АСОСИЙ МАВЗУ
Порнография — зиёнсиз вақтичоғликми ёки заҳарми?
Бугунги кунда дунё порнографиягаa тўлиб-тошган. Уни реклама, мода, кино, мусиқа, журнал, телевидение, видео ўйин, қўл телефон каби замонавий техника воситалари, веб-сайтлар ва онлайн режимида мавжуд бўлган расмлар ичида учратиш мумкин. Шуни айтиш жоизки, порнография ҳозирги замонамизда жуда кенг кўламда тарқалган. Ҳар қачонгидан кўра, бугунги кунда аксарият одамлар кўпдан-кўп жойларда порнографияга берилиб кетишган («Порнография борасида статистик маълумотлар» номли рамкага қаранг).
Порнография кундан-кунга бошқача тус олиб келмоқда. Профессор Гейл Дайнс шундай деб ёзмоқда: «Бугунги кунда тасвирлар шу қадар очиқ-ойдин бўлиб кетганки, ҳатто одамлар илгари ғайритабиий ёки жирканч деб билган порнографияни, ҳозирги кунда оддий ҳол дея ҳисоблашади».
Қуйидагилар борасида сиз қандай фикрдасиз? Порнография зиёнсиз вақтичоғликми ёки ўлдирадиган заҳарми? Исо алайҳиссалом: «Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради»,— деб айтган (Матто 7:17). Хўш, порнография қандай мева беради? Бунинг жавобини билиш учун, келинг, порнография ҳақида баъзи бир муҳим саволларни кўриб чиқайлик.
Порнография одамларга қандай таъсир қилади?
МУТАХАССИСЛАРНИНГ ФИКРИ. Айрим тадқиқотчи ва шифокорларнинг айтишича, порнографияга қарамлик гиёҳ моддаларга қарам бўлиш кабидир.
Интернетдаги порнографияни томоша қилишга одатланиб қолган Брайанb шундай деб бўлишди: «Мени ҳеч нарса тўхтата олмас эди. Ўзимни худди наркотиклар таъсири остидагидек ҳис этардим. Қаттиқ титраб, бошим оғриб кетарди. Ўзимни тўхтатмоқчи эдим, лекин йиллар ўтиб ҳам, бу иллатдан қутулолмас эдим».
Порнографияни томоша қиладиган инсонлар бундай мойиллигини кўпинча яширишади. Улар ҳеч кимга қўшилмайдиган ва риёкор бўлишади. Бундай кишиларнинг кўпи ёлғизлик, уялиш, асабийлик, руҳий тушкунлик ва ғазабланиш ҳиссини бошдан кечиришади. Баъзиларда ҳатто ўз жонига қасд қилиш фикри пайдо бўлади. Сергей исмли бир киши деярли ҳар куни қўл телефонига порнографияни юклаб олган экан. У қуйидагиларни айтди: «Мен ўзим билан ўзим овора бўлиб, тушкунликка тушиб қолдим. Ўзимни ҳеч нарсага арзимайдиган, айбдор ва ёлғиз ҳис қилиб, боши берк кўчага тушиб қолгандай эдим. Мен роса уялганим ва қўрққаним учун ёрдам сўрашга журъат эта олмагандим».
Ҳатто бир лаҳзали ёки ногаҳон порнографияга дуч келиш ҳам салбий оқибатлар келтириши ҳеч гап эмас. Порнографиянинг таъсири борасида тадқиқлар олиб борадиган бош мутахассис Жудит Рейсман АҚШ конгрессининг бир кенгашида сўзга чиқиб, шундай деган: «Порнографияга оид тасвирлар одам миясида ўрнашиб қолади ва уни ўзгартириб, хотирада беихтиёр, аммо узоқ вақт давом этадиган биохимик из қолдиради. Бу изни ўчириб ташлаш баъзида мушкул ёки ҳатто умуман ўчириб бўлмайди». Порнографик веб-сайтларга бир неча марта ногаҳон дуч келган 19 ёшли Сусана шундай бўлишди: «Ушбу тасвирлар хотирамга сингиб кетган. Улар тўсатдан пайдо бўлиб қолишади. Назаримда, улардан ҳечам халос бўла олмайман».
ХУЛОСА. Порнография ўзига қарам қилиб, ўз ўлжасига айлантиради (2 Бутрус 2:19).
Порнография оилага қандай таъсир қилади?
МУТАХАССИСЛАРНИНГ ФИКРИ. Уэнди ва Ларри Мальц порнография ҳақида ёзган ўз китобида шундай бўлишишган: «Порнография оилавий ҳаётни яксон қилади» («The Porn Trap»).
Порнография никоҳни ва оилаларни барбод қилади.
Турмуш ўртоқлар орасидаги ишончни, яқин муносабатларни ва севгини пучга чиқаради (Ҳикматлар 2:12–17).
Худбинликни ривожлантириб, ҳиссан бегоналаштиради ва ўз умр йўлдоши билан қониқмасликка олиб келади (Эфесликларга 5:28, 29).
Ахлоқсиз хаёллар ва эҳтиросларни қўзғатади (2 Бутрус 2:14).
Турмуш ўртоғини ғайритабиий жинсий бузуқликка оғдириш васвасасини уйғотади (Эфесликларга 5:3, 4).
Ҳиссий ва том маънодаги хиёнатга олиб боради (Матто 5:28).
