Олтинчи боб
Барчамизга тегишли бўлган мунозарали масала
1, 2. а) Шайтон жаннатда қандай мунозарали масалани кўтарди? б) Қандай қилиб бу масала унинг сўзларида ошкора кўринмоқда?
СИЗ инсоният тарихидаги энг муҳим мунозарали масалага жалб қилингансиз. Абадий келажагингиз кимнинг томонини эгаллашингизга боғлиқдир. Бу масала жаннатда кўтарилган исёндан келиб чиққан. Шайтон Момо Ҳаводан: «Чиндан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдимикин?» — деб сўради. Момо Ҳаво бунга жавобан, битта дарахтнинг меваси ҳақида Худо: «Еманглар... бўлмаса ўласизлар»,— деган сўзларини келтирди. Шунда Шайтон Худони очиқчасига ёлғончиликда айблаб, Момо Ҳаво билан Одам Атонинг ҳаёти Худога бўйсунишларига боғлиқ эмас деди. Шайтон, Худо инсонлардан қандайдир яхши нарсани яшираётганини айтди. Боз устига, қандай меъёрлар бўйича яшашни улар ўзлари ҳал қилиш имкониятига эга эканликларини таъкидлади. Шайтон: «Худо биладики, ундан еган куниёқ, кўзларингиз очилиб қолади ва Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўласизлар»,— деди (Ибтидо 3:1-5).
2 Аслини олганда Шайтон, инсонлар учун Худонинг қонунларига бўйсунишдан кўра, ўз қарорларини қабул қилиш афзалроқ, деб таъкидлади. Бу билан Шайтон Худонинг бошқарувини шубҳа остига қўйди. Шу йўсин Худонинг Сарвари Олам эканлиги, яъни ҳукмдорлигига нисбатан мунозарали масала ўртага чиқди. Ушбу масала қуйидагича эди: инсонлар учун Яҳованинг бошқарувими, ёки Ундан мустақил бўлиш афзалми? Яҳова Одам Ато билан Момо Ҳавони шу ондаёқ йўқ қилиб юбориши мумкин эди, аммо бунда ҳукмдорлик ҳақидаги мунозарали масала ечимсиз қолиб кетарди. Худо инсоният жамиятининг ривожланишига етарлича вақт ажратиб, Худодан ҳамда Унинг қонунларидан мустақил бўлиш нимага олиб келишини яққол кўрсата оларди.
3. Шайтон яна қандай иккинчи даражали мунозарали масалани кўтарди?
3 Яҳованинг ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқига Шайтоннинг ҳужуми жаннатда юз берган воқеа билан тугамади. У бошқаларнинг Худога садоқатини ҳам шубҳа остига қўйди. Бу билан иккинчи даражали мунозарали масала келиб чиқди. Бу масала Одам Ато ва Момо Ҳавога тегишли бўлибгина қолмай, балки Худонинг барча фаришталари, ҳатто Яҳованинг севимли тўнғич Ўғлига ҳам тегишли эди. Аюб пайғамбар даврига келиб эса Шайтон, Яҳовага хизмат қилаётганлар Уни ҳамда бошқарувини севганликлари учун эмас, балки ўз манфаатларини кўзлаб хизмат қилмоқдалар, деб арз қилди. Шайтоннинг таъкидлашича, Худонинг хизматчилари қийинчиликларга дуч келса, дарҳол ўз манфаатлари пайидан бўлишар эмиш (Аюб 2:1-6; Ваҳий 12:10).
Тарих нимадан далолат беради
4, 5. Инсон «ўз қадамларини йўналтиришга» интилишига нисбатан тарих нимани исботлади?
4 Ҳукмдорлик масаласида энг муҳими қуйидагидан иборат: Худо инсонларни Унинг бошқарувидан мустақил бўлиб, муваффақиятга эришадиган қилиб яратмаган. Уларнинг манфаатини кўзлаб, Худо Ўз одил қонунларини берган. Еремиё пайғамбар буни тан олиб: «Ё Яҳова, аниқ биламанки, инсоннинг ихтиёрида эмас унинг йўли. Йўловчи ўз қадамларини йўналтиришга қодир эмас. Ё Яҳова, мени... тўғирлагин»,— деб ёзган (Еремиё 10:23, 24, ЯДТ). Худонинг Каломи: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон»,— деб даъват этмоқда (Ҳикматлар 3:5). Худо инсонларни ҳаёт учун муҳим жисмоний қонунларга тобе қилиб яратган. Худонинг ахлоқий қонунларига бўйсуниш эса, ҳар тарафлама ривожланган жамиятни барпо этишга ёрдам беради.
