Исонинг сўзлари ҳаётингизга таъсир қилишига йўл қўйинг
Худо юборган Зот Худонинг сўзларини гапиради. ЮҲАН. 3:34
1, 2. Тоғдаги ваъз нима билан таққосланяпти ва Исо доимо «Худонинг сўзларига» асослангани нимадан кўриняпти?
ЗАМОНАМИЗДАГИ энг катта олмослардан бири, 530 каратли «Африканинг Юлдузи» ҳисобланади. Ҳа, бу ниҳоятда қимматбаҳо тош! Бироқ Исонинг Тоғдаги ваъзи бундан ҳам қимматлидир. Ва бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, чунки ундаги фикрлар манбаи Худованд Яҳовадир! Исо бу ҳақда: «Худо юборган Зот Худонинг сўзларини гапиради»,— деган (Юҳан. 3:34–36).
2 Гарчи Исо, Тоғдаги ваъзини тахминан ярим соат ичида сўзлаган бўлса-да, Тавротнинг бир неча оятларини қўллаган. Бундан кўриниб турибдики, Исо доимо «Худонинг сўзларига» асосланиб гапирарди. Маҳорат ила айтилган ваъзнинг бебаҳо маслаҳатларини ҳаётимизда қандай қўллашимиз мумкин? Ҳозир буни кўриб чиқамиз.
«Аввал биродаринг билан ярашгил»
3. Исо шогирдларига ғазабнинг оқибати тўғрисида айтгач, қандай маслаҳат берган?
3 Худонинг муқаддас руҳи масиҳчиларни бошқараётгани сабаб, уларни бахтли ва тинчликсевар деса бўлади. Ушбу руҳнинг самараси севинч ва хотиржамликдир (Галат. 5:22, 23). Шогирдлар тинчлик ва бахт ҳиссини йўқотиб қўйишларини Исо ҳечам хоҳламаган. Шунинг учун ҳам узоқ вақт давом этадиган ғазабнинг оқибатлари тўғрисида огоҳлантирган (Матто 5:21, 22 ўқиб беринг). У қуйидагича деган: «Сен хайр-эҳсонингни қурбонгоҳга олиб келганингда, агар у ерда биродаринг сендан хафа экани ёдингга тушса, хайр-эҳсонингни у ерда, қурбонгоҳ олдида қолдир ва бориб, аввал биродаринг билан ярашгил. Шундан кейин келиб, хайр-эҳсонингни бажо келтир» (Мат. 5:23, 24).
4, 5. а) Исо айтган «хайр-эҳсон» нимани англатган? б) Хафа бўлган биродар билан ярашиш қанчалик зарур?
4 Исо айтган «хайр-эҳсон», Қуддуснинг маъбадига келтирилган турли қурбонликлар бўлиши мумкин эди. Масалан, ўшанда ҳайвонларни қурбонликка келтириш, Яҳовага топинишнинг бир қисми бўлган. Аммо Исо, Аллоҳга қурбонлик келтиришдан аввал, биродар билан ярашиш зарурлигига диққат қаратган.
5 Исонинг бу маслаҳатида қандай сабоқ бор? Бошқаларга қилган муомаламиз, Яҳова билан бўлган муносабатимизга таъсир қилиши шубҳасиз (1 Юҳан. 4:20). Дарҳақиқат, қадимда кишининг муносабати ўзгалар билан ёмон бўлса, келтирган қурбони ҳам беҳуда ҳисобланарди (Михо 6:8 ўқиб беринг)a.
Камтарликнинг муҳимлиги
6, 7. Хафа бўлган биродар билан ярашаётганда, нега камтаринлик талаб этилади?
6 Хафа бўлган биродар билан ярашиш, камтарин эканимизни текширишга ёрдам беради. Камтарин киши, ўзининг тўғрилигини исботлаб, имондоши билан баҳслашиб ўтирмайди. Чунки Коринф жамоатида бўлганидек, бунинг оқибати аянчли тугаши турган гап. Бу борада Инжилда мана нима дейилган: «Бир-бирингиз билан даъволашишнинг ўзи ҳам сизлар учун тамоман мағлубиятдир. Ҳақсизликка чидаб турганингиз сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди? Ҳақ-ҳуқуқингиз топталгани сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди?» (1 Кор. 6:7).
7 Шуни айтиш лозимки, ярашишнинг мақсади ким ҳақ, ким ноҳақ эканини аниқлашда эмас. Аксинча, биз тинчлик ўрнатишимиз ўта зарур. Бунинг учун эса кўнглимиздан кечганини очиқчасига айтиш тўғри бўларди. Шу ўринда, бу унга ҳам оғир ботганини тан олиш керак. Бордию ўзимиздан ўтган бўлса, камтаринлик ила кечирим сўрашга тортинмайлик.
«Агар сенинг ўнг кўзинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса»
8. Ахлоқ борасида Исо қандай маслаҳат берган?
8 Шунингдек Исо, ахлоқсизлик борасида ҳам доно маслаҳат берган. Номукаммал эканимизни билиб, у шундай деди: «Агар сенинг ўнг кўзинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни суғуриб ташла. Чунки бутун баданинг жаҳаннамга ташланишидан кўра, аъзойингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир. Агар сенинг ўнг қўлинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни чопиб ташла.Чунки бутун баданинг жаҳаннамга йўлиқишидан кўра, аъзойингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир» (Мат. 5:29, 30).
9. «Кўз» ёки «қўл» қанақасига гуноҳ қилишга сабаб бўлиши мумкин?
9 «Кўз», бирон нарсага диққат билан қараш қобилиятига, «қўл» эса биз қилаётган ишларимизни назарда тутади. Бордию эҳтиёт бўлмасак, осонликча гуноҳга йўл қўйиб, Эгамиз билан юрмай қўйишимиз мумкин (Ибт. 5:22; 6:9). Айтайлик, Яҳовага бўйсунмаслик васвасасига тушиб қолдик. Бундай пайтларда, рамзий маънода кўзни суғуриш ёки қўлни чопиб ташлашга иккиланмаслик керак.
10, 11. Ахлоқсизликдан узоқлашиш ниятида нима қилиш оқилонадир?
10 Ахлоқсиз нарсалар эътиборимизни жалб қилмаслиги учун нима қилиш лозим? Масалан, Аюб пайғамбар бу ҳақда шундай деган: «Кўзларим билан аҳд қилганман. Аёлга маҳлиё бўлиб қарашга қандай журъат этдим?» (Аюб 31:1, ЯДТ). Аюб уйланган киши бўла туриб, Худонинг юқори меъёрлари бўйича умр кечиришга қарор қилган. Биз ҳам турмуш қурганмизми ёки йўқми, шу каби йўл тутишимиз ўта муҳим. Аллоҳнинг муқаддас руҳи ёрдамида жинсий ахлоқсизликдан қочиш имкони бор. Негаки У, ибо каби фазилатни ривожлантиришимизга йўл очиб беради (Галат. 5:22–25).
11 Ахлоқсизликдан узоқлашиш ниятида, шундай савол беришимиз оқилонадир: «Китоб, теледастур ва Интернетдаги маълумотни томоша қилиб, жирканч ишга қўл урмаяпманми?» Инжилдаги мана шу маслаҳатни ёдда сақлаш бизга кўмаклашади: «Ҳар ким ўзининг эҳтиросига берилиб, алданиб васвасага дучор бўлади. Кейин эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга сабаб бўлади» (Ёқб. 1:14, 15). Агар Худонинг хизматчиси ўзга жинсдаги кишига «шаҳват билан» қарашни давом этаётган бўлса, бунга батамом чек қўйиш даркор (Матто 5:27, 28 ўқиб беринг).
12. Ахлоқий ҳирсу ҳавасларни енгиш учун қайси маслаҳатни эсда сақлаш даркор?
12 Қўлнинг нотўғри ҳаракатлари дастидан жиддий муаммо туғилар экан, ахлоқан пок қолишга жон куйдирайлик. Бунинг учун, Павлуснинг қуйидаги маслаҳатига қулоқ солайлик: «Ерга хос нафсингизни тийиб, фаҳшбозлик, нопоклик, ёмон ҳирсу ҳаваслар ҳамда бутпарастлик билан тенг бўлган тамагирликни ўлдиринглар» (Колос. 3:5). Ахлоқий ҳирсу ҳавасларни енгиш учун жиддий чоралар кўрсак, уларни «ўлдирган» бўламиз.
13, 14. Нега пок фикрлар пайидан бўлиш ўта муҳим?
13 Масалан, қўл ёки оёғнинг носоғ қисми кишининг ҳаётига хавф туғдирса, омон қолиш учун у ҳойнаҳой уни кестириб ташлашга рози бўлади. Шу сингари, ахлоқсиз фикрлару ҳаракатлардан қочиш ниятда рамзий маънода кўз ва қўлдан воз кечиш муҳим. Хуллас, абадий нобуд бўлмай десангиз, фикр, ахлоқ ва маънан пок қолишга шижоат кўрсатинг.
14 Гуноҳкор банда эканмиз, ахлоқан пок қолиш учун яхшигина ҳаракат керак. Павлус: «Баданимни турткилаб, ўзимга қул қилиб оламан, токи бошқаларга насиҳат қилиб туриб, ўзим ярамас бўлиб қолмайин»,— дея бежиз айтмаган (1 Кор. 9:27). Бу борада Исонинг гапларига итоатли бўлиб, унинг биз учун тўккан қонига миннатдор эканимизни кўрсатайлик (Мат. 20:28; Иброн. 6:4–6).
Сахий бўлинглар
15, 16. а) Сахийликда Исо қандай ўрнак кўрсатган? б) Исо одамларни сахийликка чорлаб нима деган?
15 Исонинг сўзларию ажойиб ўрнаги, кишини сахий бўлишга ундайди. У ер юзига келиб, номукаммал одамларга хизмат қилган (2 Коринфликларга 8:9 ўқиб беринг). Шунингдек, гуноҳкорлар учун ўз жонини бергани, кўпларга қут-барака келтирди. Баъзилар ҳатто унинг ворисдошлари бўлиш шарафига эгалар (Рим. 8:16, 17). Қолаверса, одамларни сахийликка чорлаб, у шундай гапирган.
16 «Бошқаларга беринг, сизларга ҳам қайтади — яхшилаб босилган, силкитилган, тўлиб-тошган ўлчов билан қўйин-қўнжингизга тўкилади. Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, худди шундай ўлчов сизларга ҳам татбиқ этилади» (Луқо 6:38). Бу ерда қадимги бир одат назарда тутиляпти. Яъни, сотувчилар донни харидорнинг қўйнига солиб беришарди. Агар биз ҳам доимо сахий бўлсак, муҳтожликда қолмаслигимиз шубҳасиздир (Воиз 11:2).
17. Яҳова сахийликда қанақа ўрнак кўрсатган ва Унга қандай тақлид қила оламиз?
17 Бошқалардан ҳеч нарсани аямайдиган кишиларни, Яҳова Таоло албатта муборак қилади. Ахир Унинг Ўзи бунда юксак ўрнак кўрсатган-ку. Чунончи, Исога «ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин», дея уни қурбонликка берган (Юҳан. 3:16). Павлус ҳам шундай ёзган: «Қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади; мўл эккан эса мўл ўриб олади. Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Худо рози бўлиб берувчини севади» (2 Кор. 9:6, 7). Ҳа азизлар, Худо йўлида вақт, куч ҳамда бошқа нарсаларимизни қизғанмасак, албатта қувонч ва барака топамиз (Ҳикматлар 19:17; Луқо 16:9 ўқиб беринг).
«Ўтган-кетганга жар солма»
18. Нима туфайли осмондаги Отамиздан мукофот ололмаймиз?
18 «Эҳтиёт бўлинглар, савобли ишингизни одамларга кўриниш учун ҳамманинг кўз ўнгида қилманглар. Акс ҳолда осмондаги Отангиздан мукофот ололмайсизлар» (Мат. 6:1). «Савобли иш» дегани, Аллоҳга маъқул бўлган юриш-туришдир. Бу сўзлар билан Исо, хайрли ишларни умуман қилмаслик керак демоқчи эмасди. Аксинча, шогирдларининг нури инсонлар олдида порлаши кераклигини уларга буюрган (Мат. 5:14–16). Бироқ, томошабинларнинг эътиборини ўзига қаратмоқчи бўлган саҳнадаги актёрлар сингари ўзимизни тутсак, осмондаги Отамиздан мукофот ололмаймиз. Аниқроғи, Худо билан дўстона муносабату келажакдаги қут-баракалардан маҳрум бўламиз.
19, 20. а) «Садақа бериш» борасида Исо нима деган? б) Хайрли ишларни қилаётиб, нимани ёдда сақлаш муҳим?
19 Агар фикрлаш тарзимиз ижобий бўлса, қуйидаги маслаҳатга амал қилишимиз осон кечади: «Бировга садақа бермоқчи бўлсанг, ўтган-кетганга жар солма. Иккиюзламачиларгина одамлардан олқиш олиш учун ибодатхоналарда ва кўча-кўйда шундай қиладилар. Сизларга чинини айтайин: булар ўзларига яраша мукофотни олиб бўлдилар» (Мат. 6:2). Исо ва унинг шогирдларида, камбағалларга ёрдам бериш учун мўлжалланган пул бор эди (Юҳан. 12:5–8; 13:29). Аслини олганда, садақа берганлар ўтган-кетганга том маънода жар солишмасди. Унда Исо нима демоқчи эди? У, одам қилган яхши иши тўғрисида ҳаммага гапириб юриши шарт эмаслигини уқтирмоқчи бўлган. Шундай экан, фарзийлар каби хўжакўрсинга иш қилишдан қочайлик. Зеро улар ибодатхоналарда ва кўча-кўйда хайрли ишлари ҳақида жар солишарди. Шунинг учун ҳам Исо уларнинг иккиюзламачилигини фош қилар эди. Дарвоқе, бундайлар «ўзларига яраша мукофотни олиб бўлдилар». Қайси маънода? Уларга, зиёфатлару ибодатхоналарда ҳурматли ўринда ўтириш насиб этган холос. Тангри Яҳова ушбу мунофиқларга бошқа нарсани раво кўрармиди?! (Мат. 23:6). Улардан фарқли равишда, биз Исонинг шогирдлари каби мана шу насиҳатга амал қилмоқчимиз.
20 «Сен садақа бераётганингда, чап қўлинг ўнг қўлинг нима қилаётганини билмасин. Яъни сенинг мурувватинг яширин бўлсин. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди» (Мат. 6:3, 4). Тўғри, кўп ишни бажаришда иккала қўлдан фойдаланамиз. Шул боис, «чап қўлинг ўнг қўлинг нима қилаётганини билмасин» деган ибораси, қилган хайрли ишларимизни ҳатто яқин кишиларимизга кўз-кўз қилмасликни англатади.
21. Яширин бўлганларни Кўрувчи бизни қандай тақдирлайди?
21 Хуллас, савоб иш қилдим деб мақтаниб юрмасак, хайрли ишларимиз «яширин» қолади. Аммо яширин бўлганларни кўрувчи Тангри Яҳова бизни аниқ тақдирлайди (Юҳан. 1:18). Яъни, Парвардигоримиз билан яқин муносабатга, гуноҳларимизнинг кечирилишига ҳамда абадий ҳаётга сазовор бўламиз (Ҳик. 3:32; Юҳан. 17:3; Эфес. 1:7). Ахир бу, одамлардан мақтов эшитишдан кўра афзал эмасми?!
Қалбда сақланадиган бебаҳо хазина
22, 23. Нега Устозимизнинг насиҳатларига бўйсунишимиз керак?
22 Чиндан ҳам, Тоғдаги ваъз бебаҳо хазинадир. Чунки унда, ҳатто бу разил дунёда қувонч бахш этувчи кўпдан-кўп қимматбаҳо маслаҳатлар ёзилган. Дарҳақиқат, ушбу сўзларнинг қадрига етиб, улар ҳаётимизга таъсир қилишига йўл қўйибгина бахтга эришамиз.
23 Исонинг насиҳатларини «эшитиб, уларни бажо келтирганлар» қут-барака кўришади (Матто 7:24, 25 ўқиб беринг). Илоё, бундан буён ҳам Устозимизнинг айтганларига бўйсуниб яшайлик! Келаси мақолада эса Тоғдаги ваъзнинг бошқа маслаҳатларини ҳам муҳокама қиламиз.
[Изоҳ]
a Михо 6:8, ЯДТ: «Эй инсон, У сенга нима яхши эканини айтди. Ахир Яҳова сендан адолатли йўл тутиш, эзгуликни севиш ва Худойинг билан камтарин бўлиб юришдан бошқа нарсани талаб қилармиди?».
Қандай жавоб берардингиз?
• Нега хафа бўлган биродар билан ярашиш муҳим?
• Қандай қилиб гуноҳнинг олдини олса бўлади?
• «Садақа беришда» нимани унутмаслик даркор?
[11- саҳифадаги расм]
Хафа бўлган имондошимиз билан ярашиш нақадар яхши!
[12-, 13- саҳифадаги расмлар]
Яҳова сахий кишиларни аниқ тақдирлайди