Яҳованинг куни ҳамма нарсани фош қилади
Яҳованинг куни эса худди ўғридай келади... Ер ва ундаги ишлар ошкор бўлади. 2 БУТР. 3:10, ЯДТ
1, 2. а) Ҳозирги дунё қандай қилиб ўз якунига етади? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?
ҲОЗИРГИ ёвуз дунё бутунлайин ёлғонга асосланиб, Тангри Яҳовадан мустақил равишда ҳукм сурмоқда (Заб. 2:2, 3). Ўзингиз ўйлаб кўринг, ёлғонга асосланган бирон нарса абадий бўлиши мумкинми? Қайдам! Лекин, Шайтоннинг дунёси ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетишини кутмаслигимиз керак. Нега деганда, Аллоҳимиз уни яксон қилишга вақтини ҳам, буни қандай қилиб амалга оширишини ҳам белгилаб қўйган. Аминмизки Худонинг ёвуз дунёга чиқарилган ҳукмлари, Унинг адолатини ва севгисини акс эттиради (Заб. 91:8; Ҳик. 2:21, 22).
2 Ҳаворий Бутрус шундай ёзган: «Яҳованинг куни эса худди ўғридай келади. Ўша куни осмон гумбурлаб ўтиб кетади, қолган нарсалар эса қизиб, эриб кетади. Ер ва ундаги ишлар ошкор бўлади» (2 Бутр. 3:10, ЯДТ). Хўш, бу оятдаги «осмон» ва «ер» ниманинг рамзи? Эриб кетадиган «нарсалар» нимани билдиради? Бутруснинг «ер ва ундаги ишлар ошкор бўлади», деган сўзлари қандай маънога эга? Бу саволларга олган жавобларимиз, келажакдаги воқеаларга тайёр бўлишимизга кўмаклашади.
Осмон ва ер ўтиб кетади
3. Бутрус айтган «осмон» нимани англатади ва у қандай қилиб ўтиб кетади?
3 Муқаддас Китобда «осмон» ёки «само» дейилганда кўпинча, фуқароларни бошқараётган ҳокимиятлар назарда тутилади (Ишаё 14:13, 14; Ваҳ. 21:1, 2). 2 Бутрус 3:10 даги «осмон» сўзи, Худодан юз ўгирган ҳозирги дунёни бошқараётган ҳукуматларни тасвирлаяпти. Ҳокимиятларнинг «гумбурлаб ўтиб кетиши» эса, уларнинг бир зумда йўқ бўлиб кетишига ишора қилмоқда.
4. «Ер» бу нима ва у қандай қилиб йўқ бўлади?
4 «Ер», Аллоҳдан юз ўгирган одамзодни тасвирлайди. Шу каби одамлар, Нуҳ пайғамбарнинг даврида ҳам яшашган ва Худонинг амрига биноан Тўфонда йўқ бўлиб кетишган. «Ҳозирги осмон ва ер ўша калом бўйича олов учун, яъни бетавфиқ инсонларни ҳалок қиладиган ҳукм учун сақланиб келяпти» (2 Бутр. 3:7). Гарчи ўшанда, ёвуз инсонларнинг бари бир вақтнинг ўзида йўқ қилинган бўлса-да, келажакдаги вайронагарчилик «буюк қайғуда» босқичма-босқич юз беради (Ваҳ. 7:14). Авваламбор Худо, рамзий фоҳиша, яъни «буюк Бобилни» йўқ қилишни сиёсий раҳбарларнинг дилига солади (Ваҳ. 17:5, 16; 18:8). Шундан кейин, буюк қайғунинг энг охирги босқичида Яҳова, Ҳор-Магидўн жангида Шайтоннинг дунёсини яксон қилади (Ваҳ. 16:14, 16; 19:19–21).
«Нарсалар... эриб кетади»
5. Эриб кетадиган «нарсалар» нимани билдиради?
5 Эриб кетадиган «нарсалар» нимани билдиради? Бутрус айтган «нарсалар» бу дунёга хос нуқтаи назар, муносабат ва ишлардир. Қолаверса, ушбу «нарсалар» «осий бандаларда амал қилаётган» бу дунёнинг руҳини ҳам ўз ичига олади (1 Кор. 2:12; Эфесликларга 2:1–3 ўқинг). Ушбу руҳ, ҳаво сингари Шайтоннинг бутун дунёсини қоплаб олган. Ҳа, «фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким», яъни мағрур ва исёнкор Шайтон одамларни ўзига ўхшаб фикрлашга, гапиришга ҳамда йўл тутишга ундамоқда.