5 Албатта Худо, инсоният Унинг бошқарувисиз муваффақиятли ҳаёт кечира олмаслигини биларди. Худодан мустақил йўлдан бориб, инсонлар муваффақиятга беҳуда интилишлар натижасида турли сиёсий, иқтисодий ва диний тузумларни ўрнатишди. Бундай тафовутлар инсонлар орасида зўравонлик, урушлар ва ўлимни келтириб чиқарди. «Бир киши иккинчисининг устидан зулм ўтказиб, ҳукмронлик қилмоқда» (Воиз 8:9). Инсониятнинг бутун тарихи мобайнида шундай бўлиб келган. Худонинг Каломида башорат қилинганидек, ёмон ва фирибгар одамлар «тобора разиллашиб боряптилар» (2-Тимўтийга 3:13). Илмий-техникавий ютуқлар асри бўлган XX аср, шунингдек тарихда энг ҳалокатларга бой аср бўлди. Еремиё пайғамбарнинг сўзлари тўлиқ исботланди, яъни инсонлар «ўз қадамларини йўналтиришга қодир» қилиб яратилмаган (Еремиё 10:23).
6. Худодан мустақил бўлган инсоният билан нима юз беради?
6 Худодан мустақил бўлишнинг фожиавий оқибатлари, инсонлар бошқаруви ҳеч қачон муваффақиятли бўлмаслигини батамом исботлади. Бахт, бирлик, саломатлик ва ҳаётга элтувчи ягона йўл — Худонинг бошқарувидир. Худонинг Каломида айтилишича, инсонларнинг мустақил бошқарувига нисбатан Худонинг сабр-тоқати ўз ниҳоясига яқинлашмоқда (Матто 24:3-14; 2-Тимўтийга 3:1-5). Яқинда У инсонларнинг ишига аралашиб, ер юзи устидан Ўз бошқарувини ўрнатади. Муқаддас Китоб башорат қилишича: «Ўша шоҳларнинг [ҳозирги инсоний ҳукуматлар] даврида Самовий Худо битмас-туганмас бир шоҳлик [самода] ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди [бошқа ҳеч қачон инсонлар ер юзи устидан бошқармайди]. Бу шоҳлик бошқа барча [ҳозирги] шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради» (Дониёр 2:44).
Худонинг янги дунёсига ўтиш
7. Худонинг бошқаруви инсонлар бошқарувига якун ясаганида, кимлар омон қолади?
7 Худонинг бошқаруви инсонлар бошқарувига якун ясаганида, кимлар омон қолади? Муқаддас Китоб бундай жавоб беради: «Солиҳ [Худонинг ҳукмдорлигини қўллаётганлар] ўша ерда яшайди, пок одам у ерда қолади. Фосиқ [Худонинг ҳукмдорлигини қўлламаётганлар] эса ердан қириб ташланади, вафосиз йўқ қилинади» (Ҳикматлар 2:21, 22). Шу сингари Забурда: «Яна бироздан кейин фосиқ йўқ бўлур... Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, Унда мангу яшайдилар»,— дейилган (Забур 36:10, 29).
8. Қандай қилиб Худо Ўз ҳукмдорлигини тасдиқлайди?
8 Шайтоннинг тузуми йўқ қилинганидан сўнг, Худо Ўз янги дунёсини ўрнатиб, инсониятни минг йиллар давомида эзиб келаётган зўравонлик, урушлар, қашшоқлик, азоб-уқубат, касаллик ва ўлимга абадий чек қўяди. Муқаддас Китобда итоаткор инсонларни қандай ажойиб қут-баракалар кутаётгани тасвирланган: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди» (Ваҳий 21:3, 4). Исо Масиҳ бошчилигидаги самовий Шоҳлиги орқали Худо — Сарвари Олам, яъни бизнинг Ҳукмдоримиз эканини тасдиқлайди (Римликларга 16:20; 2-Бутрус 3:10-13; Ваҳий 20:1-6).
