Кореядаги фаолиятимиз ўсишини ўз кўзим билан кўрдим
Милтон Ҳамильтон сўзлаб берди
«Минг афсус Корея ҳукумати, давлатига киришингизга рухсат бермади. [...] Шу сабабли, Японияда вақтинча хизмат қиласизлар».
БРУКЛИНДАН (Нью-Йорк, АҚШ) келган ушбу мактубни рафиқам билан 1954- йилда олдик. Ўша йили Нью-Йорк штатидаги Гилъад мактабининг 23- синфини битирдик. Бу хат келганида, биз вақтинча Индианаполисда (Индиана штати) хизмат қилаётган эдик.
Рафиқам Лизга келсак, у синфдошим эди, 1948- йилда эса турмуш қурганмиз. У тўла вақтли хизматни яхши кўрарди, лекин Қўшма Штатлардан ҳеч қаерга кетишни хоҳламасди. Фикрини ўзгартиришга нима ундади деб қизиқаётгандирсиз?
Бир куни Гилъад мактабида ўқишни истаганлар учун мўлжалланган учрашувга Лиз мен билан боришга розилик билдирди. Бу учрашув, 1953- йил Нью-Йоркдаги Янки ўйингоҳида ўтаётган халқаро анжуманида бўлди. Кўтаринки руҳда айтилган нутқдан сўнг, биз Гилъад мактабида ўқиш учун ариза тўлдирдик. Буни қарангки, келаси йил февраль ойида бизни ўқишга таклиф қилишди.
Аввалига бизни Кореяда хизмат қилишга тайинлашганди. Аммо у ерда уч йил (1950–1953) давом этган уруш дастидан мамлакат остин-устин бўлгани туфайли, бизни Японияга юборишди. 20 кунлик кема сафаридан кейин, 1955- йилнинг январь ойида Кореяга тайинланган 6 та махсус ваъзгўй билан тонг саҳарда манзилга етиб келдик. Ўша пайт Япония филиалида нозир бўлиб хизмат қилган Ллойд Бэрри бизни кутиб олиб, Йокохама шаҳридаги уйга бошлаб келди. Биз шу куннинг ўзидаёқ хизматга чиқдик.
Кореяга йўл олдик
Вақт ўтгач, Корея Республикасига киришимизга рухсат берилди. 1955- йил 7- март куни Токионинг халқаро Ханеда аэропортидан самолётимиз учди ва уч соатдан сўнг, Сеулнинг Ёйдо аэропортига қўнди. У ерда бизни 200 та корейс биродару опа-сингилларимиз қаршилаб олди. Қувончдан кўзларимиз ёшга тўлди. Ўша пайт Кореяда жами 1 000 та Яҳованинг Шоҳиди бор эди. Барча европаликлар қатори, биз ҳам Шарқда яшовчи одамларнинг кўриниши ва ўзларини тутишлари бир хил деб ўйлагандик. Тез орада адашганимизни пайқадик, зеро корейсларнинг нафақат тили ва алифбоси, балки миллий таомларию кийимлари антиқа бўлиб, юз тузилиши ҳам ўзига хос экан. Қолаверса, фақат уларнинг маданиятига оид, масалан меъморчилиги борлигини кўрдик.
Дуч келган биринчи қийинчилигимиз, бу тилни ўзлаштириш бўлган. Сабаби корейс тилини ўрганиш учун бирор бир қўлланмамиз йўқ эди. Корейс сўзларининг талаффузини инглиз тилидаги товушлар билан ҳар доим ҳам ифодалаб бўлмаслигини тушундик. Зотан тўғри талаффузни ўрганишда авваламбор корейс алифбосини ёдлаб олиш керак.
Гапирганимизда анчагина хато қилиб турардик. Масалан, Лиз хизмат пайтида бир аёлдан Муқаддас Китоб сўраганда, у негадир ҳайрон бўлиб, гугурт олиб чиқди. Лиз сонг кёнг (Муқаддас Китоб) ўрнига сонг янг (гугурт) деб айтибди.
