«Илк муҳаббатни» сақланг
Қўлингда ниманг бўлса, маҳкам тут. ВАҲ. 3:11
1, 2. Яҳова тўғрисида ўрганган таълимотлар ҳақиқат эканига амин бўлганингизда туйғуларингиз қандай эди?
ИТОАТКОР инсонларга Яҳова нима ваъда қилаётганини илк бор эшитганингизни эслай оласизми? Эҳтимол аввал эътиқодингиз бошқа бўлиб, қандайдир таълимотларни тушунмагандирсиз. Сўнг Аллоҳнинг ажойиб ниятини ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билиб нимани ҳис қилдингиз? Балки шу пайтгача адашиб юрганингизни англагансиз. Аммо, ҳақиқатни билганингиздан жуда қувонгандирсиз-а?! Агар ота-онангиз Яҳованинг Шоҳиди бўлса, улар сизга ўргатган таълимотлар ҳақиқат эканига амин бўлганингизда ва шунга мувофиқ ҳаёт кечиришни бошлаганингизда туйғуларингиз қандай эди? (Рим. 12:2).
2 Кўп биродару опа-сингилларимиз Яҳова улар учун қандай қилиб дўсти бўлиб қолганини ва шахсан Худонинг Ўзи уларни жалб қилганидан қалблари чексиз қувончга тўлганини айтиб беришлари мумкин (Юҳан. 6:44). Айнан шу қувонч уларни ваъзгўйликда иштирок этишга ундагани туфайли, билиб олганларини ҳаммага айтиб беришни исташарди. Сизга ҳам бундай ҳис-туйғулар танишми?
3. Биринчи асрда Эфес жамоатида аҳвол қанақа эди?
3 Эфес жамоатидаги масиҳчиларга мурожаат қилиб, Исо уларнинг «илк муҳаббати» ҳақида гапирган. Сабаби, эфесликларда кўп яхши фазилатлари бор эди, бироқ Яҳовага бўлган севгилари сўниб қолган. Мана нега Исо уларга қуйидагиларни айтган: «Сенинг ишларинг, меҳнатинг, сабр-тоқатингни биламан, бузуқ одамларни кўтара олмаслигингни ҳам биламан. Ҳаворий бўлмаган ҳолда ўзларини ҳаворий деб айтганларни синадинг ва ёлғонини фош қилдинг. Ҳа, сабр-тоқатинг бор. Менинг номим учун кўпни бошдан кечирдинг ва чарчамадинг. Бироқ сенга бир эътирозим борки, сен илк муҳаббатингдан айнидинг» (Ваҳ. 2:2–4).
4. Нега эфесликларга йўлланган Исонинг сўзлари, бугун ҳам амалийдир?
4 Ваҳий китобидаги Эфес ва бошқа шаҳарлардаги жамоатларга қаратилган Исонинг сўзлари, 1914- йилдан кейин мойланган масиҳчилар тушган маънавий ҳолатига тегишли (Ваҳ. 1:10). Бироқ бугунги кунда ҳам, масиҳчилардан баъзиларининг Яҳовага ҳамда ҳақиқатга бўлган севгиси сўниши мумкин. Шуни ёдда тутиб, келинг Яҳовага ва ҳақиқатга бўлган севгимизни қандай сақлаб, уни мустаҳкамлаш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Бу ҳақиқат эканига сизни нима ишонтирди?
5, 6. а) Ҳар бир масиҳчи нимага ишонч ҳосил қилиши зарур? б) Яҳованинг Шоҳидлари ўргатаётган таълимотлар ҳақиқат эканига шахсан сизни нима ишонтирди? в) Илк муҳаббатни мустаҳкамлашга нима кўмаклашади?
5 Ҳар бир инсон ҳаётини Яҳовага бағишлашдан аввал, Унинг «яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоғи» керак (Рим. 12:1, 2). Бунинг учун, Муқаддас Китоб таълимотларини билиш муҳим. Масалан, бир кишини ишонтирган нарса, бошқага эса унчалик таъсир қилмайди. Кўп одамлар Муқаддас Ёзувлардан Аллоҳнинг исми Яҳова эканини ёки марҳумлар қандай ҳолатдалигини билиб ҳайрон қолишган (Заб. 82:19; Воиз 9:5, 10). Айримларга Яҳованинг халқи орасидаги ҳукм сураётган севги чуқур таъсир қилган (Юҳан. 13:34, 35). Бошқалар эса бу дунёдан бўлмаслик нима эканини англашганда, ҳаётларини ўзгартиришга қарор қилишди. Шунингдек Худонинг ҳақ хизматчилари бу дунёнинг сиёсий можароси ва урушларда қатнашиш нотўғри эканини тушуниб етишди (Ишаё 2:4; Юҳан. 6:15; 17:14–16).
