Яҳова сизни ҳақиқий эркинликка етакласин
Эркинлик бахш этувчи мукаммал қонунга диққат билан [қаранг]. ЁҚБ. 1:25
ТУШУНТИРИБ БЕРА ОЛАСИЗМИ?
Қандай қонун ҳақиқий эркинликка етаклайди ва кимлар бу қонундан фойда олади?
Ҳақиқий эркинликка эришишнинг сири нимада?
Ҳаёт йўлида турганларни қандай эркинлик кутмоқда?
1, 2. а) Дунёдаги эркинлик билан нима юз берди ва нега? б) Яҳованинг хизматчиларини келажакда қандай эркинлик кутяпти?
БИЗ очкўзлик, қонунсизлик ва зўравонлик кўпайиб бораётган замонда яшаяпмиз (2 Тим. 3:1–5). Шуни эътиборга олган ҳолда ҳукуматлар кўпроқ қонунлар чиқаряпти, милиция ходимларининг сонини орттиряпти ва кузатув камераларини ўрнатяпти. Баъзи мамлакатларда фуқаролар ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уйларига сигнализациялар қўйиб, ҳатто атрофини электрик панжаралар билан ўрашяпти. Кўплар кечаси ташқарига чиқишдан қўрқади ёки хоҳ кечқурун бўлсин, хоҳ кундузи болаларини қаровсиз кўчага ўйнагани чиқаришмайди. Дарҳақиқат, эркинлик кундан-кунга камайиб боряпти ва бундан буён аҳвол яхшиланадиганга ўхшамайди.
2 Адан боғида Шайтон, Яҳовадан мустақил бўлиш ҳақиқий эркинликка эриштиради, деб таъкидлаган. Бу ғирт ёлғон эканига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлиб турибсиз! Одамлар Худо ўрнатган ахлоқий ва маънавий қонун-қоидаларни назар-писанд қилмагани боис, бутун одамзод азоб чекяпти. Бундай ёмонлашиб бораётган аҳвол Яҳованинг хизматчилари бўлмиш бизга ҳам таъсир қиляпти. Бундан ташқари, биз одамзоднинг гуноҳу чириш қуллигидан озод бўлиши ва «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга» бўлиш умидидан қувонишини орзиқиб кутяпмиз (Рим. 8:21). Аслида, Яҳова Ўз хизматчиларини эркинликка тайёрлашни аллақачон бошлаган. Қандай қилиб, дейсизми?
3. Яҳова Масиҳнинг издошларига қандай қонун берган ва биз қанақа саволларни кўриб чиқамиз?
3 Муқаддас Китобнинг ёзувчиси Ёқуб «эркинлик бахш этувчи мукаммал қонун» ҳақида гапирган (Ёқуб 1:25 ни ўқинг). Одатда қонун деганда одамларнинг ҳаёлига эркинлик эмас, балки чеклов келади. Унда «эркинлик бахш этувчи мукаммал қонун» нима экан? Қандай қилиб бу қонун бизни озод қилиши мумкин?
ОЗОД ҚИЛАДИГАН ҚОНУН
4. «Эркинлик бахш этувчи мукаммал қонун» нима экан ва кимлар ундан фойда олади?
4 «Эркинлик бахш этувчи мукаммал қонун» жиноятларни ошкор этадиган ва Масиҳда бажо бўлиши керак бўлган Таврот Қонуни эмас (Мат. 5:17; Галат. 3:19). Унда Ёқуб қандай қонунни назарда тутган? Унинг хаёлида «Масиҳнинг қонуни» бўлган. Шунингдек, бу қонун «имонни талаб қиладиган қонун» ва «эркин халқнинг қонуни» деб номланган (Галат. 6:2; Рим. 3:27; Ёқб. 2:12). Шундай экан, «мукаммал қонун», Яҳова биздан талаб қилган ҳар нарсани ўз ичига олади. Ундан ҳам мойланганлар, ҳам «бошқа қўйлар» фойда олади (Юҳан. 10:16).
5. Нега «мукаммал қонун» оғир эмас?
