Худонинг халқи орасида паноҳ изланг
Улуғ жамоат ичра Сенга шукрлар дейман. ЗАБ. 34:18
1–3. а) Қандай қилиб Худодан узоқлашишимиз мумкин? б) Аллоҳнинг халқи қаерда бехатар жой топа олади?
ТАЪТИЛГА чиққан Жо кунларнинг бирида хотини билан бирга денгиз тубидаги маржон қоялари ва ранг-баранг балиқларни томоша қилиш учун сувга шўнғиб кетишди. Улар денгиз қаъридаги гўзалликка маҳлиё бўлиб сузиб боришарди. Кўп ўтмай, Жонинг хотини жуда ҳам узоққа сузиб кетишганини сезиб: «Менимча орқага қайтсак яхши бўларди»,— деб айтади. Аммо Жо уни шундай тинчлантирди: «Хавотир олманг азизам, ҳаммаси жойида». Бир пастдан кейин Жо: «Вой, балиқлар қаерга йўқолиб кетди?» — деб ҳайрон бўлди. Жо бошини кўтариб қарасаки, акула шиддат билан у томон сузиб келаётган экан. Жонинг нафаси ичига тушиб қилт этмай турарди. Акула бир метрча ёнидан сузиб ўтиб, бирданига орқасига қайтди-да, кўздан ғойиб бўлди.
2 Худонинг хизматчилари ҳам ўзлари билмаган ҳолда чуқур сувларга сузиб боришлари ҳеч гап эмас. Яъни, улар бойлик орттириш, ўйин-кулгилар ёки ишга берилиш орқали Шайтоннинг тузоғига илинишлари мумкин. Оқсоқол акамиз Жо ўтмишни эслаб, шундай деди: «Бу воқеа мени, ким билан кўпроқ мулоқот қилишим кераклиги ҳақида мулоҳаза юритишга ундади. Ҳа, мен фақатгина жамоатда бехатар ва эркин сузиш мумкинлигини англадим!» Биз ҳам, маънавий соғлигимизни хавф остига қўйиб, мана шундай чуқур сувларга сузиб бормайлик. Бордию хавфли чуқурлика сузиб кетган бўлсак, дарҳол бехатар жойга сузайлик. Акс ҳолда маънан сусайиб, ҳаётимиз хавф остида қолиши ҳеч гап эмас.
3 Бугунги кунда, ёвуз дунё Аллоҳнинг хизматчилари учун хавф-хатарли жойдир (2 Тим. 3:1–5). Шайтон унинг кунлари саноқли эканини билиб, ҳушёрликни йўқотганларни ютиб юборишга шай турибди (1 Бутр. 5:8; Ваҳ. 12:12, 17). Бахтимизга Худо бизни ҳимоясиз қолдиргани йўқ. Зеро У, Ўз халқи учун бехатар жой, яъни имонлилар жамоатини ташкил қилди.
4, 5. Одамларнинг аксарияти келажакка қандай қарашади ва нега?
4 Жамият фаровонлиги учун қайғураётган одамлар ҳам, жисмоний ёки ҳиссий томонлама инсонларни ҳимоя қилишга ожизлар. Чунончи жиноятчилик, зўравонлик, нарх-навонинг кўтарилиши ва атроф муҳитнинг бузилиши аксарият кишиларни хавотирга солмоқда. Боз устига уларнинг соғлиги ҳам ёмонлашиб, қариликка дучор бўлишмоқда. Ҳаттоки яхши иши, маоши ва уй-жойи бўлганлар ҳам, бу ҳолат қачонгача давом этиши ҳақда қайғуришмоқда.
5 Афсуски, кўплар тинч ва осойишта ҳаёт имконсиз деган хулосага келишмоқда. Никоҳда бахтли ва фаровон яшашга ишонаётган одамларнинг умиди пучга чиқяпти. Маънавий эҳтиёжини қондиришга интилаётган бу дунёдаги худотарс инсонлар, минг уринишмасин ишончли йўл-йўриқ топа олишмаяпти. Чунки, диний раҳбарлар шубҳали таълимот ва хатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб, одамларни тўғри йўлдан оздиришмоқда. Боши берк кўчага тушган бечора одамлар илм-фан ва саховатли кишилардан нажот излашга мажбур.
