Ибтидо
47 Сўнг Юсуф фиръавннинг олдига бориб+: «Менинг отам ва ака-укаларим сурувлари, қорамоллари ҳамда бор-будлари билан Канъон юртидан келишди. Ҳозир улар Гўшен ерида»+,— деб унга хабар берди. 2 Юсуф бешта акаси билан фиръавн олдига келди ва фиръавнга уларни таништирди+.
3 Фиръавн Юсуфнинг акаларидан: «Касбингиз нима?» — деб сўради. Улар: «Биз хизматкорларингиз, ота-боболаримизга ўхшаб қўй боқамиз»+,— дейишди 4 ва давом этиб: «Канъон юртида очарчилик кучайиб кетди+. Биз хизматкорларингиз сурувларини боқиш учун яйлов топа олмагач, бу ерга яшаш учун мусофир бўлиб келдик+. Илтимос, хизматкорларингизга Гўшен ерида+ яшашга рухсат этинг»,— деб айтишди. 5 Фиръавн Юсуфга қарата шундай деди: «Сенинг олдингга отанг ва ака-укаларинг келишган экан, 6 Миср юрти сенинг ихтиёрингда. Отанг ва ака-укаларингни юртнинг энг яхши ерига жойлаштир+. Улар Гўшен ерида яшашсин. Агар уларнинг орасида ўз ишини яхши биладиганлари бўлса, уларни менинг чорвамни боқишга тайинла».
7 Кейин Юсуф отаси Ёқубни фиръавннинг ҳузурига олиб кирди ва уни фиръавнга таништирди. Ёқуб эса фиръавнни дуо қилди. 8 Фиръавн Ёқубдан: «Ёшингиз нечада?» — деб сўради. 9 Ёқуб фиръавнга: «У жойдан бу жойга кўчиб* яшаётганимга мана 130 йил бўлди. Бир ердан иккинчи ерга кўчиб юриб яшаган ота-боболаримга нисбатан оз умр кўрдим+. Кўп азобли кунларни бошдан кечирдим»,— деб жавоб берди. 10 Шундан кейин Ёқуб фиръавнни дуо қилди ва унинг ҳузуридан чиқди.
11 Юсуф фиръавн амр этганидай, отаси ва ака-укаларини Миср юртига жойлаштириб, уларга Рамзес*+ ўлкасининг энг яхши ерини мулк қилиб берди. 12 Юсуф отасини, ака-укаларини ва отасининг бутун хонадонини, қай бирининг нечта фарзанди борлигига қараб озиқ-овқат билан таъминлади.
13 Очарчилик ниҳоятда кучайиб кетганидан, бутун юртда озиқ-овқат қолмади. Очлик дастидан Миср билан Канъон юртлари хароб ҳолга келиб қолди+. 14 Юсуф Миср ва Канъон юртларидаги пулларнинг ҳаммасини — одамлар дон сотиб олиш учун келтирган пулларни йиғиб олди+. У пулларни фиръавннинг хазинасига тўпларди. 15 Вақт ўтгач, Миср ҳамда Канъон юртларида пул тугаб қолди. Ҳамма мисрликлар Юсуфнинг олдига кела бошлаб: «Бизга нон беринг! Пулимиз тугаб қолгани учун кўз олдингизда очликдан ўлиб кетишимиздан нима фойда?» — дейишди. 16 Шунда Юсуф уларга: «Агар пулингиз тугаб қолган бўлса, чорвангизни олиб келинг ва мен чорвангиз эвазига сизларга озиқ-овқат бераман»,— деб айтди. 17 Улар чорваларини Юсуфга келтира бошлашди. Юсуф уларнинг отлари, қўю эчкилари, қорамоллари ва эшаклари эвазига озиқ-овқат берди. Ўша йил давомида уларнинг барча чорваси эвазига уларни озиқ-овқат билан таъминлаб турди.
18 Ўша йил секин-аста ўз ниҳоясига етиб борарди. Кейинги йил бошланганда, улар Юсуфнинг олдига келиб, мана бундай дейишди: «Тақсир, сиздан яширадиган ҳеч нарсамиз йўқ. Пулимизни ҳам, чорвамизни ҳам аллақачон сизга берганмиз, тақсир. Энди ўзимиз ва ерларимиздан бўлак, тақсиримизга берадиган ҳеч вақомиз йўқ. 19 Кўз олдингизда ўлиб кетишимиздан, ерларимиз эса ташландиқ ҳолга келиб қолишидан нима фойда? Ўтинамиз, бизни ва ерларимизни сотиб олиб, эвазига озиқ-овқат беринг. Биз фиръавннинг қуллари бўламиз, ерларимиз эса у кишига тегишли бўлади. Ўлмаслигимиз ва ерларимиз ташландиқ ҳолга келиб қолмаслиги учун, бизларга эккани уруғ беринг». 20 Очарчилик ниҳоятда кучайгани сабабли, ҳар бир мисрлик ўз ерини сотди. Юсуф мисрликларнинг ҳамма ерларини фиръавн учун сотиб олди. Ерлар фиръавнга тегишли бўлиб қолди.
21 Сўнг у Мисрнинг турли ҳудудларида яшовчи одамларнинг барини шаҳарларга кўчирди+. 22 Юсуф фақат коҳинларнинг ерини сотиб олмади+, чунки коҳинларни фиръавн озиқ-овқат билан таъминларди. Шу сабабли, улар ўз ерларини сотишмаган эди. 23 Кейин Юсуф халққа бундай деб айтди: «Мен бугун сизларни ва ерларингизни фиръавн учун сотиб олдим. Мана бу уруғларни олинглар-да, далаларингизга экинглар. 24 Ҳосилни йиғиб олганингизда, унинг бешдан бир қисмини фиръавнга берасизлар+. Қолган тўрт қисми далага экиш учун ҳамда ўзингиз, хонадон аҳлингиз ва болаларингизга емиш бўлиб қолади». 25 Улар эса: «Тақсир, сиз ҳаётимизни сақлаб қолдингиз+. Илтифотингизга сазовор бўлиб, фиръавннинг қуллари бўлайлик»+,— деб айтишди. 26 Бундан сўнг, Юсуф бутун Миср юртида ҳосилнинг бешдан бир қисми фиръавнга тегишли бўлсин, деб фармон чиқарди. Бу фармон ҳозиргача ўз кучини йўқотмаган. Фақатгина коҳинларнинг ерлари фиръавнга тегишли эмас эди+.
27 Исроил Миср юртининг Гўшен ерида+ яшар эди. Улар юртда ўрнашиб олиб, серфарзанд бўлишди ва ниҳоятда кўпайиб кетишди+. 28 Ёқуб Миср юртида 17 йил яшади. Жами бўлиб Ёқуб 147 йил умр кўрди+.
29 Исроилнинг умри охирлаб бораётган эди+. У ўғли Юсуфни чақиртириб: «Агар сенинг назарингда илтифот топган бўлсам, қўлингни сонимнинг тагига қўйгин-да, менга меҳр-садоқат ва ишонч кўрсатишга қасам ич. Илтимос, мени Мисрда дафн этма+. 30 Оламдан ўтганимда мени Мисрдан олиб чиқиб, ота-боболарим қўйилган хилхонага дафн эт»+,— деб айтди. Юсуф отасига: «Сиз айтгандай қиламан»,— деб жавоб берди. 31 Шунда Исроил: «Қасам ич»,— деди. Юсуф қасам ичди+. Сўнг Исроил, тўшакнинг бош томонида ўтирган жойидан Худога таъзим қилди+.