5 Кўп давлатларнинг қонунлар тўпламидан фарқли равишда «мукаммал қонун» оғир ва мураккаб эмас, балки оддий амрлардан ва асосий принциплардан иборатдир (1 Юҳан. 5:3). Ҳазрати Исо: «Менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир»,— деб айтган (Мат. 11:29, 30). Боз устига, «мукаммал қонун»га узундан-узоқ қоидалар рўйхати умуман керак эмас. Чунки бу қонун севгига асосланган бўлиб, тош лавҳаларга эмас, одамларнинг онгию қалбларига ёзилган (Ибронийларга 8:6, 10 ни ўқинг).
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ «МУКАММАЛ ҚОНУН» БИЗНИ ОЗОД ҚИЛЯПТИ
6, 7. Яҳованинг меъёрлари ҳақида нима деса бўлади ва мукаммал қонун нима қилишга йўл қўяди?
6 Яҳова онгли мавжудотларининг фойдаси ва ҳимояси учун чегаралар ўрнатган. Масалан, гравитация, яъни тортишиш кучи каби физика қонунларини олайлик. Одамлар бу қонунлар остида бўлиб, норозилик билдиришмайди. Аксинча, улар буни эътиборга олиб, табиат қонунлари уларнинг фаровонлиги учун эканини тан олишади. Худди шундай, Яҳованинг ахлоқий ва маънавий меъёрлари Масиҳнинг «мукаммал қонун»ида акс этган бўлиб, одамнинг фойдаси учундир.
7 Эркинлик бахш этувчи қонун бизни ҳимоя қилади. Бу, ўзимизга зиён етказмай ҳамда ўзгаларнинг ҳуқуқларига ва эркинлигига ҳурматсизлик кўрсатмай, тўғри истакларимизни амалга оширишга йўл қўяди. Демак биз хоҳлаганимизни қилишимиз мумкин, фақат ниятларимиз тўғри бўлиши лозим. Бу дегани, биз Яҳовага маъқул келган ва У биздан талаб этган нарсаларни қилишимиз керак. Биз, Яҳова яхши кўрган нарсани яхши кўришга ва У нафратланган нарсалардан нафратланишга ўрганишимиз керак. Бунда эса бизга эркинлик бахш этувчи қонун ёрдам беради (Амос 5:15).
8, 9. Эркинлик бахш этувчи қонунга астойдил риоя қиладиганлар ундан қандай фойда олишяпти? Мисол келтиринг.
8 Номукаммал банда бўлганимиз сабабли, ёмон истаклар билан курашамиз. Қандай бўлмасин, биз эркинлик бахш этувчи қонунга астойдил риоя қиламиз, чунки бу қонун ҳозирнинг ўзида бизни озод қилишини сезамиз. Мана бир мисол: Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган Жей исмли киши тамакига одатланиб қолган эди. Бу одат Худога ёқмаслигини билиб олганида, у бир қарорга келиши керак эди. У тана истакларига бўйсунишни давом эттирадими ёки Яҳовага итоат қиладими? У доно қарор чиқарди. Ҳатто хумори тутган бўлса-да, у Худога хизмат қилишни танлади. Бу қусурни енггандан сўнг у ўзини қандай ҳис қилган экан? Кейинчалик унинг ўзи шундай бўлишди: «Мен ажойиб эркинликни сезяпман ва бундан қувончим ичимга сиғмай кетяпти».
9 Жей шуни тушуниб етдики, одамларни «танага оид нарсаларни ўйлаш»га ундайдиган дунёнинг озодлиги аслида уларни қул қилиб олар экан. «Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш»ни ўз ичига оладиган Яҳова тақдим этаётган эркинлик эса чиндан ҳам одамни эркин қилиб, «ҳаёт ва тинчлик келтиради» (Рим. 8:5, 6). Қул қиладиган одатни енгиш учун Жей қаердан куч олди? У бунга ўз кучи билан эмас, Худонинг кўмаги билан эришди. «Мен Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилиб, муқаддас руҳ сўраб ибодат қилардим ва имондошларнинг меҳр ила ёрдам қўлини чўзганини кўрдим»,— деди у. Ушбу барча нарсалар ҳақиқий эркинликка эришишимизга кўмаклашиши мумкин. Қандай қилиб? Келинг, кўриб чиқайлик.
