Ким сизни тан олишини истайсиз?
Аллоҳ адолатсиз эмас... Унинг исмига кўрсатган севгингизни ҳамда меҳнатингизни унутмайди. ИБРОН. 6:10
1. Ҳар биримизда қандай табиий истак бор ва бу нимани ўз ичига олади?
ТАНИШИНГИЗ исмингизни эслай олмаса ёки энг ёмони сизни танимаса, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Бу кайфиятингизни туширган бўларди. Нима учун? Боиси, бизни танишларини исташ табиийдир. Қолаверса, бизни танишларидан кўпроқ нарсани истаймиз. Улар биз қандай инсон эканимизни ва нималарга эришганимизни билишларини хоҳлаймиз. (Саҳ. 11:16; Аюб 31:6)
2, 3. Қай йўсин бошқалар бизни тан олишларини исташ ноўрин хоҳишга айланиши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
2 Бошқа табиий истаклар сингари бизни тан олишларини исташ, номукаммаллигимиз туфайли ўринсиз хоҳишга айланиши ҳеч гап эмас. Бунинг дастидан, бизни тан олишгани ҳақида кўпгина сўзларни эшитишни хоҳлаймиз. Шайтоннинг дунёси машҳур бўлиш ва тан олиниш каби истакларни алангалатади. Бу эса ҳақиқий шараф ва топинишга лойиқ бўлган самовий Отамиз Яҳовадан эътиборимизни олиб қочади. (Ваҳ. 4:11)
3 Исонинг даврида дин раҳбарлари тан олинишга нисбатан нотўғри нуқтаи назарда бўлган. Шу боис, Исо издошларини қуйидагича огоҳлантирган: «Уламолардан эҳтиёт бўлинглар. Улар узун кийимда юришни, бозор майдонларида алик олишни, ибодатхоналарда юқори ўринни эгаллашни ва зиёфатларда тўрда ўтиришни яхши кўришади». У давом этиб шундай айтган: «Бундайлар оғирроқ ҳукмга мубтало бўлишади». (Луқо 20:46, 47) Бундан фарқли равишда, Исо эҳтимол бошқалар аҳамият бермаган икки чақа эҳсон қилган камбағал бева аёлни мақтаб ўтган. (Луқо 21:1–4) Кўриниб турибдики, Исонинг тан олинишга бўлган нуқтаи назари бошқаларникидан анча фарқ қилган. Ушбу мақолада Яҳова маъқул деб билган нуқтаи назарга эга бўлиш ҳақида гап боради.
ЭНГ АЪЛО ТАН ОЛИНИШ
4. Энг аъло тан олиниш қайси ва нима учун?
4 Биз интилишимиз мумкин бўлган энг аъло тан олиниш қайси? Бу илм-фан, бизнес, санъат ва спорт соҳаларида танилишга интилиш эмас. Павлус мазкур тан олиниш борасида биз учун ёзиб қолдирган сўзлар устида фикр юритиб кўринг: «Энди эса Худони таниб-билганингизда, тўғрироғи, Худо томонидан танилганингизда, сизлар яна ўша беҳуда, арзимас қонун-қоидаларга қайтиб, уларнинг қулига айланмоқчимисизлар?» (Галат. 4:9) Коинотнинг олий Ҳукмдори «Худо томонидан танилишимиз» нақадар ажойиб шараф! У биз билан яқин муносабатларга эга бўлишга тайёр. Бир илоҳиётшунос айтганидек, биз «Унинг диққат-эътиборидаги шахсга айланамиз». Яҳова бизни билади, севади. Унинг дўстлари бўлишимизни истайди, зеро айнан шу учун яратилганмиз. (Воиз 12:13, 14)
5. Худо бизни таниб-билиши учун нима қилишимиз керак?
5 Мусо шундай шарафга сазовор бўлган. У Яҳовага: «Менга Ўз йўлларингни очиб бер»,— деб илтижо қилганда, Яҳова Мусога қуйидагича жавоб берган: «Менинг назаримда илтифот топганинг ва сени яхши билганим боис, сўраган бу нарсаларингни ҳам бажараман». (Чиқ. 33:12–17) Шу сингари, Яҳова бизни ҳам шахсан билса, ажойиб баракаларга эга бўламиз. Хўш, қай йўсин Яҳова бизни шахсан билиши мумкин? Уни севиб, ҳаётимизни Унга бағишлаганимизда бунга эриша оламиз. (1 Коринфликларга 8:3 ни ўқинг.)
