Қонунлар
5 Мусо бутун Исроил халқини тўплаб, уларга деди: «Эй Исроил халқи, мен бугун сизларга эълон қилаётган қонун-қоидаларни тингланглар. Уларни ўрганиб чиқиб, уларга астойдил риоя қилинглар. 2 Тангримиз Яҳова Хоревда биз билан аҳдлашган эди+. 3 Яҳова бу аҳдни нафақат ота-боболаримиз билан, балки шу ерда турган бизлар билан ҳам қилган. 4 Яҳова тоғда сизлар билан олов ичидан юзма-юз гаплашган эди+. 5 Ўшанда мен сизларга Яҳованинг сўзларини айтиб туриш учун, Яҳова билан сизларнинг ўртангизда турганман+. Чунки сизлар оловдан қўрқиб, тоққа кўтарилмаган эдингизлар+. У қуйидагиларни айтган эди:
6 “Мен сизларни Мисрдан, сизлар қулликда бўлган юртдан* олиб чиққан Тангрингиз Яҳоваман+. 7 Мендан ўзга худоларингиз бўлмасин+.
8 Ўзингиз учун на осмонда, на ерда, на сувларда мавжуд бўлган ҳеч бир нарсанинг ўйма тасвири ёки шаклини ясаманглар+. 9 Уларга сажда ва хизмат қилманглар+. Чунки Мен, Худойингиз Яҳова мутлақ садоқатни талаб қиладиган Тангриман+. Мендан нафратланган оталарнинг гуноҳи оқибатларини уларнинг ўғиллари, неваралари ва эваралари бошдан кечиришига йўл қўяман+; 10 лекин Мени севиб, амрларимга амал қилганларнинг минг-минг авлодларига меҳр-садоқатимни* намоён этаман.
11 Аллоҳингиз Яҳованинг исмини ноўрин тарзда тилга олманглар+, чунки Яҳова Унинг исмини ноўрин тарзда тилга олган кишини жазосиз қолдирмайди+.
12 Худойингиз Яҳова буюрганидай, Шаббат кунини муқаддас сақлаб, унга риоя қилинглар+. 13 Олти кун меҳнат қилиб, ишларингизни шу кунлар ичида бажаринглар+. 14 Аммо еттинчи кун Тангрингиз Яҳовага аталган Шаббат бўлади+. На ўзингиз, на ўғилу қизингиз, на қулу чўрингиз, на ҳўкизингиз, на эшагингиз, на бошқа уй ҳайвонингиз, на шаҳарларингизда яшовчи мусофир+ ҳеч қандай иш қилмасин+. Ўзингиз каби қулу чўрингиз ҳам дам олсин+. 15 Миср юртида қул бўлиб юрганингизда, Тангрингиз Яҳова сизларни кучли билагию қудратли қўли билан олиб чиққанини унутманглар+. Мана шу сабабли, Аллоҳингиз Яҳова сизларга Шаббат кунига риоя қилишни буюрган.
16 Худойингиз Яҳова сизларга бераётган юртда равнақ топиб, узоқ умр кўришингиз учун+, Тангрингиз Яҳова буюрганидай ота-онангизни ҳурмат қилинглар+.
17 Қотиллик қилманглар+.
18 Зино қилманглар+.
19 Ўғрилик қилманглар+.
20 Яқинингизга қарши сохта гувоҳлик берманглар+.
21 Яқинингизнинг хотинига кўз олайтирманглар+. На унинг уйига, на даласига, на қулу чўрисига, на ҳўкизига, на эшагига ва унга тегишли ҳеч бир нарсага кўз олайтирманглар”+.
22 Ушбу амрларни Яҳова бутун жамоатингизга тоғда олов, булут ва тим қоронғилик ичидан+ баланд овозда айтган ва уларга бошқа ҳеч нарса қўшмаган. Сўнгра уларни иккита тош лавҳага ёзиб, менга берган+.
23 Қоронғилик ичидан чиққан овозни эшитганингизда, тоғ олов бўлиб ёниб турган маҳалда+, барча қабила бошлари билан оқсоқоллар келиб, менга шундай дейишган: 24 “Мана, Тангримиз Яҳова бизга Ўз улуғворлиги ва буюклигини кўрсатди ҳамда Унинг олов ичидан чиққан овозини эшитдик+. Бугун Худо одамзод билан гаплашганини ва одам тирик қолиши мумкинлигини кўрдик+. 25 Лекин биз ўлишни истамаймиз, чунки бу олов бизни ютиб юбориши мумкин! Агар Аллоҳимиз Яҳованинг овозини яна эшитсак, аниқ ўламиз. 26 Ахир биз каби олов ичидан барҳаёт Худонинг овозини эшитиб тирик қолган инсон борми? 27 Ўзингиз боринг-да, Тангримиз Яҳованинг айтадиган барча сўзларини эшитиб, Тангримиз Яҳова айтганларининг барини бизга етказинг. Биз тинглаб уларни бажарамиз”+.
28 Яҳова менга айтган сўзларингизни эшитди ва Яҳова менга бундай деди: “Бу халқ сенга нима деганини эшитдим. Уларнинг барча айтган сўзлари тўғри+. 29 Қанийди, уларнинг қалбларида Мендан қўрқиш+ ва барча амрларимга амал қилиш+ истаги доим бўлса! Шунда ўзлари ҳам, ўғиллари ҳам тоабад бахтиёр бўлишарди!+ 30 Энди бориб, уларга: “Чодирларингизга қайтинглар”,— деб айт. 31 Сен эса шу ерда, ёнимда тур. Мен сенга уларга ўргатишинг керак бўлган барча амрлару қонун-қоидаларни айтаман ва Мен мулк қилиб бераётган юртда уларга амал қилишади”. 32 Энди сизлар диққатли бўлиб, Тангрингиз Яҳова буюрганидай қилинглар+. Бу амрлардан ўнгга ҳам, чапга ҳам оғиб кетманглар+. 33 Яшашингиз, равнақ топишингиз ва эгалик қиладиган юртда узоқ умр кўришингиз учун+, Худойингиз Яҳова буюрган йўлдан юринглар+.