Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб
5 Орангизда зинога*+, ҳатто ўзга халқлар орасида бўлмаган зинога йўл қўйилаётганидан хабар топдим. Яъни кимдир отасининг хотини билан яшаётган экан+. 2 Сизлар эса қайғуриб+, бундай ишга қўл урган кишини орангиздан чиқариб ташлашнинг ўрнига+, мақтаниб юрганингиз нимаси? 3 Менга келсак, жисман сизлар билан бўлмасам-да, хаёлан* олдингиздаман. Шу сабабли, худди орангизда юргандай, бундай йўл тутган кишини маҳкум этдим. 4 Барчангиз Ҳазратимиз Исонинг номидан йиғилганда, Ҳазратимиз Исонинг кучи ва мен хаёлан сизлар билан эканимни билиб 5 ўша кишини Шайтонга топширинглар+, унинг гуноҳли таъсирига барҳам беринглар. Шунда Ҳазратимизнинг кунида жамоатнинг маънавийлиги* асраб қолинади+.
6 Мақтанишингиз яхши эмас. Озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитишини наҳотки билмасангизлар?+ 7 Янги хамир бўлиш учун эски хамиртурушни ташлаб юборинглар. Ахир ичингизда ҳеч қандай ачитқи бўлмаслиги керак-ку. Боиси, Фисиҳ қўзиси бўлган Масиҳ+ биз учун қурбонликка келтирилди+. 8 Шундай экан, эски хамиртуруш билан ҳамда ёмонлик ва ёвузлик хамиртуруши билан эмас, балки самимийлик ва ҳақиқат бўлмиш хамиртурушсиз нон билан байрам қилайлик+.
9 Мактубимда зинокорлар билан бошқа мулоқот қилмаслигингиз ҳақида ёзгандим. 10 Лекин мен бу дунёдаги+ зинокорлар, очкўзлар, талончилар ёки бутпарастлар билан мулоқот қилмасликни назарда тутмагандим. Акс ҳолда бу дунё билан умуман алоқани узишга тўғри келган бўларди+. 11 Энди эса, биродар бўла туриб зинокор ёки тамагир+, бутпараст ёки ҳақорат қилувчи, ичкиликбоз+ ёки талончи+ бўлган киши билан мулоқот қилманглар+, ҳатто у билан бирга овқатланманглар, деб ёзяпман. 12 Жамоатга тегишли бўлмаганларни ҳукм қилишга менинг нима ҳаққим бор? Сизлар жамоатдагиларни ҳукм қилишингиз керак эмасми? 13 Жамоатга тегишли бўлмаганларни эса Худо ҳукм қилади+. Чунки Муқаддас Ёзувларда: «Ярамас одамни орангиздан чиқариб ташланглар»+,— дейилган.