. Сўнг уларга кўп нарсаларни ўргата бошлади+.
35 Кечга яқин шогирдлари Исонинг ёнига келиб, шундай дейишди: «Бу ер кимсасиз жой экан, вақт ҳам кеч бўлиб қолди+. 36 Одамларни жўната қолинг, ён-атрофдаги қишлоғу овулларга боришсин. Ўзларига ейиш учун у-бу нарса сотиб олишсин»+. 37 Исо шогирдларига жавобан: «Сизлар уларга егани нарса беринглар»,— деди. Улар эса: «Одамлар еб олиши учун 200 динорга* нон сотиб олайликми?»+ — дея сўрашди. 38 Кейин Исо уларга: «Қанча нонингиз бор? Бориб қаранглар-чи»,— деди. Шогирдлар билиб келгач: «Бешта нон ва иккита балиғимиз бор»+,— дейишди. 39 Бундан сўнг Исо одамларга ям-яшил ўтларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёнбошлашларини буюрди+. 40 Улар 100 тадан ва 50 тадан тўда-тўда бўлиб ёнбошлашди. 41 Шунда Исо бешта нонни ва иккита балиқни олди-да, осмонга қараб шукрона дуосини айтди+. Кейин нонларни синдириб, халққа тарқатишлари учун шогирдларига бера бошлади. Иккита балиқни ҳам бўлиб берди. 42 Ҳамма еб тўйди. 43 Қолган бурдаларни йиғишганида, балиқни ҳисобга олмаганда, тўла 12 сават чиқди+. 44 Нон еган эркакларнинг сони 5 000 нафар эди.
45 Бундан кейин Исо шогирдларига қайиққа ўтириб нариги қирғоққа, Байтсайда томонга сузиб боришларини буюрди. Ўзи эса халойиқни кузатиш учун қолди+. 46 Улар билан хайрлашиб бўлгандан сўнг, Исо ибодат қилиш учун тоққа чиқди+. 47 Кеч кирганда қайиқ денгиз ўртасида эди, Исо бўлса қирғоқда ёлғиз турарди+. 48 Уларнинг қаршисидан кучли шамол эсаётгани учун қайиқни зўрға ҳайдашаётганини кўрди. Саҳарда* Исо денгиз устида, шогирдлар томон йўл олди, лекин уларнинг ёнидан гўё ўтиб кетмоқчи бўлди. 49 Шогирдлар унинг денгиз устида келаётганини кўриб: «Бу шарпа!» — деб қаттиқ бақириб юборишди. 50 Сабаби, уни кўриб ҳамма довдираб қолган эди. Лекин Исо дарров уларга: «Дадил бўлинглар, бу менман. Қўрқманглар»+,— деди. 51 Кейин Исо уларнинг ёнига қайиққа чиқди ва шамол тинди. Шогирдлар ҳайрон бўлиб қотиб қолишди. 52 Чунки улар ҳалигача нонлар билан нима юз берганини англашмасди ва қалблари фаҳмлай олмасди.
53 Улар нариги қирғоққа сузиб ўтиб, Генисаретга етиб келишди ва ўша ерда тўхташди+. 54 Бироқ улар қайиқдан тушган заҳотиёқ, одамлар Исони таниб қолишди. 55 Ўша атрофни айланиб чиқиб, улар Исонинг қаерга боришини эшитишса, у ерга касалларни тўшакда келтиришди. 56 Исо қайси шаҳарларга, қишлоғу овулларга кирмасин, одамлар касалларни бозор майдонларига ётқизишарди. Улар ҳеч бўлмаганда Исонинг устки кийимининг попугига қўл теккизишни+ ундан ёлвориб сўрашарди. Қўл теккизганларнинг барчаси дардларидан халос бўлишарди.