«Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг»
Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг. ФИЛИП. 1:10
1, 2. Охирзамонга тегишли қандай башорат Исонинг шогирдларини қизиқтириб қўйган бўлиши мумкин ва нега?
НИҲОЯТ Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Идрис устозлари билан холи қолишди. Бундан олдин Исо маъбад вайрон бўлиши ҳақида гапирган эди. Бу сўзлар шогирдларига ҳеч тинчлик бермаётган эди (Марк 13:1–4). Шу сабабли улар устозидан шундай деб сўрашди: «Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замона охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» (Мат. 24:1–3). Шунда Исо нафақат Қуддуснинг вайрон бўлишидан олдин юз берадиган воқеалар ҳақида, балки Шайтон дунёсининг сўнгги кунларида нималар содир бўлиши тўғрисида айтиб берди. Аммо битта воқеа шогирдларни жуда қизиқтириб қўйган бўлиши мумкин. Урушлар, озиқ-овқат етишмовчилиги ҳамда қонунсизлик кўпайиши ҳақида гапиргач, Исо охирзамонда юз берадиган ижобий бир воқеани башорат қилди. У бундай деган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади» (Мат. 24:7–14).
2 Шогирдлар устозлари билан биргаликда Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишган эди (Луқо 8:1; 9:1, 2). Эҳтимол улар Исонинг қуйидаги сўзларини эслашгандир: «Ҳосил чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз. Шунинг учун ишчиларни юборсин деб, ҳосил Эгасидан сўранглар» (Луқо 10:2). Бироқ қандай қилиб улар «бутун дунё бўйлаб» «ҳамма халқларга» ваъз қилишлари мумкин эди? Ишчиларни қаердан топса бўлади? Шогирдлар Матто 24:14 даги сўзлар ажойиб тарзда амалга ошишини ҳатто хаёлларига ҳам келтира олишмасди!
3. Луқо 21:34 бугунги кунда қандай амалга ошди ва ўзимизга қанақа саволлар беришимиз керак?
3 Биз Исо айтган башорат амалга ошаётган пайтда яшаяпмиз. Миллионлаб кишилар бутун дунё бўйлаб Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишмоқда (Ишаё 60:22). Исо айтганидай, баъзиларга хушхабарни ваъз қилиш ишини ҳаётларида биринчи ўринга қўйиш қийин бўлади. Уларнинг юракларини «турмуш ташвишлари эгаллаб олгани» учун, улар чалғишлари мумкин (Луқо 21:34 ни ўқинг). Бу сўзларнинг амалга ошаётганини бугунги кунда кузатяпмиз. Чунки Худонинг айрим хизматчилари муҳим нарсаларни биринчи ўринга қўйишмаяпти. Буни иш, олий маълумот, мол-мулкка эга бўлиш борасида чиқарилаётган қарорлардан, шунингдек спорт ва ўйин-кулгиларга қанча вақт сарфланаётганидан кўриш мумкин. Бошқалари эса муҳитнинг босими ҳамда турмуш ташвишларидан чарчаб кетишади. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Мен қандай йўл тутяпман? Худонинг иродасини ҳаётимда биринчи ўринга қўйяпманми?»
4. а) Павлус Филиппидаги имондошлари учун нима ҳақида ибодат қилган ва нега? б) Бу ва кейинги мақолаларда нималарни кўриб чиқамиз ва қайси мақсадда?
