Воиз
9 Мен буларнинг барчаси ҳақида ўйлаб, шундай хулосага келдим: одил ҳам, доно ҳам, уларнинг ишлари ҳам Аллоҳнинг қўлида экан+. Аввал яшаганлар нега бир-бирига нисбатан севги ва нафратни ҳис қилишгани ҳақида одамзод билмайди. 2 Бутун одамзоднинг — одиллару ёвузларнинг+, яхшиларнинг, пок ва нопокларнинг, қурбонлик келтирадигану келтирмайдиганларнинг борадиган жойи бир+. Яхши одам билан нима бўлса, гуноҳкор билан ҳам шундай бўлади. Қасам ичган билан нима бўлса, қасам ичишдан эҳтиёт бўлган билан ҳам шундай бўлади. 3 Қуёш остида содир бўлаётган мана бу нарса чуқур қайғуга солади: барчанинг борадиган жойи бир+ бўлгани боис, одамларнинг қалби ёмонликка тўла. Умр бўйи уларнинг юраги нодонликдан холи бўлмай, охир-оқибат ўлишади.
4 Тириклар орасида юрганларнинг умиди бор, чунки тирик ит ўлган шердан яхшироқ+. 5 Тириклар ўлишини билади+, ўлганлар эса ҳеч нарсани билмайди+. Энди уларнинг оладиган мукофоти* йўқ, чунки улар ҳақидаги хотира унутилган+. 6 Қолаверса, уларнинг севгиси ҳам, нафрати ҳам, рашки ҳам аллақачон йўқ бўлган. Қуёш остида содир бўлаётган ҳеч бир нарсада энди уларнинг улуши бўлмайди+.
7 Шундай экан, қувонч билан таомингни еб, шод кўнгил ила шаробингни ич+. Зеро Аллоҳ ишларингдан мамнундир!+ 8 Доимо оқ кийим* кийиб, бошингга хушбўй мой суртиб юр+. 9 Худо қуёш остида сенга берган ўткинчи ҳаётинг — ўтиб бораётган кунларинг давомида суюкли хотининг+ билан бирга ҳаётдан завқланиб яша. Чунки бу, ҳаётингдаги улушинг, қуёш остида чеккан заҳматинг учун сенга берилган мукофотдир+. 10 Қўлингдан қандай иш келса, уни жон-жаҳдинг билан бажар, чунки сен борадиган қабрда*+ на иш, на режа, на билим, на донолик бор.
11 Қуёш остида яна бир нарсани кўрдим: доим ҳам ютуқ тез югурганга, жангда ғалаба қудратлига+, егулик донога, бойлик ақллига+, муваффақият эса билимлига насиб этавермас экан+. Сабаби, уларнинг бари вақт ва тасодифга дуч келади. 12 Инсон ўз вақт-соатини билмайди+. Балиқ тўрга, қуш тузоққа тушганидай, кутилмаганда келадиган мусибат инсонни тузоққа илинтиради.
13 Қуёш остида доноликка оид яна бир нарсага диққатимни қаратдим, бу менда чуқур таассурот қолдирди: 14 аҳолиси оз, кичкина бир шаҳар бўлган экан. Бир қудратли шоҳ мана шу шаҳарга қарши чиқиб, қуршовга олибди-да, мустаҳкам қамал иншоотларини қурибди. 15 Ўша шаҳарда камбағал, аммо доно бир киши бор экан, у ўз донолиги билан шаҳарни қутқариб қолибди. Лекин ҳеч ким бу камбағал кишини эсга олмабди+. 16 Шунда мен: «Донолик қудратдан яхшироқ+. Аммо камбағалнинг донолиги писанд қилинмайди, сўзлари инобатга олинмайди»+,— деган фикрга келдим.
17 Аҳмоқлар орасидаги ҳукмдорнинг ҳайқириқларига қулоқ солгандан кўра, дононинг секин айтган сўзларига қулоқ солиш афзалроқдир.
18 Донолик жанг қуролларидан яхшироқ. Аммо биргина гуноҳкор кўп яхши нарсаларни яксон қилади+.