9- БОБ
Исо Носирада улғаяди
ЮСУФ ВА МАРЯМНИНГ ОИЛАСИ КАТТАЛАШАДИ
ИСО ҲУНАР ЎРГАНАДИ
Исо кичкина Носира шаҳрида ўсиб-улғаяди. Бу шаҳар Жалила тепаликлари орасидаги Жалила денгизининг ғарбида жойлашган.
Юсуф билан Марям бу ерга Мисрдан келишганида, Исо тахминан икки ёшда бўлиб, Марямнинг ёлғиз фарзанди бўлади. Аммо орадан кўп вақт ўтмай укалари Ёқуб, Юсуф, Симун ва Яҳудо таваллуд топишади. Бундан ташқари, Марям билан Юсуфда қизлар ҳам туғилади. Шундай қилиб, Исонинг камида олтита укаси ва сингиллари бўлган.
Исонинг яна бошқа қариндошлари ҳам бор. Биз Элисабет ва унинг ўғли Яҳё тўғрисида биламиз. Улар жанубда, кўп километр узоқда жойлашган Яҳудияда яшашади. Юсуф ва Марямдан унча узоқ бўлмаган Жалилада Марямнинг синглиси Саломия, Исонинг холаси яшайди. Саломия Забадий деган кишининг хотини бўлиб, Ёқуб ва Юҳанно исмли иккита ўғли бор. Улар Исонинг холаваччаларидир. Исо кичкиналигида улар билан кўп вақт ўтказадими ёки йўқми, билмаймиз, лекин катта бўлгач, улар Исонинг яқин дўстлари ва ҳаворийлари бўлишади.
Юсуф катталашиб бораётган оиласини боқиш учун кўп тер тўкиб ишлайди. У дурадгорлик қилади ва Исони ўз ўғлидай катта қилгани сабабли Исони «дурадгорнинг ўғли» деб аташади. (Матто 13:55) Юсуф Исога дурадгорлик ҳунарини ўргатади ва у буни яхши эплаб кетади. Ана шу сабабли, одамлар кейинчалик Исони ҳам «дурадгор» деб билишади. (Марк 6:3)
Юсуфнинг оиласида Тангри Яҳовага топиниш катта аҳамият касб этади. Тавротга биноан Юсуф ва Марям болаларига уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганда ҳам, турганда ҳам маънавий йўл-йўриқлар беришади. (Қонунлар 6:6–9) Носира шаҳрида синагога, яъни яҳудийларнинг ибодатхонаси бор. Шубҳасизки, Юсуф бутун оиласи билан у ерга мунтазам қатнаб туради. Кейинчалик Исо ҳақида у «одатдагидек Шаббат куни ибодатхонага» кирди, деб айтилади. (Луқо 4:16) Шунингдек, Юсуф ва оиласига Яҳованинг Қуддусдаги маъбадига мунтазам бориб туриш қувонч бахш этади.