Аюб сабр-тоқат ва софдиллик тимсоли
Сен хизматкорим Аюбга эътибор бердингми? Ер юзида унга ўхшагани йўқ. У покдомон, адолатли, Худодан қўрқадиган, ёмонликдан бош тортадиган одам. АЮБ 1:8, ЯДТ
1, 2. а) Аюб алайҳиссаломнинг бошига қандай кулфатлар тушган эди? б) Аюбнинг ўтмишдаги ҳаётини тасвирлаб беринг.
УНДА ҳамма нарсаси, яъни бойлик, обрў-эътибор, саломатлик ва бахтли оиласи бор эди. Лекин кунларнинг бирида унинг бошига кулфатлар тушди. Аввал у бойлигидан айрилди. Кейин тўсатдан кўтарилган бўрон уни болаларидан маҳрум қилди. Сўнгра, бу бахтсиз одамнинг бадани яра босиб, мохов касаллигига йўлиқди. Эҳтимол, сиз Аюб алайҳиссалом ҳақида гап кетаётганини тушунгандирсиз (Аюб 1 ва 2-боблар).
2 Аюб пайғамбар қайғуга ботиб, яхши кунларини эсларди (Аюб 3:3; 29:2). Тўғри, бошига кулфат тушганда, ким ҳам ўтган кунларини эсламас экан? Аюб солиҳ инсон бўлиб, ҳеч қандай камчиликсиз, бахтли ҳаёт кечирарди. У ҳурматга эга бўлиб, унга зиёли одамлар маслаҳат сўраб, мурожаат қилишарди (Аюб 29:5–11). У бой-бадавлат киши эди, аммо пул у учун муҳим бўлмаган (Аюб 31:24, 25, 28). Аюб етим-есирларга ёрдам берарди (Аюб 29:12–16). Шунингдек Аюб хотинига содиқ бўлган (Аюб 31:1, 9, 11).
3. Худованд Яҳова Аюб ҳақида қандай фикрда эди?
3 Аюб алайҳиссалом софдил одам эди, чунки Худога топинар эди. Худованд Яҳованинг назарида ер юзида у каби покдомон, адолатли, Худодан қўрқадиган ва ёмонликдан бош тортадиган инсон йўқ эди (Аюб 1:1, 8). Лекин бахтсизликлар ҳатто шундай инсоннинг ғам-ташвишсиз ҳаётини бузди. У бор нарсасидан айрилиб, ҳам жисман, ҳам руҳан азоб чеккан эди.
4. Нима сабабдан Аюбнинг бошига тушган кулфатларни кўриб чиқиш фойдали бўларди?
4 Албатта, бундай бахтсизликларга нафақат Аюб пайғамбар, балки Худонинг бошқа хизматчилари ҳам дуч келишган. Аюбнинг бошига тушган кулфатлар Худонинг бугунги хизматчиларига ҳам таниш. Шунинг учун қуйидаги саволларни кўриб чиқиш лозим: қандай қилиб Аюб дуч келган бахтсизликлар устидан мулоҳаза қилиш, кулфат пайтида бизга ёрдам беради? Ва қандай қилиб бу воқеа, азоб чекаётганларга янада раҳмдил бўлишни ўргатади?
Содиқлик масаласи ва покдомонликнинг синалиши
5. Шайтоннинг айтишича, Худога хизмат қилишга Аюбни нима ундаган?
5 Аюб билан бўлган воқеа ўзгача эди. Аюб алайҳиссалом, Шайтон унинг Худога беғараз хизматини шубҳа остига солганини билмас эди. Бир куни руҳий мавжудотлар Аллоҳнинг ҳузурига йиғилишганида, Яҳова Таоло Шайтоннинг эътиборини Аюбнинг ажойиб хислатларига қаратди. Шайтон эса Худога эътироз билдириб, У Аюбни ҳар тарафдан авайлагани ва унинг уй-жойини ва бор мол-мулкини ҳимоялагани учун хизмат қиляпти, деб айтди. Бу билан Шайтон Аюбни ва демак Худонинг барча хизматчиларини худбинликда айблади. Кейин Шайтон, агар Яҳова Аюбни бор мол-мулкидан айирса, унда у Худони лаънатлайди, деб таъкидлади (Аюб 1:8–11).
