Фарзандларингизга таълим беринг
Исо қулоқ солишга ўрганган
БАЪЗИДА қулоқ солиш жуда қийин бўлади, шундай эмасми? ~a Бу янгилик эмас. Ҳар биримиз учун итоат этиш вақти-вақти билан осон кечмайди. Исо алайҳиссалом ҳам қулоқ солишга ўрганганлиги ҳақида хабарингиз борми? ~
Нима деб ўйлайсиз, болажонлар кимга қулоқ солишлари керак? ~ Тўғри, ота-онасига. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Эй фарзандлар, ота-онангизга итоат қилинглар, чунки бу Раббимизга маъқулдир» (Эфесликларга 6:1). Қизиқ, Исонинг отаси ким бўлган? ~ Аллоҳ Яҳова. У бизнинг ҳам Отамиз. Чунки Аллоҳ Исони ҳам, бизни ҳам яратган (Матто 6:9, 10). Лекин Муқаддас Китобга кўра, Юсуф билан биби Марям Исонинг ота-онаси бўлган. Буни қандай тушуниш мумкин? ~
Бир куни, Жаброил исмли фаришта Марямнинг олдига келиб, у яқин орада она бўлиши тўғрисида хабар етказади. Лекин бу қандай бўлишини ҳам фаришта шундай тушунтиради: «Худойи Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу сабабли сендан туғилажак муқаддас бола Худонинг Ўғли дейилур» (Луқо 1:30–35). Чиндан ҳам бу мўъжиза бўлган.
Аллоҳ Таоло Исонинг ҳаётини осмондан Марямнинг бачадонига кўчирган. Бу ҳомиланинг ривожланиши бошқаларникидан ҳеч фарқи бўлмаган. Тўққиз ой ўтиб, Исо туғилди. Бу пайт мобайнида Юсуф Марямга уйлангани учун, қўни-қўшнилар уни чиндан ҳам Исонинг отаси деб билишган. Лекин аслида, Юсуф Исо учун ўгай ота бўлган. Хуллас шундай қилиб Исонинг иккита отаси бўлган дейишимиз мумкин.
Исо ҳали 12 ёшли бўлган пайтида, самовий Отаси Яҳовани қанчалик яхши кўрганини намоён этган. Ўшанда унинг оиласи одат бўйича Қуддус шаҳрига Фисиҳ байрамини нишонлашга боришган. Бу байрамдан уйга яъни Носирага қайтаётиб, бир маҳал Юсуф билан Марям, Исо олдиларида йўқлигини пайқаб қолишди. Қизиқ, улар қандай қилиб Исони эсдан чиқариб қолдиришлари мумкин эди? ~
Ҳойнаҳой, Юсуф билан Марямнинг бошқа фарзандлари ҳам бўлган эди (Матто 13:55, 56). Бу саёҳатга, эҳтимол қариндошлари ҳам улар билан бирга чиққан. Уларнинг қаторида, Ёқуб билан Юҳанно ҳамда ота-онаси Забадий ва Саломия бўлишган. Саломия эса Исонинг холаси бўлган. Шунинг учун ҳам Марям, ўғилчаси Исо қариндошларининг орасида ўралашиб юрган, деб ўйлаган (Матто 27:56; Марк 15:40; Юҳанно 19:25).
Юсуф билан Марям жигарбанди йўқлигини пайқашгач, зудлик билан Қуддусга қайтишди. Энди улар ваҳимага тушиб, ўғлини қидира бошладилар. Уч кун ўтиб, улар Исони маъбадда топдилар. Марям ўғилчасига қарата: «Болам, нега бизни бундай овора қилдинг? Мана, отанг билан мен жуда қайғуриб Сени қидириб келяпмиз» — деганида, Исо мулойимлик билан шундай жавоб қайтарган: «Мени қидиришингизнинг нима кераги бор эди? Ёки Отамнинг ишлари билан машғул бўлишим кераклигини билмас эдингизми?» (Луқо 2:45–50).
Онасига шундай тарзда жавоб бергани сизга ғалати туюлаётгандир? ~ Исо Аллоҳ ҳақида билим олишни яхши кўрганини, ота-онаси бинойидек биларди (Забур 121:1). Исонинг айтган сўзлари, уни биринчи навбатда Худонинг уйидан излаш кераклигини наҳотки кўрсатмаса? ~ Кейинчалик, Марям ҳам бу тўғри эканини тушунди.
Лекин Юсуф билан Марямга Исонинг муносабати қандай эди? ~ Муқаддас Ёзувларда шундай ёзилган: «Исо улар билан бирга жўнаб, Носирага қайтиб келди. Уларга итоатли бўлиб юрди» (Луқо 2:51, 52). Исонинг мисолидан нимани ўргансак бўлади? ~ Тўғри, ота-онамизга доимо қулоқ солишимиз керак.
Бироқ қулоқ солиш, Исо учун ҳам ҳар доим осон бўлмаган, ҳатто самовий Отасига ҳам.
Ўлимидан олдинги кечада, Исо Яҳовага мурожаат қилиб, У ниятини ўзгартиришини сўраган (Луқо 22:42). Лекин Исо қийин вазиятларда ҳам Аллоҳга қулоқ солган. Бу ҳақда Инжилда шундай ёзилган: «[Исо] азоб-уқубат чекиб, итоат қилишни ўрганди» (Ибронийларга 5:8). Таклиф: Хўш, сиз ҳам Исо каби қулоқ соладиганмисиз? ~
[Изоҳ]
a Агар сиз фарзандингиз билан ўқиётган бўлсангиз, тильда белгиси (~) бироз тўхталиб, болани ўз фикрини айтишга ундаш кераклигини эслатиб туради.
САВОЛЛАР:
▪ Марям қандай қилиб Исонинг онаси бўлиб қолган ва қай йўсин Исонинг иккита отаси бўлган?
▪ Исонинг ота-онаси фарзанди йўқолиб қолганини нима учун пайқашмаган?
▪ Исонинг фикрича, ота-онаси уни қаердан излашлари керак бўлган?
▪ Ҳатто қийин вазиятларда ҳам қулоқ солиш борасида, Исо қандай ўрнак кўрсатган?
[31- саҳифадаги расм]
Сизнингча, Юсуф билан Марям нега биринчи навбатда Исони маъбаддан қидиришлари керак эди?