6, 7. а) Худонинг хизматчилари ва дунёдаги одамлар ўртасида қандай фарқ бор? б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
6 Дарҳақиқат, бизнинг ва дунёдаги инсонларнинг нуқтаи назари бир-биридан жуда фарқ қилади! Гарчи Яҳованинг халқи ҳам шу каби қийинчиликларга дуч келса-да, муаммоларга муносабати умуман бошқача (Ишаё 65:13, 14; Малахи 3:18 ўқинг)a. Улар, нега одамлар бундай вазиятга тушганини ҳамда ҳаётдаги қийинчиликларни қандай енгиш мумкинлигини Аллоҳнинг Каломидан билиб олишяпти. Шу боис, улар хавотирлардан холи бўлиб, келажакка ишонч билан қарашмоқда. Яҳованинг хизматчилари, Муқаддас Китобга зид бўлган ва бемаъни ишлардан ҳамда унинг оқибатларидан ҳимояланишган. Қолаверса, улар имонлилар жамоатида, бу дунёга ёт бўлган тинчлик ва хотиржамликни ҳис қилишади (Ишаё 48:17, 18; Филип. 4:6, 7).
7 Энди келинг, Яҳовага хизмат қилаётганлар ва дунёдаги одамларнинг фарқини кўрсатадиган бир нечта мисолларни кўриб чиқайлик. Улар, бизга фикрлаш тарзимиз ва юриш-туришимиз тўғри бўлишига ҳамда Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилишга ёрдам беради. Шу йўсин, ҳақиқий ҳимояни ҳис қила оламиз (Ишаё 30:21).
«Товонларим тойишига оз қолган эди»
8. Яҳованинг хизматчилари нима қилишга бел боғлашган?
8 Қадимги хизматчилар ҳам, Яҳова Таолони тан олмаётган инсонлар билан дўстлашиш ёмон оқибатларга олиб келишини жудаям яхши билишарди. Негаки, Яҳова Унинг хизматчилари ва Шайтоннинг издошлари орасида душманлик бўлишини каромат қилган эди (Ибт. 3:15). Худонинг халқи илоҳий қонунларга амал қилгани учун атрофдаги халқлардан ажралиб турарди (Юҳан. 17:15, 16; 1 Юҳан. 2:15–17). Албатта, Яратган Эгамизга садоқатли қолиш ҳар доим ҳам осон эмас эди. Бироқ, Яҳованинг баъзи хизматчилари фидокорона ҳаёт тарзини олиб бориш қанчалик оқилона эканини ўзларида ҳис қилишган.
9. Забурнинг 72- саносини ёзган киши қандай фикрга борган?
9 Забурнинг 72- саносини ёзган Тангри Яҳованинг хизматчиси нотўғри фикрларга борган. Бироқ, кейинчалик доно қарор чиқарган. Сано бастакори, нега фосиқлар гуллаб-яшнаб, муваффақиятли ва бахтли бўлишгани, Аллоҳга жон-жаҳди билан хизмат қилаётганлар эса, муҳтожлик ҳамда қийинчиликда яшаётгани ҳақида ўйларди (Забур 72:1–13 ўқинг).
10. Нега сано бастакорининг саволлари биз учун ҳам муҳим?
10 Мабодо сизда ҳам, шу каби саволлар пайдо бўлса, ўзингизни ҳечам айбдордек ҳис қилманг. Ёки бўлмаса, имоним суст экан деган хаёлларга борманг. Негаки, Яҳова хизматчиларининг аксариятида, жумладан Муқаддас Китобнинг ёзилишида қатнашганларда ҳам бунақа саволлар хаёлидан ўтиб турарди (Аюб 21:7–13; Заб. 36:1; Ерм. 12:1; Хаб. 1:1–4, 13). Нима бўлган тақдирда ҳам, Яҳовага хизмат қилишни истаган киши мана шу савол борасида жиддий ўйлаб кўриши шарт: Аллоҳга хизмат қилиш ва Унга бўйсуниш мен учун қанчалик муҳим? Ёдингиздами, Шайтон Адан боғида бўлганида, мунозарали масала, яъни Худонинг ер устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини шубҳа остига қўйган эди (Ибт. 3:4, 5). Сано бастакорининг саволлари борасида, биз ҳам фикр юритишимиз даркор. Масалан, ҳеч қандай «муаммосиз» яшаётган бу дунёдаги мақтанчоқларга ҳасад қилиш арзийдими? Яҳовага хизмат қилишдан «товоним тойиб», ўша инсонларга тақлид қилишим керакми? Шубҳасизки, Шайтон имонимизни синдириш пайидадир!
11, 12. а) Сано бастакори қандай қилиб шубҳаларини енгган ва биз бундан қанақа сабоқ оляпмиз? б) Тўғри хулосага келишга бизга нима кўмаклашади?