4 Биринчи асрда яшаган Исонинг издошлари маънавий нарсаларни ҳаётларида биринчи ўринга қўйиш учун кўп жон куйдиришган. Филиппидагилар «қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлаб» олишсин дея, ҳаворий Павлус улар учун ибодат қилган (Филиппиликларга 1:9–11 ни ўқинг). Шундан кейин, уларнинг аксарияти Павлусга ўхшаб «Худонинг сўзини янада жасорат билан, қўрқмасдан гапиришган» (Филип. 1:12–14). Шу сингари бугун кўпчилигимиз Худонинг Каломини жасорат билан ваъз қиляпмиз. Нима деб ўйлайсиз, Яҳованинг ташкилоти амалга ошираётган ишларни кўриб чиқиш, жуда муҳим ҳисобланган воизлик ишини биринчи ўринга қўйишга ёрдам берадими? Албатта! Ушбу мақолада, Матто 24:14 да айтилган иш амалга ошиши учун Яҳова қандай тадбирлар уюштирганини кўриб чиқамиз. Яҳованинг ташкилоти нималар қиляпти ва буни билиш бизга ҳамда оиламизга қандай таъсир қилиши мумкин? Кейинги мақолада эса, Худо хизматида бўлишимизга ва Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам юришимизга нима ёрдам беришини кўриб чиқамиз.
ЯҲОВА ТАШКИЛОТИНИНГ САМОВИЙ ҚИСМИ ҲАРАКАТДА
5, 6. а) Яҳова ташкилотининг самовий қисми ҳақидаги ваҳийларни нега хизматчиларига кўрсатган? б) Ваҳийда Ҳизқиё нимани кўрган эди?
5 Яҳова жуда кўп нарсаларни Ўз Каломига киритмасликка қарор қилган. Мисол учун, мия қандай ишлаши ёки коинот қандай фаолият юргизиши каби маълумотлар ниҳоятда қизиқарли бўлса-да, бунақа маълумотни Муқаддас Китобда ёзиб қолдирмаган! Бунинг ўрнига, Яҳова Унинг мақсадларини тушуниб, уларга мувофиқ яшашимизга кўмаклашадиган маълумотни тақдим этган (2 Тим. 3:16, 17). Яҳова, ташкилотининг самовий қисмига тегишли қизиқарли маълумотлар, Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилди. Бу ҳақда Ишаё, Ҳизқиё, Дониёр ҳамда Ваҳий китобларидан ўқиш, қалбимизни ҳаяжонга тўлдиради! (Ишаё 6:1–4; Ҳиз. 1:4–14, 22–24; Дон. 7:9–14; Ваҳ. 4:1–11). Ушбу парчаларни ўқиганда, Яҳова худди пардани очиб, бизни самода нималар юз бераётганини томоша қилишга таклиф қилаётгандай бўлади. Нега Аллоҳимиз бизга бу маълумотни тақдим этди?
6 Яҳова Таоло, биз Унинг улкан ташкилотининг бир қисми эканлигимизни ҳеч қачон унутмаслигимизни хоҳлайди. Ташкилотнинг самовий қисми Унинг иродасини амалга ошириш учун кўп ишлар қилади. Биз ҳаммасини кўра олмаймиз. Мисол учун, Ҳизқиё пайғамбар кўрган ваҳийда, ташкилотнинг самовий қисми улкан арава кўринишида тасвирланган эди. Ушбу арава яшин тезлигида ҳаракат қилиб, тезда ўз йўналишини ўзгартира оларди (Ҳиз. 1:15–21). Ғилдираклар ҳаракатга келганда, арава катта масофани босиб ўтарди. Ҳизқиё ваҳийда арава устида ўтирган Зотни кўрди. У шундай деган: «Ўша кимсанинг белидан юқори қисми сайқал мисдай ярқирарди, атрофини олов ўраганди. [...] Бу ёғду Эгамизнинг улуғворлигини акс этарди» (Ҳиз. 1:25–28). Бу ваҳий Ҳизқиёда эҳтиром туйғусини уйғотди. У, Яҳова Ўз ташкилотини тўла назорат қилаётганига ҳамда муқаддас руҳидан фойдаланиб уни бошқараётганига гувоҳ бўлди. Ваҳийдаги арава, ташкилотнинг самовий қисми қандай ҳаракат қилишини жуда яхши кўрсатиб бермоқда.
7. Дониёрнинг ваҳийси қандай қилиб ишончимизга ишонч қўшмоқда?
