Юҳанно баён этган хушхабар
2 Учинчи куни Жалиланинг Канах шаҳрида никоҳ тўйи бўлаётган эди. Исонинг онаси ҳам ўша ерда эди. 2 Шунингдек Исо ва унинг шогирдлари бу тўйга таклиф этилган эдилар.
3 Шароб тугаганида, Исонинг онаси унга: «Уларда шароб қолмабди»,— деди. 4 Исо унга жавобан: «Нима қилишимни хоҳлайсиз?* Вақт-соатим ҳали келгани йўқ»,— деди. 5 Шунда онаси у ерда хизмат қилаётганларга: «У сизларга нима деса, шуни бажаринглар»,— деб айтди. 6 Ўша ерда яҳудийларнинг покланиш қоидасига кўра, сув учун тошдан ясалган олтита хум турган эди+. Уларнинг ҳар бирига икки ёки уч ўлчов* суюқлик сиғарди. 7 Исо уларга: «Хумларга сув қуйинглар»,— деган эди, улар хумларни лиммо-лим тўлдиришди. 8 Кейин уларга бундай деди: «Энди оз-моз сузиб, тўйбошига олиб боринглар». Хизматчилар шундай қилишди. 9 Тўйбоши шаробга айлантирилган сувни татиб кўрди. У шароб қаердан олинганини билмасди, буни фақат сув тўлдирган хизматчилар биларди. Шунда тўйбоши куёвни чақириб, 10 шундай деди: «Ҳар ким аввал яхши шаробни қўяди, меҳмонлар маст бўлгандан сўнг, ёмонроғини беради. Сиз эса яхши шаробни шу пайтгача сақлаб қўйибсиз-а!» 11 Бу Исонинг илк мўъжизаси бўлиб, уни Жалиланинг Канах шаҳрида содир этди. Шу тариқа у ўз улуғворлигини намоён этди+ ва шогирдлари унга ишонишди.
12 Бундан сўнг Исо онаси, укалари+ ва шогирдлари билан Кафарнаҳумга йўл олишди+, лекин у ерда кўп қолишмади.
13 Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами*+ яқинлашаётгани учун Исо Қуддусга жўнади. 14 Маъбадга кирганда ҳўкиз, қўй ва каптарларни+ сотаётган ҳамда пул алмаштириб ўтирган одамларни кўрди. 15 Исо арқонлардан қамчи ясаб, қўйлари ва ҳўкизлари билан бирга уларнинг ҳаммасини маъбаддан ҳайдади. У пул алмаштираётганларнинг тангаларини сочиб, пештахталарини ағдариб юборди+. 16 Каптар сотаётганларга эса бундай деди: «Буларни йўқотинглар бу ердан! Отамнинг уйини чайқов бозорига айлантирманглар!»+ 17 Шунда шогирдлари, «Сенинг уйингга бўлган рашким ичимни кемиради»+, деб ёзилган сўзларни эслашди.
18 Яҳудийлар бўлса ундан сўрадилар: «Бундай йўл тутишга ҳаққинг борлигини қандай аломат билан исботлайсан?»+ 19 Исо уларга жавобан: «Бу маъбадни бузинглар ва мен уч кун ичида уни тиклайман»+,— деди. 20 Бунга яҳудийлар: «Бу маъбад 46 йил давомида қурилган. Сен уни уч кунда тикламоқчимисан?» — деб айтишди. 21 Аммо маъбад ҳақида гапираётиб, у ўз танасини назарда тутган эди+. 22 Исо тирилганда, шогирдлари у айнан шу ҳақда гапирганини эслашди+ ва Муқаддас Ёзувларга ҳамда Исонинг сўзларига ишонишди.
23 Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганида, кўп одамлар мўъжизаларини кўриб унга* ишонишди. 24 Исо эса уларни яхши билгани учун, уларга тўлиқ ишонмасди. 25 Шунингдек, унга бирор одам ҳақида гувоҳлик беришнинг ҳожати йўқ эди, боиси у ҳар бир кишининг қалбини кўра оларди+.