11 Хўш, сано бастакори қандай қилиб шубҳаларини енгди? Гарчи, у тўғри йўлдан қоқилишига сал қолган бўлса-да, у «Тангрининг азиз маконига» кирганидан сўнг нуқтаи назарини ўзгартирган. Бунинг устига у, маъбадда хизмат қилган художўй инсонлар билан мулоқот қилиб, Худонинг ниятлари ҳақида мулоҳаза юритган. Вақт ўтгач, сано бастакори бадкирдор кишиларга шерик бўлиш нодонлик эканини уқиб олган. Уларнинг ҳаёт тарзи «тойғоқ ерларга» олиб бораётганининг у гувоҳи бўлган. Шунингдек, Яҳовадан юз ўгириб, ахлоқсиз умр кечираётган кимсалар «ногаҳон донг қотиб», қилмишларига чек қўйилишига сано бастакори ишонч ҳосил қилган. Эгамизга хизмат қилаётган кишилар эса, Ундан марҳамат топиши мумкинлигида у амин эди (Забур 72:16–19, 27, 28 ўқинг). Илойим биз ҳам бунда асло шубҳаланмайлик! Эҳтимол, ўзи учун яшаш ва илоҳий қонунларни писанд қилмаслик кўплар учун тўғридир, аммо-лекин бундайларнинг охири вой! (Галат. 6:7–9).
12 Сано бастакоридан қанақа ўрнак олсак бўлади? Гап шундаки, у бошпана ва доноликни Худонинг халқи аро излаб топган. Қолаверса, у нотўғри хаёлларга берилмай, Яҳовага топинаётган жойга борганда мантиқан ўйлашга ҳаракат қилган. Бугун ҳам, ишончли маслаҳатчиларни ва лаззатли маънавий озуқани имонлилар жамоатида топишимиз муқаррар. Ахир, Яҳова Ўз хизматчиларига йиғилишларни қолдирманглар, деб бекорга тавсия этмаяпти-ку! Айнан ўша ерда чинакам далда олиб, тўғри йўл ила юришга куч топамиз (Ишаё 32:1, 2; Иброн. 10:24, 25).
Дўстларни донолик ила танланг
13–15. а) Дина билан нима юз берди? б) Имондошларимиз билан дўстлашиш нимадан ҳимоя қилади?
13 Ёқубнинг қизи Дина ёт халқлардан дўст танлагани учун жиддий муаммоларга дуч келган. Тавротда ўқиганимиздек, бу қиз оиласи билан Канъонда яшагани учун, ўша ерлик аёллар билан тез-тез мулоқот қилиб турарди. Канъонликлар Яҳованинг хизматчиларига қараганда, юқори ахлоқий меъёрларга амал қилишмас эди. Шу сабабли, Канъонда топилган қазилмалар, у жойларда бутпарастлик, ахлоқсизлик ва зўравонлик авжига чиққанини кўрсатмоқда. Улар ҳатто, сохта худоларга сиғиниш ниятида жинсий алоқада бўлишарди экан (Чиқ. 23:23; Лев. 18:2–25; Амр. 18:9–12). Динанинг шунақа инсонлар билан иноқлашгани, нималарга олиб келгани эсингиздами?
14 Ўша ерлик Шакам Динани «кўриб, уни ушлади, зўрлаб у билан ётди» (Ибт. 34:1, 2, 19). Эҳтимол, қизнинг ўзи бундай фожиа юз беришини кутмагандир. Дина, маҳалласидаги ёшлар билан шунчаки дўстлашмоқчи эди холос. Лекин, у бунинг дастидан азоб чекишини хаёлига ҳам келтирмаган. Натижада, Дина қаттиқ алданди.
15 Хўш, ушбу воқеадан нимага ўрганиш мумкин? Имондошимиз бўлганлар билан дўстлашиш ҳеч қандай зиён келтирмаслигига умид қилиш хом хаёлдир. Зеро Инжилда: «Ёмон одамлар тўдаси яхши ахлоқни бузар экан»,— деб бежиз айтилмаган (1 Кор. 15:33). Имондош ака-ука ва опа-сингилларимиз билан яқиндан мулоқот қилиш эса, Яҳованинг юқори ахлоқий меъёрларига риоя этиб, Уни севишимизга катта ҳисса қўшади. Бундай унумли суҳбат барчамизга Худонинг йўлларини маҳкам ушлашга ёрдам беради (Ҳик. 13:20).
«Сизлар ювиндингиз»
16. Павлус Коринф жамоатининг баъзилари тўғрисида нима деган?
16 Имонлилар жамоати барчамизга ёмон ишлардан қочиб, маънан пок сақланишимизга кўмаклашади. Ҳаворий Павлус ҳам коринфликларга йўллаган биринчи мактубида, имондошларининг кўпчилиги ҳаётини ўзгартириб, Худонинг қонунларига риоя қилишаётгани ҳақида айтганди. Улардан баъзилари бутпараст, бесоқолбоз, ўғри ва ичкиликбоз эдилар. Бироқ Павлус айтганидек, улар «ювиниб» пок бўлишди (1 Кор. 6:9–11).
