ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Кар бўлганим мени бошқаларга таълим беришдан тўхтатмади
Мен 1941 йили 12 ёшлигимда сувга чўмгандим. Лекин 1946 йилгача Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни тушунмаган эдим. Қанақасига, дейсизми? Келинг, сизларга ўз ҳикоямни айтиб берай.
ОТА-ОНАМ 1910 йили Тбилисидан (Грузия) Канадага кўчиб келишди ва унинг ғарбий қисмида жойлашган Саскачевандаги Пеллида чўлдаги мўъжазгина ферма уйида жойлашиб олишди. Мен 1928 йили таваллуд топганман ва оилада 6 нафар фарзанднинг энг кичигиман. Отам туғилишимдан ярим йил олдин, ойим эса ҳали гўдаклигимда ҳаётдан кўз юмишди. Бундан кўп ўтмай, катта опам Люси ҳам 17 ёшлигида вафот этди. Шунинг учун, тоғам Ник мени ва опа-акаларимни ўз қарамоғига олди.
Кунлардан бир кун юришни бошлаганимда, оиладагиларим фермадаги айғир отнинг думидан тортаётганимни кўриб қолишди. Шунда от мени тепиши мумкинлигидан қўрқиб, улар бундай қилишни тўхтатишим учун менга бақиришди, мен эса бунга ҳеч қандай муносабат билдирмадим. Мен уларга орқа ўгириб турган эдим ва уларнинг бақириқларини эшитмадим. Бахтимга, ҳеч қандай зарар кўрмадим, аммо айнан ўша куни оиладагиларим мен кар эканимни пайқашди.
Оиламизнинг дўсти кар болалар учун мўлжалланган мактабда ўқишимни тавсия қилди. Шу боис, тоғам Ник мени Саскатунда (Саскачеван) жойлашган карлар учун мактабга берди. Бу мактаб уйимиздан бир неча соатлик йўл нарида эди ва ўшанда атиги 5 яшар бўлганим учун мени қўрқув қамраб олганди. Оиламни кўришга фақат байрам кунлари ва ёзги таътил пайтида бора олардим. Охир-оқибат, мен имо-ишора тилини ўргандим ва бошқа болалар билан маза қилиб ўйнайдиган бўлдим.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ҲАҚИҚАТНИ ЎРГАНИШ
1939 йили иккинчи опам Марион Билл Даниэльчук исмли кишига турмушга чиқди ва улар учинчи опам Фреэнсисни ҳамда мени ўз қаноти остига олишди. Айнан улар оиламдагилардан биринчи бўлиб Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқни бошлашганди. Ёзги таътилга келганимда, улар Муқаддас Китобдан ўрганаётганларини мен билан бўлишиш учун имкон борича ҳаракат қилишарди. Ростини айтсам, улар билан мулоқот қилиш осон бўлмаган, сабаби улар имо-ишора тилини билишмасди. Аммо улар маънавий нарсаларга бўлган муҳаббатимни кўришарди. Мен уларнинг хатти-ҳаракатлари ва Аллоҳнинг Каломида айтилганлар ўртасида боғлиқлик борлигини тушунардим, шунинг учун улар билан ваъзгўйликка чиқардим. Тез орада мен сувга чўммоқчи бўлдим ва 1941 йили 5 сентябрда қудуқдан тортиб олинган муздек сув билан тўлдирилган пўлат идишда Билл мени сувга чўмдирди.
1946 йили ёзда уйга қайтганимда, биз АҚШнинг Огайо штатидаги Кливленд шаҳрида бўлиб ўтган анжуманга бордик. Анжуманнинг биринчи кунида опаларим дастурни тушунишим учун мен учун навбатма-навбат ёзувлар қилиб туришди. Иккинчи куни эса, ўша анжуманда имо-ишора тилида гапирадиган бир гуруҳ ва таржимон ҳам борлигидан хабар топиб, роса хурсанд бўлдим. Натижада, дастурдан завқ олдим ва ахийри Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни яққол тушунаётганим, чиндан ҳам, ажойиб эди!
