Ҳизқиё
37 Мен Яҳованинг қудратини ўзимда ҳис қилдим. Яҳованинг руҳи мени турган жойимдан олиб, водий ўртасига қўйди+. Водий суякларга тўла эди. 2 У мени суяклар орасида айлантириб юрди. Водийда жуда кўп суяклар борлигини кўрдим. Суяклар жуда қуриб кетган эди+. 3 У мендан: «Инсон ўғли, бу суяклар ҳаётга қайтиши мумкинми?» — деб сўради. Мен жавобан: «Олий Ҳукмдор Яҳова, буни фақат Сен биласан»+,— дедим. 4 Сўнг У менга деди: «Бу суяклар ҳақида башорат қилиб, уларга шундай дегин: “Эй қуриган суяклар, Яҳованинг сўзини тингланг!
5 Олий Ҳукмдор Яҳова суякларга шундай демоқда: “Мен ичингизга нафас пуфлайман, шунда тириласизлар+. 6 Устингизни паю мушаклар билан қоплайман, тери тортиб, ичингизга нафас пуфлайман ва сизлар тириласизлар. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”».
7 Кейин менга буюрилганидай башорат қилдим. Башорат қилаётганимда шовқин кўтарилиб, шақир-шуқур товуш эшитилди ва суяклар бир-бири билан бирлаша бошлади. 8 Кейин суяклар паю мушаклар билан қопланиб, уларнинг устига тери тортилганини кўрдим. Лекин уларнинг ичида ҳали нафаси йўқ эди.
9 Сўнг У менга шундай деди: «Шамолга башорат қил. Инсон ўғли, башорат қилиб шамолга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Эй шамол*, тўрт томондан* келиб, қатл этилганларга эсгин, токи улар тирилсин”».
10 У менга буюрганидай башорат қилдим. Уларнинг ичига нафас* кириб, тирила бошлашди ва оёққа туришди+. Улар улкан бир қўшинни ташкил этишди.
11 Кейин У менга деди: «Инсон ўғли, бу суяклар — бутун Исроил хонадонидир+. Улар: “Суякларимиз қуриб кетди, умидимиз сўниб қолди+. Биз бутунлай ёлғиз қолдик”,— дейишяпти. 12 Шунинг учун башорат қилиб уларга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Эй халқим, Мен қабрларингизни очиб+, сизларни у ердан чиқараман ва Исроил юртига олиб бораман+. 13 Эй халқим, Мен қабрларингизни очиб, сизларни у ердан чиқарганимда, Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”+. 14 “Ўз руҳимни ичингизга солиб қўяман, шунда тириласизлар+ ва сизларни юртингизга жойлаштираман. Шунда Мен Ўзим, Яҳова буни айтганимни ва қилганимни билиб оласизлар”,— демоқда Яҳова».
15 Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 16 «Сен эса, эй инсон ўғли, бир таёқ олгин-да, устига: “Яҳудо ва у билан бўлган Исроил халқи учун”+,— деб ёз. Кейин бошқа бир таёқни олиб устига: “Эфрайимни билдирувчи Юсуфнинг таёғи ва у билан бўлган бутун Исроил хонадони учун”+,— деб ёз. 17 Сўнг қўлингда битта таёқ бўлиши учун уларни бирга ушла+. 18 Халқинг сендан: “Бу нимани англатишини бизга айтиб бермайсанми?” — деб сўраса, 19 уларга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Мен Эфрайимнинг қўлидаги Юсуфнинг таёғини ва у билан бўлган Исроил қабилаларини оламан-да, Яҳудонинг таёғи билан бирлаштираман. Уларни битта таёқ қиламан+ ва улар қўлимда битта таёқ бўлиб қолади”. 20 Уларга кўриниб туриши учун, сен устига ёзган таёқлар қўлингда бўлсин.
21 Сўнг уларга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Исроилликлар қайси халқлар олдига боришган бўлса, уларни ўша ердан олиб келаман. Уларни ҳар томондан йиғиб, ўз юртларига олиб бораман+. 22 Ўша юртда, Исроил тоғларида уларни бир халқ қиламан+. Устларидан битта шоҳ бошқаради+ ва бундан кейин улар иккита халқ бўлмайдилар, ҳеч қачон иккита шоҳликка бўлинмайдилар+. 23 Бундан кейин ўзларини жирканч бутлари*, қабиҳ ишлари ва жамики гуноҳлари билан булғамайдилар+. Уларни садоқатсизлик қилиб содир этган ҳамма гуноҳларидан халос этиб, тозалайман. Улар Менинг халқим, Мен эса уларнинг Худоси бўламан+.
24 Хизматкорим Довуд уларнинг шоҳи бўлади+, барини битта чўпон боқади+. Улар Менинг ҳукмларим бўйича йўл тутиб, қонун-қоидаларимга астойдил риоя қилишади+. 25 Улар, Мен хизматкорим Ёқубга берган юртда — ота-боболарингиз яшаган ерда истиқомат қилишади+. Унда ўзлари ва болалари, болаларининг болалари мангу яшашади+. Хизматкорим Довуд абадий уларнинг йўлбошчиси бўлади+.
26 Мен улар билан тинчлик аҳдини қиламан+. Бу, улар билан қилинадиган абадий аҳд бўлади. Уларни ўз ерларига ўрнаштириб, кўпайтираман+. Маъбадимни уларнинг орасида абадий ўрнатаман. 27 Чодирим* улар билан* бўлади. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўлишади+. 28 Муқаддас масканим уларнинг орасида абадий ўрнатилганда, Мен — Яҳова Исроилни муқаддас қилганимни халқлар билиб олишади”»+.