7 Дониёр пайғамбар кўрган ваҳий ҳам ишончимизга яна кўпроқ ишонч қўшади. У алангали тахтда ўтирган «Азалий Нуроний» Яҳовани кўриш шарафига муяссар бўлди. Тахтнинг оловли ғилдираклари бор эди (Дон. 7:9). Бу ваҳий орқали, Яҳова Таоло Дониёрга Унинг иродасини бажариш мақсадида ташкилоти ҳаракатда эканини кўрсатмоқчи эди. Пайғамбар, шунингдек «инсон қиёфасидаги» кимсага, яъни Исога «ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик берилганини» кўрди. Масиҳнинг мукаммал ҳукмронлиги қисқа вақт давом этмайди. Аксинча, «унинг ҳукмронлиги битмас-туганмас, абадий ҳукмронликдир. Унинг шоҳлиги ҳеч қачон бузилмасдир» (Дон. 7:13, 14). Яҳова синалган ва ишончли Ўғлига ташкилотнинг ердаги қисми устидан назорат қилишни топширганини билиш, бизни Яҳовага таянишга ва қилаётган ишларига ишонишга ундайди. У Ўғлига ишонади. Шундай экан, биз ҳам Исо яхши ҳукмдор бўлишига ишонишимиз керак.
8. Яҳовадан олган ваҳий, Ҳизқиё ҳамда Ишаёга қандай таъсир қилди ва бу бизда қандай туйғуларни уйғотади?
8 Яҳова ташкилотининг самовий қисмига тегишли ваҳийни кўриб чиққанимиз бизда қандай туйғуларни уйғотиши даркор? Яҳованинг ишларини кўриб, Ҳизқиёга ўхшаб бизнинг қалбимизда эҳтиром туйғуси пайдо бўлади (Ҳиз. 1:28). Яҳованинг ташкилоти ҳақида мулоҳаза юритиш, бизни Ишаё сингари йўл тутишга ундайди. Яҳованинг қанақа ишларни амалга ошириши ҳақида бошқаларга айтиб бериш имконияти туғилиши билан, Ишаё иккиланмасдан ишга киришган (Ишаё 6:5, 8 ни ўқинг)a. Ишаё Яҳованинг мадади билан ҳар қандай қийинчиликларни енга олишига амин бўлган. Улкан ташкилотнинг самодаги қисмида нималар содир бўлаётганини тушуниш, бизни ҳам эҳтиром туйғусига тўлдириб, ҳаракат қилишга ундаши даркор. Доимо Яҳованинг иродасини бажараётган ташкилотнинг бир қисми эканлигимизни англаш нақадар далдали!
ЯҲОВА ТАШКИЛОТИНИНГ ЕРДАГИ ҚИСМИ
9, 10. Яҳова ташкилотининг ердаги қисми нима учун керак бўлди?
9 Яҳова Ўғли Исо орқали ер юзида ташкилотининг яна бир қисмини ўрнатди ва у ташкилотининг самовий қисми билан ҳамоҳанг иш юритади. Матто 24:14 да башорат қилинган иш амалга ошиши учун ердаги қисмини яратишнинг нима кераги бор эди? Келинг бунинг учта сабабини кўриб чиқайлик.
10 Биринчидан, Исо айтганидай, шогирдлари «ернинг четларига қадар» ваъз қилишлари керак эди (Ҳавор. 1:8). Иккинчидан, ваъзгўйлик ишини бажараётганларга маънавий озуқани ва далда беришни йўлга қўйиш керак эди (Юҳан. 21:15–17). Учинчидан, хушхабарни ваъз қилаётганлар Яҳовага топинишлари ва бу ишни қандай бажариш кераклигини ўрганишлари учун йиғилишларни ташкил этишлари керак эди (Иброн. 10:24, 25). Ушбу мақсадларга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Масиҳнинг шогирдлари бу ишни яхши ташкиллаштириш орқали муваффақиятли бўлишлари мумкин.