6 Бу ҳамда бошқа таълимотлар кўпларнинг қалбида Аллоҳга бўлган илк муҳаббат учқунини ёндирди. Бу ҳақиқат эканига сизни нима ишонтирганини эслай оласизми? Ҳар бир инсон ўзгача ва шароитлари ҳам турлича. Шу йўсин, Яҳовани севишга ҳамда ваъдаларига ишонишга сизни ундаган нарса, бошқа кишига таъсир қилмаслиги мумкин. Ҳақиқатни билганингизда сизни жалб қилган таълимот, ҳойнаҳой ҳозир ҳам сизга бефарқ эмасдир. Тўғри, ҳақиқат ўзгармаган. Мана нима учун илк ҳис-туйғуларни эсга олиш, ҳақиқатга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлашга кўмаклашади (Забур 118:151, 152; 142:5 ўқиб беринг).
Илк муҳаббатни мустаҳкамланг
7. Нимага ҳақиқатга нисбатан илк муҳаббатни мустаҳкамлаш керак ва бунинг йўли қандай?
7 Эҳтимол ҳаётингизни Яҳовага бағишлаганингиздан бери кўп нарса ўзгаргандир. Ҳақиқатга бўлган илк муҳаббат муҳим ўринни эгалласа-да, янги синовларни енгиш учун ушбу севгини ривожлантиришингиз керак эди. Бироқ бунда Яҳова сизга кўп ёрдам берган (1 Кор. 10:13). Шубҳасизки, сиз учун бу хотиралар қадрли. Бошдан кечирган синовлар илк муҳаббатни мустаҳкамлаб, Худонинг яхши ва манзур иродаси нимада эканини фаҳмлашга ёрдам берган (Ёшуа 23:14; Заб. 33:9).
8. Яҳова Ўзини Мусога қандай зоҳир этган ва исроилликлар Уни қандай қилиб яхшироқ билиб олишди?
8 Келинг, Яҳова Таоло исроилликларни Миср қуллигидан озод этишни ваъда қилиб, Мусога Ўзини қандай зоҳир қилганини эслайлик. Ўшанда У ким бўлишни хоҳласа Ўша бўлишини айтган (Чиқ. 3:7, 8, 13, 14). Дарҳақиқат, Яҳова халқини қутқариш учун ким бўлиши керак бўлса Ўша бўлади. Исроилликлар билан юз берган воқеалар ва улар тушиб қолган шароитлар Яҳованинг турли хислатларини аён этган. Масалан У Қодир Тангри, Олий Ҳакам, Раҳбар, Халоскор, Жангчи ва ғамхўр Ота каби бўлган (Чиқ. 12:12; 13:21; 14:24–31; 16:4; Нахим. 9:9–15).
9, 10. Аллоҳ Яҳовани яхшироқ таниб-билишда нима ёрдам беради ва нега У сизга ғамхўрлик қилганини эслаш муҳим?
9 Албатта, сизнинг шароитларингиз исроилликларникидан фарқ қилади. Аммо Яҳова шахсан сизга ғамхўрлик қилганини кўп маротаба сезгандирсиз ва бу, имонингизни янада мустаҳкамлаган. Балки Тангри Яҳова сиз учун ҳам ғамхўр Ота, Юпатувчи ёки Устоз сифатида бўлгандир (Ишаё 30:20б, 21 ўқиб беринг)a. Боз устига ибодатингизга аниқ жавоб олгандирсиз. Ёки қийинчиликларга дуч келганингизда имондошлардан бири ёрдамга келгандир. Ёхуд Муқаддас Китобни шахсан ўрганганингизда, тасалли берадиган оятларни топгандирсиз.
10 Агар шахсан сиз билан содир бўлганларни кимгадир айтиб берсангиз-у, унга бу таъсир қилмаса ҳам, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Энг асосийси, бу сиз учун жудаям муҳим. Ахир Яҳова айнан сиз учун ким бўлишни хоҳласа, Ўша бўлди-ку. Қанча вақтдан бери Яҳованинг ташкилотидасиз? Ва шахсан сизга Яҳова ғамхўрлик қилган вазиятларни эслай оласизми? Агар буларнинг барчасини ёдга олсангиз, Яҳовага бўлган илк муҳаббатингиз уйғонади. Шундай экан, ўзингиз билан юз берган ҳодисаларни тез-тез эслаб, уларнинг қадрига етинг. Бу эса ўз навбатда, Яҳова сизни севишида ишончингизни мустаҳкамлайди. Шунда сизни ҳеч ким тўғри йўлдан қайтара олмайди.
Ўзингизни текширинг
11, 12. Нимага ҳақиқатга бўлган севги сўниб қолиши мумкин ва Исо қандай маслаҳат берган?