ҲАҚИҚАТНИ ЎРГАТИШ
Ўшанда Иккинчи жаҳон уруши эндигина тугаб, миллатчилик кенг тарқалаётган пайт эди. Анжумандан қайтгач, мен мактабда эътиқодим учун қатъий туришга қарор қилгандим. Шу боис, байроқни шарафлашда ва мадҳияни имо-ишора тилида куйлашда қатнашмайдиган бўлдим. Бундан ташқари, байрамларни нишонлашдан ва черковда мажбурий ҳисобланган хизматларга боришдан воз кечдим. Мактабдаги ўқитувчиларимга бу хуш келмади ва улар фикримни ўзгартиришим учун мени қўрқитиб, ёлғонларни ишлатишга уриниб кўришди. Буларнинг ҳаммаси синфдошларим орасида шов-шув кўтарилишга сабаб бўлган бўлса ҳам, менга шоҳидлик беришга имкон яратди. Айрим синфдошларим, чунончи, Ларри Андрософ, Норман Дитрик ва Эмиль Шнайдер охири ҳақиқатни қабул қилишди ва улар бугунги кунгача Яҳовага садоқатли қолиб, хизмат қилишмоқда.
Бошқа шаҳарларга борганимда, мен доимо карларга шоҳидлик беришга ҳаракат қилардим. Масалан, Монреалда маҳаллий карлар йиғиладиган бир жойга бордим. У ерда мен шу гуруҳнинг аъзоси бўлган Эдди Тэйгер исмли йигитга ваъз қилдим. У ҳаётининг охиригача, ўтган йилгача, Квебекдаги Лаваль шаҳрида имо-ишора тилида гапирадиган жамоатда хизмат қилиб келди. Қолаверса, мен Хуан Арданец исмли бир йигит билан ҳам танишдим. У Муқаддас Китобдаги хушхабарнинг ҳаққонийлигига амин бўлиш учун верияликларга ўхшаб синчковлик билан изланиш ўтказарди. (Ҳавор. 17:10, 11) У ҳам ҳақиқатга келди ва Онтариодаги Оттава шаҳрида оқсоқол сифатида ўлимигача садоқат ила хизмат қилиб келди.
1950 йили мен Ванкуверга кўчиб ўтдим. Гарчи карларга ваъз қилишни ёқтирган бўлсам-да, Крис Спайсер исмли қулоғи эшитадиган аёлга кўчада ваъз қилганимда бўлиб ўтган воқеани ҳеч қачон унутмайман. У аёл журналларга обуна бўлди ва мени эри Гари билан учраштирмоқчи эди. Шунда мен уйларига бордим ва биз ёзувлар орқали узоқ муҳокама олиб бордик. Бундан кейин биз бир-биримизни кўрмагандик. Аммо бир неча йилдан кейин улар Торонтода бўлган анжуманда олдимга саломлашиш учун келишгани мен учун кутилмаган бўлди. Гари ўша куни сувга чўмиши керак эди. Бундай ажойиб воқеа менга ҳақиқат уруғи қаерда ёки қачон илдиз отишни билмаганимиз учун ваъз қилишда давом этишимиз муҳимлигини эслатди.
Кейинчалик Саскатунга кўчиб ўтдим. У ерда мен қулоғи эшитмайдиган эгизак қизлари билан тадқиқ ўтказишни сўраган бир имондош опамизни учратдим. Бу қизлар: Жин ва Жоан Ротенбергер қачонлардир мен ўқиган карлар учун мактабга боришарди. Орадан кўп ўтмай, иккала қиз ўз синфдошлари билан ўрганаётган билимларини баҳам кўришни бошлашди. Натижада, синфларидан 5 та қиз Яҳованинг Шоҳиди бўлди. Улардан бири Юнис Колин эди. Мен Юнисни илк бор ўша карлар учун мактабни битираётган йилим кўргандим. Ўшанда у менга битта конфет бериб, дўст бўлишимизни таклиф қилганди. Кейинчалик у ҳаётимдаги энг азиз инсонга айланди — у рафиқам бўлди!
Юниснинг ойиси у Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганини билганида, мактаб директоридан уни бу йўлдан қайтаришга уриниб кўришини сўрайди. Шунда мактаб директори ҳатто Юниснинг тадқиқ учун қўлланмаларини олиб қўяди. Аммо Юнис асосий эътиборини Яҳовага қаратишда давом этади. У сувга чўммоқчи бўлганида, ота-онаси унга: «Яҳованинг Шоҳиди бўладиган бўлсанг, уйимиздан кетасан!» Шундай қилиб, 17 яшарлигида Юнис уйидан кетди ва Яҳованинг Шоҳиди бўлган маҳаллий бир оила меҳр ила уни ўз қаноти остига олди. У тадқиқни давом эттирди ва кейинчалик сувга чўмди. Биз 1960 йили турмуш қурганимизда, Юниснинг ота-онаси тўйимизга келишмади. Бироқ йиллар ўтгач, улар эътиқодларимиз туфайли ва фарзандларимизни қандай тарбиялаётганимизни кўриб, бизни ҳурмат қиладиган бўлишди.
