Сеҳр-жодунинг нимаси ёмон?
Барбараa ёшлигидан кароматли тушлар кўриб, овозларни эшитарди ва ўлган қариндошлари билан алоқа қилганига амин эди. Барбара эри Йўаким билан сеҳр-жодуга асосланган китобларни ўқишар ва фол очадиган карталардан моҳирона фойдаланишарди. Бу иш орқали улар мўмайгина пул ишлаб олишлари мумкин эди. Бир куни улар фол очадиган карталардан уйларига хавфли одамлар келишини ва қай йўсин улар ўзларини ҳимоя қилиши кераклигини билиб олишди.
КЎПЧИЛИККА сеҳр-жоду эскилик сарқити бўлиб туюлса-да, ғайритабиий нарсаларга қизиқиш кенг тарқалган. Бутун дунёда одамлар тумор, кўзмунчоқлар тақишади, бахтини билиш ёки ўзларини ёвузликдан ҳимоя қилиш мақсадида фолбинларга мурожаат этишади. Германияда чоп этиладиган бир журналда айтилишича, «Интернет, сеҳргарликка қизиқиш уйғотадиган воқеаларга тўла» («Laptop and Lucifer»).
Муқаддас Китобда сеҳр-жоду тўғрисида нима дейилганини биласизми? Бу маълумот сизни ҳайратда қолдириши мумкин.
Муқаддас Китобда сеҳр-жоду тўғрисида нима дейилган?
Худо қадимги Исроил халқига берган қонунда қуйидагича ёзилган: «Фолбин, башоратгўй, ромчи, сеҳргар, иссиқ-совуқ қиладиган, арвоҳ чақирувчи, ўликлардан маслаҳат сўрайдиганлар орангизда бўлмасин. Эгамиз бундайлардан жирканади» (Қонунлар 18:10–12). Нима учун Тавротда сеҳр-жоду билан шуғулланишга нисбатан шунчалик жиддий огоҳлантириш берилган?
Билиб олганларимиз асосида шуни айтиш мумкинки, кўпчилик, марҳумлар тириклар билан мулоқот қила олишига ишонишади ва натижада сеҳр-жоду билан шуғуллана бошлашади. Бундай эътиқод, кўп динларда, ўлган одамлар руҳий оламда яшайди, деб ўргатилганидан келиб чиққан. Аммо бунга қарама-қарши равишда, Муқаддас Китобда: «Марҳумлар ҳеч нарсани билмайдилар»,— деб аниқ айтилган (Воиз 9:5). Муқаддас Китобда марҳумларнинг ҳолати чуқур уйқуга ўхшатилган ва улар атрофларида нима содир бўлаётганини билмайдиларb (Матто 9:18, 24; Юҳанно 11:11–14). Ундай бўлса, айримларнинг бошидан кечган ғайритабиий воқеаларни қандай тушунишимиз мумкин? Бу борада қаердан маълумот топсак бўлади?
Руҳий олам билан мулоқот
Инжили шарифда айтилишича, Исо алайҳиссалом ер юзида бўлганида, руҳий олам билан мулоқот қилган. Баёнотга кўра, «жинга чалинган бир киши» Ҳазрати Исога: «Сен, Аллоҳ юборган муқаддас зот эканингни биламан»,— деган (Марк 1:23, 24). Демак, жинлар сизни ҳам таниши шубҳасиздир. Сиз эса уларнинг кимлигини биласизми?
Аллоҳ инсонларни яратишидан олдин миллионлаб самовий мавжудотларни ёки фаришталарни вужудга келтирган (Аюб 38:4–7). Одамлардан фарқли равишда, фаришталар осмонда яшайдиган руҳий мавжудотлардир (Ибронийларга 2:6, 7). Улар қудратли ва ниҳоятда заковатли бўлиб, Тангрининг иродасини бажо келтириш учун яратилганлар. Сано бастакори шундай куйлаган: «Эгамизни олқишланг, эй Унинг фаришталари, Унинг амрини ижро қилувчи баҳодирлар» (Забур 102:20).