ХУДОНИНГ КАЛОМИГА ДИҚҚАТ БИЛАН ҚАРАНГ
10. Худонинг Каломига диққат билан қараш нимани англатади?
10 Ёқуб 1:25 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Ким эркинлик бахш этувчи мукаммал қонунга диққат билан қараб, унга қаттиқ амал қилса, у... қилган ишидан бахтиёр бўлади». Юнончадан «диққат билан қараб», деб таржима қилинган сўз, «энгашиб ичига қарашни» англатади. Бу учун эса муайян ҳаракатлар талаб қилинади. Дарҳақиқат, эркинлик бахш этувчи қонун онгимизга ва қалбимизга таъсир қилишини хоҳласак, биз Муқаддас Китобни қунт билан ўрганиб, ўқиганларимиз устидан ибодат ила мулоҳаза юритишимиз даркор (1 Тим. 4:15).
11, 12. а) Ҳақиқатни ҳаётимизнинг йўли қилишимиз зарурлигини Исо қандай таъкидлаган? б) Юқорида айтилганидек, ёшлар қандай хавфдан четланишлари даркор?
11 Шу билан биргаликда, биз Аллоҳнинг Каломида ёзилган нарсаларга амал қилишимиз керак. Шу йўсин, ҳақиқат ҳаётимизнинг йўли бўлади. Ҳазрати Исо, унга ишонганларга гапираётиб, бунга ўхшаш фикрни айтган: «Агар менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, чиндан ҳам менинг шогирдларимсиз. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади» (Юҳан. 8:31, 32). Бир китобга кўра, мазкур оятдаги «билиб оласизлар», деган ибора «қадрига етишни» англатади. Чунки «билиб олган нарсаси киши учун муҳим аҳамият касб этади». Шундай қилиб, қачонки ҳақиқатни ўзимиз учун ҳаёт йўли қилиб олсак, шундагина биз уни тўла маънода «билиб оламиз». Ўшанда биз ҳақли равишда «Аллоҳ каломи» бизга таъсир қиляпти, у шахсиятимизни шундай шакллантиряптики, биз самовий Отамизга кўпроқ тақлид қиляпмиз, деб айта оламиз (1 Салон. 2:13).
12 Ўзингиздан сўранг: «Мен чиндан ҳам ҳақиқатни билиб олдимми? Ҳақиқатни ҳаётимнинг йўли қилдимми? Ёки мен дунё тақдим этаётган баъзи эркинликларни ҳалиям хоҳлаяпманми?» Ота-онаси Яҳованинг Шоҳидлари бўлмиш бир синглимизнинг мисолини кўриб чиқайлик. У ёшлигида Яҳовага ишонарди-ю, лекин аслида Уни билмасди. У шундай деб бўлишди: «Мен, У нафратланган нарсалардан нафратланишни ҳеч қачон ўрганмаганман. Мен қилган ишлар У учун муҳим эканлигига ҳеч ишонмасдим. Кўнгилсиз бир иш юз берганда, мен Унга ҳеч мурожаат қилмасдим. Ўшанда мен ўз тушунчамга таянгандим, ҳозир эса бу менга кулгили бўлиб кўриняпти, чунки мен аслида ҳеч нарсани билмагандим». Хайрият, кейинчалик синглимиз тушунчаси нотўғри эканини тан олди ва у баъзи муҳим ўзгаришлар қилди. У ҳатто доимий кашшоф бўлиб хизмат қила бошлади.
МУҚАДДАС РУҲ ЁРДАМИДА ЭРКИН БЎЛА ОЛАСИЗ
13. Қандай қилиб Худонинг руҳи эркин бўлишимизга ёрдам беради?
