46- ДАРС
Нега бағишланиб, сувга чўмиш керак?
Фақат Яҳовага топинишни ва Уни биринчи ўринга қўйишни ибодатда ваъда қилиш орқали ўзингизни Унга бағишлаган бўласиз. (Забур 40:8) Кейин сувга чўмасиз. Бу билан ўзингизни Яҳовага бағишлаганингизни бошқаларга кўрсатасиз. Ўзимизни Яҳовага бағишлаш чиқаришимиз мумкин бўлган энг муҳим қарор. Бундай жиддий ва ҳаётни ўзгартирадиган қарорни қабул қилишга сизни нима ундаши мумкин?
1. Одам нега ўзини Худога бағишлайди?
Яҳовани севганимиз учун ўзимизни Унга бағишлаймиз. (1 Юҳанно 4:10, 19) Муқаддас Китобда: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун онгингиз ва бутун қувватингиз билан севинг»,— деб ёзилган. (Марк 12:30) Худони севишимизни нафақат сўзлар, балки ишларимиз орқали ҳам кўрсатамиз. Бир-бирини чинакамига севадиган йигит ва қиз турмуш қурганидек, Яҳовага бўлган севги бизни ҳам ўзимизни Унга бағишлашга ва сувга чўмишга ундайди.
2. Яҳова сувга чўмган хизматчиларига қандай баракаларни ваъда қилмоқда?
Сувга чўмгач, Яҳованинг бахтли оиласига қўшиласиз. Шунда, Унинг севгисини кўп йўллар орқали ҳис қиласиз ва Унга ҳозиргидан ҳам яқинроқ бўласиз. (Малаки 3:16–18 ни ўқинг.) Яҳова нафақат Отангизга айланади, балки бутун дунё бўйлаб Уни ва сизни севадиган биродару опа-сингиллардан иборат маънавий оилага эга бўласиз. (Марк 10:29, 30 ни ўқинг.) Албатта, сувга чўмишдан олдин муайян қадамлар қўйишингиз лозим. Яҳовани таниб-билиш, Уни севиш ва Исога ишонишга ўрганишингиз керак бўлади. Сўнг ҳаётингизни Яҳовага бағишлашингиз даркор. Бу қадамларни қўйсангиз ва сувга чўмсангиз, ҳаётдан тоабад завқлана оласиз. Каломда: «Ҳозир ҳам сувга чўмиш... қутқаради»,— дейилган. (1 Бутрус 3:21)
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Ўзингизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишингиз нима учун муҳим эканига диққат қаратинг.
3. Барчамиз кимга хизмат қилишни танлашимиз керак
Қадимги Исроилда баъзи одамлар ҳам Яҳовага топинишимиз, ҳам сохта худо Баалга сажда қилишимиз мумкин, деб ўйлаган. Лекин Яҳова бундай нотўғри фикрлаш тарзини ўзгартириш учун Илёс пайғамбарни юборган. 3 Шоҳлар 18:21 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Исроилликлар қандай қарор чиқариши керак эди?
Исроилликлар каби кимга хизмат қилишни танлашимиз керак. Луқо 16:13 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Нега ҳам Яҳовага топиниш, ҳам бирон шахсга ёки нарсага сажда қилиш имконсиз?
Яҳовага топинмоқчи эканимизни қандай кўрсата оламиз?
4. Яҳованинг сизга бўлган севгиси ҳақида фикр юритинг
Яҳова бизга турли ҳадялар бермоқда. Биз-чи, Унга нима бера оламиз? ВИДЕОНИ томоша қилинг.
Яҳова сизга нисбатан севгисини қайси йўллар орқали кўрсатяпти? Забур 104:14, 15 ва 1 Юҳанно 4:9, 10 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Яҳованинг айниқса қайси ҳадялари учун миннатдорсиз?
Бу ҳадялар туфайли Худо ҳақида қандай фикрдасиз?
Кимдир бизга айни кўнглимиздаги нарсани совға қилса, унга миннатдорчилик кўрсатишни истаймиз. Қонунлар 16:17 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Яҳова сиз учун қилган барча ишлари тўғрисида мулоҳаза юритиш сизни нима қилишга ундаяпти?
5. Бағишланиш кўп баракалар келтиради
Кўпларнинг фикрича, машҳурлик, яхши иш ёки пул уларни бахтли қилади. Аслида ҳам шундайми? ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Видеодан кўрганимиздай, спортчи футбол ўйнашни ёқтирган бўлса ҳам, нега бу соҳани тарк этди?
У ўзини футболга эмас, балки Яҳовага бағишлашга қарор қилди. Сизнингча, у тўғри танлов қилдими? Нима учун?
Ҳаворий Павлус масиҳий бўлишидан аввал юксак мавқега интилган. У яҳудийларнинг қонунларини машҳур устоздан ўрганган эди. Лекин масиҳий бўлиш учун у буларнинг баридан воз кечди. Хўш, Павлус афсусландими? Филиппиликларга 3:8 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Нега Павлус масиҳий бўлишдан аввал қилган барча нарсани «ахлат», деб ҳисоблашини айтган?
Бунинг ўрнига у нималарга эга бўлган?
Нима деб ўйлайсиз, ҳаётингизни Яҳовага хизмат қилишга бағишлашдан бошқа яхшироқ нарса борми?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Худога бағишланишнинг фойдаси йўқ. Ўйнаб-кулиб, яшаб қолиш керак».
Сизнингча, нега ўзингизни Яҳовага бағишлаш арзийди?
ХУЛОСА
Севги бизни ўзимизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишга ундайди.
Такрорлаш
Нима учун Яҳова Уни бутун қалбимиз билан севишимизга ва Унга топинишимизга лойиқ?
Яҳова сувга чўмган хизматчиларини қай йўсин мукофотлайди?
Ўзингизни Яҳовага бағишлашни истайсизми?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Нега мусиқачи ва спортчи ўзини Яҳовага бағишлашга қарор қилгани ҳақида билиб олинг.
«Ёшларнинг саволлари. Ҳаётимни нимага бағишласам бўлади? Ўтмишни эслаб» 6:54
Ўзимизни Худога бағишлашнинг бошқа сабабларига эътибор беринг.
«Ҳаётимизни нега Яҳовага бағишлашимиз муҳим?» («Қўриқчи минораси» 15 январь, 2010)
Ўзини Яҳовага бағишлаганларнинг қувончига диққат қаратинг.
«Йиллар давомида “Нега бу дунёга келганмиз?” деб ўйлардим» номли таржимаи ҳолдан бир аёлни ҳаёти ҳақида фикр юритишга нима ундаганини ўқинг.
«Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартиради» («Қўриқчи минораси» 1 ноябрь, 2012)