6, 7. Яҳова билан муносабатларимизга нима путур етказиши мумкин?
6 Шунингдек, самовий Отамиз билан бўлган қадрли муносабатларимизни мустаҳкамлашимиз лозим. Павлус мактуб йўллаган Галатиядаги масиҳийлар каби, биз ҳам бу дунёдаги «беҳуда, арзимас қонун-қоидаларга» берилишдан, жумладан, бу дунёда тан олинишдан қочишимиз зарур. (Галат. 4:9) Биринчи асрдаги бу масиҳийлар Худо томонидан танилган эди. Аммо Павлус ўша имондошлар яна беҳуда нарсаларга қайтмоқчи экани тўғрисида айтган. Бошқача сўзлар билан айтганда, Павлус: «Шунча масофани босиб ўтгач, ортда қолдирган бефойда ва қадрсиз нарсаларга қайтмоқчимисиз?» — дегандай бўлган.
7 Биз билан ҳам шундай юз бериши мумкинми? Бўлиши мумкин. Яҳовани илк бор таниб-билганимизда, Шайтоннинг дунёсида муҳим саналган нарсалардан Павлус каби воз кечган бўлишимиз мумкин. (Филиппиликларга 3:7, 8 ни ўқинг.) Эҳтимол, олий маълумотли бўлиш, кўп пул ишлаш имкониятларидан воз кечгандирмиз. Балки, мусиқий ёки жисмоний қобилиятларимиз туфайли машҳур ва бой бўлишимиз мумкин эди, лекин уларнинг баридан юз ўгирганмиз. (Иброн. 11:24–27) Ўша доно қарорларимиздан афсусланиб, агар уларни қўлдан бой бермаганимизда, ҳаётимиз яхшироқ бўларди деб ўйлаш доноликдан бўлмас эди. Зеро, бундай фикрлаш тарзи биз аллақачон воз кечган бу дунёдаги «беҳуда, арзимас» нарсаларга қайтишимизга сабаб бўлиши мумкин.
ҚАРОРИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАНГ
8. Яҳова бизни тан олишига интилиш қароримизни нима мустаҳкамлайди?
8 Бу дунё эмас, Яҳова бизни тан олишига интилиш қароримизни қай йўсин мустаҳкамлашимиз мумкин? Бунинг учун иккита муҳим омилни ёдда тутишимиз керак. Биринчиси, Яҳова Унга садоқат билан хизмат қиладиганларни доим тан олади. (Ибронийларга 6:10 ни ўқинг; 11:6) У ҳар бир хизматчисини жуда қадрлайди ва садоқат ила хизмат қиладиганларни назарга илмасликни «адолатсиз»лик деб ҳисоблайди. Яҳова «ким Унга тегишли эканини билади». (2 Тим. 2:19) У «адолатли кишиларнинг йўлларини» ва уларни синовлардан қандай қутқаришни билади. (Заб. 1:6; 2 Бутр. 2:9)
9. Яҳова хизматчиларидан мамнунлигини кўрсатгани борасида мисоллар келтиринг.
9 Баъзида, Яҳова хизматчиларидан мамнун эканини ўзгача тарзда кўрсатган. (2 Сол. 20:20, 29) Масалан, фиръавннинг кучли қўшини Яҳованинг халқини таъқиб қилганда, Яҳова уларни Қизил денгизда қандай қутқаргани ҳақда бир ўйлаб кўринг. (Чиқ. 14:21–30; Заб. 106:9–11) Бу воқеа шунчалик ҳайратланарли бўлган эдики, ҳатто 40 йил ўтса ҳам ўша ердаги одамлар бу тўғрисида гапириб юрган. (Ёшуа 2:9–11) Яҳова хизматчиларига севгиси ва кучини шу йўсин намоён этганини ёдда тутиш бизга далда бахш этяпти. Чунки тез орада Магўг юртидаги Гўг томонидан ҳужумга дуч келамиз. (Ҳиз. 38:8–12) Ўшанда дунё эмас, Яҳова бизни тан олишига интилганимиздан жуда қувонамиз.
10. Яҳова хизматчиларини тан олиши борасида яна нимани унутмаслигимиз керак?