6. Шайтон қандай муҳим бир масалани кўтарди?
6 Шундай қилиб, муҳим бир масала кўтарилди. Шайтон Парвардигор Яҳованинг ҳукмдорлигини шубҳа остига солди. Яъни ҳақиқатан ҳам Худо олам устидан меҳр ила ҳукмдорлик қиляптими? Ёки Шайтоннинг сўзларига кўра, охир-оқибат худбинлик устун чиқадими? Яҳова Тангри Аюбнинг покдомонлиги ва содиқлигига шу қадар амин эдики, Иблисга узил-кесил жавоб берилиши учун, Аюбнинг синалишига йўл қўйди. Шу йўсин, Шайтон Аюбнинг бошига кетма-кет мусибатлар юборди. Дастлабки синовлари кор қилмагандан сўнг, охири Шайтон Аюбга даҳшатли касаллик юқтирди. Иблиснинг таъкидлашича, инсон ўз жони учун бор нарсасини аямас эмиш (Аюб 2:4).
7. Худонинг бугунги хизматчилари қандай қийинчиликларга дуч бўлишмоқда?
7 Бугунги кунда Худонинг аксарият хизматчилари, Аюб сингари синовларга дуч келишмаяпти. Лекин кўпчилик қувғинларга ва оилавий қийинчиликларга дучор бўлишмоқда. Шунингдек, иқтисодий аҳволнинг ёмонлашиши ва оғир касаллик ҳам қайғу келтиради. Айримлар эса, эътиқодлари учун ўз ҳаётларидан жудо бўлишган. Аммо биз барча қийинчиликларимизга Шайтон сабабчи бўлади, деб ўйламаслигимиз керак. Эҳтимол айрим муаммолар, шахсий хатоларимиз ёки наслдан наслга ўтадиган касаллик туфайли келиб чиқиши мумкин (Галатияликларга 6:7). Бундан ташқари, ҳеч биримиз қарилик ва табиий офатлардан ҳимояланган эмасмиз. Шунингдек Муқаддас Китобда ёзилишича, Яҳова бугунги кунда Ўз хизматчиларини барча кулфатлардан мўъжизакор равишда халос этмайди (Воиз 9:11).
8. Қандай қилиб Шайтон қийинчиликларимиздан фойдаланиши мумкин?
8 Бироқ, Шайтон имонимизни сусайтириш учун бу қийинчиликлардан фойдаланиши мумкин. Ҳаворий Павлус: «Менинг баданимга бир ниш, мени ниқталайверадиган бир шайтон элчиси берилди»,— деб ёзган эди (2 Коринфликларга 12:7). Бу муаммо соғлиги билан, масалан кўзи ожизлик ёки бошқа бирор нарса билан боғлиқ бўлгандир, лекин ҳаворий Павлус, Шайтон уни қувонч ва софдилликдан маҳрум этиш учун, бу қийинчиликдан фойдаланиши мумкинлигини биларди (Ҳикматлар 24:10). Бугун ҳам, Шайтон Худонинг хизматчиларини қувғин қилиш учун қариндошларни, синфдошларни ва ҳатто золим ҳукмдорларни ундаши мумкин.
9. Нима учун кулфат ва қувғинларга дучор бўлаётганимиздан таажжубланмаслигимиз керак?
9 Бундай қийинчиликларни қандай енгиш мумкин? Бу пайтда, Яҳовага бўлган севгимиз ва Унинг ҳукмдорлигига итоат этиш истагимиз ўзгармаслигини исботлаш имконияти пайдо бўлади (Ёқуб 1:2–4). Кулфатларимизга нима сабаб бўлишидан қатъий назар, Худога содиқ қолиш нақадар муҳимлигини тушунсак, маънан мустаҳкам бўлиб қолишимизга ёрдам беради. Ҳаворий Бутрус имондошларига: «Эй севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар»,— деб ёзган эди (1 Бутрус 4:12). Ҳаворий Павлус ҳам: «Исо Масиҳ йўлида диёнатли яшамоқчи бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳам қувғинга дучор бўладилар»,— деб тушунтирган эди (2 Тимўтийга 3:12). Аюб пайғамбар билан содир бўлганидек, Шайтон ҳалигача Яҳова Шоҳидларининг софдиллигини шубҳа остига қўймоқда. Бундан ташқари, Муқаддас Китобда башорат қилинганидек, бу охирзамонда Шайтон дарғазаб бўлиб, Худонинг халқига қарши чиқмоқда (Ваҳий 12:9, 17).
