Амос
7 Олий Ҳукмдор Яҳова ваҳийда менга мана буни кўрсатди: кечки экин униб чиқа бошлаганда*, У чигиртка галасини юборди. Бу, шоҳнинг яйловларидан пичан ўриб олинганидан кейин экилган экин эди. 2 Чигиртка галаси юртдаги ўсимликларни еб битиргандан сўнг, мен: “Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ўтинаман кечир!+ Ёқуб қандай омон қолади? Ахир у нимжон-ку!”+ — деб айтдим.
3 Шунда Яҳова фикридан қайтди+. Яҳова: “Булар содир бўлмайди”,— деди.
4 Олий Ҳукмдор Яҳова ваҳийда менга мана буни кўрсатди: Олий Ҳукмдор Яҳова жазолаш учун олов юборди. Бу олов чуқур уммонни ва юртнинг бир қисмини ютиб юборди. 5 Кейин мен: “Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ўтинаман бунга йўл қўйма+. Ёқуб қандай омон қолади? Ахир у нимжон-ку!”+ — деб айтдим.
6 Шунда Яҳова фикридан қайтди+. “Бу ҳам содир бўлмайди”,— деди Олий Ҳукмдор Яҳова.
7 У ваҳийда менга мана буни кўрсатди: Яҳова шоқул* ёрдамида қурилган девор устида турарди ва қўлида шоқул бор эди. 8 Яҳова мендан: “Амос, нимани кўряпсан?” — деб сўради. Мен: “Шоқулни”,— дедим. Сўнг Яҳова шундай деди: “Мен халқим Исроилни шоқул билан текшираман. Энди уларни авф этмайман+. 9 Исҳоқнинг+ тепаликлари кимсасиз қолади, Исроилнинг муқаддас масканлари вайрон бўлади+. Мен Ёрубом хонадонига қарши қилич билан келаман”+.
10 Байтил+ руҳонийси Эмозиё Исроил шоҳи Ёрубомга+ қуйидагича хабар юборди: “Амос Исроилда сизга қарши фитна уюштиряпти+. Халқ унинг сўзларини кўтара олмайди+. 11 Амос: “Ёрубом қиличдан ўлади, Исроил халқи эса ўз юртидан албатта сургун қилинади”+,— деяпти”.
12 Эмозиё Амосга бундай деди: “Ҳой, ваҳийлар айтиб берувчи, жўна, Яҳудо юртига қоч, ўша ерда нонингни топиб, башорат қилавер+. 13 Лекин Байтилда бошқа башорат қилма+, бу ер шоҳнинг муқаддас маскани+ ва шоҳликнинг ибодатхонасидир”.
14 Амос Эмозиёга шундай жавоб берди: “Мен пайғамбар ҳам, пайғамбарнинг ўғли ҳам эмасдим. Мен чўпонлик қилиб+, шикамора-анжир дарахтларини парваришлардим*. 15 Бироқ Яҳова сурувни боқиб юрганимда мени чақириб олди. Яҳова менга: “Бор, халқим Исроилга башорат қил”+,— деди. 16 Мана энди Яҳованинг сўзларини тингла! Сен менга: “Исроилга қарши башорат қилма+, Исҳоқ хонадонига қарши ваъз қилма”+,— деяпсан. 17 Шунинг учун Яҳова қуйидагиларни айтмоқда: “Хотининг шаҳарда фоҳишалик қилади, ўғил-қизларинг қиличдан ҳалок бўлади. Ерингни ўлчов ипи билан бўлиб олишади, ўзинг эса бегона юртда ўлиб кетасан. Исроил халқи ўз юртидан албатта сургун қилинади”+.