Яҳованинг Каломи жонли
Ёқуб ва Бутрус йўллаган мактубларнинг диққатга сазовор оятлари
МИЛОДИЙ 33- йилнинг Ҳосил байрамидан тахминан 30 йил ўтиб, Исонинг туғишган укаси бўлган Ёқуб рамзий Исроилнинг 12 та қабиласига мактуб ёзади (Ёқб. 1:1). Унинг мақсади, биродарларнинг имонини мустаҳкамлаб, келаётган синовларга бардошли қилишдир. Ёқуб шунингдек жамоатда рўй берган жиддий муаммоларни қандай ҳал қилиш борасида маслаҳатлар бермоқда.
Милодий 64- йилда Рим императори Нерон масиҳчиларни қаттиқ қувғин қилганидан сал олдин ҳаворий Бутрус имонлиларга ўзининг биринчи мактубини ёзиб, имонда мустаҳкам туришга чорлади. Кўп ўтмай у иккинчи хатини тузади ва унда Худонинг Каломига диққат қилишни ва Яҳованинг маҳшар кунини ёдда тутишни тавсия этади. Шубҳасизки, Ёқуб ва Бутруснинг мактубларини кўриб чиқиб кўп фойда чиқариб оламиз (Иброн. 4:12).
ИМОН БИЛАН СЎРАГАНЛАРГА АЛЛОҲ ҲИКМАТ АТО ЭТАДИ
«Синовга сабр-тоқат қилган одам бахтиёрдир. Чунки у синовдан ўтгач... ҳаёт тожига сазовор бўлади»,— деб ёзмоқда Ёқуб. Қийинчиликларга дош бериш учун эса Яҳова Таоло «имон билан сўраган» кишига ҳикмат ато этишини ваъда қиляпти (Ёқб. 1:5–8, 12).
Имон ва ҳикмат, жамоатда «устозлар» қилиб тайинланганларга айниқса зарур. Худо билан муносабатларимизга зиён етказадиган нарсалардан огоҳлантириб, Ёқуб тил «баданнинг кичкина бир узви» бўлса ҳам «бутун вужудимизни булғаши» мумкинлигини эслатяпти. У шунингдек маънан касал бўлиб қолган кимса, соғайиши учун нима қилиши кераклигини айтиб ўтмоқда (Ёқб. 3:1, 5, 6; 5:14, 15).
Саволларга жавоблар:
2:13 — Қайси маънода «шафқат эса ҳукмдан устун келади»? Ишларимиз учун жавоб бериш вақти келганида, Аллоҳ бошқаларга қанчалик шафқат қилганимизни инобатга олиб, бизни Ҳазрати Исонинг тўкилган қони эвазига кечиради (Рим. 14:12). Шундай экан шафқат кўрсатиш ҳаётимизда доимо намоён бўлиши керак эмасми?!
5:20 — «Гуноҳкорни хато йўлдан қайтарган киши» қайси жонни қутқариб, кимнинг гуноҳларини ювган бўлади? Гуноҳкорни хато йўлдан қайтарган киши гуноҳкорнинг жонини, аввало руҳий-маънавий ўлимдан, иккинчидан эҳтимол том маънодаги ҳалокатдан ҳам асраб қолади. Шу йўсин у гуноҳкорнинг кўп гуноҳларини ювган бўлади.
Хулосалар:
1:14, 15. Гуноҳ нотўғри эҳтирослардан келиб чиқади. Мана нега эҳтиросларга берилиб кетмаслик учун эҳтиёт бўлишимиз керак. Бунинг ўрнига фикр ва қалбимизни ҳамиша маънавий нарсаларга тўлдирайлик (Филип. 4:8).
2:8, 9. Юз-хотирчилик, севгига асосланган «Шоҳ амрига» зид бўлгани сабаб Яҳованинг хизматчилари ундан қочадилар.
2:14–26. Биз Таврот қонунини бажариб, ёки масиҳчи бўлиб «савоб ишлар» қилганимиз учун эмас, балки имонимиз туфайли нажот топамиз. Бу имон эса шунчаки Худога ишонаман дейиш билан қаноатланмайди (Эфес. 2:8, 9; Юҳан. 3:16). Ўзимизни Худонинг иродасига мувофиқ тутишга жон куйдиришимиз даркор.