Англашилмовчилик ва ёмон маслаҳат
10. Аюб қандай аҳволга тушган эди?
10 Аюб алайҳиссалом оғир аҳволга тушган эди. Чунки у, бу кулфатлар нима сабабдан бошига тушганини билмаган эди. Шунинг учун Аюб янглишиб, Яҳова берганини қайтиб олди, деб хулоса чиқарди (Аюб 1:21). Аюб бундай деб ўйлашига Шайтон сабабчи бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас.
11. Аюб бошига тушган кулфатларга қандай муносабатда бўлганини тушунтириб беринг.
11 Аюбнинг хотини уни Худони лаънатлашга ундаганида, у бундай қилишни рад этган бўлса-да, барибир тушкунликда эди (Аюб 2:9, 10). Аюбга, фосиқлар ундан яхшироқ яшаётгандек туюлар эди (Аюб 21:7–9). Аюб эҳтимол ўзига: «Нега Худо мени жазолаяпти?» — деган саволни берарди. У ҳатто ўлишни хоҳлаган эди. У: «Оҳ, қанийди ўликлар диёрида мени яшириб, ғазабинг ўтиб кетгунча мени беркитиб турсанг, менга бир муҳлат бериб, сўнг эсласанг!» — деб хитоб қилган эди (Аюб 14:13, ЯДТ).
12, 13. Дўстларининг айтган сўзлари Аюбга қандай таъсир қилди?
12 Аюбга ҳамдардлик билдириш ва тасалли бериш учун, унинг олдига учта дўсти йўқлаб келган эди (Аюб 2:11). Бироқ улар тасалли беришга ярамадилар (Аюб 16:2). Аюб дардини тўкиб солиш учун дўстларга муҳтож эди, аммо бу учта дўсти уни янада чалкаштириб, тушкунликка солишди (Аюб 19:2; 26:2).
13 Шундай экан, Аюб ўзига эҳтимол бундай саволлар бергандир: «Нега айнан мен? Нима учун бу барча кулфатлар менинг бошимга тушди?» Лекин аслида, дўстларининг айтган сўзлари бутунлай нотўғри эди. Улар, Аюб оғир гуноҳ қилганлиги туфайли азобларга йўлиққан, деб айтишди. Дўстларидан бири, Худо тақводорларни жазоламайди, чунки инсон қилган ишига яраша жазосини олади, деб айтди (Аюб 4:7, 8).
14. Нима учун қийинчиликлар нотўғри хатти-ҳаракатимизга боғлиқ деб ўйламаслигимиз лозим?
14 Агар руҳ даламизга эмас, нафс даламизга уруғ эксак, унда бизда албатта муаммолар пайдо бўлади (Галатияликларга 6:7, 8). Бироқ, ҳозир қийинчиликларнинг пайдо бўлиши ҳар доим ҳам хатти-ҳаракатимизга боғлиқ эмас. Бундан ташқари, беозор одамлар кулфатларга дучор бўлишмайди, деган хулоса чиқармаслик керак. Ҳатто Исо Масиҳ «нуқсонсиз, гуноҳкорлардан айрилган» бўлишига қарамай, устунда азоб чекиб ўлган эди; шунингдек, ҳаворий Ёқуб қилич билан чопиб ўлдирилган эди (Ибронийларга 7:26; Ҳаворийлар 12:1, 2). Дўстларининг Аюбга айтган нотўғри сўзлари, уни ўз обрўсини ҳимоялаб, айбсизлигини исботлашга мажбур қилди. Боз устига улар, Аюбни бу азобларга лойиқ деб таъкидлаб, эҳтимол Худонинг адолатига нисбатан унинг нуқтаи назарига таъсир қилишган (Аюб 34:5; 35:2).