13 Инжилда мана буларни ўқиймиз: «Қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади» (2 Кор. 3:17). Қандай қилиб муқаддас руҳ эркин бўлишимизга ёрдам беради? Муқаддас руҳ бизда эркинлик учун муҳим ҳисобланган «севги, севинч, тинчлик, узоқ сабрлилик, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш» каби хислатларни ҳосил қилади (Галат. 5:22, 23). Бу фазилатларсиз, айниқса севгисиз, ҳеч бир жамият чиндан ҳам озод бўла олмайди. Бугунги кунда буни дунёда кўришимиз мумкин. Қизиғи шундаки, муқаддас руҳнинг самарасидан сўнг, ҳаворий Павлус: «Бу хислатларга қарши бирор қонун йўқ»,— деб ёзган. Бу нимани англатади? Худо руҳининг самараси ўсишига тўсқинлик қиладиган қонуннинг ўзи йўқ (Галат. 5:18). Борди-ю, бўлганда ҳам, унинг мақсади қандай бўларди? Яҳова, биз бундай хислатларни абадий ривожлантиришимизни ва уларни чекловсиз намоён этишимизни хоҳлайди.
14. Қай йўсин дунёнинг руҳи, унга бўйсунганларни ўзига қул қилиб олади?
14 Бу дунёнинг руҳига қул бўлиб, тана эҳтиросларига эрк берганлар, ўзини эркин деб ўйлашлари мумкин (2 Бутрус 2:18, 19 ни ўқинг). Бироқ, аслида улар ўзларига зарар етказишади. Уларнинг ёмон хулқ ва нафсини жиловлаш учун бир талай қонун ва қоидалар зарур. Ҳаворий Павлуснинг ёзишича, «қонун одил инсонлар учун эмас, аксинча қонунсизу итоатсиз» одамлар учун берилган (1 Тим. 1:9, 10). Улар шунингдек, шафқатсиз хўжайин бўлмиш гуноҳнинг қулидирлар ва улар тана истаклари бўйича иш тутишади (Эфес. 2:1–3). Қайсидир маънода бундай кишиларни асал солинган идишга кириб кетаётган ҳашаротларга ўхшатса бўлади. Нафсларига берилиб, улар тез орада тузоққа тушишганини пайқашади (Ёқб. 1:14, 15).
МАСИҲИЙЛАР ЖАМОАТИДА ЭРКИН БЎЛА ОЛАСИЗ
15, 16. Жамоат билан алоқа қилишимиз қанчалик муҳим ва у ерда қандай эркинликдан завқ оляпмиз?
15 Масиҳийлар жамоати билан алоқа қилишни бошлаганингизда, биронта ижтимоий ташкилотга аъзо бўлмагансиз. Аксинча, Яҳова сизни жалб қилгани учун сиз жамоатга келгансиз (Юҳан. 6:44). Бундай йўл тутишга Уни нима ундади? Одил, художўй инсон бўлганингиз учун У шундай йўл тутдими? «Йўғ-э!» — деб айтишингиз мумкин. Унда Худо нимани кўрди? У, эркинлик бахш этувчи қонунини қабул қиладиган қалбингизни, яъни Унинг меҳрибон таъсирига бўйсунадиган юракни кўрди. Жамоатда Яҳова қалбингизни маънан тарбиялаб ўстириб, сохта дин таълимотларию ирим-сиримлардан озод қилиб, Масиҳга қандай тақлид қилиш мумкинлигини ўргатган (Эфесликларга 4:22–24 ни ўқинг). Натижада сиз дунёда чиндан ҳам «эркин халқ» деб аталган одамлар сафига қўшилиш шарафига муяссар бўлдингиз (Ёқб. 2:12).
16 Мисол учун, Тангри Яҳовани чин қалбдан севган одамлар даврасида қўрқувни ҳис қиласизми? Ҳар доим орқага ўгирилиб қарайсизми? Йиғилиш Залида нарсаларингизни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, уларга қараб турасизми? Аксинча, ўзингизни хотиржам ва эркин ҳис қиласиз. Дунёвий одамлар орасида ўзингизни шундай ҳис қилармидингиз? Қайдам! Ҳозир Худонинг халқи орасидаги эркинликдан завқ олиб юрганингиз, келажакдаги ҳаётнинг сояси холос.