17. Муқаддас Китобдаги билимлар кўпларнинг ҳаётни қандай ўзгартирди?
17 Аллоҳдан қўрқмайдиган одамлар ахлоқий меъёрларга амал қилишни истамайдилар. Улар, нафс ва тана эҳтиросларига берилиб яшашни кўпроқ хуш кўришади. Биринчи асрдаги Коринф жамоатидан бўлган баъзилар ҳақиқатни билишдан аввал худди шундай яшашарди (Эфес. 4:14). Аммо улар Худонинг Каломидаги билимларни амалда қўллаб, ҳаётини тубдан ўзгартира олишган (Колос. 3:5–10; Иброн. 4:12). Ҳатто бугун ҳам, кўп имондошларимиз Худонинг адолатли меъёрларини билмай, хоҳлаганча яшаган пайтларини эслаб айтиб беришлари мумкин. Ҳа, ўша вақтда улар бахтсиз бўлишган. Лекин, Аллоҳнинг халқи билан юриб ва Муқаддас Китоб қонун-қоидаларига мувофиқ ҳаёт кечирибгина тинчлик ва хотиржамликни ҳис қилишди.
18. Танянинг бошидан ўтгани бизга қандай сабоқ бўла олади?
18 Ҳатто Худонинг жамоатида бўлиб, кейинчалик ўзбошимча ҳаёт кечирганлар эндиликда афсус чекишмоқда. Масалан, Таня исмли имондошимиз кичиклигидан Худонинг таълим-тарбияси билан ўсган эди. Бироқ 16 ёшга тўлгач, жамоатдан кетиб қолди ва дунёдаги одамлар каби эркин яшашни бошлади. Таня ахлоқсиз умр кечириб, охири ҳомиладор бўлиб қолди. Кейинчалик эса аборт қилдирди. Ўтмишини эслаб у шундай дейди: «Уч йил Худонинг халқидан узоқда юрдим. Буни эсласам, юрагим жиз этади. Норасида боламни олдириб ташлаганим қалбимни ўртайди... Азиз ёшлар, бу дунёда озгина бўлса ҳам “лаззатланиб” яшашни истасангиз, илтимос, ундай қила кўрманг! Ўзини ўйлаб роҳатланиб яшаш яхши кўринар, лекин бунинг охири вой бўлади. Бу дунё, нуқул азоб-уқубат келтиради. Мен ўзим буни бошимдан ўтказганман. Шунинг учун, Яҳованинг ташкилотида маҳкам туринг! Негаки фақатгина шу йўл барчамизга бахт келтиради».
19, 20. Жамоат бизни нимадан ҳимоялайди ва қандай қилиб?
19 Ҳимоя топган жамоатимизни тарк этиш қанақа оқибатларга олиб келишини бир ўйлаб кўринг. Гап шундаки, аксарият имондошларимиз ҳақиқатни билиб олишдан олдин қандай ҳаёт кечирганини эслашса, кўнгиллари хира бўлади (Юҳан. 6:68, 69). Ҳақиқатан ҳам, биродару опа-сингилларимиз билан муносабатларимизни мустаҳкамлаб, Шайтон ҳукми остидаги кулфат ва азоб-уқубат келтирадиган дунёдан сақланамиз. Жамоат учрашувларига мунтазам қатнаш, Яҳованинг адолатли меъёрларига амал қилиб, шунга мувофиқ ҳаёт кечиришимизга ёрдам беради. Шунда, қалбимиз «улуғ жамоат ичра шукрлар» дейишга бизни ундайди (Заб. 34:18).
20 Албатта ҳар доим ҳам Яҳовага садоқатли қолиш осон кечмаслиги мумкин. Бундай пайтларда, ҳаммамиз йўл-йўриқ ва маслаҳатга муҳтожмиз. Шунингдек қийин дамларда жамоатнинг барча аъзолари бир-бирини қўллаб-қувватлаши даркор. «Бир-биримизга далда бериб, ёрдам қилиш» ҳақида кейинги мақоладан билиб оламиз (1 Салон. 5:11).
[Изоҳ]
a Малахи 3:18, ЯДТ: «Ўшанда яна солиҳ билан фосиқнинг, Худога хизмат қилаётган билан Унга хизмат қилмаётганнинг фарқини кўрасизлар».
Марҳамат жавоб беринг
• Забурнинг 72- саносини ёзган кишидан нимани ўрганяпмиз?
• Дина билан содир бўлган воқеа бизни нимага ўргатади?
• Нега айнан жамоатда паноҳ топиш мумкин?
[7- саҳифадаги расмлар]
Фақат жамоатда бехатар сузиш мумкин!