Қийин дамларда ҳам қувончни сақлаб қолинг
[Яҳовадан] паноҳ топган ҳамма севингай, доимо қувониб тараннум этишгай. ЗАБ. 5:12
1, 2. а) Бугунги кунда одамлар нима сабабдан қайғу чекишмоқда? б) Худонинг хизматчилари бу қийинчиликлардан ташқари, яна қандай муаммоларга дуч келишяпти?
ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ инсоният бошига тушаётган кулфатлардан ҳоли эмаслар. Улардан кўпчилиги содир бўлаётган жиноятчилик, урушлар ва адолатсизлик дастидан азоб чекишмоқда. Табиат офатлари, қашшоқлик, касаллик ва ўлим ҳам одамларга ғам-қайғу келтирмоқда. Шунинг учун, ҳаворий Павлус: «Биламизки, борлиқ махлуқот ҳозирга қадар биргаликда оҳ-нола қилиб, гўё туғиш азобини чекиб ётибди»,— деб бекорга айтмаган эди (Рим. 8:22). Устига-устак, номукаммаллик дастидан кўп хатоларга йўл қўямиз. Шоҳ Довуд каби биз ҳам: «Менинг ёмонликларим бошимдан ошди, оғир юк каби устимга босди»,— деб айтишимиз мумкин (Заб. 37:5).
2 Бахтсизликлар бутун дунёда содир бўлаётгани етмаганидек, имондошларимиз мажозий азоб-уқубат устунини елкаларида кўтариб келмоқдалар (Луқо 14:27). Қадимда, Исони қандай таъқиб қилишган бўлса, бугун ҳам унинг шогирдларига шундай муносабатда бўлишмоқда (Мат. 10:22, 23; Юҳан. 15:20; 16:2). Шундай экан, янги дунё келмагунича, Худонинг барча хизматчиларидан сабр-бардошли бўлиш кутилади (Мат. 7:13, 14; Луқо 13:24).
3. Худойимиз Яҳова, бахтли бўлишимизни хоҳлаётганини қаердан биламиз?
3 Хўш, бу нарсалар масиҳчиларни бахт ва қувончдан маҳрум қиляптими? Охирзамон келгунига қадар оҳу-нола қилишимиз керакми? Йўқ! Зеро, Яҳова бизни бахтли бўлишимизни хоҳлайди. Нега деганда, У бизга ажойиб ваъдаларни берган. Қолаверса, Муқаддас Китобда айтилишича, Худонинг хизматчилари бахтли халқдир (Ишаё 65:13, 14). Забур 5:12 да эса: «[Яҳовадан] паноҳ топган ҳамма севингай, доимо қувониб тараннум этишгай»,— дея ёзилган. Ҳа, қанча қайғу-алам бўлишига қарамай, қувонч ва хотиржамликни ҳис этишимиз мумкин. Ҳозир эса, қандай қилиб қийин дамларда ҳам қувончни сақлаб қолиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Яҳова — «Муборак Худодир»
4. Яҳованинг ҳукмронлигини рад этишганда, У нимани ҳис қилади?
4 Яҳованинг мисолини кўриб чиқайлик. Қудратли Парвардигоримиз ҳеч нарсага муҳтож эмас. Шундай бўлса-да, Яҳованинг бир фариштаси исён кўтариб Шайтонга айланганида, У бундан ранжиган эди. Кейинчалик, бу исёнга бошқа руҳий шахслар ҳам қўшилган. Буниси етмаганидек, Одам Ато билан Момо Ҳаво ҳам Эгамиздан юз ўгирган. Ўша дамлар, Яҳовага қанчалик оғир ботганини кўз олдингизга келтира оласизми?! Ўшандан бери, миллиардлаб инсонлар Яҳованинг ҳукмдорлигини рад этиб келмоқда (Рим. 3:23).
5. Яҳовани нима айниқса ранжитади?
5 Шайтоннинг исёни бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Эгамиз Яҳова 6 000 йилдан бери бутпарастлик, зўравонлик ва жинсий ахлоқсизликка чидаб келяпти (Ибт. 6:5, 6, 11, 12). Бундан ташқари, одамларнинг туҳматию шак келтиришларини эшитиб келмоқда. Қизиғи шундаки, ҳатто ҳақ топинувчилар ҳам баъзида Худони ранжитиб қўйиши мумкин. Бу ҳақда, Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Неча марталаб чўлда Унинг ғашини келтирдилар, дашт-биёбонда Уни ғазаблантирдилар! Улар Худони қайта-қайта синадилар, Исроилнинг муқаддас Тангрисини ранжитдилар» (Заб. 77:40, 41). Қадимги исроилликлардан кўпчилиги Яҳовадан юз ўгирганида, Унинг қалби қанчалик оғриганини тасаввур қилиш қийин (Ерм. 3:1–10). Ҳақиқатан ҳам, кўнгилсизликлар ҳар сафар содир этилганида, Яҳова жуда хафа бўларди (Ишаё 63:9 ўқинг)a.
