Ҳаворийларнинг фаолияти
13 Антиохиядаги маҳаллий жамоатда пайғамбарлару муаллимлар бор эди+. Жумладан, Барнабо, Нигер деб аталмиш Симўн, киринеялик Лукис, вилоят ҳокими бўлмиш Ҳирод билан бирга ўқиган Маноҳим ва Шоул. 2 Улар Яҳовага* хизматларини адо этиб, рўза тутиб юришганида, муқаддас руҳ уларга: «Барнабо билан Шоулни+ менга ажратиб қўйинглар. Мен уларни муайян иш учун танладим»+,— деди. 3 Улар яна рўза тутиб, ибодат қилишгандан сўнг, Шоул ҳамда Барнабонинг устига қўлларини қўйиб, уларни жўнатиб юборишди.
4 Муқаддас руҳ томонидан юборилган Шоул билан Барнабо Салавкияга боришди ва ундан кейин Кипрга сузиб кетишди. 5 Саламис шаҳрига келиб, улар яҳудийларнинг ибодатхоналарида Аллоҳнинг каломини эълон қилишарди. Улар билан бирга ёрдамчи сифатида Юҳанно ҳам бор эди+.
6 Бутун оролни Пафосгача айланиб чиқиб, улар Бар-Исо деган яҳудий кишини учратиб қолишди. У сеҳргар ва сохта пайғамбар эди. 7 Бар-Исо ақлли бир киши бўлмиш вилоят ҳокими Сергий Павлуснинг хизматкори эди. Ўша Сергий Барнабо билан Шоулни ўзиникига чақиртириб, Тангрининг каломини эшитмоқчи бўлди. 8 Аммо сеҳргар Элимо* (Элимонинг маъноси сеҳргар) вилоят ҳокимини имондан қайтариш учун уларга қаршилик кўрсата бошлади. 9 Шунда Павлус деб аталмиш Шоул муқаддас руҳга тўлиб, унга тикилиб қаради-да, 10 шундай деди: «Эй, ичи ҳар қандай ҳийлаю ярамасликка тўлиб-тошган одам, Иблиснинг ўғли+ ва барча адолатли нарсаларнинг душмани! Қачонгача Яҳованинг* тўғри йўлларини бузиб юрасан? 11 Мана, Яҳова* сени жазолайди ва кўзларинг ожиз бўлиб, бир неча вақт қуёш нурини кўрмай юрасан». Шу заҳотиёқ унинг кўзларини қуюқ тутун билан зулмат қоплади. Шунда у атрофда ўзига бир етакловчи излай бошлади. 12 Вилоят ҳокими эса содир бўлган воқеани кўргач, Исонинг издоши бўлди. Чунки Яҳова* ҳақида билган нарсалардан қойил қолганди.
13 Павлус ва унинг ҳамроҳлари Пафосдан чиқиб, Памфилиядаги Пергияга сузиб келишди. Бироқ Юҳанно+ уларни қолдириб, Қуддусга қайтган эди+. 14 Улар бўлса Пергиядан йўлга чиқиб, Писидиядаги Антиохияга келишди ва Шаббат куни ибодатхонага+ кириб ўтиришди. 15 Таврот ва пайғамбарлар китобининг қироати тугаганда+, ибодатхона бошлиқлари Павлус билан Барнабога хабар юбориб: «Биродарлар, агар сизларда халқ учун далда берадиган қандайдир сўзлар бўлса, марҳамат қилиб айтинглар»,— дейишди. 16 Шунда Павлус ўрнидан туриб, одамлар тинчлансин, дея қўли билан имо қилди-да, қуйидагиларни айтди:
«Эй исроилликлар ва барча Аллоҳдан қўрққанлар, қулоқ солинглар. 17 Исроил халқининг Худоси ота-боболаримизни танлаган. Бу халқ Миср юртида мусофир каби яшаганда, Тангри уни юксалтирган, кейин у ердан уларни қудратли қўли билан олиб чиққан+. 18 Қарийб 40 йил мобайнида уларнинг қилмишларига тоқат қилган+. 19 Канъон диёрида еттита халқни йўқ қилгандан сўнг, ерларини Исроил халқига мерос сифатида берган+. 20 Бу ҳодисалар тахминан 450 йил давом этган.
Бундан кейин эса уларга Шомуил пайғамбар давригача ҳакамлар берган+. 21 Лекин кейинчалик улар ўзларига шоҳ талаб қилишганда+, Аллоҳ уларга Бенямин қабиласидан Киш ўғли Шоулни+ 40 йилга шоҳ қилиб тайинлаган. 22 Худо уни тахтдан туширгандан сўнг, Довудни шоҳ қилиб қўйган+. У ҳақда Аллоҳ шаҳодат бериб, шундай деган: “Мен кўнглимга ёқадиган одамни+, Эссай+ ўғли Довудни топдим. У барча истакларимни бажаради”. 23 Худо ваъдасига кўра унинг зурриётидан* Исроил халқига нажоткор Исони юборган+. 24 Исонинг келишидан олдин эса Яҳё бутун Исроил халқига тавба қилиш рамзи сифатида сувга чўмиш кераклигини ваъз қилган+. 25 Яҳё хизматини якунлаётганда: “Мени ким деб ҳисоблайсизлар? Мен у эмасман. Лекин орқамдан келаётган кишининг оёғидаги сандалларининг боғичини ҳам ечишга лойиқ эмасман”+,— деб айтган.
