Левилар
20 Яҳова Мусога гапириб, шундай деб айтди: 2 «Исроил ўғилларига қуйидагиларни етказ: “Исроилдан бирор киши ёки Исроилда яшаётган мусофир бирор фарзандини Мўлахга берса, ўша одам албатта ўлдирилсин+. Юрт аҳли уни тошбўрон қилиб ўлдирсин. 3 Мен эса ўша кишидан юз ўгириб уни ўз халқи орасидан йўқ қиламан. Чунки у ўз фарзандларидан бирини Мўлахга бериб, Менинг муқаддас масканимни булғади+ ва муқаддас исмимга доғ туширди. 4 Агар юрт халқи ўша киши ўз фарзандини Мўлахга берганини била туриб қилмишига кўз юмса ва уни ўлдирмаса+, 5 Мен ўша инсондан ва унинг оиласидан юз ўгираман+. Ўша одамни ҳамда унга шерик бўлиб бевафоларча Мўлахга эргашганларнинг* ҳаммасини халқи орасидан йўқ қиламан.
6 Арвоҳ чақирувчиларга+ ва фолбинларга+ мурожаат этиб Менга хиёнат* қилган инсондан юз ўгираман ва уни ўз халқи орасидан йўқ қиламан+.
7 Пок ва муқаддас бир халқ бўлинглар+, чунки Мен Тангрингиз Яҳоваман. 8 Менинг низомларимга риоя қилиб, уларни бажаринглар+. Мен, сизларни муқаддас қиладиган Яҳоваман+.
9 Агар бирор киши отаси ёки онасини лаънатласа, у албатта ўлдирилсин+. У отаси ёки онасини лаънатлагани учун қони ўз бўйнида бўлади.
10 Бошқа эркакнинг хотини билан зино қилган киши, яъни яқинининг хотини билан зино қилган одам албатта ўлдирилсин. Зино қилган эркак ҳам, аёл ҳам ўлдирилсин+. 11 Отасининг хотини билан ётган одам, отасини шарманда қилган бўлади+. Уларнинг иккаласи ҳам албатта ўлдирилсин. Уларнинг қони ўз бўйнида. 12 Агар эркак ўз келини билан ётса, уларнинг иккаласи ҳам албатта ўлдирилсин. Улар жирканч иш қилишди. Уларнинг қони ўз бўйнида+.
13 Агар эркак аёл билан ётгандай эркак киши билан ётса, улар жирканч иш қилган бўлади+. Уларнинг иккаласи албатта ўлдирилсин. Уларнинг қони ўз бўйнида.
14 Агар эркак киши аёлга қўшиб унинг онасини ҳам хотин қилиб олса, бу бузуқликдир*+. Бундан буён ораларингизда бузуқлик бўлмаслиги учун, ўша эркак ҳам, иккала аёл ҳам ўлдирилсин ва оловда куйдирилсин+.
15 Ҳайвон билан жинсий алоқа қилган эркак албатта ўлдирилсин. Ҳайвонни ҳам ўлдиринглар+. 16 Аёл киши жинсий алоқа қилиш учун бирор ҳайвонга яқинлашса+, ўша аёлни ҳам, ҳайвонни ҳам ўлдиринглар. Улар албатта ўлдирилсин. Уларнинг қони ўз бўйнида.
17 Агар эркак отасининг ёки онасининг қизи билан, яъни ўзининг опаси ёки синглиси билан жинсий алоқа қилса ва улар бир-бирини яланғоч ҳолда кўрса, бу шармандаликдир+. Улар ўз халқининг ўғиллари кўзи олдида йўқ қилинсин. Ўша эркак опаси ёки синглисини шарманда қилган бўлади. У қилган гуноҳи учун жавоб берсин.
18 Эркак ҳайз кўрган аёл билан ётиб, у билан жинсий алоқа қилса, уларнинг иккаласи ҳам қонни муқаддас деб ҳисобламаётганини кўрсатган бўлишади+. Иккаласи ҳам ўз халқи орасидан йўқ қилинсин.
19 Холангиз ёки аммангиз билан жинсий алоқа қилманглар. Бундай ишга қўл урган одам қариндошлик ришталарига иснод келтиради+. Улар қилган гуноҳи учун жавоб беришсин. 20 Амакисининг хотини билан ётган эркак киши, амакисини шарманда қилган бўлади+. Улар қилган гуноҳи учун жавоб беришсин. Улар ўлади, бола кўришмайди. 21 Агар эркак акаси ёки укасининг хотинига уйланса*, жирканч иш қилган ҳисобланади+. У акаси ёки укасини шарманда қилган бўлади. Улар бола кўришмайди.
22 Менинг барча низомларимга ва барча ҳукмларимга риоя қилиб+, уларни бажаринглар+. Шунда яшашингиз учун Мен сизларни олиб бораётган юрт сизларни қусиб ташламайди+. 23 Мен олдингиздан ҳайдаётган халқларнинг одатларига риоя қилманглар+. Чунки шу барча ишларни қилишгани учун, Мен улардан нафратланаман+. 24 Шу боис, Мен сизларга қуйидагиларни айтдим: “Сизлар уларнинг юртини мулк қилиб оласизлар. Сут ва асал оқиб ётган ўша юртни Мен сизларга мулк қилиб бераман+. Мен, бошқа халқлар орасидан сизларни ажратиб олган Тангрингиз Яҳоваман”+. 25 Сизлар пок ҳайвон билан нопок ҳайвоннинг, пок қуш билан нопок қушнинг фарқига боришингиз керак+. Мен нопок деб эълон қилган ҳайвон ёки қуш, ёхуд ерда ўрмалаб юрувчилар билан ўзингизни булғаманглар+. 26 Мен учун муқаддас бўлинглар, зеро Мен, Яҳова, муқаддасман+. Менга тегишли бўлишингиз учун, сизларни бошқа халқлардан ажратиб оляпман+.
27 Арвоҳ чақириш ёки фолбинлик билан шуғулланган ҳар қандай эркагу аёл албатта ўлдирилсин+. Халқ уларни тошбўрон қилиб ўлдирсин. Уларнинг қони ўз бўйнида”».