6. Кулфатларга Тангри Яҳова қандай муносабатда?
6 Эътиборли томони шундаки, кулфатлар Яҳовага анчагина азоб етказаётган бўлса-да, У барибир Ўз ишини бажаришда тўхтамайди. Масалан, қийинчиликлар пайдо бўлишни бошласа, Яҳова вазиятга ижобий нуқтаи назар билан қараб, дарҳол бирон-бир чора кўришга тушади. Шу тариқа, Ўз ниятини охиригача бажаришга интилади. Худованд доно қарор чиқариш орқали, ҳукмронлиги келажакда албатта оқланишига ишонади. Бу эса, Унинг хизматчиларига барака келтириши шубҳасиздир (Заб. 103:31). Чиндан ҳам, дунёда ёвузлик ошиб-тошишига қарамасдан, Тангримиз Яҳова — Муборак Худо бўлиб қолаверади (1 Тим. 1:11; Заб. 15:11).
7, 8. Қийинчиликлар пайдо бўлганда, Яҳовага қандай тақлид қилишимиз мумкин?
7 Тўғри, муаммоларни ҳал қилишда ўзимизни Яҳова билан солиштира олмаймиз. Бироқ, қийинчиликларга қарши туришда биз Унга тақлид қилишимиз мумкин. Хуллас, мушкул пайтларда тушкунликка тушишимиз табиий ҳол. Лекин бу, қўл қовуштириб ўтириш кераклигини англатмайди. Нега деганда, биз Яҳованинг суратига кўра яратилганмиз. Шундай экан, муаммолар пайдо бўлганда биз ҳам фикр юритиб, уни ечиш чораларини кўришимиз мумкин. Бундай йўл тутсак, ҳар қандай вазиятда ижобий нуқтаи назарга эга эканимизни кўрсатган бўламиз.
8 Муайян нарсалар бизга боғлиқ эмас, буни тушуниш ҳаётдаги қийинчиликларни енгишимизга ёрдам берадиган яна бир муҳим омилдир. Агар, бунақа вазиятларда оҳ-воҳ қилиб ўтирсак, илоҳий хизматимиз келтирадиган қувончни ҳам йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Шундай экан, диққатимизни муаммоларни ҳал этишга ва қўйган мақсадларимизга эришишга қаратишимиз даркор. Бу маслаҳатни тушуниш учун, Муқаддас Китобдаги баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.
Мулоҳазакорлик муҳимдир
9. Ханна мулоҳазакор эканини қандай кўрсатган?
9 Шомуил пайғамбарнинг онаси Ханнанинг мисолини кўриб чиқайлик. У фарзандсиз бўлганлиги учун тушкунликка тушарди, буниси етмаганидек унинг кундоши ҳам устидан куларди. Баъзан Ханнанинг кайфияти бузилиб, йиғлар ва ҳатто бирор нарса ейишга иштаҳаси бўлмасди (1 Шоҳ. 1:2–7). Бир куни, Ханна Яҳованинг маъбадига бориб «аччиқ-аччиқ йиғлаб, Эгамизга ибодат қилади» (1 Шоҳ. 1:10). Яҳовага дилини тўкиб солганидан сўнг, олий руҳоний Элах унга: «Эсон-омон бор... Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин»,— деб дуо қилади (1 Шоҳ. 1:17). Бундан кўриниб турибдики, бола кўриш ёки кўрмаслик унга боғлиқ эмаслигини Ханна тушунарди. Шу йўсин, Ханна мулоҳазакорликни намоён этди. Кейин эса, у «бориб овқат еди, энди чеҳраси ғамгин эмас эди» (1 Шоҳ. 1:18).
10. Павлус қийинчиликларга қандай муносабатда бўлган?