Кулфат пайтидаги ёрдам
15. Азоб чекканимизда, нимани ёдда тутишимиз керак?
15 Аюбнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Бошимизга тушган кўргуликлар, касаллик ёки қувғинлар, бизга адолатсиз бўлиб туюлиши мумкин. Назаримизда бошқаларда бундай қийинчиликлари йўқдек кўринади (Забур 72:3–12). Эҳтимол, гоҳида биз ўзимизга шу каби муҳим саволлар беришимиз даркор: Худога бўлган севгим нима бўлишига қарамай, Унга хизмат қилишга ундаяптими? Яҳова Таоло ‘танқид қилувчиларга жавоб қайтара олиши’ учун, қўлимдан келганча ҳаракат қиляпманми? (Ҳикматлар 27:11; Матто 22:37). Бошқаларнинг ўйламай айтган гаплари, Худойи Таолога нисбатан ишончимизга таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз лозим. Хасталикка чалинган бир имондош опамиз бундай деб айтди: «Яҳова қандай қийинчиликларга йўл қўймасин, албатта ҳаммаси яхши бўлиб кетишига ишонаман. Чунки У менга куч-қувват беришига аминман. У мени ҳар доим қўллаб-қувватлаган».
16. Бошига қийинчилик тушганларга Муқаддас Китоб қандай ёрдам берган?
16 Аюбдан кўра биз Шайтоннинг ҳийлалари ҳақида кўпроқ билимга эгамиз. Чунки «унинг фитналаридан хабарсиз эмасмиз-ку» (2 Коринфликларга 2:11). Бундан ташқари, амалий доноликнинг манбаи бўлмиш Муқаддас Китобимиз бор. Унда турли қийинчиликларни бошдан кечирган Худонинг содиқ хизматчилари ҳақида ёзилган. Кўп кўргуликларни бошидан кечирган ҳаворий Павлус: «Қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу оятлардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим»,— деб ёзган эди (Римликларга 15:4). Иккинчи жаҳон уруши даврида эътиқоди учун қамоққа ташланган битта биродаримиз, Муқаддас Китоб учун уч кунлик нонни берган эди. У бундай деб ҳикоя қилади: «Бу алмаштириш жуда арзигулик бўлиб чиқди. Очлик бўлишига қарамай, ўша оғир вақтларда менга ва биродарларимга тушкунликка тушмасликка ёрдам берадиган маънавий озуқа бор эди. Ўша Муқаддас Китобни мен ҳалигача сақлайман».
17. Қандай қилиб Яҳова бизга қийинчиликларни енгишда ёрдам беради?
17 Шунингдек, Муқаддас Китобга асосланган адабиётларда ҳам қийинчиликларни қандай енгиш мумкинлиги ҳақида фойдали маслаҳатлар берилган. Агар «Қўриқчи минораси жамияти нашрларининг кўрсаткичи»га мурожаат қилсак, ундан бизникига ўхшаш синовларга дуч келган бирорта имондошимиз тўғрисида ёзилган ҳикояни топишимиз мумкин (1 Бутрус 5:9). Эҳтимол, ўз шароитингиз ҳақида оқсоқоллар ёки бошқа етук имондошлар билан гаплашиб кўриш керакдир. Энг асосийси эса, Яҳовага ибодат қилиб, бизга мадад ва муқаддас руҳини беришидан шубҳаланмаслигимиз мумкин. Қандай қилиб ҳаворий Павлус «ниқталайверадиган» Шайтонга қарши турган эди? У Худонинг қудратига таянишга ўрганган эди (2 Коринфликларга 12:9, 10). У бундай деб ёзган: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан» (Филиппиликларга 4:13, ЯДТ).
18. Қандай қилиб имондошлар далда беришлари мумкин?