Улар мунозарали масалада кимнинг тарафдори бўлишди
9. а) Яҳовага садоқатли бўлганлар, Унинг сўзларига қандай муносабатда бўлишган? б) Нуҳ ўзининг садоқатини қандай исботлаган ва биз ундан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
9 Бутун тарих давомида, Яҳовага Ҳукмдор сифатида ўз садоқатларини исботлаган инсонлар бўлган. Улар ҳаётлари Худога итоат қилишга боғлиқлигини яхши билишган. Шундай инсонлардан бири Нуҳ пайғамбар бўлган. Худо унга: «Бутун башариятнинг охири Менинг кўз ўнгимда турибди... ўзингга кема ясагин»,— деди. Нуҳ Яҳованинг йўл-йўриғига итоат қилиб, кема қурди. Шунингдек Нуҳ пайғамбар бошқаларга Яҳованинг одил йўллари ҳақида ваъз қилар эди. Бироқ Нуҳнинг замондошлари огоҳлантиришга қарамай, ҳеч нарса юз бермайди деб, одатдагидай ҳаёт кечиришни давом эттиришди. Муқаддас Китобда: «Худо нимаики буюрган бўлса, Нуҳ ҳаммасини худди шундай бажо келтирди»,— деб ёзилган (Ибтидо 6:13-22; Ибронийларга 11:7; 2-Бутрус 2:5).
10. а) Иброҳим билан Соро Яҳованинг ҳукмдорлигини қандай қўллаб-қувватлашган? б) Иброҳим билан Соронинг ўрнаги бизга қандай фойда келтиради?
10 Иброҳим билан Соро ҳам Яҳованинг айтганларини бажо келтириб, Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашда ажойиб ўрнак қолдиришган. Улар гуллаб-яшнаган халдейларнинг Ур шаҳрида яшашган. Аммо Яҳова Иброҳимга бошқа нотаниш юртга боришини буюрганида, Иброҳим «Худованд буюрганидек... чиқиб кетди». Соро ҳам Ур шаҳрида ўз уйида, қариндошлари орасида албатта яхши ҳаёт кечирган. Бироқ у Яҳовага ҳамда эрига итоат қилиб, Канъон мамлакатининг яшаш шароити қандай бўлишини билмаса-да, у ерга қараб йўл олди. (Ибтидо 11:31-12:4; Ҳаворийлар 7:2-4).
11. а) Қандай шароитларда Мусо Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлади? б) Мусонинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
11 Худонинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаган яна бир инсон Мусо пайғамбар бўлган. Худонинг иродасини бажаришда у жуда қийин шароитларга дуч келиб, ҳатто Миср Фиръавни билан юзма-юз учрашишига тўғри келган. Мусо ўзига ишонган деб айтиб бўлмайди. Аксинча у гапга чечан эмаслигидан хавотирланган. Аммо у Яҳовага қулоқ солди. Яҳованинг мадади ҳамда акаси Ҳоруннинг ёрдами билан Мусо, Яҳованинг сўзларини кўп маротаба ўжар Фиръавнга етказди. Ҳатто Исроил халқидан айримлари Мусони кескин танқид қилишига қарамай, Яҳова унга нимаики буюрган бўлса бажо келтириб, Исроил халқини Миср қуллигидан озод қилди (Чиқиш 7:6; 12:50, 51; Ибронийларга 11:24-27).
12. а) Яҳовага садоқат, Унинг ёзма қонунларини бажаришдан кўра кўпроқ нарсани англатиши қайси мисолдан кўринмоқда? б) Қандай қилиб бундай садоқат 1-Юҳанно 2:15 оятини қўллашда ёрдам бериши мумкин?
12 Яҳовага садоқатли бўлганлар, Унинг ёзма қонунларини бажарсак бас, деган фикрга боришмаган. Пўтифарнинг хотини Юсуфни жинсий алоқа қилишга ундаганида, бевафоликни ман этувчи Худонинг ёзма қонуни ҳали йўқ эди. Бироқ Юсуф, Яҳова Адан боғида ташкил этган никоҳ тўғрисида билар эди, ва бировнинг хотини билан жинсий алоқада бўлиш, Худога жирканч эканлигини тушунарди. Юсуф, Яҳова унга мисрликларга хос ишларни қилишига қачонгача йўл қўяр экан, деб синаб кўрмоқчи бўлмади. Аксинча у, Худонинг инсонлар билан муносабати устидан фикр юритиши натижасида, Худонинг иродасини тушуниб, ва шунга биноан Яҳованинг йўлларидан юрган (Ибтидо 39:7-12; Забур 76:12, 13).