10 Ёдда тутишимиз керак бўлган иккинчи омил шуки, Яҳова бизни тан олишини кутилмаган тарзда аён қилиши мумкин. Одамларга кўриниш учун савоб ишлар қиладиган кишилар Яҳовадан мукофот олмайди. Нега? Чунки Исо айтганидай, бошқалар уларни мақтаганда, улар мукофотини олиб бўлган. (Матто 6:1–5 ни ўқинг.) Лекин Исонинг сўзларига кўра, самовий Отаси яхши ишлари учун одамлардан олқиш олмаган «яширин бўлганларни кўриб» туради. Уларнинг ҳаракатлари Яҳованинг назаридан четда қолмайди ва У ҳар бир кишига ишига яраша қайтаради. Шу билан бирга Яҳова баъзида бизни кутилмаган тарзда мукофотлайди. Келинг, бу борада баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.
ЯҲОВА КАМТАРИН АЁЛГА УНИ ТАН ОЛИШИНИ ЎЗГАЧА ТАРЗДА КЎРСАТГАН
11. Яҳова Марямни тан олишини қандай кўрсатган?
11 Ўғли дунёга келиши керак бўлганида, Яҳова бу ўзгача боланинг онаси бўлиш учун камтарин ва бокира қиз Марямни танлади. Марям Қуддус ва маъбаддан узоқда, унча таниқли бўлмаган Носира шаҳрида яшаган. (Луқо 1:26–33 ни ўқинг.) Нима учун Марям бундай шарафга лойиқ деб топилган? Фаришта Жаброил Марям «Аллоҳнинг назарида марҳамат топганини» аён қилган. Кейинчалик Марям қариндоши Элисабет билан гаплашганда маънавий инсон эканини кўрсатган. (Луқо 1:46–55) Ҳа, Яҳова Марямни кузатган ва садоқати учун кутилмаганда уни шарафга лойиқ деб топган.
12, 13. Исо туғилган пайтда ва 40 кун ўтгач, маъбадга олиб келинганда Яҳова уни тан олишини қандай кўрсатди?
12 Исо дунёга келганда Яҳова Қуддусдаги ва Байтлаҳмдаги ҳокимлару бошқарувчиларни буни билиш шарафига сазовор деб топмаган. Яҳова фаришталарини Байтлаҳмнинг яқинида қўйларни боқиб юрган оддийгина чўпонларга юборган. (Луқо 2:8–14) Бу чўпонлар янги туғилган чақалоқни кўргани борган. (Луқо 2:15–17) Исо шу йўсин шарафга сазовор бўлганидан Марям ва Юсуф роса ҳайрон қолгани аниқ! Яҳова тутган ва Иблис тутган йўл ўртасидаги фарқ ҳақида мулоҳаза қилиб кўринг. Шайтон Исони ва унинг ота-онасини йўқлаш учун мунажжимларни юборганда, чақалоқ ҳақидаги хабардан Қуддус аҳолисининг тинчлиги бузилди. (Мат. 2:3) Натижада, кўпгина беайб болалар нобуд бўлди. (Мат. 2:16)
13 Исонинг туғилишидан қирқ кун ўтгач, Марям Байтлаҳмдан тахминан 9 км узоқликда жойлашган Қуддусдаги маъбадда Яҳовага атаб қурбонлик келтириши кутиларди. (Луқо 2:22–24) Марям оиласи билан йўлда кетар экан, Исонинг келажакдаги ўрни борасида руҳоний бирон белги бериши ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин. Исони шарафга лойиқ деб топишди, аммо бу, эҳтимол Марям кутган тарзда бўлмагандир. Яҳова Шимўн исмли «одил, худотарс киши» ва 84 ёшли пайғамбар аёл Аннадан фойдаланиб, бола ваъда қилинган Масиҳ эканини аён қилди. (Луқо 2:25–38)
14. Марям Яҳовадан қандай мукофот олган?