Бир неча ой ўтгач, Пусан шаҳрида икки опамиз ва ўзимиз учун яшаш жой тайёрлашни менга топширишди. Бунинг учун уч хонали уйни ижарага олдим. Унинг шароити чатоқроқ эди. Сув фақат кечки пайтга бориб, зўрға иккинчи қаватгача кўтарилгани сабаб, навбатма-навбат азонда туриб сув таширдик. Уни албатта қайнатиш ёки хлорлаш керак эди.
Бу, муаммоларнинг ҳали ҳолваси экан. Электр қувватининг кучи шунчалик паст эдики, ҳатто кир ювиш машинаси ва дазмолдан фойдалана олмасдик. Ошхонамиз, кираверишдаги йўлакда жойлашганди. Овқат тайёрлаш учун эса фақатгина пиликли асбобимиз бор эди. Вақт ўтиб галма-галдан овқат пиширишга келишиб олдик. Уч йилдан сўнг, Лиз ва мен сариқ касаллигига чалиндик. Ўша йилларда айрим тўла вақтли хизматчиларга ҳам бу хасталик юққанди. Соғайиш учун кўп вақт кетгани етмаганидек, яна бошқа касалликларимиз ҳам безовта қилиб турарди.
Мушкул пайтдаги ёрдам
Охирги 55 йил мобайнида Корея ярим оролида сиёсий инқилоб давом этмоқда. У қуролсизлантирилган чегара билан ажратилган бўлиб, Корея Республикасининг пойтахти Сеулдан 55 километр нарида жойлашган. 1971- йили Бруклиндан Фредерик Френц биродаримиз келганида, мен уни ўша чегарагача кузатиб қўйгандим. Ҳақиқатан ер юзида ҳеч бир чегара бунчалик қўриқланмасди. Кўп йиллар давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари тез-тез ушбу икки давлатнинг расмий кишилари билан учрашиб турарди.
Албатта биз доимо сиёсий бетарафликни сақлашга интиламиз. Бу шунингдек Корея ярим оролидаги вазиятга ҳам тааллуқли эди (Юҳан. 17:14). Кореялик биродарларимиз қўлларига қурол олишдан ва ўзгаларга қарши жанг қилишдан бош тортишгани учун 13 000 дан ортиқ имондошимиз жами бўлиб 26 000 йилни қамоқхонада ўтказишди (2 Кор. 10:3, 4). Бугун ҳам кореялик ёш биродарларимизни шу каби синов кутиб турибди, аммо бу уларни ҳеч ҳам чўчитмайди. Ачинарлиси шундаки ҳукумат уларни жиноятчилардек ҳисобламоқда. Уларнинг биргина «жинояти» бетарафликдир.
Иккинчи жаҳон уруши даврида, яъни 1944- йилда мен ҳам ҳарбий бўлишдан бош тортганим учун икки ярим йил Пенсильвания штатидаги Льюисбург қамоқхонасида ўтириб чиқдим. Лекин кореялик ёш биродарларимнинг аҳволи меникидан анча оғирроқ эди. Шунингдек Кореядаги тўла вақтли хизматчиларининг кўпчилиги бундай синовга дуч келишди. Бу эса маҳаллий биродарларнинг имонини мустаҳкамламоқда (Ишаё 2:4).
Яна бир синов
Сиёсий бетарафликни сақлаш масаласида 1977- йилда яна бир қийинчиликка рўбарў бўлдик. Кореядаги аксарият ёшлар ҳарбий бўлмасликка ҳамда қурол олмасликка қарор қилаётганларида, ҳукумат бизнинг таъсиримиз бор деб ҳисоблади. Шу сабабли, давлатдан чиққан тўла вақтли хизматчиларга қайта кириш ман этилди. Ушбу чекланиш 1977–1987- йилгача давом этгани учун Кореядан чиқмасликка тўғри келди. Минг афсуски шу вақт ичида уйимизга бирон марта ҳам бора олмадик.