Муқаддас Китобда айрим фаришталар одамлар билан алоқа қилишни бошлашгани тўғрисида айтилган. Бу эса Аллоҳга маъқул келмаган, сабаби, бундай қилиш уларга ман этилган эди. Нима учун? Фаришталардан бири Момоҳавони алдаган ва шу йўсинда, уни ҳамда турмуш ўртоғи Одаматони Парвардигордан узоқлаштирган. Бу қилмиши туфайли у Худони туҳмат қилувчи душманга, яъни, Иблис Шайтонга айланган (Ибтидо 3:1–6).
Кейинчалик бошқа фаришталар ҳам осмондаги «маконини тарк этишган» ва инсонлар қиёфасига кириб, ерда чиройли аёллар билан яшашни бошлашган (Яҳудо 6; Ибтидо 6:1, 2). Ўша хиёнаткор фаришталар ва уларнинг девқомат фарзандлари одамзодга шунчалик азоб беришганки, ҳатто ер «зўравонликка тўлиб-тошиб кетган эди». Муқаддас Китобда, Худованд зўравонлик ва ёвуз наслга Нуҳ давридаги Тўфон орқали чек қўйгани тўғрисидаги баёнотни эшитгандирсиз (Ибтидо 6:3, 4, 11–13).
Ер юзини сув қоплагач, ушбу фаришталар қиёфасини ўзгартириб руҳий оламга қайтиб кетишган. Бироқ Яратувчи уларнинг аввалги «маконига» қайтишига йўл қўймади. Уларнинг имконияти чегараланган бўлиб, буни «зим-зиё чуқурликка қамаб қўйиш» билан солиштирса бўлади (2 Бутрус 2:4, 5). Муқаддас Китобда исёнкор фаришталар «жинлар», деб тилга олинади (Ёқуб 2:19). Сеҳр-жодунинг орқасида турган куч — жинлардир.
Жинларнинг мақсади нима?
Ёвуз руҳларнинг одамлар билан мулоқот қилишидан мақсад — уларни Ҳақ Таоло Яҳовага топинишдан узоқлаштиришдир. Сеҳр-жоду билан шуғулланувчиларнинг ғайритабиий қобилияти, одамларни Худо ҳақида аниқ билим олишдан ва Унга яқинлашишдан чалғитади холос.
Жинларнинг иккинчи мақсадини, уларнинг етакчиси Шайтоннинг таклифидан англаб олса бўлади. У Ҳазрати Исога «дунёнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг улуғворлигини» бераман, деб айтган эди. Бунинг эвазига Шайтон нимани хоҳлаган? «Менга бир марта тиз чўкиб сажда қилсанг бас»,— деган у. Бундан чиқди, Шайтон ва унинг жинлари, одамларни ўзларига топинишга ундамоқчи. Лекин Исо алайҳиссалом ҳақ Таоло Яҳовага топинишдан воз кечишни ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмаган (Матто 4:8–10).
Бугунги кунда ёвуз руҳлар камдан-кам бундай нарсани таклиф этишади. Бунинг ўрнига улар зарарсиз кўринган нарсалар орқали, мисол учун, карта ва кафтдаги чизиқларга қараб фол очиш, мунажжимлар башорати, қаҳва қуйқаси каби воситалар билан, эҳтиёткор бўлмаган одамларни тузоққа илинтиришга уринишади. Сиз эса зинҳор бундай ишларга алданманг! Бу шунчаки «нариги дунё» билан алоқа боғлаш имконини берадиган табиий воситалар эмас. Ёвуз руҳлар одамларни Тангри Яҳовага топинишдан чалғитиш мақсадида сеҳр-жодуни жозибадор қилиб кўрсатишади ва шу йўсинда, уларни тузоққа туширишади. Жинлар ўз мақсадига эришишмаса, уларнинг тўрига илинган одамларни кўпинча безовта қилиб, хўрлашади. Агар сиз ҳам бундай одамлар қаторида бўлсангиз, ёвуз руҳларнинг таъсиридан қандай қутулишингиз мумкин?
Сеҳр-жодудан қандай қутулса бўлади?
Хатога йўл қўйманг, чунки одамлар билан мулоқотга кирадиган руҳлар Худонинг душманлари бўлиб, уларнинг йўқ қилиниши муқаррардир (Яҳудо 6). Улар ўлган одамнинг қиёфасини оладиган фирибгар ва ёлғончилардир. Агар сизнинг дўстингиз фақат ўзининг қизиқишларини кўзлайдиган қаллоб эканини билиб қолсангиз, ўзингизни қандай ҳис қилардингиз? Агар болаларнинг номусига тажовуз қилувчи, разил одам билан билмаган ҳолда Интернет орқали гаплашиб қолсангиз, бу сизга қандай таъсир қилади? Жинлар билан мулоқотда бўлиш эса бундан-да хавфлироқдир. Шунинг учун улар билан ҳар қандай алоқани узинг. Бунга қандай эришса бўлади?