11. Яҳованинг ташкилоти уюштираётган тадбирларни қўллаб-қувватлаётганимизни қандай кўрсатсак бўлади?
11 Яҳованинг ташкилоти уюштираётган тадбирларни қўллаб-қувватлаётганимизни қандай кўрсатсак бўлади? Бунинг муҳим йўлларидан бири, ваъзгўйлик фаолиятини бошқараётган биродарларга ишонишдир. Чунки Яҳова ҳамда Исо уларга ишонишади. Ушбу биродарлар вақт ва кучларини дунёдаги муаммоларни ечишга сарфлашлари мумкин эди, аммо улар бундай йўл тутишмади. Келинг, Яҳова ташкилотининг ердаги қисми нимага диққатини доимо қаратганини муҳокама қилайлик.
«ҚАЙСИ НАРСАЛАР МУҲИМРОҚ ЭКАНИНИ» УЛАР ФАРҚЛАЙ ОЛИШГАН
12, 13. Ўз мамлакатларида ваъзгўйлик фаолиятини ташкил этишга тайинланган оқсоқоллар вазифаларини қандай бажаришмоқда ва уларнинг ўрнаги қандай қилиб сизга далда беради?
12 Дунё бўйлаб айрим етук оқсоқоллар, ўзлари хизмат қилаётган мамлакатларда ваъзгўйлик фаолиятини ташкил этишга ва уни олдинга суришга тайинланишган. Бу садоқатли ва камтарин биродарлар, арава сингари бўлган Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам бўлиб, ўзларининг ҳудудида нимада эҳтиёж борлигини тушуниш учун Яҳова ҳамда Масиҳнинг берган йўл-йўриқларига амал қилишади. Шунингдек, улар қарор чиқаришдан олдин, қадамлари учун чироқ, йўлларига нур сочадиган ёруғлик бўлсин дея, Худонинг Каломидан йўл-йўриқ излаб, Яҳовага чин юракдан ибодат қилишади (Заб. 118:105; Мат. 7:7, 8).
13 Бугунги кунда ваъзгўйлик фаолиятини назорат қилаётган оқсоқоллар, биринчи асрдаги масъулиятли биродарлар сингари ўзларини «Тангрининг каломидан таълим беришга бағишлаганлар» (Ҳавор. 6:4). Улар ҳудудларида ҳамда бутун дунё бўйлаб хушхабарни ваъз қилишда эришилаётган ютуқларни кўриб қувонишади (Ҳавор. 21:19, 20). Улар сон-саноқсиз қоидалар ўрнатишга интилмайдилар. Аксинча воизлик иши олға сурилиши учун керак бўлган тадбирларни уюштирганда, улар Муқаддас Китобга асосланишади ҳамда Худо руҳининг бошқарувига бўйсунишади (Ҳаворийлар 15:28 ни ўқинг). Шу йўсин бу масъулиятли биродарлар маҳаллий жамоатлардаги барчага аъло ўрнак кўрсатишмоқда (Эфес. 4:11, 12).
14, 15. а) Воизлик иши бутун дунё бўйлаб ёйилиши учун қандай тадбирлар ташкил этилмоқда? б) Ваъз қилиш ишини қўллаб-қувватлаш шарафига эга экансиз, сизда қандай туйғулар пайдо бўляпти?
14 Кўп биродарларимиз адабиётлар тайёрланиши, учрашувлар ва анжуманлар уюштирилиши учун ҳар куни меҳнат қилишади. Минглаб ихтиёрий хизматчилар адабиётларимизни 600 дан ошиқ тилларга таржима қилиш учун тер тўкишади. Ахир шу йўсин одамлар ўз она тилларида «Аллоҳнинг улуғвор ишлари» ҳақида билиб олишади! (Ҳавор. 2:7–11) Ёш биродару опа-сингилларимиз юқори тезликда ишлайдиган босма машиналари ва муқовалаш ускуналарида ишлаб, адабиётларимизни чоп этишади. Бу адабиётлар ҳатто узоқда жойлашган жамоатларга ҳам юборилади.
15 Диққатимизни жамоатимиз билан хушхабарни ваъз қилишга қаратишимиз учун бир қанча тадбирлар уюштирилади. Масалан, минглаб ихтиёрий хизматчилар янги Йиғилиш ва Анжуман Залларини қуришади. Бошқалар эса табиий офатдан талафот кўрганларга ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлганларга ёрдам беришади. Яна баъзилар анжуманларни ташкил этишда ҳамда Муқаддас Китоб мактабларида таълим беришга кўмаклашишади. Биз қилинаётган ишларнинг бир нечтасини санаб ўтдик, холос. Бу ишларни бажаришда қандай мақсад кўзланади? Хушхабар ваъз қилинишини енгиллаштириш, бу ишни бажараётганларнинг маънавийлигини ошириш ҳамда ҳақ топиниш кенг қулоч ёзишига ҳисса қўшишдан иборат. Шубҳасизки Яҳова ташкилотининг ердаги қисми, диққатини муҳим нарсаларга қаратиб келмоқда!
ЯҲОВАНИНГ ТАШКИЛОТИ БИЗГА ЎРНАКДИР
16. Оилавий топинишда ёки шахсий тадқиқда қайси мавзуда изланиш ўтказмоқчисиз?
16 Яҳованинг ташкилотида қандай ишлар бажарилаётгани устидан мулоҳаза юритишга вақт ажратиб турасизми? Баъзилар оилавий топинишга ёки шахсий тадқиққа ажратилган вақтдан фойдаланиб, бу мавзуда изланиш ўтказишади ва мулоҳаза юритишади. Масалан, Ишаё, Ҳизқиё, Дониёр ва Юҳаннонинг ваҳийсини ўрганиш қизиқарли бўларди. «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» (рус) китоби ҳамда бошқа адабиётлар ёки ташкилотимиз ҳақида қизиқарли маълумотларни берадиган она тилингиздаги DVD фильмлардан фойланишингиз мумкин.
17, 18. а) Бу сизга қандай фойда келтирди? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?
17 Яҳова ташкилоти орқали қандай ишларни амалга ошираётгани ҳақида мулоҳаза юритиш биз учун жуда фойдали. Мана шундай ташкилотимиз билан ҳамқадам бўлиб, диққатимизни муҳим нарсаларга қаратишга қатъий қарор қилайлик. Шундай йўл тутсак, Павлус сингари: «Бу хизматга Аллоҳнинг раҳм-шафқати туфайли эга бўлган эканмиз, таслим бўлмаймиз»,— дея оламиз (2 Кор. 4:1). У шунингдек имондошларига далда бериб: «Яхшилик қилишдан безмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида унинг ҳосилини ўриб оламиз»,— деб ёзган (Галат. 6:9).
18 Кундалик ҳаётда сиз ёки оилангиз диққатингизни муҳим нарсаларга қаратиш учун ўзгаришлар қилишда эҳтиёж борлигини сезяпсизми? Энг муҳим бўлган ишни, яъни воизлик фаолиятини биринчи ўринга қўймоқчи бўлсак, қандай қилиб ҳаётимизни соддалаштириб, беҳуда нарсаларга чалғимаслигимиз мумкин? Кейинги мақолада Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам бўлишга ёрдам берадиган бешта нарсани кўриб чиқамиз.
a Ишаё 6:5, 8: «Мен шундай дедим: “Шўрим қурсин! Ўлдим энди! Ўз кўзларим билан ўша Шоҳни, Сарвари Оламни кўрдим. Ахир, мен оғзи нопок бир одамман, оғзи нопок халқ орасида яшайман!” Шунда эшитдим Раббийнинг овозини: “Кимни юбораман? Биз учун ким боради?” Мен айтдим: “Мен шу ердаман, мана, юборгин мени”».