10 Ҳаворий Павлус ҳам қийинчиликларга нисбатан ижобий нуқтаи назарга эга эди. Унинг бир касал ери бўлиб, ўзи бу ҳақда шундай деган: «Баданимга бир ниш, мени ниқталайверади» (2 Кор. 12:7). Бадандаги ниш тўғрисида гапирганида, Павлус нимани назарда тутганини биз билмаймиз. Нима бўлганда ҳам, бундай қийноқ уни Яҳовага илтижо қилиб тасалли топишга ундаган. Хўш, Павлус неча марта ибодат қилган? Нақ уч марта. Учинчи ибодатидан кейин, Худо унинг баданидаги нишни мўъжизавий тарзда олиб ташламаслигини айтган. Павлус буни тан олиб, Яҳовага бўлган хизматини астойдил давом эттирган (2 Коринфликларга 12:8–10 ўқинг).
11. Қийинчиликларни енгишда, ибодату илтижолар қандай аҳамиятга эга?
11 Ушбу мисол, қийинчилик пайтларида Яҳовага ибодат қилмасликни англатмайди (Заб. 85:7). Аксинча, Аллоҳнинг Каломида шундай дейилган: «Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар». Сизнингча, Аллоҳимиз ибодату илтижоларимизга қандай қилиб жавоб беради? Муқаддас Китобда ибодатнинг давоми қуйидагича ёзилган: «Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади» (Филип. 4:6, 7). Ҳа, Тангримиз Яҳова бошимизга тушаётган кўргиликларни мўъжизавий тарзда олиб қўймайди. Бироқ, уларга чидашимиз учун бизга куч ато этади. Шу йўсин, ибодат қилганимиздан сўнг, кўнглимизга ғулғула солаётган ташвишлар ортда қолади.
Худонинг иродасини бажариб қувонч топинг
12. Кўп вақт давомида сиқилиб юришнинг қандай зарари бор?
12 Ҳикматлар 24:10 да қуйидагича ёзилган: «Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир». Ҳикматлар китобининг бошқа оятида эса: «Юрак... ғамгин бўлса — руҳ тушкундир»,— дейилган (Ҳик. 15:13). Баъзи масиҳчилар шунчалик тушкунликка тушиб қолишадики, ҳатто Муқаддас Китобни ўқиш ва унинг устидан фикр юритишни тўхтатиб қўйишади. Қолаверса, уларнинг ибодати ҳам бора-бора юзаки бўлиб, имондошларидан ажралиб юриши мумкин. Албатта, узоқ вақт давомида сиқилиб юриш ёмон оқибатларга олиб келади (Ҳик. 18:1, 14).
13. Тушкунликка тушмасликка нималар ёрдам беради ва қай йўсин улар хурсандчилик келтира олади?
13 Ҳаётимиздаги ижобий нарсалар ҳақида мулоҳаза юритсак, қувончимизни сақлаб қоламиз. Зотан, ҳазрати Довуд шундай ёзган: «Хоҳишингни бажармоқ истайман, эй Худойим» (Заб. 39:9). Дарҳақиқат, тушкунликка тушмасликнинг энг яхши йўли —хурсандчилик келтирадиган илоҳий хизматда ғайрат билан иштирок этишдир. Шунингдек, Яҳова Таоло барчамизни Муқаддас Китобни доимо ўқиб, унинг устидан фикр юритишга ундамоқда. Зеро, буларнинг барчаси бахт ва севинч келтириши шубҳасиздир (Заб. 1:1, 2; Ёқб. 1:25). Худонинг Каломи ҳамда жамоат учрашувлари орқали, «ёқимли сўзларни» эшитиб, далда оламиз ва қалбимиз қувончга тўлади (Ҳик. 12:25; 16:24).
14. Яҳованинг қайси ваъдаси, ҳозирнинг ўзида бизга қувонч келтиряпти?
14 Бизнинг қувониб яшашимиз учун Худойимиз жуда кўп нарсаларни берган. Устига-устак, У бизни халос этишни ва келажакда ажойиб ҳаётни ваъда қиляпти (Заб. 12:6). Чиндан ҳам, ҳозир биз билан нима содир бўлишидан қатъи назар, Худони чин дилдан излаганлар, вақти келганда ўз мукофотини олади (Забур 1:6 ўқинг). Бунга, қадимда яшаган Хабаққуқ пайғамбар ҳам ишонгани шубҳасиздир (Хаб. 3:17, 18).
«Худовандни Раббимиз деб билган халқ бахтли!»
15, 16. Бугунги кунда қувонч топишимиз учун, Яҳова бизга қандай ҳадялар ато этяпти?