13. а) Аюб, Иблис ёлғончи эканлигини қандай исботлади? б) Иблис ёлғончи эканлигини уч иброний ўспирин қандай тасдиқлади?
13 Яҳовани чиндан ҳам биладиганлар, синовларга дуч келганда ҳам Ундан юз ўгиришмайди. Шайтон, ҳатто Худонинг олдида яхши ном орттирган Аюб алайҳиссалом ҳақида, агар мол-мулки ҳамда соғлигини йўқотса, у ҳам Худодан қайтади, деб таъкидлаган эди. Гарчи Аюб нима сабабдан бу кулфатлар унинг бошига тушганини билмаган бўлса-да, Шайтоннинг ёлғончи эканини исботлади (Аюб 2:9, 10). Асрлар ўтиб Шайтон, ҳақлигини исботлаш ниятида, уч иброний ўспиринга қарши Бобил шоҳини қўзғатди. Ғазабга тўлган шоҳ уларни ўзи ўрнатган ҳайкалга сажда қилмасалар, оловли чуқурликка ташлаши билан қўрқитди. Хуллас, улар шоҳнинг буйруғи, ва бутпарастликни ман этувчи Худонинг қонуни ўртасида, қайси бирига бўйсунишни танлашлари керак эди. Шунда бу уч ўспирин қатъият билан Яҳовага хизмат қилишларини ва Уни Сарвари Олам деб тан олишларини айтишди. Улар Худога содиқ қолишни ҳаётларидан ҳам афзал кўришган! (Дониёр 3:14-18).
14. Қандай қилиб биз номукаммал инсонлар, Яҳовага чиндан ҳам содиқ эканимизни исботлай оламиз?
14 Юқоридаги мисоллардан, мукаммал инсонгина Худога содиқ бўла олади, хатога йўл қўйган кимса учун бунинг имкони йўқ деган хулосага келишимиз керакми? Асло! Муқаддас Китобдан Мусо пайғамбар ҳам гоҳида хато қилганлигини билиб оламиз. Гарчи бу Худога ёқмаган бўлса-да, У Мусодан воз кечгани йўқ. Исо Масиҳнинг шогирдлари ҳам камчиликлардан холи бўлишмаган. Яҳова номукаммалликни мерос қилиб олганимизни эътиборга олади. Ва агар Унинг иродасини бажаришдан билатуриб воз кечмасак, бизни рад этмайди. Агар заифлигимиз туфайли бирор гуноҳ иш қилиб қўйсак, чин дилдан тавба қилиб, бошқа қилмасликка ҳаракат қилишимиз лозим. Бу билан Яҳова учун яхши бўлган нарсани севиб, ёмон деб билганидан эса нафратланишимизни кўрсатамиз. Исонинг гуноҳдан қутқазувчи қурбонлигига ишончимиз асосида, Худо олдида пок бўлишимиз мумкин (Амос 5:15; Ҳаворийлар 3:19; Ибронийларга 9:14).
15. а) Инсонлар орасида ким Худога мукаммал даражада содиқ бўлиб қолди ва бу нимани исботламоқда? б) Исо ишлари билан бизга қандай ўрнак кўрсатмоқда?
15 Ҳукмдоримиз Яҳовага мукаммал даражада итоат қилишнинг наҳотки инсонлар учун иложи бўлмаса? Бу саволнинг жавоби 4 000 йил давомида «сир» бўлиб келган эди (1-Тимўтийга 3:16). Одам Ато мукаммал қилиб яратилган бўлса-да, Худога садоқатли бўлишнинг мукаммал ўрнагини кўрсатмади. Унда ким бунга қодир эди? Албатта Одам Атонинг гуноҳкор авлоди эмас. Бунга қодир ягона инсон, Исо Масиҳ эди (Ибронийларга 4:15). Исо ўз иши билан шуни исботладики, ўта қулай шароитларда яшаган Одам Ато, агар хоҳлаганида бенуқсон бўлиб қола оларди. Худонинг ижодларида ҳеч қандай нуқсон бўлмаган. Исо Масиҳ нафақат Худонинг қонунларига итоат қилишда, балки Сарвари Олам бўлмиш Яҳовага садоқатли бўлишда ўрнак кўрсатди (Амрлар 32:4, 5).
Шахсан биз кимнинг тарафидамиз?
