Салоникаликларга йўлланган биринчи мактуб
5 Биродарлар, вақт ва муддатларга келсак, улар ҳақида сизларга ёзишнинг ҳожати йўқ. 2 Ўзларингиз ҳам яхши биласизларки, Яҳованинг* куни+ ўғри тунда келгандек келади+. 3 Одамлар: «Тинчлик ва хавфсизлик!» — деб юришганда, ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутиб қолганидек, улар ногаҳон ҳалокатга дучор бўлишади+. Улар сира қочиб қутула олишмайди. 4 Лекин сиз биродарлар, ўша кун тўсатдан келганда унинг қўлига тушмайсизлар, сабаби сиз ўғрилар каби қоронғиликда эмассизлар. 5 Зеро сизлар нур ва кундузнинг ўғилларисиз+. Бизлар на тунга, на зулматга тегишлимиз+.
6 Хуллас келинглар, бошқаларга ўхшаб ухламайлик+, аммо ҳушёр туриб+, сергакликни сақлайлик+. 7 Ухлаётганлар тунда ухлашади ва ичиб олганлар кечаси маст бўлишади+. 8 Аммо биз кундузга тегишли бўлганлар, келинглар, ҳушёрликни сақлаб, имон ва муҳаббат совутини, нажот умидини дубулғадек кийиб олайлик+. 9 Боиси, Тангри бизни Ўзининг қаҳрига мубтало қилиш учун эмас, аксинча, Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали қутқарилиш учун танлади+. 10 Исо Масиҳ биз учун ўлган экан+, ҳушёрмизми, уйқудамизми*, биз ҳамиша у билан яшашимиз керак+. 11 Шу сабабли, ҳозир ҳам қилаётганингиздек, бир-бирингизга далда бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар+.
12 Биродарлар, орангизда зўр бериб меҳнат қилаётганларни, Ҳазратимизнинг ишида сизларни бошқараётганларни ҳамда сизларга насиҳат бераётганларни ҳурмат қилишингизни илтимос қиламиз. 13 Шунингдек, бажараётган ишлари учун уларга эҳтиром кўрсатиб, севинглар+. Ўзаро тинч-тотув яшанглар+. 14 Биродарлар, сизларга насиҳатимиз шу: тартибни бузаётганларни огоҳлантиринглар*+, руҳи тушганларга тасалли беринглар, кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳамма одамларга сабр-тоқатли бўлинглар+. 15 Ҳеч бир киши ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармасин+, аксинча бир-бирингизга ҳамда бошқаларга яхшилик қилишга интилинглар+.
16 Доимо хурсанд бўлинглар+. 17 Тинмай ибодат қилинглар+. 18 Ҳар нарса учун миннатдорчилик билдиринглар+. Чунки Исо Масиҳнинг издошлари бўлган сизларга нисбатан Аллоҳнинг иродаси шудир. 19 Худонинг руҳи сизларда амал қилишига тўсқинлик қилманглар*+. 20 Башоратларга бепарво бўлманглар+. 21 Ҳар нарсани текшириб кўриб+, яхшисига ёпишиб олинглар. 22 Ҳар қандай ёмонликдан ўзингизни четга тортинглар+.
23 Тинчлик Худоси сизларни бутунлай муқаддас қилсин. Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг ҳозир бўлиш пайти давомида руҳингиз, жонингиз* ва танангиз ҳар томонлама бенуқсон бўлиб қолсин+. 24 Сизларни даъват этган Аллоҳ ишончлидир ва У буни қилади.
25 Биродарлар, бундан буён ҳам биз учун ибодат қилинглар+.
26 Барча биродарларни биродарлик севгиси ила ўпиб қарши олинглар.
27 Бу мактубни ҳамма биродарларга ўқиб бериш масъулиятини Ҳазратимиз олдида зиммангизга юклайман+.
28 Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин.