Этхайнинг садоқатидан ўрнак олинг
«ТАНГРИ ТАОЛО, ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй элу халқлар Подшоҳи! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақдир Эй Худованди карим! Ким чўчимас экан Сендан? Ким улуғламас экан исмингни?» Самода, «ҳайвонга, унинг тасвири, [тамғаси] ҳамда номининг сонига қарши ғалаба қозонганлар», Аллоҳнинг садоқати учун шарафлашмоқда (Ваҳ. 15:2–4). Ўз навбатида Тангри Яҳова ҳам, Ўз хизматчиларидан содиқ бўлишларини кутади (Эфес. 4:24).
Шайтон Иблис эса, Худонинг хизматчиларини тўғри йўлдан қайтариш учун бор кучини ишга соляпти. Бироқ, улар бу қабиҳ шахснинг қаршиликларига таслим бўлмай, Эгамизга садоқатли қолишмоқда. Унутмангки, Тангри Яҳова шу каби вафодорлигингизни ўта қадрлайди! Қолаверса, Унинг Каломи: «Худованд адолатни севар, Ўз азизларини ташлаб кетмас»,— дея бизни ишонтирмоқда (Заб. 36:28). Бундан ташқари, Унинг садоқатли хизматчиларининг мисоллари Муқаддас Китобда жуда кўп. Улардан бири Этхай.
Этхайнинг мисоли
Этхай, Гўлиёт яшаган Филистнинг Гат шаҳридан эди. Муқаддас Китобга кўра у, Абсалом отаси Довудга фитна уюштирган даврда яшаган. У 600 та филистлик билан Қуддус томонга қочиб кетганди.
Бундан хабардор бўлган Довуд, ўзи ҳам қачонлардир 600 та исроиллик билан Гат шоҳи Охиш томонига ўтиб кетганини эслайди (1 Шоҳ. 27:2, 3). Абсалом отаси Довудга қарши исён кўтарганида, Этхай ўз лашкарлари билан кимнинг тарафида эдилар?
Шоҳ Довуд Қуддусдан қочиб, шаҳарнинг энг четидаги уйда тўхтайди (2 Шоҳ. 15:17). Кейин эса садоқатли исроилликлардан ташқари, Этхай ва унинг олти юзта харетлик ва палатлик қўриқчилари Довуд томонига ўтишади (2 Шоҳ. 15:18).
Довуд самимийлик ила Этхайдан: «Нимага сен биз билан келяпсан?» — деб сўради. Кейин давом этиб, шундай деди: «Орқангга қайт, ким шоҳ бўлса, ўша шоҳ билан қол, чунки сен ватанидан қувилган бир бегонасан. Сен кечагина келдинг. Мен эса бугун қаерга боришимни ўзим билмайман-у, сени бирга олиб кетиб сарсон қилайми? Қани, биродарларинг билан орқага қайт. Худо марҳаматини ва садоқатини сендан дариғ тутмасин!» (2 Шоҳ. 15:19, 20).
Этхай дангал шоҳга шундай жавоб берди: «Шоҳ ҳазратлари! Худо ҳақи, хоҳ ҳаёт учун бўлсин, хоҳ ўлим учун бўлсин, сиз қаерда бўлсангиз, мен, қулингиз, ҳам ўша ерда бўламан» (2 Шоҳ. 15:21). Эҳтимол бу, Довудга момоси Рутнинг гапларини эслатгандир (Рут 1:16, 17). Бундан таъсирланган Довуд: «Бўпти, мен билан юравер»,— деди. Шундан кейин Этхай ва унинг ҳамма одамлари, бола-чақалари билан Довуднинг ёнидан ўтиб йўлда давом этишди (2 Шоҳ. 15:22).
«Таълим олишимиз учун ёзилган»
Инжилда қуйидагича айтилган: «Қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учундир» (Рим. 15:4). Хўш, Этхайнинг мисолидан қанақа сабоқ олсак бўлади? Бу жасур аскар нега Довудга содиқ қолган? Тўғри, Этхай ўз юртида бўлмагани ва бунинг устига қочиб юргани туфайли унга осон эмасди. Аммо шунга қарамай, Яҳовани ҳақ Аллоҳ эканини ҳамда Унинг мойланган хизматчиси Довудни тан олган. Шунингдек у, исроилликлар билан филистликларнинг можаросига умуман қарши бўлган. Сабаби, Этхай миллатчилик қилишдан йироқлашарди. Довуд, баҳайбат Гўлиётни ва унинг бир талай ватандошларини ўлдирганидан ҳам Этхайнинг хабари бор эди (1 Шоҳ. 18:6, 7). Шу тариқа шоҳ, Яҳовага садоқатли эканини ва унинг ажойиб фазилатлари борлигидан Этхай шубҳаланмаган. Довуд ҳам бу аскарни жудаям қадрларди. Шунинг учун, Абсаломга қарши жанг бўлганда, Довуд лашкарларининг учдан бир қисмини «Этхайнинг назоратига» топширган (2 Шоҳ. 18:2).
Биз ҳам ўзгаларнинг миллати ва маданиятига эмас, балки яхши фазилатларига диққат қаратишимиз керак. Кўриб турганимиздек, Довуд ва Этхайнинг ўртасидаги дўстона муносабат, бизни ҳам бошқа халқдаги инсонларга Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашга ундайди.
Энди, шундай саволлар борасида фикр юритиб кўрайлик: «Буюк Устозимиз Исога ишониб, садоқатни намоён этяпманми? Ваъзгўйлик фаолиятида ғайрат ила хизмат қилишга жон куйдиряпманми? (Мат. 24:14; 28:19, 20). Худога бўлган садоқатни исботлаш учун нимага тайёрман?»
Этхайнинг садоқати борасида оила бошлари ҳам ўйлаб кўришлари оқилонадир. У Довудга вафодор бўлиб, Худо тайинлаган шоҳ билан юриш қарори, лашкарига ҳам таъсир қилган. Шу сингари, оиланинг боши ҳақ топинишга астойдил уринса, бу унинг уйидагилари учун яхши ўрнак бўлади. Зотан, Забур 17:26 да Эгамиз тўғрисида: «Содиқ кишига Сен садоқат кўрсатасан»,— деб бекорга айтилмаган.
Садоқатли Этхай ҳақида Муқаддас Китобда кўп нарса ёзилмаган бўлса-да, Довуднинг Абсаломга қарши жангида унинг шахсияти яхши ёритилган. Бу, Яҳовани яхшироқ билишимизга ва садоқатимиз мукофотсиз қолмаслигига бизни ишонтиради (Иброн. 6:10).