Биз давлат хизматчилари билан тез-тез учрашиб, Масиҳнинг издошлари бўлганимиз туфайли урушга қўшилмаслигимизни тушунтирардик. Охир оқибат улар бизни ҳеч нарса билан қўрқитиб бўлмаслигини англаб, (ўн йил ўтгач) муносабатларини ўзгартиришди. Ўша йилларда соғлиги ва бошқа сабабларга кўра, тўла вақтли хизматчиларнинг айримлари она юртларига кетишди, аммо кўпчилик жумладан биз ҳам Кореяда қолганмиз. Ва бундан ҳеч ҳам афсусланмадик.
1980- йилларда фаолиятимизга қарши чиққанлар, Яҳованинг Шоҳидлари ёшларга ҳарбий хизмат қилмасликка атайин ўргатишмоқда деб, масъулиятли биродарларимизга туҳмат қилишди. Ҳукуматдагилар ҳар биримизни алоҳида чақириб савол-жавоб ўтказишди. 1987- йил 22- январда эса бу айбловлар асоссиз эканлиги тан олинди. Бу, келажак учун жуда катта ёрдам бўлди.
Аллоҳнинг қут-баракалари
Кореядаги фаолиятимизга бўлган қаршилик борган сари кучайиб, анжуманларни ўтказиш учун жой топиш қийинлашиб борган. Шунинг учун Яҳованинг Шоҳидлари Пусанда шарқдаги биринчи Анжуман Залини қуришди. 1976- йил 5- апрелда эса у ердаги 1 300 та тингловчи олдида нутқ сўзлаш шарафига эга бўлдим.
Кореяда 1950- йилдан бошлаб, ўн минглаб америкалик ҳарбийлар хизмат қилишган. Қўшма Штатларга қайтгач, улардан кўпи Яҳованинг Шоҳидлари бўлишди. Ҳозир эса улар билан хат ёзишиб турамиз. Ҳақиқатни билишларига ёрдам берганимизни, Худонинг баракаси деб биламиз.
Ачинарлиси, 2006- йил 26- сентябрда суюкли хотинимдан айрилдим. Мен уни тез-тез эслаб тураман. Бу юртда 51- йил давомида хизмат қилиб, у ҳеч қачон нолимай, ҳар бир топшириқни хурсандчилик билан бажарарди. Қачонлардир Қўшма Штатлардан кетишни хоҳламаган Лиз, она юртимизга қайтиш ҳақида ҳеч ҳам гап очмаган.
Бугун ҳам мен Кореядаги Байтилда хизмат қиляпман. Кўп йиллар олдин бу ердаги оиламиз кичкинагина эди, ҳозир эса 250 тага яқин киши хизмат қиляпти. Мамлакатдаги воизлик фаолиятини бошқараётган филиал қўмитаси етти кишидан иборат. Ва унинг аъзоси бўлиш мен учун катта шараф.
Биринчи келганимизда Кореядаги аҳвол чатоқ эди. Ҳозир эса у, дунёнинг гуллаб-яшнаётган мамлакатларидан биридир. Бу ерда 945 000 дан ортиқ Яҳованинг Шоҳидлари бор бўлиб, улардан тахминан 40 фоизи доимий ёки кўмакчи кашшоф тариқасида хизмат қилмоқда. Буларнинг барчасини кўриш, хизматимни янада қадрлашга ундаяпти.
[24- саҳифадаги расм]
Тўла вақтли хизматчилар билан Кореяга келганимиз
[24- ва 25- саҳифадаги расм]
Пусандаги хизматимиз
[25- саҳифадаги расм]
Френц биродаримиз билан чегарада. 1971- йил
[26- саҳифадаги расм]
Рафиқам Лиз билан
[26- саҳифадаги расм]
Кореядаги филиал