ЯҲОВА МЕНГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛДИ
Кар бўлишимизга қарамай, Юнис икковимиз 7 та қулоғи эшитадиган ўғилни катта қилдик. Бу осон бўлмади, лекин биз болаларимиз имо-ишора тилини билишига ғамхўрлик қилдик, зеро шу йўсин биз улар билан бемалол мулоқот қилиб, уларга ҳақиқатни ўргата олардик. Жамоатдаги биродару опа-сингиллар бизга анча ёрдам беришди. Мисол учун, бир имондошимиз бизга ўғилларимиздан бири Йиғилиш Залида ёмон сўзларни гапираётгани ҳақида кичкина хат ёзди. Шунда биз бу масалани ўша заҳотиёқ ҳал қилишга ҳаракат қилдик. Ҳозир тўртала ўғлимиз: Жеймс, Жерри, Николас ҳамда Стивен турмуш ўртоқлари ва оилалари билан бирга Яҳовага садоқат ила хизмат қилиб келишяпти. Ўғилларимизнинг ҳаммаси оқсоқол бўлиб хизмат қиляпти. Боз устига, Николас ва унинг рафиқаси Дебора Британиянинг филиалида имо-ишора тилига таржима қилишда ёрдам беришяпти, Стивен ва унинг турмуш ўртоғи Шанон эса Қўшма Штатлардаги филиалда имо-ишора тилига таржима қилаётган гуруҳда хизмат қилишяпти.
Ўғилларим Жеймс, Жерри ва Стивен турмуш ўртоқлари билан бирга имо-ишора тилида ваъз қилиш фаолиятини турли йўллар билан қўллаб-қувватлашмоқда
Турмуш қурганимизга 40 йил бўлишидан бир ой олдин рафиқам Юнис саратон касаллиги билан курашишда енгилди. Ўша қийин пайтда у улкан жасоратни намоён этди. У тирилишга бўлган умидини мустаҳкам сақлай олди. Мен уни яна кўрадиган кунни интизорлик билан кутяпман.
2012 йили февраль ойида мен йиқилиб, сонимни синдирдим. Ўшанда ёрдамга муҳтож эканимни тушунгандим, шунинг учун ўғилларимдан бириникига кўчиб ўтдим. Ҳозир биз Калгаридаги имо-ишора тилидаги жамоатнинг аъзосимиз ва бу жамоатда мен оқсоқол бўлиб хизмат қилишда давом этяпман. Ростини айтсам, бу — мен имо-ишора тилидаги жамоатда илк бор хизмат қилишим эди! Қизиқ-а? Қанақасига мен 1946 йилдан бери шунча йил инглиз тилидаги жамоатда бўлиб, Яҳова билан дўстлигимни мустаҳкам сақлай олдим? Чунки Яҳова менга ёрдам берди: У Ўзининг отасиз фарзандларга ғамхўрлик қилиш ваъдасига вафо қилди. (Заб. 9:35) Мен учун имкон борича ёзувлар қилишда, имо-ишора тилини ўрганишда ва таржима қилиб беришда ёрдам берган кишиларнинг ҳаммасига уларнинг умумий саъй-ҳаракатлари учун миннатдорман.
Ростини айтсам, айтилаётган нарсаларни фаҳмламаганим ёки менга карларнинг эҳтиёжларини тушунишмаётгандек туюлгани учун баъзида руҳим тушиб, таслим бўлишни истардим. Лекин шундай дамларда Бутруснинг Исога айтган қуйидаги сўзлари ҳақида ўйлардим: «Ҳазрат, биз кимга ҳам борайлик? Ахир сизда абадий ҳаётнинг сўзлари бор-ку». (Юҳан. 6:66–68) Ҳақиқатда анча йилдан бери бўлган қулоғи эшитмайдиган бошқа биродару опа-сингилларимизга ўхшаб, мен ҳам сабрли бўлишни ўргандим. Бундан ташқари, Яҳовани ва Унинг ташкилотини кутишни ўргандим ва бундан кўп барака олдим! Энди менда ўз тилимда мўл-кўл маънавий озуқа бор ва мен Америка имо-ишора тилида ўтказиладиган йиғилишлару анжуманларда маза қилиб мулоқот қила оламан. Ҳа, мен буюк Аллоҳ Яҳовага хизмат қилиб, чиндан ҳам бахтли ва мазмунли ҳаёт кечирдим!