35- ДАРС
Қай йўсин тўғри қарорлар чиқариш мумкин?
Барчамиз қарорлар чиқариб турамиз. Уларнинг аксарияти Яҳова билан бўлган муносабатларимизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши мумкин. Масалан, қаерда яшаш, ўзимизни таъминлаш учун қандай пул топиш ёки оила қуриш-қурмаслик борасида қарор чиқариш керак бўлар. Тўғри қарорлар чиқарганимизда, бахтли бўлишимиз ва Яҳовани мамнун қилишимиз мумкин.
1. Қай йўсин Муқаддас Китоб ёрдамида тўғри қарор чиқара оласиз?
Қарор чиқаришдан аввал Яҳовага ибодат қилиб ёрдам сўранг ва Каломни тадқиқ қилиб, У бу масалада қандай нуқтаи назарда эканини билинг. (Ҳикматлар 2:3–6 ни ўқинг.) Баъзи вазиятларда Яҳова аниқ йўл-йўриқ тақдим этади. Шунда, бу йўл-йўриққа амал қилиш энг тўғри қарор бўлади.
Қандай йўл тутиш борасида Муқаддас Китобда аниқ айтилмаган бўлса-чи? Яҳова: «Юришинг керак бўлган йўлдан етаклайман»,— демоқда. (Ишаё 48:17) Қизиқ, қандай қилиб? Масалан, сизни йўналтириши мумкин бўлган принциплар мавжуд. Улар Муқаддас Китобда ёзилган. Принциплар асосий ҳақиқатлар бўлиб, Худонинг фикрларию туйғуларини ошкор этади. Одатда Каломдан бирор воқеани ўқиб, муайян масала борасида Яҳованинг фикрини билиб оламиз. Унинг нуқтаи назарини тушунганимизда, Унга ёқадиган қарорлар чиқаришимиз мумкин.
2. Қарор чиқаришдан аввал, қайси омилларни инобатга олишингиз керак?
Ҳикматлар 14:15 да: «Заковатли ҳар бир қадамини ўйлаб босади»,— дейилган. Бу дегани, қарор чиқаришдан олдин танловлар тўғрисида ўйлаб кўриш учун вақт ажратиш керак. Танловлар устида мулоҳаза юритар экансиз, ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Муқаддас Китобдаги қайси принциплар мос келади? Қайси қарор туфайли қалбимда тинчликни ҳис этаман? У бошқаларга қандай таъсир қилади? Асосийси, у Яҳовани қувонтирадими?» (Қонунлар 32:29)
Яҳова бизга нима яхшию нима ёмон эканини айтишга ҳақли. Унинг қонунларию принципларини яхши билсак ва уларга амал қилиш қароримиз қатъий бўлса, виждонимизни тўғри тарбиялай оламиз. Виждон ички туйғу бўлиб, нима яхши ва нима ёмон эканини ажратишга ёрдам беради. (Римликларга 2:14, 15) Тарбияланган виждон доно қарорлар чиқаришимизга кўмаклашади.
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Муқаддас Китобдаги принциплар ва виждонимиз қарорлар чиқаришимизга қандай ёрдам беришини билиб олинг.
3. Сизни Муқаддас Китоб етакласин
Қарорлар чиқараётганимизда Муқаддас Китобдаги принциплар бизни қай йўсин етаклай олади? ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Ирода эркинлиги нима?
Нега Яҳова ирода эркинлигини берган?
Тўғри қарор чиқаришимизга кўмаклашиш учун Худо нималарни тақдим этган?
Мисол тариқасида, Эфесликларга 5:15, 16 ни ўқинг, сўнг қай йўсин қуйидагилар борасида «ҳар фурсатдан унумли фойдаланишингиз» мумкинлигини муҳокама қилинг:
Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш,
яхшироқ турмуш ўртоқ, ота-она, ўғил ёки қиз бўлиш,
йиғилишларга бориш.
