Бутруснинг иккинчи мактуби
3 Азизларим, бу сизларга ёзган иккинчи мактубимдир. Биринчи мактубимда қаламга олганимдек, шу эслатмалар орқали сизларнинг аниқ фикр юритиш қобилиятингизни уйғотяпман+. 2 Токи муқаддас пайғамбарлар ёрдами билан олдиндан айтилган сўзлар ҳамда орангиздаги ҳаворийлар орқали берилган Ҳазратимиз ва Нажоткоримизнинг амри ёдингизда бўлсин. 3 Аввало шуни билингларки, охирги кунларда масхараомуз сўзларни айтиб, ўз истакларига биноан йўл тутадиган мазахчилар пайдо бўлади+. 4 Улар: «Ахир у келаман, деб* ваъда берган эди-ку. Қани у?+ Чунки дунё қандай яратилган бўлса, ота-боболаримиз ҳаётдан кўз юмгандан* бери ҳам барча нарса шундайлигича турибди»+,— деб айтишмоқда.
5 Лекин улар барини била туриб, ушбу ҳақиқатга кўз юмишяпти: қадимда ер ҳам, осмон ҳам бўлган. Ер Аллоҳнинг каломи бўйича сувдан чиқиб турган ва сувнинг ўртасида қаттиқ ҳолатда бўлган+. 6 Ўша қадимги дунё сувлар остида қолиб, йўқ бўлиб кетган+. 7 Ҳозирги осмон ва ер эса ўша калом бўйича олов учун, яъни худосиз инсонларни ҳалок қиладиган ҳукм куни учун сақланиб турибди+.
8 Бироқ азизларим, битта нарса эътиборингиздан четда қолмасин: Яҳова* учун бир кун минг йилдек, минг йил бир кундайдир+. 9 Баъзи кишиларга имиллаётгандай туюлса-да, Яҳова* берган ваъдасини амалга оширишга имилламаяпти+, балки сизларга сабрини намоён этяпти. Сабаби, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди+. 10 Яҳованинг* куни+ худди ўғридай келади+. Ўша куни осмон гумбурлаб ўтиб кетади+, қолган нарсалар эса қизиб, эриб кетади. Ер ва ундаги ишлар ошкор бўлади+.
11 Буларнинг барчаси вайрон бўлар экан, унда сизлар муқаддас феъл-атворли ҳамда художўй* бўлишингиз нақадар муҳим. 12 Шунинг учун, Яҳованинг* куни+ келишини* кутиб, уни эсингизда сақланглар. Ўшанда осмон ёниб йўқ бўлади+, қолган нарсалар эса қизиб, эриб кетади! 13 Лекин биз Унинг ваъдасига биноан адолат ҳукм сурадиган+ янги осмон ва янги ерни кутяпмиз+.
14 Шундай экан, азизларим, буларни кутаётиб, оқибатда У сизларни беғубор, бенуқсон ва тинч яшайдиган одамлар деб топиши учун жон куйдиринглар+. 15 Раббимизнинг сабр-тоқатини қутулиш имконияти деб билинглар. Азиз биродаримиз Павлус ҳам унга берилган донолик билан сизларга бу ҳақда ёзган+. 16 Ҳа, бу борада у барча мактубларида айтганди. Аммо ўша хатларда тушуниш қийин бўлган нарсалар бор. Билимсиз ва беқарор одамлар Муқаддас Ёзувларнинг бошқа қисмларини нотўғри талқин қилишганидек, буларни ҳам нотўғри талқин қилиб, ўзларини ҳалокатга йўлиқтиришяпти.
17 Азизларим, буларни олдиндан билар экансиз, бу ўзбошимча одамлар сизларни ўзларининг хато йўлига оғдирмаслиги ва натижада барқарорлигингизни йўқотмаслик учун эҳтиёт бўлинглар+. 18 Аксинча, Ҳазратимизу Нажоткоримиз Исо Масиҳ тўғрисида билимингиз ошиб, унинг инояти сизларда янада кўпайсин. Унга ҳозир ва абадулабад шон-шараф бўлсин. Омин.