Муқаддас Ёзувларда сеҳр-жоду борасида нима дейилганини билиб олгач, қадимда яшаган баъзи эфесликлар шу соҳадаги китобларини, уларнинг қимматлигига қарамасдан, йўқ қилиш зарурлигини тушунишган. Улар китобларини «ҳамманинг олдида ёқиб юборишган» (Ҳаворийлар 19:19, 20). Бугунги кунда сеҳр-жоду билан боғлиқ нарсаларга нафақат китоблар, балки тумор, кўзмунчоқ ва шунга ўхшаган нарсалар ҳамда электрон манбалардан олинган маълумотлар ҳам киради. Шу каби нарсаларни сеҳр-жодуга очиб берадиган эшик билан солиштирса бўлади.
Келинг, ушбу мақоланинг бошида келтирилган жуфтликнинг мисолига қайтайлик. Улар фол очадиган карталардан хавфли одамлар уларнинг уйига келишини ҳамда уларни на эшитиш, на бирон нарса олишлари кераклигини билиб олишганди. Шунга қарамай, уларнинг уйига Конни ва Гудрун исмли Яҳованинг Шоҳидлари келиб, уларга Аллоҳ ҳақида хушхабарни етказмоқчи эканликларини айтишган. Ўшанда Йўаким ва Барбара уларни тинглашга қарор қилишган. Уларнинг суҳбати сеҳр-жоду мавзусига бориб тақалганда Конни ва Гудрун бу борада Муқаддас Ёзувлардан аниқ маълумот беришган. Шу йўсин, улар Муқаддас Китобни мунтазам равишда тадқиқ қилишни бошлашган.
Кўп ўтмай, Йўаким ва Барбара жинлар билан алоқани бутунлай узишга қарор қилишган. Яҳованинг Шоҳидлари уларга бу қарор руҳларга ёқмаслигини тушунтириб беришган. Ҳақиқатдан ҳам Йўаким ва Барбара жинларнинг даҳшатли ҳужумидан анча азоб чекиб, қийин кунларни бошдан кечиришган. Муайян вақт давомида улар ҳар тун қўрқиб чиқишарди, шу сабабли, бошқа уйга кўчиб, бироз енгиллик ҳис қилишган. Шундай шиддатли синов пайтида ушбу жуфтликка Муқаддас Китобдаги мана бу сўзлар ишончларини йўқотмасликка кўмаклашган: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан» (Филиппиликларга 4:13). Тангри Яҳова уларни қатъиятли бўлишгани учун мубораклади ва охир-оқибат ёвуз руҳлар уларни безовта қилмай қўйишди. Бугунги кунда Йўаким ва Барбара Ҳақ Таоло Яҳовага топинаётганидан бахтиёрлар.
Худованд Яҳованинг баракасига эга бўлишни истаётган барчага Муқаддас Ёзувларда шундай ундов бор: «Худога бўйсуниб, Иблисга қарши туринглар, ўшанда у сизлардан қочади. Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади» (Ёқуб 4:7, 8). Тангримиз Яҳова сизнинг жинлар таъсиридан халос бўлишингизни хоҳлайди ва бундай қила олади ҳам фақатгина сиз буни истасангиз бас. Йўаким ва Барбара сеҳр-жодудан қутулишганига назар ташлаб: «Эгамдан келар мадад менга»,— деб айтилган сўзларга қўшилишади (Забур 120:2).
[Изоҳлар]
a Исмлар ўзгартирилган.
b Ўлганлар қандай ҳолатда эканлиги тўғрисида батафсил маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли адабиётнинг 6- бобидаги «Ўлимдан кейин ҳаёт борми?» деган мавзусига қаранг.
[21- саҳифадаги матн парчаси]
Сеҳр-жоду билан шуғулланиш, Худо билан яхши муносабатда бўлишга халақит беради
[22- саҳифадаги матн парчаси]
«Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади». ЁҚУБ 4:8