15 Ажойиб ваъдалар амалга ошишига ҳали вақт бор экан, Тангримиз Яҳова бизга бераётган яхши нарсалардан лаззат олиб яшашга нима етсин! Бу ҳақда, Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Инсон учун бахтли ҳаёт кечириш, ўз ҳаётидан роҳатланишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ эканлигини тушуниб етдим. Ҳамма еб, ичиб, ўз қилган меҳнатининг роҳатини кўрсин. Бу Худонинг инъомидир» (Воиз 3:12, 13). Ҳа, бошқаларнинг манфаатини кўзлаб, савоб ишлар қилиш бахт келтиради. Ҳазрати Исонинг айтишича, олишдан кўра, беришнинг бахтиёрлиги каттадир. Чиндан ҳам, турмуш ўртоққа, болаларга, ота-оналарга ва бошқа қариндошларларга нисбатан меҳр ила муомала қилиш, мамнуният ҳиссини бахш этади (Ҳик. 3:27). Қолаверса, биродару опа-сингилларга нисбатан кечиримли ва меҳмондўст бўлсак, ҳам ўзимиз қувонч топамиз, ҳам Отамиз Яҳовани хушнуд қилган бўламиз (Галат. 6:10; Колос. 3:12–14; 1 Бутр. 4:8, 9). Шу билан биргаликда, хизматда фидойиликни намоён этиш ҳам қут-баракалар келтиради.
16 Воиз китобида айтилган еб-ичиш тўғрисидаги сўзлар, инсон ҳаётидаги ҳузур қилишни англатади. Гарчи, қийин дамларда яшаётган бўлсак-да, Яҳованинг ушбу ҳадялари бизга роҳат бахш этади. Бундан ташқари, қуёшнинг ботишию табиат манзараси, антиқа ҳайвонларни томоша қилиб, мароқли дам олса бўлади. Агар, мана шу нарсалар устидан чуқур мулоҳаза юритсак, Парвардигор Яҳовага бўлган севгимиз янада ортади.
17. Нимани билиш бизга тасалли беради ва нима қилсак қийинчиликлардан бутунлайин ҳоли бўламиз?
17 Ва ниҳоят, Яҳовани чин дилдан севсак, Унинг амрларига бўйсунсак ва У берган тўлов қурбонлигига ишонсак, келажакда қийинчиликлардан бутунлайин ҳоли бўлиб, чексиз қувончга эришамиз (1 Юҳан. 5:3). Ҳозир бошимизга тушаётган қийинчиликлардан Яҳованинг хабари бор. Буни билиш эса бизга тасалли беради. Ҳазрати Довуд ҳам шундай деганди: «Сенинг иноятинг учун мен шод-хуррамман, Сен бечораҳол бўлганимни кўрдинг, жоним азоб-уқубатда қолганини билдинг» (Заб. 30:8). Ҳа, Тангримиз бизни севгани учун, кулфатлардан албатта халос этади (Заб. 33:20).
18. Худонинг халқи нима учун шод бўлиши керак?
18 Хуллас, ушбу ваъдалар ҳали амалга ошмаган экан, муборак Худойимиз Яҳовага тақлид қилайлик. Ўшандагина, салбий фикр-хаёллардан қочиб, хизматимизни давом эттира оламиз. Муаммолар пайдо бўлганида эса мулоҳазакор бўлишимиз лозим. Нега деганда, донолик бизни ҳамиша тўғри йўлдан етаклайди. Боз устига, Яҳова бизнинг туйғуларимизни бошқаришга ёрдам бериб, ёмон вазиятларни олдини олади. Шундай экан келинг, бундан буён ҳам маънавий ва жисмоний нарсалардан роҳатланиб юрайлик. Кимки Яҳовага яқинлашса, доимо қалби шод бўлади. Ҳа, «Худовандни Раббимиз деб билган халқ бахтли!» (Заб. 143:15).
[Изоҳ]
Марҳамат жавоб беринг:
• Қийин дамларда Яҳовадан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
• Муаммоларни енгишда мулоҳазакорлик қандай аҳамиятга эга?
• Яҳованинг иродасини қийин дамларда бажариб, қандай қилиб қувончни сақлаш мумкин?
[16- саҳифадаги расмлар]
Номаъқул ишлар Тангри Яҳовани ранжитади
[Расм манбаи]
© G.M.B. Akash/Panos Pictures
[18- саҳифадаги расмлар]
Қувонч келтирадиган барча нарсани Яҳова ато этган