«ХУДО ФАРЗАНДЛАРИНИНГ УЛУҒВОР ЭРКИНЛИГИ»
17. «Худонинг ўғиллари улуғвор кўринишда ошкор бўлиши» одамзодга эркин бўлишга қандай ёрдам беради?
17 Тангри Яҳова ер юзидаги хизматчиларига тайёрлаб қўйган эркинлик ҳақида гап юритаётиб, ҳаворий Павлус: «Бутун махлуқот Худонинг ўғиллари улуғвор кўринишда ошкор бўлишини интизорлик билан кутишяпти»,— деб ёзган. Кейин давом этиб: «Махлуқотнинг ўзи ҳам чириш қуллигидан озод этилиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади»,— деб айтган (Рим. 8:19–21). «Махлуқот», ер юзида яшаш умидига эга бўлган одамзодни билдиради. Улар Худонинг руҳи билан мойланган ўғилларининг «ошкор бўлиши»дан фойда олишади. «Худонинг ўғиллари улуғвор кўринишда ошкор бўлиши», улар осмонда Масиҳ билан бирга ерни ёвуз одамлардан тозалашга ҳамда «улкан оломон»ни янги дунёгача сақлашга ёрдам берганда бошланади (Ваҳ. 7:9, 14).
18. Итоатли одамлар эркинликка қандай эришишади ва охири улар қандай эркинликдан завқ олишади?
18 Тўлов эвазига озод қилинган одамзод ўшанда бутунлай янги эркинликка эришади. Бу эркинлик Шайтон ва жинларнинг таъсиридан озод бўлиш демакдир (Ваҳ. 20:1–3). Ўшанда қандай енгиллик бўлади-я! Бундан сўнг Масиҳ билан бирга ҳукмронлик қилаётган 144 000 подшоҳ ва руҳоний тўлов қурбонлигини қўллаб, инсониятга Одаматодан ўтган гуноҳ ва номукаммалликдан бутунлай эркин бўлишга ёрдам беришда давом этишади (Ваҳ. 5:9, 10). Ҳатто синовларда ҳам садоқатини исботлаган одамзод Яҳованинг мукаммал эркинлигига эришади. Чунки уларнинг барчаси «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлиги»га эришишларини Худонинг Ўзи хоҳлайди. Бир тасаввур қилинг-а?! Аллоҳнинг назарида тўғри бўлган ишларни қилиш учун курашишингизга ҳожат қолмайди, сабаби, организмингиз мукаммал бўлиб, шахсиятингиз эса Худонинг суратига кўра шаклланган бўлади.
19. Ҳақиқий эркинликка эришиш учун бугунги кунда биз нималар қилишда давом этишимиз керак?
19 Сиз-чи, «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлиги»га эришишни хоҳлайсизми? Агар ундай бўлса, «эркинлик бахш этувчи мукаммал қонун» онг ва қалбингизга таъсир қилишига йўл қўйинг. Муқаддас Китобни қунт билан тадқиқ қилинг. Ҳақиқатга мувофиқ умр кечиринг, уни ҳаётингизнинг йўли қилинг. Муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Масиҳийлар жамоати билан алоқа қилишдан ва Яҳова тақдим этаётган маънавий озуқадан тўла фойда олинг. Шайтон Момоҳавони алдаганидек, Яҳованинг йўллари ҳаддан ташқари чеклайди, деган фикр билан сизни аврашига йўл қўйманг. Иблис роса ақлли эканлигидан шубҳаланманг. Келинг, «Шайтонга алданиб қолмайлик. Ахир биз унинг ҳийлаларидан бехабар эмасмиз-ку» (2 Кор. 2:11). Буни эса биз келаси мақолада кўриб чиқамиз.
[9- саҳифадаги расмлар]
Мен дунё тақдим этаётган баъзи «эркинлик»ларни ҳалиям хоҳлаяпманми?
[9- саҳифадаги расмлар]
Ҳақиқатни ҳаёт йўли қилиб олдимми?