18 Хуллас, ёрдам ҳавола этилаётган экан, ундан доимо фойдаланинг. Ҳикматлар 24:10да: «Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир»,— дейилган. Масалан, занг секин-аста темирни емириб ташлагани каби, руҳий тушкунлик ҳам бизнинг софдиллигимизни сусайтириши мумкин. Бундай тушкунликка тушмаслигимиз учун, Яҳова Ўз хизматчилари орқали бизни қўллаб-қувватламоқда. Масалан, Исо алайҳиссаломни ҳибсга олишганидан сал олдин, «бир фаришта Исога зоҳир бўлиб, Уни қувватлаб турди» (Луқо 22:43). Ҳаворий Павлусни Римдаги қамоқхонага олиб кетишаётганда, Аппия форуми ва Уч Меҳмонхона майдонигача биродарлар уни кутиб олгани чиқишганини кўриб, у «Худога шукр қилди ва кўнгли кўтарилди» (Ҳаворийлар 28:15). Германиялик бир опамиз, ўсмирлик пайтида Равенсбрюк концлагерига олиб келинганида, у ерда унга қандай ёрдам кўрсатишганини ҳеч қачон эсдан чиқармайди. У бундай деб бўлишди: «Мени бир опамиз дарров топиб, яхши кутиб олди. Бошқа опамиз эса мен ҳақимда ғамхўрлик қила бошлади ва мен учун онамдек бўлиб қолди».
«Содиқ қол»
19. Шайтонга қарши туришига Аюбга нима ёрдам берган?
19 Муқаддас Китобда, Аюб софдиллигидан қайтмаганлиги ҳақида айтилган (Аюб 2:3). Гарчи Аюб ғамга кўмилиб, азоб-уқубатларнинг сабабини тушунмаган бўлса-да, у Худога содиқлигидан воз кечишни ҳаёлига ҳам келтирмади. У ҳаётининг мазмуни бўлиб келган нарсани рад этишни хоҳламади. Аюб ҳеч қачон покдомонлигидан қайтмаслигини айтган эди (Аюб 27:5).
20. Нима учун бардошли бўлиш жуда муҳим?
20 Бу каби қатъиятли қарор, бизга ҳам ҳар қандай шароитларда, яъни синовлар, қийинчиликлар ва қувғинларда покдомон бўлиб қолишимизга ёрдам беради. Исо Масиҳ Измирдаги жамоатга бундай деган эди: «Бошга тушадиган азоб-уқубатлардан ҳеч қўрқма. Мана, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни олиб зиндонга ташлайди, ўн кунгача азоб [қийинчиликлар, кулфатлар ёки қувғинлар] чекасизлар. Ўлимгача содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман» (Ваҳий 2:10).
21, 22. Азоб чекканимизда, қандай билим бизга тасалли беради?
21 Шайтон ҳокимлик қилаётган ушбу дунёда, бизнинг сабр-тоқатимиз ва софдиллигимиз синовларга дучор бўлади. Шунга қарамай, Исо пайғамбар, бизни келажакда ажойиб ҳаёт кутаётганига ишонтирмоқда, шу сабабли қўрқмаслигимиз лозим. Биз учун энг муҳими — содиқ бўлиб қолиш. Ҳаворий Павлус, ‘қайғуларимиз ўткинчи’, Яҳова ваъда қилган мукофот эса «абадийдир», деб ёзган эди (2 Коринфликларга 4:17, 18). Ҳатто Аюбнинг азоб-уқубатлари, кечирган бахтли ҳаётига нисбатан, қисқа вақтга чўзилган (Аюб 42:16).
22 Лекин шунда ҳам гоҳида синовлар чексиз, азоб-уқубатлар эса чидаб бўлмайдигандек туюлади. Хуллас, 17-саҳифада бошланадиган мақолада, сабр-тоқатга нисбатан Аюбдан яна қандай ўрнак олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, бошқаларнинг ҳам бошига кулфат тушганда, уларни қандай қилиб қўллаб-қувватлашимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.
Қандай жавоб берардингиз?
• Шайтон Аюбнинг софдиллигига нисбатан қандай муҳим саволни кўтарган эди?
• Нега кулфат ва бахтсизликлар бизни таажжубга солмаслиги лозим?
• Қандай қилиб Яҳова, қийинчиликларни сабр-тоқат ила енгишга ёрдам беради?
[10- саҳифадаги расмлар]
Муқаддас Китобни чуқур ўрганиш, етук имондошлар билан мулоқотда бўлиш ва чин қалбдан ибодат қилиш қийинчиликларни енгишга ёрдам беради