Ибтидо
4 Одам хотини Ҳавога яқинлашганидан кейин, хотини ҳомиладор бўлди+. У Қобилни*+ туғиб: «Мен Яҳованинг ёрдами билан ўғилни дунёга келтирдим»,— деди. 2 Кейинчалик у яна ҳомиладор бўлиб, унинг укаси Ҳобилни+ дунёга келтирди.
Ҳобил улғайиб подачи, Қобил эса деҳқон бўлди. 3 Орадан вақт ўтиб, Қобил ернинг ҳосилидан Яҳовага назр келтирди. 4 Ҳобил ҳам ўз подасидаги биринчи туғилган қўзилардан+ бир нечтасини ва уларнинг ёғли жойларини келтирди. Ҳобил ва унинг назри Яҳовага маъқул келди+, 5 аммо Қобил ва унинг назри маъқул келмади. Шунинг учун Қобилнинг қаттиқ жаҳли чиқиб, авзойи бузилди. 6 Яҳова Қобилга шундай деди: «Нега бунчалик жаҳлинг чиқиб, авзойинг бузилди? 7 Агар яхшилик қилсанг, сендан мамнун бўлмасмидим*? Лекин яхшилик қилмасанг, остонада гуноҳ пойлаб ётибди. У сени бошқаришни истайди. Бироқ сен ундан устун кела оласанми?»
8 Шундан сўнг Қобил укаси Ҳобилга: «Юр, далага борамиз»,— деди. Улар далага боришганда, Қобил укаси Ҳобилга ташланиб, уни ўлдирди+. 9 Яҳова Қобилдан: «Уканг Ҳобил қаерда?» — деб сўради. Бунга Қобил: «Билмайман. Мен укамнинг қўриқчисиманми?» — деб жавоб берди. 10 Шунда Худо деди: «Бу нима қилганинг? Эшитяпсанми, укангнинг қони тупроқдан Менга нола қиляпти+! 11 Энди лаънатисан ва ўз қўлларинг билан укангнинг қонини тўккан мана шу ердан ҳайдаласан+. 12 Ерга ишлов берганингда, у сенга ўз ҳосилини* бермайди. Сен ер юзида дайдиб ва қочиб юрасан». 13 Қобил Яҳовага деди: «Гуноҳим учун чиқарилган жазо жуда ҳам оғир, унга дош беришим мушкул. 14 Бугун Сен мени бу ердан ҳайдаб, мендан юз ўгиряпсан. Мен ер юзида дайдиб, қочиб юраман. Ким мени учратса, ўлдириши шубҳасиз». 15 Яҳова унга: «Ким Қобилни ўлдирса, ундан етти марта ўч олинади»,— деб айтди.
Шу боис Яҳова, Қобилни учратган одам уни ўлдириб қўймасин, дея у учун бир белги қўйди. 16 Қобил Яҳованинг ҳузуридан кетди ва Аданнинг+ шарқидаги Нод* деган ерга бориб жойлашди.
17 Шундан сўнг Қобил хотинига яқинлашди+ ва хотини ҳомиладор бўлиб Ханўхни туғди. Кейин Қобил шаҳар қуришни бошлади ва шаҳарнинг номини ўғли Ханўхнинг исми билан атади. 18 Кейинчалик Ханўхдан Ирод туғилди. Ироддан Махувол, Махуволдан Матушол, Матушолдан Ламех туғилди.
19 Ламех ўзига иккита хотин олди. Бирининг исми Одаҳ, иккинчисининг исми Зилло эди. 20 Вақти келиб Одаҳ Ёболни туғди. Ёбол чодирларда яшаб, чорва боқадиганларнинг отаси бўлди. 21 Укасининг исми Ювал бўлиб, у арфа ва най* чалувчиларнинг отаси бўлди. 22 Зилло Тувалқобилни туғди. Тувалқобил мис ва темирдан турли хил асбобларни ясайдиган уста бўлди. Тувалқобилнинг Намах деган опаси* бор эди. 23 Ламех хотинлари Одаҳ ва Зиллога қуйидаги шеърни битди:
«Мени тингланг, эй Ламехнинг хотинлари
Қулоқ солинг сўзларимга:
Мени жароҳатлаган одамни,
Ҳа, мени урган йигитни ўлдирдим.
24 Агар Қобилни ўлдирган одамдан 7 марта ўч олинса+,
Ламехни ўлдирган одамдан 77 марта ўч олинади».
25 Одам яна хотинига яқинлашди. Хотини ўғил туғиб: «Қобил Ҳобилни ўлдиргани учун, Худо менга бошқа ўғил* берди»+,— дея унга Шис*+ деб исм қўйди. 26 Шис ҳам ўғилли бўлиб, унинг исмини Энўш+ қўйди. Ўша пайтдан бошлаб, одамлар Яҳованинг исмини айтиб чақирадиган бўлишди.