3:13–17. «Юқоридан тушган донолик» шубҳасизки «дунёдан, моддиятдан, жин-ажинадан» бўлган доноликдан анча устундир. Аллоҳдан бўлган доноликни «яширин хазина» каби излашимиз керак (Ҳик. 2:1–5).
3:18. «Солиҳлик уруғи», яъни самовий Шоҳлик ҳақидаги хабар тинчликпарварлар орқали осойишта шароитларда ёйилади. Дарҳақиқат, мағрур, жаврақи ва қайсар бўлишдан қочиб, тинчликпарвар бўлишга ҳаракат қиламиз.
«МУСТАҲКАМ ИМОН БИЛАН... ТУРИНГЛАР»
«Самода сақланаётган беғубор, чиримас, сўлмас бир мерос сизларни кутмоқда»,— дея эслатмоқда Бутрус. У: «Сизлар — танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ»,— деб давом этмоқда. Итоат қилиш ҳақда аниқ раҳбарлик бериб эса Бутрус: «Ўзаро ҳамфикр, ҳамдард бўлинглар, бир-бирингизни биродарларча севинглар. Бир-бирингизга меҳр-шафқатли ва камтар бўлинглар»,— деб чорлаяпти (1 Бутр. 1:3, 4; 2:9; 3:8).
Бутрус: «Борлиқ мавжудот [Яҳудийларнинг тузуми] охирлаб қолди. Шунинг учун ақл билан иш тутинглар, ибодат қилиш учун ҳушёр бўлинглар»,— дея маслаҳат бермоқда. У имондошларини қуйидагича даъват этяпти: «Ҳушёр ва бедор бўлинглар. [...] Мустаҳкам имон билан иблисга қарши туринглар» (1 Бутр. 4:7; 5:8, 9).
Саволларга жавоблар:
3:20–22 — «Сувга чўмиб имон келтириш» бизни қандай қутқарар экан? Нажот топишни истайдиганлар албатта сувга чўмиб имон келтириши керак. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Нажот «Исо Масиҳнинг тирилиши туфайли» келишини тан олишимиз зарур. Яъни Исо одамлар учун ўз қонини тўкиб, энди эса «Худонинг ўнг томонида ўтириб» барчани ҳукм қилишини тушунмоғимиз лозим. Айнан шундай имон билан сувга чўмиш, Тўфон сувларидан нажот топган ўша саккиз кишининг имонига ўхшаш.
4:6 — «Инжил Хушхабари» қандай қилиб «ўликларга ҳам етказилди»? Бу ерда, гуноҳ ва жиноятлар туфайли руҳан ўлганлар ҳақда гап кетяпти (Эфес. 2:1). Лекин хушхабарга ишониб, улар Худога мувофиқ тарзда «яшай» бошладилар.
Хулосалар:
1:7. Имонимиз чиндан ҳам мустаҳкам бўлиши учун синовдан ўтиши керак. Бундай «имонни сақлаб, жонимизга нажот топамиз» (Иброн. 10:39). Шунинг учун ҳам имонимиз синалишидан чекинмаймиз.
1:10–12. Қадимдан пайғамбарлар ёзган мойланган масиҳчилар тўғрисидаги ҳақиқатларни англаш учун ҳатто фаришталар ҳам интилганлар. Бироқ, бу ҳақиқатлар Худо масиҳчилар жамоатини барпо этиб, у билан муносабат қилишни бошлагандагина очилди (Эфес. 3:10). Биз ҳам фаришталардан ўрнак олиб, «Худонинг теранликларини» ўрганишимиз керак эмасмикин?! (1 Кор. 2:10).
2:21. Яҳованинг ҳокимиятини қўллаш учун, Ибратимиз бўлган Исо Масиҳга ўхшаб азоб чекишга ва керак бўлса жонимизни беришга тайёрмиз.
5:6, 7. Барча ғамларимизни Яҳовага топширсак, Унинг Ўзи ҳақ топинишни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиб, эртанги кун ҳақда ўта ташвишланмасликка ёрдам беради (Мат. 6:33, 34).
ЯҲОВАНИНГ МАҲШАР КУНИ КЕЛМОҚДА
«Ҳеч бир пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу азиз одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар»,— деб ёзмоқда Бутрус. Дарҳақиқат, пайғамбарларнинг сўзларига қулоқ солиб, «сохта устозлар» ва бошқа айёр кимсаларнинг таъсиридан ўзимизни ҳимоя қиламиз (2 Бутр. 1:21; 2:1–3).