11 Бордию Худога ва ҳақиқатга илк муҳаббатингиз сўниб қолган бўлса, Яҳованинг бунда ҳеч қандай айби йўқ. Зеро У асло ўзгармас (Мал. 3:6; Ёқб. 1:17). Яҳова бугун ҳам ҳар биримизни аввалгидек қўллаб-қувватлаяпти. Унда нима ўзгарди? Балким замон оғирлашгани сабаб рўзғор ташвишларига берилиб кетгандирсиз? Эҳтимол илгари сиз кўпроқ ибодат қилиб, Муқаддас Китобни қунт билан ўрганиб, тез-тез мулоҳаза юритгандирсиз? Хизматда ғайратли бўлиб, йиғилишларда ҳам фаол иштирок этгандирсиз? (2 Кор. 13:5).
12 Мабодо юқорида айтилган нарсалар сизга тегишли бўлмаса ҳам, ҳаётингизда қандайдир ўзгаришларни пайқасангиз, у ҳолда бу ўзгаришларнинг боиси нимада эканини ўйлаб кўринг. Балки оила ёки соғлик ташвишларига берилиб, Яҳованинг куни яқинлашганини эътибордан четда қолдиргандирсиз? Исо ҳаворийларига шундай деган: «Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Айш қилиб, кайф суриб, ҳаётнинг ташвишлари остида бўғилиб, юракларингизни ёғ босмасин, тағин у кун ногаҳон бошга тушиб сизни тўрга илинтирмасин! Чунки у кун ер юзида яшовчи ҳар бир кишини босиб олажак. Шу сабабдан доим ҳушёр бўлинглар. Юз бергувчи бу мусибатлардан омон қолишга куч топиб... доимо ибодат қилинглар» (Луқо 21:34–36).
13. Ёқуб Аллоҳнинг Каломини нима билан солиштирган?
13 Исонинг шогирди бўлмиш Ёқуб, имондошларини Аллоҳнинг Каломи ёрдамида ўзларини текширишга чорлаган. Худонинг руҳи таъсири остида у қуйидаги сўзларни ёзган: «Ўз-ўзингизни алдаб, Худо каломининг фақат тингловчиларигина эмас, балки ижрочилари бўлинглар. Агар бирор киши каломни тинглаб, ижро этмаса, у ўзининг асл юзини кўзгуда кўрган одамга ўхшаб қолади. Одам ўзига қаради-ю кетди ва дарҳол қандай эканлигини унутиб юборди. Лекин мукаммал Қонунга, Худонинг эрк берувчи Қонунига яқиндан қараб, унга қатъий амал қилган киши, яъни унутувчан тингловчи эмас, балки ишни бажарувчи киши ўз йўлида бахтиёр бўлади» (Ёқб. 1:22–25).
14, 15. а) Маънан улғайишингизга Муқаддас Китоб қандай кўмаклашади? б) Нима ҳақда мулоҳаза юритиш даркор?
14 Ҳа, киши ташқи кўриниши яхши эканида амин бўлиши учун ойнага қарайди. Масалан эркак киши, бўйинбоғи қийшиқ турганини кўриб қолса, уни тўғрилаб қўяди. Аёл эса сочларини чиройли қилиши учун уларни тараб олади. Шу сингари Муқаддас Китоб ҳам ўзимизга ташқаридан қарашга кўмаклашади. Демак Худонинг Каломида айтилганлар билан ўзимизни солиштирсак, худди ойнага қарагандек бўламиз. Аммо ҳеч қандай ўзгаришлар қилмасак, унда ойнага қарашнинг нима кераги бор? Худонинг «мукаммал Қонунига» мувофиқ иш тутиш оқилонадир. Агарда Тангри Яҳова ва ҳақиқатга бўлган илк муҳаббатингиз сусайганини англасангиз, ўзингиздан сўранг: «Қандай қийинчиликларга дуч келяпман ва уларни қай тарзда енгяпман? Олдин уларни қандай ҳал қилардим? Уларга нисбатан муносабатим ўзгардими?». Мабодо бундай текширувлар натижасида феъл-атворингизни ўзгартириш кераклигини тушунсангиз, уни шундайлигича қолдирманг. Камчиликлар устидан ишлашни кечиктирманг (Иброн. 12:12, 13).
15 Бунақа фикр юритиш, аниқ мақсадлар сари бўлиб, маънан улғайишга ёрдам беради. Масалан, Тимўтий хизматида янада фаол қатнашиши учун, ҳаворий Павлус унга шундай маслаҳат берди: «Ҳамма бу ишлар билан шуғуллан. Сенинг муваффақиятингга ҳамма гувоҳ бўлиши учун ўзингни бу ишларга бутунлай бағишла». Худонинг Каломига кўз тикиб, биз ҳам маънавий жиҳатдан муваффақиятларга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрсак бўлади (1 Тим. 4:15).
16. Ўзингизни текширган пайтда нимани ёдда тутиш лозим?