6. Бу дунёнинг руҳи нимада акс этяпти?
6 Шундай қилиб, одамлар билатуриб ёки ўзлари билмаган ҳолда бу дунёнинг руҳи уларнинг онги ва қалбига таъсир қилишига йўл қўйишмоқда. Шу йўсин, улар Шайтонга хос фикрлаш тарзини акс эттиришади. Натижада, бу инсонлар ўз хоҳишлари бўйича яшаб, Худонинг иродасига қарши чиқишади. Нима бўлган тақдирда ҳам улар фақат ўзларини ўйлаб, ҳокимиятларга қарши исён кўтаришади ва «тана нафси, ҳирсли кўзларга» берилишади (1 Юҳанно 2:15–17 ўқинг)a.
7. Нега қалбимизни асрашимиз муҳим?
7 Дўст, бирон китоб ёки ўйин-кулги танлаганда ва Интернетдан фойдаланганда Худонинг донолиги билан иш тутиб қалбимизни асраш муҳимдир! (Ҳик. 4:23). Ҳаворий Павлус шундай ёзган: «Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан сизларни аврамасин. Бундай гаплар Масиҳга эмас, балки инсонларнинг анъанасига, дунёнинг хурофий унсурларига асосланади» (Колос. 2:8). Бу сўзлар, Аллоҳнинг улуғ куни яқинлашиб келаётганини кўрсатяпти экан, демак ҳушёр бўлишимиз ўта зарур. Негаки, Шайтон дунёсидаги «нарсалар» эриб, унга хос бўлган барча хусусиятлар фош этилади. Малахи пайғамбар айтганидек, Яҳованинг куни ёнаётган ўчоққа ўхшайди ва у келганида, мағрур кишилар худди анғиз каби йўқ бўлиб кетишади (Мал. 4:1).
«Ер ва ундаги ишлар ошкор бўлади»
8. «Ер ва ундаги ишлар ошкор бўлади», деган сўзлар қандай маънога эга?
8 Бутрус, «ер ва ундаги ишлар ошкор бўлади», деганда нимани назарда тутган? Бу сўзлар билан Бутрус, буюк қайғуда Тангри Яҳова, Унга ва Унинг Шоҳлигига қарши чиқаётган Шайтон дунёсининг қилмишларини очиқ-ойдин фош қилиб, уни қириб ташламоқчи эканини кўрсатди. Ўша давр тўғрисида Ишаё пайғамбар қуйидагича башорат қилган: «Ана, Эгамиз келаётир масканидан замин аҳлини гуноҳлари учун жазолагани. Ер тўкилган қонларни фош этади, қотиллик қурбонларини энди яширмайди» (Ишаё 26:21).
9. а) Нимадан йироқлашишимиз зарур ва нима учун? б) Нимани ривожлантиришимиз керак ва нега?
9 Яҳованинг кунида, дунёга ва унинг руҳига уйғунлашган кишиларнинг асли ким эканлиги фош этилади. Ўшанда, улар бир-бирини ҳатто ўлдиришдан ҳам тўхтамайди. Ахир ҳозирнинг ўзида, зўравон ўйин-кулгиларнинг таъсири остида кўплар ўз яқинларига қўл кўтаришдан тойишмаяпти-ку! (Закр. 14:13). Шундай экан келинг, Худойимиз Яҳова мағрурлик ва зўравонликдан нафратланадиган ишлардан, жумладан фильм, китоб, видео ўйин ва ҳоказолардан йироқлашайлик! (2 Шоҳ. 22:28; Заб. 10:5). Бундан ташқари, илоҳий фазилатларни ривожлантирайлик! Зеро улар, Яҳованинг кунида омон қолишимизга ёрдам беради (Галат. 5:22, 23).
«Янги ер ва янги осмон»
10, 11. «Янги осмон ва янги ер» нимани англатади?
