Охират қачон келади?
Ўтган мақоладан билиб олганимиздай, Муқаддас Китобда дунёнинг охири деганда Ер сайёраси ёки инсоният йўқ бўлиб кетиши назарда тутилмайди. Аксинча, бу шуни англатадики, ёвузликка тўлган ҳозирги замон ва уни қўллаб-қувватлаётган барча йўқ қилинади. Лекин Муқаддас Китобда ушбу ёвуз дунёнинг охири келиши ҳақида айтилганми? Келинг, бу борада Исо пайғамбар нима деганини кўриб чиқайлик.
ИСО ПАЙҒАМБАР ДУНЁНИНГ ОХИРИ ҲАҚИДА АЙТГАН ИККИТА ФИКР:
«Шундай экан, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар». (МАТТО 25:13)
«Шундай экан кўз-қулоқ бўлиб, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар». (МАРК 13:33)
Демак, ер юзида ҳеч ким бу замоннинг охири қачон келишини аниқ билмайди. Бироқ Худо дунёнинг охири келадиган маълум «кун ва... соатни» белгилаган. (Матто 24:36) Бу охират қачон келишини билиш имконсиз деганими? Албатта йўқ. Исо шогирдларига дунёнинг охири яқин эканини аниқлашга ёрдам берувчи бир нечта ҳодисани айтиб ўтган.
БЕЛГИ
Исо айтиб ўтган қуйидаги ҳодисалар «замон охирлаб бораётганининг» белгиси бўлади: «Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Бир жойда, кейин бошқа жойда озиқ-овқат етишмовчилиги ва зилзилалар бўлади». (Матто 24:3, 7) У шунингдек, «ўлатлар», яъни эпидемиялар бўлишини айтган. (Луқо 21:11) Исо пайғамбар башорат қилган ҳодисалар юз бераётганини кўряпсизми?
Бугунги кунда инсонлар урушлар, очарчилик, зилзилалар ва кетма-кет пайдо бўлаётган касалликлар туфайли азоб чекяпти. Масалан, 2004 йили Ҳинд океанидаги кучли зилзила оқибатида юз берган цунами тахминан 225 000 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Уч йил давомида COVID-19 пандемияси дастидан дунё бўйлаб тахминан 6,9 миллион инсон вафот этди. Исо алайҳиссалом айтганидек, шу каби ҳодисалар замон охирлаб бораётганининг белгиси бўлади.
«ОХИРГИ КУНЛАР»
Муқаддас Китобда охират келишидан сал олдинги давр «охирги кунлар» ёки «охирзамон» деб аталган. (2 Бутрус 3:3, 4) 2 Тимўтийга 3:1–5 га кўра, охирзамонда одамлар ахлоқан бузилиб кетишади. («Охиратдан олдин юз берадиган ҳодисалар» номли рамкага қаранг.) Бугунги кунда инсонлар худбин, очкўз, шафқатсиз ва меҳр-оқибатсиз бўлиб кетганига гувоҳ бўляпсизми? Бу ҳам дунёнинг охири яқинлашиб қолган пайтда яшаётганимизнинг исботидир.
Охирзамон қанча давом этади? Муқаддас Китобга биноан у «оз» вақт давом этади. Кейин Худо ерни «хароб этувчиларни» йўқ қилади. (Ваҳий 11:15–18; 12:12)
ЕР ЮЗИДА БЎЛАДИГАН ЖАННАТ ЯҚИНДИР!
Худо бу ёвуз замонни йўқ қилиш вақти ва соатини аллақачон белгилаб қўйган. (Матто 24:36) Шунга қарамай, хушхабар бор: Аллоҳ «ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди». (2 Бутрус 3:9) Тангри инсониятга Унинг меъёрлари бўйича яшаш учун имконият беряпти. Нега? Чунки У охират келганида омон қолишимизни ва ер юзини жаннатга айлантирганида янги дунёда яшашимизни истайди.
Аллоҳ инсонлар қандай қилиб Унинг Шоҳлиги остидаги янги дунёнинг фуқаролари бўлиш мумкинлигини билиб олишлари учун умумжаҳон таълим бериш дастурини ташкиллаштирган. Исо пайғамбар Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабар «бутун дунё бўйлаб ваъз қилинишини» айтганди. (Матто 24:14) Дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги умидбахш хабарни ваъз қилиш ва таълим бериш учун миллиардлаб соат сарфлашди. Исо алайҳиссаломнинг сўзларига кўра, бу ваъзгўйлик иши дунёнинг охири келгунига қадар бутун ер юзи бўйлаб амалга оширилиши керак эди.
Яқинда инсоний бошқарув ўз якунига етади. Лекин хушхабар ҳам бор: сиз дунёнинг охири келганида омон қолишингиз ва Худо ваъда берган ер юзидаги жаннатда яшашингиз мумкин. Кейинги мақолада бу янги дунёда яшаш учун нима қилишингиз кераклиги ҳақида гап боради.
Ҳазрати Исонинг «охирзамон» ҳақидаги башорати бизга умид бағишламоқда