Бутрус шундай деб огоҳлантирмоқда: «Охирги кунларда ўз нафсига маҳлиё бўлиб юрадиган ҳаёсиз масхарабозлар пайдо бўлади». Аммо «кечаси ўғри қандай келса, Раббимизнинг маҳшар куни ҳам худди шундай ногаҳон келиб қолади». Мактубининг охирида, Яҳованинг маҳшар кунини «диёнат билан кутаётганларга» Бутрус амалий маслаҳатлар бермоқда (2 Бутр. 3:3, 10–12).
Саволларга жавоблар:
1:16–19 — «Тонг юлдузи» ким, у қачон чиққан ва чиқиб бўлганини биз қаердан биламиз? «Тонг юлдузи» бу самовий тахтга ўтирган Ҳазрати Исодир (Ваҳ. 22:16). У, 1914- йилда Худо тайинлаган Шоҳ сифатида, бутун махлуқот устидан ҳокимият олиб, янги кун келаётганини кўрсатди. Бир вақтлар шогирдлари олдида Исонинг қиёфаси ўзгаргани, айнан бу воқеанинг тасдиғи бўлиб, Аллоҳ Каломига ишончимизни янада кучайтиряпти (Марк 9:1–3). Дарҳақиқат, бу Каломга диққат қилсак, «тонг юлдузи» чиқиб бўлганини «ёруғ» қалбимиз билан кўра оламиз.
3:17 — «Буларни олдиндан билар экансиз» дея Бутрус нимани назарда тутган? Бутрус келажак воқеаларни билиш ҳақда гапирган. Бу билим унгаю Муқаддас Китобни ёзган бошқа одамларга самодан очилган эди. Лекин бу билимлар тўлиқ очилмаган экан, улар келажак ҳодисаларни тафсилотларигача эмас, балки умумий билган эдилар.
Хулосалар:
1:2, 5–7. Сабр-тоқат, диёнат, муҳаббат фазилатларини ривожлантириш, бизга Аллоҳ Яҳовани ҳамда Ҳазрати Исони таниб-билишда улғайишда ҳамда хизматимизда «на суст, на самарасиз» бўлиб қолишга кўмаклашади (2 Бутр. 1:8).
1:12–15. «Ҳақиқатда қаттиқ туришимиз» учун, ҳамиша эслатмаларга, масалан жамоат учрашувлари, шахсий тадқиқ ва Муқаддас Китобни ўқиш орқали олган эслатмаларга муҳтожмиз.
2:2. Хатти-ҳаракатларимиз билан Тангри Яҳова ҳамда ташкилотига доғ туширишдан ўта эҳтиёт бўлайлик (Рим. 2:24).
2:4–9. Яҳованинг қадимда қилган ишларини инобатга олиб, аминлик ила: «Художўйларни васвасадан қандай қутқаришни, жазога маҳкум бетавфиқларни эса қиёмат кунигача қандай сақлашни Худованд билади»,— дея айта оламиз.
2:10 изоҳга қ., 12, 13. «Улуғлар», яъни жамоат оқсоқоллари гоҳо адашиб, хато қилиб туришса-да, улар ҳақда ёмон гапиришдан ўзимизни сақлайлик (Иброн. 13:7, 17).
3:2–4, 12. «Муқаддас пайғамбарларнинг» сўзларини ва «Халоскоримиз Исонинг» васиятини эслаб турсак, Яҳованинг маҳшар кунига тайёр турган бўламиз.
3:11–14. Яҳованинг маҳшар кунини ёдда тутиб биз: 1) жисмоний, ахлоқий, маънавий ва фикрларда «муқаддас юриш-туриш» билан ажралиб туришимиз; 2) «диёнат билан» савоб ишлар қилишга, яъни самовий Шоҳлик хабарини тарқатиб, шогирд орттиришга уринишимиз; 3) Яҳова, имондошларимиз ва умуман бошқа одамлар билан «тинч-тотув» яшашга жон куйдиришимиз; 4) бу дунёга хос бўлган ифлос нарсалардан йироқ туриб, «беғубор» бўлишга ҳаракат қилишимиз ва 5) ниятларимизни тоза тутиб «бенуқсон» туришга интилишимиз керак.