14 Марям ҳақида нима деса бўлади? Исони садоқат ила боққани ва ўстиргани учун Яҳова Марямни тан олаётганини кўрсатишда давом этдими? Бўлмасам-чи! Худо Марямни ҳаракатларию сўзлари Муқаддас Китобда ёзилишига ғамхўрлик қилди. Афтидан, Марям Исонинг уч ярим йиллик хизмати давомида у билан бирга ҳамкорлик қила олмаган. Эҳтимол, бева бўлгани учун у Носирада қолиши керак эди. Гарчи у кўпгина қизиқарли воқеаларни ўтказиб юборган бўлса-да, Исонинг ўлими пайтида унинг ёнида бўла олган. (Юҳан. 19:26) Кейинчалик Ҳосил байрамида шогирдларнинг устига муқаддас руҳ тушишидан аввал ҳам Марям Қуддусда шогирдлар билан бирга эди. (Ҳавор. 1:13, 14) У ҳам бошқа шогирдлар сингари мойланган. Бу Марямга абадулабад самода Исонинг ёнида бўлиш имкони берилганини англатади. Ҳа, бу унинг садоқат ила бажарган хизмати учун ажойиб мукофот!
ЯҲОВА ЎҒЛИНИ ТАН ОЛИШИНИ КЎРСАТДИ
15. Ўғли ер юзида бўлганида Яҳова ундан мамнун эканини қандай кўрсатган?
15 Исо ўз давридаги дин уламоларию сиёсий раҳбарлардан шараф изламаган. Аммо Яҳова уч марта самодан гапириб, Исони тан олишини кўрсатгани унга далда бахш этгани аниқ. Исо Иордан дарёсида сувга чўмиши билан Яҳова қуйидагича деган: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман». (Мат. 3:17) Эҳтимол, фақатгина Яҳё буни эшитган бўлиши мумкин. Сўнг Исонинг ўлимидан деярли бир йил аввал ҳаворийлардан учтаси Яҳова Исо ҳақида айтган гапларни эшитди: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар». (Мат. 17:5) Ниҳоят, Исонинг ўлимидан атиги бир неча кун бурун Яҳова осмондан унга гапирган. (Юҳан. 12:28)
16, 17. Қай йўсин Яҳова Исодан мамнун эканини кутилмаган тарзда кўрсатди?
16 Гарчи Исо шармандаларча ўлдирилишини ва куфр сўзларини айтди дея туҳмат қилишларини билган бўлса-да, Яҳовага Унинг иродаси бажо бўлишини сўраб ибодат қилган. (Мат. 26:39, 42) У «шарманда бўлишига қарамай, азоб устунидаги ўлимга чидаб», дунё эмас, Отаси уни тан олишига интилган. (Иброн. 12:2) Яҳова уни тан олишини қандай кўрсатди?
17 Исо ер юзида бўлганида олдинлари осмонда Отасининг олдида эга бўлган шарафли ўринни эгаллаш истаги борлигини билдирган. (Юҳан. 17:5) Исо бундан ортиғини истагани ҳақида Муқаддас Китобнинг ҳеч қаерида айтилмаган. У самода ўзгача «юксалишни» кутмаган. Аммо Яҳова нима қилди? У Исони тирилтирганда уни янада «юксалтириб», ҳали ҳеч ким эга бўлмаган мукофотга — ўлмасликкаa сазовор қилиш орқали ундан мамнун эканини ўзгача тарзда кўрсатди. (Филип. 2:9; 1 Тим. 6:16) Исо садоқатли қолгани учун Яҳова унга нақадар ажойиб мукофот ато этди!
18. Бу дунё эмас, Яҳова бизни тан олишига интилишимизга нима ёрдам беради?
18 Бу дунё эмас, Яҳова бизни тан олишига интилишимизга нима ёрдам беради? Шуни ёдда тутингки, Яҳова садоқатли хизматчиларини доим тан олади. Қолаверса, У кўпинча кутилмаган тарзда мукофотлайди. Ким билсин, келажакда биз учун қандай кутилмаган баракалар тайёрлаб қўйилган?! Ҳозирча бу ёвуз дунёдаги қийинчиликлару синовларда бардошли бўлар эканмиз, бу дунё ўтиб кетишини унутмайлик. Бу дунёда тан олиниш ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолади. (1 Юҳан. 2:17) Меҳрибон Отамиз Яҳова «адолатсиз эмас», чунки У Унинг исмига кўрсатган севгимизни ҳамда меҳнатимизни унутмайди. (Иброн. 6:10) Ҳа, Яҳова эҳтимол ҳатто биз кутмаган тарзда илтифот кўрсатади.
a Афтидан, бу кутилмаган барака бўлган. Чунки Ибронийча ёзувларда ўлмаслик ҳақида айтилмаган.