10 Марҳамат, 2 Бутрус 3:13 ўқинг. «Янги осмон», Аллоҳнинг самовий Шоҳлигини билдиради. У «ёт халқларнинг даврони» тугаганидан сўнг, яъни 1914- йилда бошқаришни бошлаган (Луқо 21:24). Ушбу Шоҳликда Исо Масиҳ ва самовий мукофотини олган унинг 144 000 ворисдошлари ҳукм суришади. Ваҳий китобида ушбу танланган кишилар қуйидагича тасвирланган: «Табаррук шаҳар — Қуддусни кўрдим; у куёви олдига безаниб чиқаётган келин каби осмондан, Худо ҳузуридан тушаётган эди» (Ваҳ. 21:1, 2, 22–24). Қадимда Исроил халқининг пойтахти Қуддусда бўлгани каби, янги Қуддус ва Унинг Куёви ҳам келажакдаги янги ҳукуматни ташкил этади. Ушбу самовий шаҳар, осмондан туриб ер юзи устидан ҳукмронлик қилади.
11 «Янги ер», Худо Шоҳлигининг бошқаруви остидаги итоаткор инсонлар жамиятини англатади. Ҳозир эса, Аллоҳнинг халқи маънавий жаннатдан баҳра олиб, «бўлажак ер юзини» кутмоқда (Иброн. 2:5). Хўш, бўлажак янги дунёда яшаш учун нима қилишимиз даркор?
Яҳованинг улуғ кунига тайёр туринг
12. Нега Яҳованинг куни бу дунё учун тўсатдан келади?
12 Павлус ҳам, Бутрус ҳам, Яҳованинг улуғ кунини ўғрининг қўққисдан келиши билан таққослашган (1 Салоникаликларга 5:1, 2 ўқинг). Ҳатто Худонинг хизматчилари учун бу кун ногаҳон келса-да, лекин улар ҳушёр туришади (Мат. 24:44). Бу дунёдагилар учун эса, ўша кун умуман кутилмаганда келиб қолади. Павлус шундай ёзган: «Худди ҳомиладор хотинни тўлғоқ тутиб қолганидек, [Яҳовадан юз ўгирган] инсонлар тинч ва осойишта деб юрганда, тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келади ва ундан асло қочиб қутула олмайдилар» (1 Салон. 5:3).
13. «Тинч ва осойишта» деган овозалардан қандай ҳимоялансак бўлади?
13 «Тинч ва осойишта» деган овозалар, Яҳова хизматчиларининг эмас, балки жин-ажиналарнинг уйдирмасидир. Павлус қуйидагиларни ёзган: «Сизлар эса, эй биродарлар, қоронғиликда эмассизларки, ўша кун ўғри каби сизларни босиб олсин. Ҳаммаларингиз ёруғлик ва кундузнинг ўғилларисизлар» (1 Салон. 5:4, 5). Ҳа, ёруғликда қолиб, Шайтоннинг қоронғу дунёсидан узоқлашишимиз керак. Бутрус ҳам имонлилар жамоатидаги сохта устозлар ҳақида шуларни баён этган: «Эй севганларим, буларни олдиндан билар экансиз, эҳтиёт бўлинглар, яна бошбошдоқ одамларнинг ғавғоси билан йўлдан озманглар, топган қарорингиздан айниманглар» (2 Бутр. 3:17).
14, 15. а) Эгамиз Яҳова бизни нимадан огоҳлантирмоқда? б) Қайси сўзларга бепарво бўлмаслигимиз керак?
14 Қаранг, Яҳова бизга шунчаки «эҳтиёт бўлинглар», деб қўймаяпти. Бунинг ўрнига, Эгамиз Яҳова келажакда бўладиган ҳамма ҳодисалар ҳақида бизни «олдиндан» огоҳлантирмоқда.
15 Минг афсуски, баъзилар ҳушёр бўлиш керак деган маслаҳатга бепарво бўлиб, уни назарга ҳам илишмаяпти. Улар: «Вой, бу гапларни неча йиллардан бери эшитиб келяпмиз»,— деб айтишлари мумкин. Бироқ, бундай кишилар нафақат ишончли ва ақлли хизматкорнинг, балки Яҳова ва Унинг Ўғли Исонинг гапларини шубҳа остида қўйишмоқда. Ахир, Яҳованинг Ўзи ўша кунни кутишга бизни чорлаяпти (Хаб. 2:3). Ҳазрати Исо ҳам: «Ҳушёр бўлиб туринглар, чунки Раббингиз қайси соатда келишини билмайсизлар»,— деб бежиз айтмаган (Мат. 24:42). Бутрус қуйидагича ёзган: «Ўша кунда ҳамма нарса йўқ бўлиб кетар экан, сизлар қандай кишилар бўлмоғингиз керак?.. Сизлар ўша кунни муқаддас юриш-туриш, диёнат билан кутишингиз ва шу йўсинда унинг келишини тезлаштиришингиз керак» (2 Бутр. 3:11, 12). Ишончли хизматкор ва унинг Етакчи кенгаши ушбу сўзларга ҳеч қачон бепарво бўлишмаган!
16. Қандай нуқтаи назардан қочишимиз керак ва нега?
16 «Ёмон ниятли хизматкор», Хўжайини яқин орада келмайди деб ўйлайди (Мат. 24:48). Бу ёмон хизматкор 2 Бутрус 3:3, 4 да тасвирланган. Бутруснинг айтишича, «охирги кунларда ўз нафсига маҳлиё бўлиб юрадиган ҳаёсиз масхарабозлар пайдо бўлади». Улар, Яҳованинг кунини кутаётган инсонларни масхара қилишади. Бунинг устига улар Шоҳлик пайидан бўлишнинг ўрнига, фақатгина ўзини ўйлаб яшашади. Келинг, биз ҳам уларга ҳеч қачон ўхшамайлик! Ундан кўра, «Раббимизнинг сабр-тоқатини қутулиш фурсати» деб, ваъзгўйликда ва шогирд орттириш фаолиятида банд бўлайлик. Шунингдек, Яҳованинг куни қачон келиши ҳақида кўп хавотир олмаслигимиз керак (2 Бутр. 3:15; Ҳаворийлар 1:7 ўқинг).
Халоскор Тангримизга таянайлик!
17. Исонинг Қуддусдан қочиш ҳақидаги огоҳлантиришини масиҳчилар қандай қабул қилишган ва нима учун?
17 Римликлар, милодий 66- йили Яҳудияни забт этишганидан сўнг, Исонинг огоҳлантиришига қулоқ солган масиҳчилар фурсат туғилганидаёқ Қуддусни тарк этишган (Луқо 21:20–23). Нега улар иккиланмай дарров ҳаракат қилишди? Улар Исонинг огоҳлантиришини ёдида сақлашган-да! Шубҳасизки, Исо Масиҳ огоҳлантирганидек, бу осонгина бўлади деб улар ўйлашмаган. Бироқ улар, Яҳова содиқ хизматчиларини ҳечам ташлаб кетмаслигида амин эдилар (Заб. 54:23).
18. Луқо 21:25–28 даги Исонинг сўзлари сизга қандай таъсир қиляпти?
18 Бу дунё буюк мусибатда йўқ бўлиши яқин экан, Халоскоримиз Яҳовага таянайлик! Муайян пайтдан сўнг буюк қайғу бошланади, лекин Яҳова бу дунёга чиқарган ҳукмларини бажаришидан аввал, «одамлар жаҳонга келаётган мусибатларни кутиб, қўрқувдан адо бўладилар». Ҳа, Худонинг душманлари қўрқувдан саросимага тушишса, Унинг садоқатли хизматчилари эса, бу қўрқувдан ҳоли бўлишади. Улар қутилиш вақти яқинлигини билиб жудаям қувонишади (Луқо 21:25–28 ўқинг).
19. Келаси мақолада нима ҳақда гап кетади?
19 Бу дунё ва унинг «нарсаларидан» йироқлашаётган кишиларни порлоқ келажак кутмоқда! Агар, ўша вақтда яшашни хоҳласак, ёмонликдан қочишнинг ўзи етарли эмас. Айнан бу ҳақда келаси мақолада гап боради. Шунингдек, Яҳовага ёқадиган фазилатларни ривожлантириб, савоб ишлар қилишимиз кераклигини ҳам билиб оламиз (2 Бутр. 3:11, 12).
[Изоҳ]
a Дунёнинг руҳи таъсир етказиши борасидаги кўпроқ маълумот «Муқаддас Китоб асосида музокара» (рус.) китобининг 135–139-саҳ. келтирилган.
Илтимос тушунтиринг
• Қуйидагилар нимани англатади:
ҳозирги «осмон ва ер»?
«нарсалар»?
«янги осмон ва янги ер»?
• Нега Аллоҳга таянсак арзийди?
[5- саҳифадаги расм]
Қандай қилиб қалбимизни асрашимиз ва бу дунёдан ажралиб туришимиз мумкин?
[6- саҳифадаги расм]
«Раббимизнинг сабр-тоқатини қутулиш фурсати» эканини амалда қандай кўрсата оламиз?