26 Биродарлар, Иброҳимнинг авлодлари ва Аллоҳдан қўрққанлар, ушбу нажот тўғрисидаги хабар бизларга юборилган+. 27 Қуддус аҳли ва уларнинг раҳбарлари уни тан олишмади. Улар унга ҳукм чиқариб, пайғамбарлар башорат қилган+ ва ҳар Шаббат куни ўқиладиган сўзларни бажаришди. 28 Гарчи улар Исода ўлимга лойиқ ҳеч қандай айб топмаган бўлишса-да+, Пилатдан уни қатл қилишни талаб этишди+. 29 Исо ҳақда ёзилган барча башоратларни амалга оширгандан сўнг эса уни устундан тушириб қабрга қўйишди+. 30 Лекин Аллоҳ уни тирилтирди+. 31 Исо ўзи билан бирга Жалиладан Қуддусга борганларга кўп кунлар давомида кўринди. Ҳозир эса улар Исо ҳақида халқ олдида шоҳидлик беришяпти+.
32 Хуллас, биз сизларга ота-боболаримизга берилган ваъда тўғрисидаги хушхабарни эълон этяпмиз. 33 Аллоҳ Исони тирилтириб+, бу билан ваъдасини биз учун, яъни уларнинг болалари учун охиригача бажарди. Забурнинг иккинчи саносида ёзилганидек: “Сен Менинг ўғлимсан, бугун Мен сенинг Отанг бўлдим”+. 34 Шунингдек, Худо Исони тирилтиргани ва унинг ҳеч қачон чиримаслиги тўғрисида шундай деган: “Мен Довудга ваъда қилган ўзгармас меҳримни* сизларга ҳам намоён этаман”+. 35 Шу боис Забурнинг бошқа саносида ҳам: “Сен садоқатли хизматчингнинг чиришига йўл қўймайсан”+,— дейилган. 36 Довуд Аллоҳнинг иродасини бажариб оламдан ўтганда*, ота-боболарининг ёнига қўйилиб танаси чириганди+. 37 Худо тирилтирган зотнинг танаси эса чиримади+.
38 Шундай экан, биродарлар, шуни билингларки, у орқали гуноҳларингиз кечирилиши сизларга эълон қилинмоқда+. 39 Мусонинг Таврот китоби асосида сизлар айбдор деб эълон этилган бўлсангиз+, Исога ишонган ҳар бир киши у орқали айбсиз деб эълон қилинмоқда+. 40 Лекин эҳтиёт бўлинглар, токи сизлар билан пайғамбарлар китобларида айтилган мана шу сўзлар юз бермасин: 41 “Эй, хор қилувчилар, қаранглар ва қойил қолиб, йўқ бўлинглар. Чунки сизларнинг даврингизда Мен бир иш қиламанки, бу ҳақда сизларга биров батафсил айтиб берса ҳам, ҳеч қачон ишонмайсизлар”»+.
42 Павлус билан Барнабо чиқиб кетишаётганда, одамлар улардан бу ҳақда кейинги Шаббат куни ҳам айтиб беришларини илтимос қилишди. 43 Ибодатхонадаги жамоат тарқалганидан сўнг, аксарият яҳудийлар ва яҳудий динига кирган одамлар Павлус билан Барнабонинг орқасидан эргашишди. Сабаби, Павлус ва Барнабо улар билан суҳбатлашиб, Аллоҳнинг иноятидан айрилмасликка ундашган эди+.
44 Кейинги Шаббат куни деярли бутун шаҳар Яҳованинг* каломини эшитишга тўпланди. 45 Шунча одамни кўргач, яҳудийлар ҳасадга тўлишди ва Павлуснинг айтган гапларига қарши чиқиб, уни ҳақорат қила бошлашди+. 46 Кейин Павлус ва Барнабо жасорат билан шундай дейишди: «Аслида Худонинг каломи биринчи бўлиб сизларга айтилиши керак эди+. Лекин сизлар уни рад этиб, ўзларингизни абадий ҳаётга муносиб кўрмаганингиз учун, биз бошқа халқларга мурожаат қиляпмиз+. 47 Чунки Яҳова* бизга амр этиб, шундай деган: “Ер чеккаларигача нажот келтиришинг учун, Мен сени бошқа халқларга нур қилиб бердим”»+.
48 Буларни эшитгач, ўзга халқлардаги одамлар хурсанд бўлиб, Яҳованинг* каломини шарафлай бошлашди. Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган барча Исонинг издоши бўлди. 49 Бундан ташқари, Яҳованинг* каломи бутун ўлка бўйлаб тарқалиб борарди. 50 Бироқ яҳудийлар обрўли ва художўй аёлларни ҳамда шаҳардаги мансабдор кишиларни, Павлус билан Барнабони қувғун қилишга гижгижлашди+. Шунда улар икковини шаҳардан қувиб чиқаришди. 51 Улар эса ўша одамларга қарши шоҳидлик бўлиши учун оёқларидаги чангни қоқиб, Иконияга кетишди+. 52 Шогирдлар бўлса қувонч+ ва муқаддас руҳга тўлиб-тошишарди.