Муқаддас Китобда умр йўлдошлар бир-бирига хиёнат қилмасликлари керак деб айтилган (Малаки 2:16). Бевафолик — хиёнатнинг бир тури бўлиб, никоҳнинг бузилишига ва ажрашишга етаклайди. Ажралиш оқибатида, фарзандлар ҳам азоб чекишади.
Порнография шунингдек, болаларга ҳам тўғридан-тўғри зиён келтириши мумкин. Юқорида айтиб ўтилган Брайан қуйидагиларни гапириб берди: «Мен тахминан ўн ёшимда бекинмачоқ ўйнаётганимизда, тасодифан дадамнинг порнографик журналларини топиб олдим. Ўша тасвирларда мени нима жалб қилганини охиригача ўзим билмаган ҳолда, уларни яширинча томоша қила бошладим. Мен ботқоқликка ботиб қолгандай эдим ва ундан ҳатто анча улғайиб ҳам чиқолмай юргандим». Тадқиқотларга биноан, ўспиринлар порнографиянинг таъсири остида жинсий ҳаётни барвақт бошлаб, палапартиш алоқаларга берилишади, жинсий муносабатларга зўравонларча ёндашишади ва ҳиссий жиҳатдан ўзгарувчан бўлиб қолишади.
ХУЛОСА. Порнография оиладаги севгини заҳарлайди ва азоб-уқубат ҳамда қайғу-алам келтиради (Ҳикматлар 6:27).
Муқаддас Китобда порнография ҳақида нима дейилган?
ХУДОНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИ. «Шунинг учун... тана аъзоларингиздаги зино, ҳаром-ҳаришлик, шаҳват, зарарли истак ва бутпарастликка тенг бўлган тамагирлик каби эҳтиросларни ўлдиринглар» (Колосаликларга 3:5).
Содда қилиб айтганда, Тангри Яҳоваc порнографиядан жирканади. Бу ерда гап, Унинг жинсий муносабатларга нисбатан ҳаддан ташқари талабчанлигида эмас. Ахир, Худонинг Ўзи жинсий муносабатларни одамларга ато этган, токи эру хотин бир-бирини мамнун қилиб, ҳиссий жиҳатдан ўзаро яқинлашишсин ва дунёга фарзанд келтиришсин (Ёқуб 1:17).
Нега Аллоҳ Яҳова учун порнография жирканчли эканида аминмиз? Бунинг айрим сабабларини кўриб чиқайлик.
Яҳова, порнография ҳаётни барбод қилишини билади (Эфесликларга 4:17–19).
У бизни яхши кўриб, зиёндан ҳимоя қилмоқчи (Ишаё 48:17, 18).
Яҳова, оила мустаҳкам бўлишини хоҳлайди (Матто 19:4–6).
У бизни ахлоқан пок бўлишимизни ва бир-биримизнинг ҳуқуқларимизни ҳурмат қилишимизни истайди (1 Салоникаликларга 4:3–6).
Яҳова, жинсий муносабатларга ҳурмат ила ёндашишимизни хоҳлайди (Ибронийларга 13:4).
У, порнография жинсий муносабатларга бузуқ, худбин ва Шайтонга хос нуқтаи назарни акс этишини билади (Ибтидо 6:2; Яҳудо 6, 7).
ХУЛОСА. Порнография, Аллоҳ билан одам орасидаги муносабатни яксон қилади (Римликларга 1:24).
Шуни айтиш керакки, порнография тузоғидан қутулишни хоҳлаган инсонларга Яҳова раҳм-шафқат кўрсатади. Муқаддас Китобда: «Эгамиз раҳмдил, иноятлидир, жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир. Биз қандай ясалганимизни У билади, биз тупроқ эканимизни У ёдида тутади»,— деб ёзилган (Забур 102:8, 14). Худо, ёрдамга муҳтож бўлган камтарин одамларни «иноят ва раҳм-шафқат топишга» таклиф этяпти (Ибронийларга 4:16; «Порнография билан алоқани узинг» номли рамкага қаранг).
Кўпдан-кўп одамлар Аллоҳнинг ёрдамини қабул қилишган. Бунинг натижаси қандай бўлган? Ёмон одатларини енгган баъзи бир одамлар ҳақида Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Аллоҳ сизларни Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг исми ҳамда Ўз руҳи орқали ювиб тозалади, муқаддас қилди ва одил деб эълон этди» (1 Коринфликларга 6:11). Ҳаворий Павлус каби бундай кишилар: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— дея айта олишади (Филиппиликларга 4:13).
Порнографияга бўлган мойиллигини енгган Сусана шундай деб бўлишди: «Порнография тузоғидан халос бўлишга фақатгина Тангри Яҳова ёрдам беришга қодир. Ундан ёрдам ва йўл-йўриқ сўрасангиз, Унинг назарида пок бўла оласиз. Худо сизни асло ташлаб қўймайди».
a «Порнография» ибораси остида кўраётган, ўқиётган ёки тинглаётган кишининг эҳтиросларини қўзғатишга мўлжалланган жинсий ҳаётни қўпол ҳолда, беҳаёларча тасвирлайдиган маълумотлар тушунилади. Бунга расмлар, матнлар ва аудио ёзувлар ҳам кириши мумкин.
b Ушбу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.
c Муқаддас Китобнинг асл нусхасига биноан, Яҳова — Аллоҳнинг исмидир.