16. Яҳованинг ҳукмдорлигига тегишли масалага нисбатан нима сабабдан доим ҳушёр туришимиз даркор?
16 Бугунги кунда ҳар биримиз Олам ҳукмдорлигига тегишли мунозарали масала қаршисида турибмиз. Агар Яҳова тарафида эканимизни очиқ ифодалаган бўлсак, Шайтоннинг нишонига айланамиз. У бизга нопок дунёсининг сўнгига қадар ҳар томондан таъсир ўтказишда давом этади. Биз доим ҳушёр бўлишимиз керак (1-Бутрус 5:8). Ўз хатти-ҳаракатимиз билан, Яҳованинг ҳукмдорлигига тегишли бўлган асосий мунозарали масалада ва синовларда Худога содиқ қолишга тегишли иккинчи даражали масалада, кимнинг томонида турганимизни кўрсатамиз. Биз бу дунёдагилар каби, адолатли меъёрларга амал қилмаса ҳам бўлади, деган фикрга бормаслигимиз керак. Содиқ бўлиб қолишимиз учун, ҳаётимизнинг ҳар соҳасида Яҳованинг адолатли меъёрларига амал қилишимиз керак.
17. Нима сабабдан ёлғон ва ўғирликнинг келиб чиқиши ҳақида билиб, бундай ишлардан жирканишимиз керак?
17 Масалан биз «ёлғоннинг отаси» Шайтонга тақлид қилмаслигимиз керак (Юҳанно 8:44). Ҳар бир ишимизда ҳаққоний бўлмоғимиз лозим. Шайтоннинг дунёсида ёшларнинг ота-онасини алдаши одат тусига кириб қолган. Аммо имонли ёшлар эса бундай қилмай, Худонинг хизматчилари синовларда содиқ қола олмайди, деган Шайтоннинг таъкиди ноҳақлигини исботлашмоқда (Аюб 1:9-11; Ҳикматлар 6:16-19). Иш масаласида инсоннинг қандай йўл тутиши, ҳақиқат Худоси томонида бўлишнинг ўрнига, «ёлғоннинг отаси» билан бирга эканлигини кўрсатиши мумкин. Бундай иш бизга тўғри келмайди (Михо 6:11, 12). Шунингдек, муҳтожликдан ўғирлик қилиш ёки бойнинг нарсасини ўғирлаш ҳам, ҳеч қачон ўғирликни оқламайди (Ҳикматлар 6:30, 31; 1-Бутрус 4:15). Агар биз яшаб турган жойда ўғирлик кенг тарқалган бўлиб, ўғирланган нарса арзимас кўринган бўлса ҳам, барибир ўғирлик — Худонинг қонунларини бузишдир (Луқо 16:10; Римликларга 12:2; Эфесликларга 4:28).
18. а) Исо Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувининг сўнгида инсонларни қандай синов кутмоқда? б) Биз ҳозирданоқ нимага одатланишимиз керак?
18 Исо Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви даврида Шайтон ва жинлари тубсизлик қаърида бўлиб, инсонларга таъсир ўтказа олмайди. Оҳ, нақадар енгиллик! Минг йил тугагач, улар оз вақтга озод этилади. Шайтон ва унинг орқасидан эргашганлар, мукаммалликка эришган ва Худо олдида бенуқсон бўлганларга таъсир ўтказишади (Ваҳий 20:7-10). Агар биз ўша даврда яшасак, Олам ҳукмдорлиги ҳақидаги мунозарали масалада кимнинг томонини эгаллаймиз? У вақтга келиб барча инсонлар мукаммал бўлгани учун, ҳар қандай бевафолик атайин қилинган ҳисобланади ва абадий йўқ қилинишга олиб келади. Шундай экан, Яҳова Ўз Каломи ва ташкилоти орқали бераётган ҳамма кўрсатмаларига ҳозирданоқ амал қилишга одатланишимиз нақадар муҳим! Бундай йўл тутиб, Сарвари Оламга нисбатан самимий садоқатимизни исботлаймиз.
Такрорлаш учун саволлар
• Қандай муҳим мунозарали масала барчамизга тегишли? Нима сабабдан биз унга жалб этилганмиз?
• Қадимда яшаган инсонларнинг Яҳова олдида содиқлигини исботлагани нега диққатга сазовор?
• Нима учун хатти-ҳаракатимиз билан Яҳовани ҳар куни шарафлашимиз лозим?