Ҳизқиё
29 Ўнинчи йил, ўнинчи ойнинг ўн иккинчи кунида Яҳова менга сўзини аён қилди: 2 «Эй инсон ўғли, Миср фиръавнига юзланиб, унга ва бутун Мисрга қарши башорат қил+. 3 Уларга шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда:
“Эй Миср фиръавни, Мен сенга қарши чиқаман+.
Эй, Нил анҳорларида* ётган улкан денгиз махлуқи+,
Сен: “Нил дарёси меники,
Мен уни ўзим учун яратганман”+,— дейсан.
4 Аммо Мен жағингга илгак соламан, Нил дарёнгдаги жамики балиқларни тангачаларингга ёпиштираман.
Сени ва тангачаларингга ёпишган ҳамма балиқларни Нилдан чиқариб оламан.
5 Сени ва Нил дарёнгдаги барча балиқларни саҳрога улоқтираман.
Сен даштда ётасан ва ҳеч ким сени олиб кўммайди+.
Сени ер юзидаги ёввойи ҳайвонларга ҳамда осмондаги қушларга ем қиламан+.
6 Шунда Мисрда яшовчи барча одамлар Мен Яҳова эканимни билиб олишади,
Зеро, улар Исроил хонадони учун похолпоядек* ишончсиз тиргак бўлишди+.
7 Исроилликлар қўлингни ушлаганда, сен майдаланиб кетдинг,
Уларнинг елкасини яраладинг.
Улар сенга таянганида, сен синиб қолдинг.
Бундан уларнинг оёқлари қалтираб кетди”+.
8 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мана, Мен устингга қилич келтириб+, сендаги одамларни ва ҳайвонларни қириб ташлайман. 9 Миср юртини кимсасиз жой ва харобазорга айлантираман+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб олишади. Чунки сен: “Нил дарёси меники, уни ўзим яратганман”+,— дединг. 10 Мана, Мен сенга ва Нил дарёнгга қарши чиқаман. Мигдолдан+ то Ҳабашистон чегарасидаги Саванайгача+ Миср юртини ташландиқ, қақраган ва кимсасиз ерга айлантираман+. 11 Бу ердан на инсон, на чорва ўтади+, 40 йил давомида унда ҳеч ким яшамайди. 12 Мен Миср юртини энг кимсасиз юртга айлантираман. Унинг шаҳарлари 40 йил давомида ҳувуллаб ётади+. Мен мисрликларни халқлар орасига, юртлар бўйлаб тарқатиб юбораман”+.
13 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “40 йилдан кейин, Мен мисрликларни улар тарқалиб кетган халқлар орасидан йиғиб оламан+. 14 Мен асирга олинган мисрликларни она юртига — Патрўсга+ қайтараман. Ўша ерда уларнинг шоҳлиги кучсиз бир шоҳлик бўлади. 15 Миср бошқа шоҳликларга қараганда заифроқ бўлади. Энди у бошқа халқлар устидан ҳукмронлик қилмайди+. Мен уларни шу қадар кучсиз қиламанки, улар бошқа халқларни бўйсундира олишмайди+. 16 Энди у ҳеч қачон Исроил хонадони учун таянч бўлмайди+. Аксинча, Миср уларга ундан ёрдам сўраб гуноҳ қилишганини эслатиб туради. Шунда исроилликлар Мен Олий Ҳукмдор Яҳова эканимни билиб олишади”».
17 Йигирма еттинчи йил, биринчи ойнинг биринчи кунида Яҳова менга сўзини аён қилди: 18 «Эй инсон ўғли, Бобил шоҳи Навуходоносор+ Тирга ҳужум қилиш учун лашкарини аямай ишга солди+. Барчанинг боши кал бўлиб, елкалари шилиниб кетди. Бироқ шоҳ ва унинг лашкари Тирда бажарган ишлари эвазига ҳеч қандай ҳақ олмадилар.
19 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мана, Мен Миср юртини шоҳ Навуходоносор қўлига беряпман+. У Мисрнинг бойлигини тортиб олиб, уни талон-торож қилади ва кўп ўлжага эга бўлади. Бу, унинг лашкари учун иш ҳақи бўлади”.
20 “У Мен учун Тирга қарши уруш олиб борди. Шу боис, Миср юртини унга тўлов сифатида бераман”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова.
21 Ўша куни Исроил хонадони учун бир шох ўстираман+. Сенга уларнинг орасида гапиришга имкон бераман. Шунда улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади».