Қонунлар
28 Агар Тангрингиз Яҳованинг айтганларига сўзсиз қулоқ солиб, мен бугун сизларга буюраётган Унинг барча амрларини бажарсангиз, Худойингиз Яҳова албатта сизларни ер юзидаги бошқа барча халқлардан юксалтиради+. 2 Аллоҳингиз Яҳованинг айтганларига қулоқ солиб юрсангиз, У сизларнинг устингизга мўл-кўл баракаларни ёғдиради+:
3 Шаҳрингизда ҳам, далангизда ҳам барака топасизлар+.
4 Серфарзанд бўласизлар+, ерингиз унумдор бўлади. У чорвангиз, ёш қорамолингизу қўйларингизнинг наслини кўпайтиради+.
5 Саватингиз+ ва хамир тоғорангиз баракали* бўлади+.
6 Қаерга борманг, нимаики қилманг, барака топасизлар.
7 Сизларга қарши чиққан душманларингизни Яҳова кўз олдингизда мағлуб этади+. Улар сизларга бир томондан ҳужум қилишади, лекин сизлардан етти томонга тумтарақай бўлиб қочишади+. 8 Яҳова омборларингизга+ ва қилган ҳар бир ишингизга барака беради. Тангрингиз Яҳова бераётган юртда сизларга албатта Ўз баракасини ёғдиради. 9 Агар Худойингиз Яҳованинг амрларига риоя этиб, Унинг йўлларидан юрсангиз, Яҳова сизларга ваъда берганидек+, сизларни Ўзининг муқаддас халқи қилади+. 10 Ер юзидаги барча халқлар Яҳованинг исми билан аталганингизни кўриб+, сизлардан қўрқади+.
11 Яҳова ота-боболарингизга қасам ичиб, сизларга бераман деб айтган юртда Яҳова сизларни серфарзанд қилади, чорвангизни кўпайтиради ва ерингизни унумдор қилади+. 12 Мавсумида ёмғирни ёғдириб+, барча ишингизга баракасини бериш учун Яҳова осмонни, Ўзининг мўл-кўл омборини сизларга очади. Кўп халқларга қарз берасизлар, бироқ ўзларингиз қарз олишга эҳтиёж сезмайсизлар+. 13 Агар Худойингиз Яҳованинг мен бугун сизларга буюраётган амрларига қулоқ тутиб, риоя этсангизлар, Яҳова сизларни бошқалардан юксалтиради+ ва улар устингиздан ҳокимлик қилишига йўл қўймайди. Сизлар доимо гуллаб-яшнайсизлар ва ҳеч қачон муваффақиятсизликка учрамайсизлар. 14 Бугун мен сизларга буюраётган барча сўзлардан ўнгга ҳам, чапга ҳам оғманглар+, бошқа худоларга эргашманглар, уларга хизмат қилманглар+.
15 Аммо Худойингиз Яҳованинг айтганларига қулоқ солмасангиз, мен бугун сизларга буюраётган Унинг барча амрларию меъёрларига амал қилмасангиз, устингизга лаънат ёғилади ва улардан қочиб қутула олмайсизлар+.
16 Шаҳарларингизда ҳам, далаларингизда ҳам лаънати бўласизлар+.
17 Саватингиз+ ҳам, хамир тоғорангиз+ ҳам лаънати бўлади.
18 Фарзандларингиз+, ерингизнинг ҳосили ҳамда ёш қорамолингизу қўйларингиз+ лаънати бўлади.
19 Қаерга борманг, нимаики қилманг лаънати бўласизлар.
20 Ёмон ишлар қилиб, Уни* тарк этганингиз учун сизлар йўқ бўлиб тезда қирилиб кетмагунингизга қадар, қилган ҳар бир ишингизда Яҳова устингизга қарғиш ёғдиради, саросимага солади ва жазо юборади+. 21 Эгалик қилиш учун бораётган юртдан йўқ бўлиб кетмагунингизча, Яҳова сизларга бирин-кетин касаллик юборади+. 22 Яҳова сизларни сил, иситмалаб қалтираш+, яллиғланиш касалликларига, кучли иситмага гирифтор этади. Қилич+ ва гармсел билан жазолаб, ўсимликларингизни нобуд қилади+. Қирилиб кетмагунингизча, улар сизларни таъқиб қилади. 23 Осмонингиз мисдан, ер эса темирдан бўлади+. 24 Йўқ бўлиб кетмагунингизга қадар, Яҳова юртингиз узра осмондан қум билан чангни ёмғир қилиб ёғдиради. 25 Яҳова душманларингиз олдида сизларни мағлуб қилади+. Уларга бир томондан ҳужум қиласизлар, лекин етти томонга тумтарақай бўлиб қочасизлар. Ер юзидаги барча шоҳликлар сизлар билан содир бўлаётган ёмон ишларни кўриб қўрқишади+. 26 Жасадларингиз самодаги ҳар бир қуш, ердаги ҳар бир ҳайвон учун емиш бўлади. Ҳеч ким уларни ҳайдамайди+.
27 Яҳова сизларни Мисрда тарқалган чипқонларга, бавосир, тошма ва терига чиқадиган яраларга дучор қилади. Улардан ҳеч қачон шифо топмайсизлар. 28 Яҳова сизларни ақлдан оздиради, кўр қилиб қўяди+ ва саросимага солади*. 29 Кўр киши қоронғиликда пайпаслаб юрганидек, сизлар куппа-кундузи пайпаслаб юрасизлар+. Нимаики қилманг, муваффақиятга эришмайсизлар. Сизларни тинимсиз алдашади ва талон-торож қилишади. Ҳеч ким сизларни қутқара олмайди+. 30 Бир қиз билан унаштириласиз, бироқ уни бошқа киши зўрлаб кетади. Уйлар қурасизлар, аммо ўзларингиз қурган уйларда яшамайсизлар+. Узумзор барпо этасизлар-у, ундан фойдаланмайсизлар+. 31 Буқангиз кўз олдингизда сўйилади-ю, гўштининг бир бўлагини ҳам емайсизлар. Шундоққина олдингиздан эшагингизни ўғирлаб кетишади-ю, уни қайтара олмайсизлар. Қўйингизни ғанимларингиз олиб кетади, бироқ сизларни ҳимоя қиладиган топилмайди. 32 Кўз олдингизда ўғилу қизларингизни бошқа халқ олиб кетади+ ва доимо уларни қўмсаб яшайсизлар, лекин қўлингиздан ҳеч нима келмайди. 33 Ҳосилингиз ва барча озиқ-овқатларингизни ўзингиз билмаган халқ ейди+. Сизларни доим алдашади ва эзишади. 34 Кўзларингиз кўрган нарсадан ақлдан озасизлар.
35 Яҳова тиззаларингизу сонларингизга, бошдан-оёқ бедаво ва азоб берадиган чипқонларни тоштиради. 36 Яҳова сизларни ва ўз устингиздан тайинлаган шоҳингизни ўзингиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган халқ олдига бошлаб боради+. Ўша ерда бошқа худоларга — ёғочдан ва тошдан ясалган худоларга хизмат қиласизлар+. 37 Яҳова сизларни халқларнинг олдига бошлаб боргач, ўша барча халқлар ичида масхара бўласизлар, улар сизлар билан содир бўлаётган воқеаларни кўриб даҳшатга тушади ва сизлардан ҳазар қилади*+.
38 Далангизга кўп уруғ экасизлар-у, кам ҳосил оласизлар+, чунки ҳосилингизни чигиртка еб битиради. 39 Узумзор барпо этиб, уни парвариш қиласизлар-у, ҳосилини йиғиб олмайсизлар, шаробини ҳам ичмайсизлар+, боиси уларни қурт еб битиради. 40 Барча ҳудудларингизда зайтун дарахтларингиз бўлади-ю, ўзингизга зайтун мойини суртмайсиз, чунки зайтун меваларингиз тўкилиб кетади. 41 Ўғилу қизлар кўрасизлар-у, улар сизлар билан яшамайди, боиси улар асир қилиб олиб кетилади+. 42 Ерингиздаги барча дарахтлару ҳосилингизни ҳашаротлар* галаси босиб кетади. 43 Орангизда яшаётган мусофир тобора юксалиб бораверади, сизлар эса борган сари пасайиб кетаверасизлар. 44 У сизларга қарз беради, аммо сизлар унга қарз бера олмайсизлар+. У юксалиб, устингиздан ҳокимлик қилади+.
45 Худойингиз Яҳованинг айтганларига қулоқ солмай, У сизларга буюраётган барча амрларию меъёрларига амал қилмаганингиз учун+, ушбу барча лаънатлар албатта устингизга ёғилади+ ва қирилиб кетмагунингизча сизларни таъқиб этади, улардан қочиб қутула олмайсизлар+. 46 Бу лаънатлар сизларнинг ва авлодларингизнинг устига ёғилади ва асрлар оша белги ҳамда огоҳлантириш сифатида хизмат қилади+. 47 Чунки ҳамма нарсаларингиз мўл-кўл бўлганда, Аллоҳингиз Яҳовага хурсандчилик ва шод юрак билан хизмат қилмадингизлар+. 48 Яҳова душманларингизни сизларга қарши қайрайди. Уларга очу ташналикда+, жулдур кийимларда ва муҳтожликда хизмат қиласизлар+. У сизларни йўқ қилиб юбормагунича бўйнингизга темир бўйинтуруқ солади.
