Луқо баён этган хушхабар
17 Сўнгра Исо шогирдларига қуйидагиларни айтди: «Одамларни қоқинтирадиган нарсалар бўлиши муқаррар. Бироқ бунга сабабчи бўлганнинг ҳолига вой! 2 Бундай инсон учун, бу кичикларнинг бирини қоқинтирганидан кўра, бўйнига тегирмон тошини осиб, денгизга чўктириб юборишлари яхшироқ бўларди+. 3 Ўзингизга диққатли бўлинг. Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг+. Борди-ю, тавба қилса, уни кечиринг+. 4 Ҳатто у бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса-ю, етти марта қайтиб келиб: “Тавба қилдим”,— деса уни кечиринг»+.
5 Кейин ҳаворийлар келиб, Ҳазратимизга: «Имонимизга имон қўшинг»+,— деб айтишди. 6 Шунда Ҳазратимиз қуйидагиларни айтди: «Агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу қора тут дарахтига: “Илдизинг билан қўпорилиб чиқ-да, денгизга кўчиб ўт”,— десангиз, у сизларга қулоқ солади+.
7 Орангиздан қай бирингизнинг ер ҳайдовчи ёки пода боқувчи қули даладан қайтганида: “Тезда келиб дастурхон атрофига ёнбошла”,— деб айтади? 8 Аксинча, унга: “Кечки овқатимни тайёрла-да, белингни боғлаб, еб-ичгунимча менга хизмат қил. Кейин ўзинг ҳам еб-ичасан”,— демайсизми? 9 Буюрилган ишнинг ҳаммасини бажаргани учун хўжайин қулига ташаккур айтадими? 10 Сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажаргандан сўнг: “Биз ҳеч нарсага арзимас қуллармиз. Зиммамиздаги ишни қилдик, холос”+,— деб айтинглар».
11 Исо Қуддусга кетаётиб Самария ва Жалиланинг орасидан ўтди. 12 У бир қишлоққа кираётганида, ўнта мохов уни кўриб олисда турганча+ 13 баланд овозда: «Эй Устозимиз Исо, бизга раҳм-шафқат қилинг!» — деди. 14 Уларни кўргач, Исо: «Бориб ўзингизни руҳонийларга кўрсатинглар»+,— деб айтди. Улар ҳали йўлда экан соғайиб кетишди+. 15 Улардан бири эса покланганини кўриб баланд овозда Худони шарафлаганча орқага қайтди. 16 У Исонинг оёқларига юзтубан тиз чўкиб унга ташаккур айта бошлади. Бу киши самариялик+ эди. 17 Исо бўлса унга: «Покланганлар ўн киши эмасмиди? Қолган тўққизтаси қани? 18 Аллоҳни шарафлаш учун ўзга миллатдан бўлган бу кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?» — деди. 19 Сўнг у одамга: «Ўрнингиздан туриб, бораверинг. Ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз»+,— деб айтди.
20 Кунларнинг бирида фарзийлар Исодан Худонинг Шоҳлиги қачон келишини сўрашди+. Исо уларга қуйидагича жавоб берди: «Худонинг Шоҳлиги ҳамманинг кўзига кўринадиган тарзда келмайди. 21 У ҳақда: “Мана, бу ерда!” ёки “Ана, у ерда!” — дейишмайди. Ахир Худонинг Шоҳлиги орангизда-ку»+.
22 Кейин Исо ўз шогирдларига деди: «Шундай кунлар келадики, Инсон Ўғлининг атиги битта кунини кўришни хоҳлайсизлар-у, лекин кўра олмайсизлар. 23 Ўшанда одамлар: “Ана, у ерда!” ёки “Мана, бу ерда!” — деб айтишади. Аммо сизлар чиқиб уларнинг орқасидан югурманглар+. 24 Зеро чақмоқ чақиб, осмоннинг бир четидан бошқа четигача ёритиб юборганидай, Инсон Ўғли+ ошкор бўладиган кунда ҳам худди шундай бўлади+. 25 Лекин у аввалига кўп азоб чекиб, ушбу насл томонидан рад этилиши керак+. 26 Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса+, Инсон Ўғлининг кунларида ҳам шундай бўлади+. 27 Нуҳ пайғамбар кемага киргунча+, одамлар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. Ўшанда Тўфон келиб, барчани ҳалок қилган+. 28 Лутнинг даврида ҳам айнан шундай бўлган+: одамлар еб-ичишган, олди-сотди қилишган, экин-тикин ва қурилиш билан банд бўлишган. 29 Бироқ Лут Садўмдан чиққан куни осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани йўқ қилган+. 30 Инсон Ўғли ошкор бўладиган куни+ ҳам худди шундай бўлади.
31 Ўша куни томда турган киши нарсаларини олиш учун уйга кирмасин. Даладаги киши ҳам нарсаларини олиш учун қайтмасин. 32 Лутнинг хотини эсингизда бўлсин+. 33 Агар кимдир ўз жонини* сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени деб жонидан маҳрум бўлган, уни сақлаб қолади+. 34 Сизларга айтиб қўяй, ўша кеча бир тўшакда ётган икки кишидан бири олинади, бири қолдирилади+. 35 Тегирмон тортаётган икки аёлдан бири олинади, бири қолдирилади». 36 * —— 37 Шунда шогирдлар ундан: «Ҳазрат, булар қаерда юз беради?» — дея сўрашди. Исо уларга: «Мурда қаерда бўлса, бургутлар ҳам ўша ерда тўпланади»+,— деди.