Еремиё
25 Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим+ ҳукмронлигининг тўртинчи йили, Бобил шоҳи Навуходоносор ҳукмронлигининг биринчи йили, Худо Еремиёга бутун Яҳудо халқи борасида Ўз сўзини аён қилди. 2 Еремиё пайғамбар бутун Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси ҳақида* қуйидагиларни айтди:
3 «Яҳудо шоҳи Омон ўғли Йўшиё+ ҳукмронлигининг 13- йилидан то шу кунгача, 23 йил давомида менга Яҳованинг сўзи аён бўлиб турди. Мен сизларга қайта-қайта гапирдим. Лекин сизлар қулоқ солмадингиз+. 4 Яҳова сизларга барча хизматчилари — пайғамбарларини юборди, қайта-қайта жўнатиб турди. Аммо сизлар тингламадингиз, қулоқ тутмадингиз+. 5 Улар шундай дейишарди: “Илтимос, ҳар бирингиз ёмон йўлларингиздан қайтиб, ёвуз ишларингизни ташланг+. Шунда, Яҳова қадимда ота-боболарингизга ва сизларга берган юртда узоқ умр кечирасиз. 6 Бошқа худоларга эргашманглар, уларга хизмат ҳам, сажда ҳам қилманглар. Бутлар ясаб Мени хафа қилманглар. Йўқса бошингизга кулфат келтираман”.
7 “Сизлар Менга қулоқ солишнинг ўрнига, бутлар ясаб Мени ранжитдингиз, бошингизга бало орттирдингиз”+,— демоқда Яҳова.
8 Шу сабабдан, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Менинг сўзларимга қулоқ солмаганингиз учун, 9 шимолдаги барча қабилаларни чақиряпман+,— демоқда Яҳова. — Менинг хизматчим бўлган Бобил шоҳи Навуходоносорни чақиряпман+. Мен уларни бу юртга+, унинг барча аҳолисига ва атрофидаги барча халқларга қарши олиб келаман+. Мен сизларни ва ушбу халқларни ҳалок қилиб, даҳшатли аҳволга соламан. Буни кўрганлар ҳуштак чалишади. Абадий харобазорга айланасизлар. 10 Мен шодиёна ва хурсандчилик ҳайқириқларига чек қўяман+. Келин-куёвнинг овози+, қўл тегирмонининг товуши эшитилмайди, мойчироқнинг нурини ўчираман. 11 Бутун бу юрт харобазорга айланади, даҳшатли аҳволга тушади ва бу халқлар 70 йил давомида Бобил шоҳига хизмат қилишади”+.
12 “Бироқ 70 йил тугаганида+, Мен Бобил шоҳини ва бу халқни айблари учун жавобгарликка тортаман+,— демоқда Яҳова. — Халдейларнинг юртини абадий кимсасиз ерга айлантираман+. 13 Мен бу юртга қарши айтган барча сўзларимни, Еремиё барча халқларга қарши башорат қилган ва бу китобда ёзилганларни амалга ошираман. 14 Кўп халқлар ва буюк шоҳлар+ уларни қул қилиб олишади+. Мен уларни қилган ишлари ва қилмишларига яраша жазолайман”»+.
15 Исроил Худоси Яҳова менга шундай деди: «Қаҳр шароби билан тўлдирилган бу косани қўлимдан олиб, Мен сени қайси халқлар олдига юборсам, уларнинг барчасига ичир. 16 Улар ичиб олиб, гандираклаб юришади. Уларнинг орасига қилич юборганим учун, улар ўзларини ақлдан озгандай тутишади»+.