49 Яҳова олисдаги, ернинг нариги четидаги+, сизлар тилини тушунмайдиган+ бир халқни сизларга қарши қўзғатади. Улар ўлжасига ташланган бургутдай ташланади+. 50 Ушбу ёвуз халқ қариларга ҳурмат кўрсатмайди, ёшларга эса раҳм қилмайди+. 51 Қирилиб кетмагунингизча улар молларингизни ва ерингизнинг ҳосилини ейишади. Сизларни йўқ қилиб юбормагунча дон ҳам, янги шароб ҳам, мой ҳам, ёш қорамол ва қўй ҳам қолдиришмайди+. 52 Ўзларингиз ишонган баланд ва мустаҳкам деворларингиз қуламагунича улар сизларни қуршовга олиб, бутун юртингиз бўйлаб барча шаҳарларингизда сизларни қамаб қўйишади. Ҳа, Тангрингиз Яҳова сизларга берган бутун юрт бўйлаб, ҳамма шаҳарларингизни албатта қамал қилишади+. 53 Ўшанда қаттиқ қамал дастидан ҳамда ғанимларингиз берган азобдан Худойингиз Яҳова сизларга берган фарзандларнинг — ўғилу қизларингизнинг этини ейсизлар+.
54 Ҳатто орангиздаги энг юмшоқ ва беозор киши на ўз биродарига, на суюкли хотинига, на қолган ўғилларига раҳм қилади. 55 Уларга ўзи ейдиган ўғилларининг этидан бир бўлагини ҳам бермайди, чунки шаҳарларингизда қамал кучлилигидан ҳамда ғанимларингиз берган азобдан унинг ейишга ҳеч вақоси қолмайди+. 56 Орангиздаги мулойим ва нозиклигидан оёғини ерга қўйишни хаёлига келтирмаган назокатли аёл+ севимли эрига ҳам, ўғилу қизига ҳам раҳм қилмайди. 57 Шаҳарларингизда қамал кучлилигидан ҳамда ғанимларингиз берган азоб дастидан, у қорнидан тушган йўлдошни ва туққан ўғилларини яшириб ейди.
58 Агар бу китобда ёзилган қонуннинг+ барча сўзларига астойдил амал қилмасангизлар ва Аллоҳингиз Яҳованинг+ улуғ, маҳобатли исмидан+ қўрқмасангизлар, 59 Яҳова сизларга ва авлодларингизга жуда оғир, катта ва узоқ давомли офатларни+ ҳамда азобли ва тезда тузалмайдиган хасталикларни юборади. 60 У сизлар қўрққан Мисрнинг барча касалликларини устингизга яна юборади, бу хасталиклар сизларга ёпишиб олади. 61 Бундан ташқари, қирилиб кетмагунингизча Яҳова ушбу Қонун китобида ёзилмаган ҳар қандай касаллик ва офатларни устингизга юборади. 62 Осмондаги юлдузлар каби ниҳоятда кўпайиб кетган бўлишингизга қарамай+, Тангрингиз Яҳованинг айтганларига қулоқ солмаганингиз учун, жуда камайиб кетасизлар+.
63 Яҳова сизларга мадад бериб, сизларни кўпайтирганида шодланганидек, Яҳова сизларни яксон қилиб, қириб ташлаганидан ҳам мамнун бўлади. Эгаллаш учун бораётган юртдан суғуриб олинасизлар.
64 Яҳова сизларни ернинг бу четидан нариги четига — барча халқлар орасига тарқатиб юборади+. Ўша ерда ўзингиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган, ёғочдан ва тошдан ясалган худоларга хизмат қиласизлар+. 65 Ўша халқлар орасида сизларга тинчлик бўлмайди+, оёқ қўйиб дам оладиган жой ҳам бўлмайди. Ўша ерда Яҳова юрагингизни безовта+, кўзларингизни хира, руҳингизни тушкун қилади+. 66 Ҳаётингиз катта хавф остида бўлади, кечаю кундуз даҳшатда юрасизлар ва омон қолишингизга кўзингиз етмайди. 67 Қалбингиз ваҳимага тўлганидан ва кўзларингиз кўрган нарсалар дастидан эрталаб: “Қанийди ҳозир кечқурун бўлсайди!” — дейсизлар, кечқурун эса: “Қанийди ҳозир эрталаб бўлсайди!” — деб айтасизлар. 68 Яҳова сизларни кемаларга ўтқизиб, мен сизларга: “Уни қайта кўрмайсизлар”,— деб айтган йўл билан Мисрга қайтариб юборади. У ерда ўзингизни душманларингизга қулликка ва чўриликка сотмоқчи бўласизлар, аммо сизларни сотиб олувчи бўлмайди».