4. Тўғри қарорлар чиқариш учун виждонингизни тарбияланг
Муайян масала борасида Муқаддас Китобда аниқ йўл-йўриқ бўлса, тўғри қарор чиқариш осон бўлиши мумкин. Лекин у бўлмаса-чи? ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Видеодаги имондошимиз виждонини тарбиялаш ва Яҳовага ёқадиган қарор чиқариш учун қандай қадамлар қўйди?
Нега ўзимиз қарор чиқаришимиз керак бўлган масалаларда бошқалардан биз учун қарор чиқаришини сўрамаслигимиз керак? Ибронийларга 5:14 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Бошқалардан ўрнимизга қарор чиқаришини сўрасак, нимага ўргана олмаймиз?
Виждонингизни тарбиялаш ва тўғри қарорлар чиқаришингизга қўл келадиган нималар бор?
5. Бошқаларнинг виждонини ҳурмат қилинг
Ҳар хил одамлар турли қарорлар чиқаради. Бошқаларнинг виждонини ҳурмат қилаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Қуйидаги иккита вазиятга диққат қаратинг:
1- вазият: Дейлик, пардоз-андозни ёқтирадиган бир опамиз янги жамоатга кўчди. У ердаги опа-сингиллар эса уни кўриб қоқиниб қолди.
Римликларга 15:1 ва 1 Коринфликларга 10:23, 24 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Бу оятларга кўра, опамиз қандай қарор чиқариши мумкин? Бошқаларнинг виждони йўл қўймаган, лекин сизнинг виждонингиз йўл қўйган вазиятда нима қиласиз?
2- вазият: Биродар Муқаддас Китобга кўра спиртли ичимликларни меъёрида истеъмол қилиш мумкинлигини билади, лекин умуман ичмасликка қарор қилади. Уни ўтиришга таклиф қилишди. Ўтиришда у биродарлар спиртли ичимликларни истеъмол қилаётганини кўрди.
Воиз 7:16 ва Римликларга 14:1, 10 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Бу оятларга кўра, биродар қандай қарор чиқариши мумкин? Кимдир виждонингиз йўл қўймаган бирор нарсани қилаётганини кўрсангиз, нима қиласиз?
Тўғри қарор чиқаришга қандай қадамлар кўмаклашади?
1. Яҳовага мурожаат қилинг. Тўғри қарор чиқаришингиз учун ёрдам сўранг. (Ёқуб 1:5)
2. Изланиш ўтказинг. Муқаддас Китоб ва адабиётларимиздан вазиятингизга мос принципларни топинг; етук масиҳийлар билан маслаҳатлашинг.
3. Оқибати ҳақида ўйланг. Қарорингиз ўзингизнинг ва бошқаларнинг виждонига қандай таъсир қилади?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Кўнглим тусаган ишни қилишга ҳақлиман. Бошқаларнинг фикри мени қизиқтирмайди».
Нега Аллоҳнинг ва бошқаларнинг туйғулари ҳақида ўйлаб кўришимиз лозим?
ХУЛОСА
Муайян вазиятлар борасида Яҳованинг фикри қандай эканини билсак ва ишларимиз бошқаларга фойда ёки зарар келтираётгани ҳақида ўйласак, тўғри қарорлар чиқарамиз.
Такрорлаш
Қай йўсин Яҳовага ёқадиган қарорлар чиқара оласиз?
Қай йўсин виждонингизни тарбиялай оласиз?
Қай йўсин бошқаларнинг виждонини ҳурмат қилаётганингизни кўрсата оласиз?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Қандай қилиб Худо билан муносабатларингизни мустаҳкамлайдиган қарорлар чиқара оласиз?
«Худони шарафлайдиган қарорлар қабул қилинг» («Қўриқчи минораси» 15 апрель, 2011)
Яҳова қай йўсин маслаҳат беришига диққат қаратинг.
Бир киши қайси омиллар ёрдамида жиддий қарор чиқарганини томоша қилинг.
Яҳова бирор масала борасида аниқ йўл-йўриқ бермаган бўлса, Уни қандай мамнун қилишимиз мумкинлигига аҳамият беринг.
«Муқаддас Китобдаги амрларга доим муҳтожмисиз?» («Қўриқчи минораси» 1 декабрь, 2003)