17 Шундай қилиб, мен Яҳованинг қўлидаги косани олиб, Яҳова мени қайси халқлар олдига юборган бўлса барчасига ичирдим+. 18 Буни Қуддусдан ва Яҳудо шаҳарларидан+, унинг шоҳларию бекларидан бошладим. Токи улар вайрон бўлиб, даҳшатли аҳволга тушсин, буни кўрганлар ҳуштак чалиб, қарғаганда номини тилга олишсин+. Улар бугун айнан шундай аҳволда. 19 Сўнг Миср фиръавни, унинг хизматкорлари, аъёнларию бутун халқига+, 20 шунингдек, у ерда яшовчи турли халқлар, Уз юртининг барча шоҳлари, филистимликлар+ юртининг барча шоҳлари, Ашқалон+, Ғазою Эхрон ҳамда Ашдоднинг омон қолганларига, 21 Эдом+, Мўаб+ ва оммонликларга+, 22 Тир ва Сидоннинг+ барча шоҳлари, денгиздаги оролларнинг шоҳларига, 23 Дедон+, Темо, Буз ва чаккаларидаги сочини қирдириб юрадиганларга+, 24 арабларнинг барча шоҳлари+, саҳрода яшовчи турли халқларнинг барча шоҳларига, 25 Зимри, Элам+ ва Мидиянинг барча шоҳларига+, 26 узоқ ва яқинда бўлган барча шимол шоҳлари, бирин-кетин бутун ер юзидаги жамики шоҳликларга ичирдим. Шешах*+ шоҳи ҳаммасидан кейин ичади.
27 «Сен уларга шундай деб айт: “Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Ичинглар, маст бўлиб қусинглар. Орангизга қилич юбораётганим учун турмайдиган бўлиб йиқилинглар”+. 28 Мабодо улар қўлингдан косани олиб ичишни рад этса, уларга шундай деб айт: “Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Ичишингиз шарт! 29 Агар Ўз исмим билан аталган шаҳарга кулфат юбораётган бўлсам+, сизлар жазосиз қоламиз деб ўйлайсизларми?”+
“Сизлар жазосиз қолмайсиз. Зеро, Мен бутун ер юзида яшовчиларга қарши қилич юборяпман”,— демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова.
30 Уларга бу барча сўзларни башорат қилиб айт:
“Яҳова юксакликдан туриб ўкиради,
Муқаддас масканидан садо беради.
Ердаги доимий маконига қараб баланд овозда ўкиради.
Узум эзувчилардай ҳайқиради,
Ер юзидаги жамики яшовчилар устидан ғолибона қўшиқ куйлайди”.
31 “Шовқин-сурон ернинг четларига қадар эшитилади,
Чунки Яҳова халқлар билан баҳслашади.
У ҳамма одамлар билан шахсан даъволашади+.
Ёвуз инсонни қиличдан ўтказади”,— демоқда Яҳова.
32 Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда:
“Мана, фалокат бир халқдан иккинчисига ўтиб келмоқда+.
Ер юзининг чеккаларидан кучли бўрон кўтарилади+.
33 Ўша куни Яҳова қириб ташлаган одамларнинг жасадлари ернинг бир четидан иккинчи четигача ёйилиб ётади. Улар учун ҳеч ким аза тутмайди. Улар на йиғиб олинади, на кўмилади. Улар гўнгдай ер устида ётаверади”.
34 Эй чўпонлар, ўкириб йиғланг, фарёд қилинг!
Эй, сурувнинг улуғвор кишилари, тупроққа думаланг!
Чунки қириб ташланадиган ва тарқатиб юбориладиган вақтингиз келди.
Қимматбаҳо идишдай чилпарчин бўласиз!
35 Чўпонларнинг қочадиган жойи йўқ.
Сурувнинг улуғвор кишилари қутула олмайди.
36 Эшитинг! Чўпонлар фарёд қилмоқда,
Сурувнинг улуғвор кишилари ўкириб йиғламоқда,
Чунки Яҳова уларнинг яйловини йўқ қилиб ташламоқда.
37 Яҳованинг ғазаби аланга олгани учун,
Сокин масканларда тирик жон қолмади.
38 У ёш шер сингари+ уясидан чиқди.
Шафқатсиз қилич
Ҳамда Унинг оташин ғазабидан
Уларнинг юрти даҳшатли аҳволга тушди».