52- БОБ
Исо мингларча одамни тўйдиради
МАТТО 14:13–21 МАРК 6:30–44 ЛУҚО 9:10–17 ЮҲАННО 6:1–13
ИСО 5 000 ЭРКАК КИШИНИ ТЎЙДИРАДИ
Жалила бўйлаб ваъз қилиб қувонч топган 12 та ҳаворий «қандай ишлар қилишгани ва нималар ўргатишгани тўғрисида» Исога ҳаммасини айтиб беришади. Табиийки, ҳаворийлар чарчашган. Бундан ташқари, халойиқнинг келди-кетдиси тугамаётгани боис, улар ҳатто овқатланиб олишга ҳам вақт топа олишмайди. Шунинг учун, Исо уларга: «Келинглар, хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам оламиз»,— деб таклиф қилади. (Марк 6:30, 31)
Улар қайиққа ўтириб — эҳтимол Кафарнаҳумнинг яқинидаги ҳудуддан — Иорданнинг шарқида жойлашган Байтсайданинг орқасидаги хилват жойга сузиб кетишади. Бироқ уларнинг сузиб кетаётганини кўпчилик кўриб қолади, айримлар эса бу ҳақда бошқалардан билиб олади. Бу одамларнинг бари соҳил бўйлаб югуриб кетишади ва қайиқ етиб келганда халқ аллақачон ўша ерда турган бўлади.
Исо қайиқдан чиқиб, йиғилиб турган одамларни кўради-да, раҳми келади: улар чўпонсиз қолган қўйларга ўхшашади. Шу сабабли, у халойиққа Худонинг Шоҳлиги тўғрисида «кўп нарсаларни ўргата бошлайди». (Марк 6:34) Бундан ташқари, Исо «шифога муҳтож бўлганларни даволайди». (Луқо 9:11) Сўнг шогирдлари унинг ёнига келиб, шундай дейишади: «Бу ер кимсасиз жой экан, бунинг устига кеч ҳам бўлиб қолди. Халойиқни қўйиб юборинг, қишлоқларга бориб, ўзларига егулик сотиб олсин». (Матто 14:15)
Исо бўлса жавобан: «Уларнинг кетишига ҳожат йўқ. Уларга егуликни сизлар беринглар»,— дейди. (Матто 14:16) Кейин Исо нима қилишни ўзи била туриб, Филипни синаш ниятида ундан: «Уларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб олсак бўлади?» — деб сўрайди. Исо айнан Филипдан сўраганинг сабаби, у Байтсайда яқинида туғилиб ўсганди. Шундай бўлса-да, шунча нон сотиб олишнинг имкони йўқ. Ахир фақатгина эркакларнинг ўзи 5 000 га яқин. Аёллару болаларни ҳам қўшганда бу сон икки баробар кўпайиши мумкин! Шу сабабли, Филип Исога жавобан: «Ҳатто 200 динорга [бир динор бир кунлик иш ҳақига тенг] нон сотиб олсак-да, ҳар бирига оз-оздан ҳам етмайди-ку»,— дейди. (Юҳанно 6:5–7)
Эҳтимол, бу одамларнинг ҳаммасини тўйдириш имконсизлигини кўрсатмоқчи бўлиб, Идрис шундай дейди: «Ана, бир болада бешта арпа нон ва иккита кичкина балиқ бор. Лекин кўпчиликка бу нима ҳам бўлар эди?» (Юҳанно 6:9)
Баҳор фасли бўлгани учун ўт-ўлан ўсиб чиққан. Мил. 32 йили, Фисиҳ байрамига ҳам оз вақт қолди. Исо шогирдларидан одамларга 50 ва 100 тадан гуруҳларга бўлиниб майсага ёнбошлашни айтишларини сўрайди. У бешта нонни ва иккита балиқни олади-да, Худога шукрона дуосини айтади. Кейин нонларни синдириб, балиқларни бўла бошлайди. Исо уларни шогирдларига беради, шогирдлари эса халққа тарқатишади. Воажабо! Ҳамма еб тўяди!
Сўнгра Исо шогирдларига мурожаат қилиб: «Қолган бурдаларни териб олинглар, ҳеч нарса исроф бўлмасин»,— дейди. (Юҳанно 6:12) Қолган бурдаларни теришганда эса нақ 12 сават чиқади!