16 Ўзингизни текширган пайтда доимо қандайдир камчиликлар топилади. Бу сизни ранжитиши мумкин, лекин тушкунликка тушманг. Ахир бундай текшириш олиб боришнинг мақсади — нимада кўпроқ яхши томонга ўзгариш кераклигини англашдир. Шайтон эса албатта, одамлар камчиликлари дастидан ўзларини ҳеч нарсага яроқсиз ҳис қилишларини истайди. Ёвуз кишилар орқали у, инсонлар қанча уринишмасин барибир Аллоҳга маъқул кела олишмайди, деб такрор-батакрор таъкидлаган (Аюб 15:15, 16; 22:3). Аммо бу ғирт ёлғон. Исо ҳам буни исботлаб, Эгамиз ҳар биримизни қадрлаётганини айтган (Матто 10:29–31 ўқиб беринг). Аслида камчиликларни тан олиш, яхши томонга ўзгариб, камтарона тарзда Яҳованинг кучига таянишга ундайди (2 Кор. 12:7–10). Касаллик ёки ёшингиз улғайгани боис, илгаригидай хизмат қила олмасангиз, севгингиз совушига ва тушкунликка тушиб қолишингизга йўл қўйманг.
Миннатдор бўлишга сабаблар
17, 18. Яҳовага бўлган илк муҳаббатни мустаҳкамлаб, қандай баракаларга эга бўласиз?
17 Илк муҳаббатингизни мустаҳкамлаётиб, кўпдан-кўп баракаларга эга бўласиз. Масалан, Худо ҳақида кўпроқ билиб, раҳбарлиги учун миннатдорлигингиз ошиб боради (Ҳикматлар 2:1–9; 3:5, 6 ўқиб беринг). Сано бастакори қуйидагиларни деган: «Уларга [Яҳованинг адолатли қонунларига] риоя этган киши буюк мукофот топур». «Худованд ваҳийси барқарордир, У содда одамга дониш беради». Боз устига «қандай бахтлидир софдиллик йўлидан борувчи, Илоҳий Қонун билан юрувчи кишилар!» (Заб. 18:8, 12; 118:1).
18 Албатта миннатдор бўлишингизга кўп сабаблар бор. Масалан сиз, нима учун дунё ёвузлигу адолатсизликка тўлиб-тошганини биласиз. Шунингдек, Аллоҳ халқига маънан ғамхўрлик қилаётганини шахсан ўзингизда ҳам ҳис қилаётгандирсиз. Шак-шубҳасиз, Худо сизни Ўз халқига қўшиб, ва Унинг хизматчиси бўлганингиз учун Яҳовага минг қатла шукроналар айтаётгандирсиз. Ҳаётингиздаги бундай ўзгаришларни қадрланг! Агар Яҳованинг қут-баракаларини қоғозга ёзиб олсангиз, унда жой ҳам қолмайди. Шунингдек, вақти-вақти билан шундай қут-баракаларни ўзингизга эслатиб турсангиз гар, Исонинг: «Қўлингда ниманг бўлса, маҳкам тут»,— деган насиҳатига амал қила оласиз (Ваҳ. 3:11).
19. Маънан тетик бўлишда яна нима ёрдам беради?
19 Имонингиз вақт ўтган сари мустаҳкам бўлгани борасида фикр юритиб турсангиз, қўлингизда бўлган нарсаларни маҳкам тута оласиз. Хуллас маънан тетик бўлишда ибодат, жамоат учрашувларида ҳамда ваъзгўйлик хизматида иштирок этиш ёрдам беради. Буларнинг барчаси Яҳовага бўлган илк севгимизни сақлаб, уни мустаҳкамлашимизга ҳисса қўшади (Эфес. 5:10; 1 Бутр. 3:15; Яҳд. 20, 21).
[Изоҳ]
a Ишаё 30:20б, 21, ЯДТ: «Буюк Устозингиз бошқа ҳеч қачон сизлардан Ўзини яширмайди, кўзларингиз Буюк Устозингизни кўради. Мабодо чап ёки ўнг томонга оғиб кетсангиз, қулоқларингиз орқадан: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар”,— деган сўзларни эшитади».
Қандай жавоб берардингиз?
• Қандай қилиб Яҳовага бўлган илк муҳаббат бугун ҳам сизни руҳлантириши мумкин?
• Ваъзгўйлик хизматида ўтган йиллар тўғрисида мулоҳаза юритишнинг фойдаси нимада?
• Нимага Яҳовага бўлган севгимиз совимаганини текшириш лозим?
[23- саҳифадаги расм]
Бу ҳақиқат эканига сизни нима ишонтирди? Унга сизни нима жалб қилди?
[25- саҳифадаги расм]
Нимада ўзгаришингиз кераклигини кўряпсизми?