Ўқувчиларнинг саволлари
Нима учун Исо ўлимидан олдин Забур 22:1 даги сўзларни айтган?
Исо ўлимидан аввал айтган сўнгги сўзлари Матто 27:46 да ёзилган: «Аллоҳим, Аллоҳим, нега мени ташлаб қўйдинг?» Бу билан у Забур 22:1 даги сано бастакори Довуднинг сўзларини амалга оширди. (Марк 15:34) Исо Яҳовадан хафа бўлгани ёки Унга бўлган имони тебрангани учун мазкур сўзларни келтирган, деб хулоса қилиш нотўғри бўларди. Исо нега ўлиши кераклигининг сабабини яхши тушунган ва буни ўзи истаб қилган. (Мат. 16:21; 20:28) У, шунингдек, ўлаётган пайтда Яҳова уни «ҳимоя» қилмаслигини билган. (Аюб 1:10) Шу йўсин, Яҳова Исо қандай шароитда ўлишидан қатъи назар, узил-кесил садоқатли қолишини исботлашига имкон берган. (Марк 14:35, 36)
Хўш, унда нега Исо бу сўзларни айтган? Гарчи аниқ билмасак-да, келинг, тахминий баъзи сабабларини кўриб чиқамизa.
Исо бу сўзларни келтирганда, Яҳова унинг ўлимига аралашмаслигини таъкидламоқчимиди? Исо Яҳованинг ёрдамисиз тўловни тақдим этиши ва ҳар бир инсон учун «ўлимга рўбарў бўлиши» кутиларди. (Иброн. 2:9)
Исо бир нечта сўзни иқтибос сифатида келтириб, бошқаларнинг эътиборини бутун санога қаратмоқчимиди? Ўша пайтларда яҳудийлар учун Забурнинг кўп саноларини ёдлаб олиш оддий ҳол эди. Бирорта санодан атиги битта оят келтирилганда, ўша бутун сано эсга тушарди. Агар Исо шундай қилишни истаган бўлса, яҳудий издошларига ўлими билан боғлиқ кўп башоратларни эслашга ёрдам бермоқчи бўлгандир. (Заб. 22:7, 8, 15, 16, 18, 24) Қолаверса, Забурдаги ўша бобнинг охирги оятларида Яҳова мадҳ этилган ва бутун ер юзи устидан ҳукмронлик қилаётгани айтилган. (Заб. 22:27–31)
Довуднинг бу сўзларини келтириб, Исо беайб эканини таъкидламоқчимиди? Ўлимидан олдин Исо Худога қарши гапиришда айбланиб, ноҳақ азоб чекишига тўғри келган. (Мат. 26:65, 66) Олий Кенгаш кечаси тезда йиғилган ва Исонинг иши қонунга мувофиқ кўриб чиқилмаган. (Мат. 26:59; Марк 14:56–59) Исо мазкур сўзларни риторик савол сифатида келтириб, жазоланишга лойиқ ҳеч қандай иш қилмаганига эътибор қаратмоқчи бўлгандир.
Мазкур санонинг бастакори Довуд азоб чекишига йўл қўйилган бўлса-да, у Яҳованинг розилигини йўқотмаганини Исо бошқаларга эслатмоқчимиди? Довуднинг саволи имони заифлашиб қолганини англатмайди. Бу саволни кўтариб, у Яҳова халқини қутқаришга ва баракалар ато этишга қодир эканини кўрсатмоқчи эди. (Заб. 22:23, 24, 27) Шу сингари, «Довуднинг Ўғли» Исо азоб устунида қийналган бўлса-да, бу Яҳова энди ундан мамнун эмаслигини англатмаган. (Мат. 21:9)
Исо бенуқсонлигини тўлиқ намоён этиши учун Яҳова уни ҳимоя қилмаслигини билиб, қаттиқ қайғуга ботганми? Исонинг азоб чекиб, ўлиши Яҳованинг илк ниятига кирмаган. Одамато ва Момоҳаво исён кўтарганидан кейингина бунга эҳтиёж туғилган. Исо ҳеч қандай ёмон иш қилмаган, аммо Шайтоннинг даъволарига жавоб берилиши ва одамлар йўқотганини қайтариш мақсадида тўловнинг баҳосини тақдим этиш учун у азоб чекиши ва ўлиши керак эди. (Марк 8:31; 1 Бутр. 2:21–24) Яҳова Исони ер юзидаги ҳаётида бир лаҳзага ва илк маротаба ҳимоясидан айриганидагина бу амалга ошиши мумкин эди.
Исо издошларига Яҳова нега у бу тарзда ўлишига йўл қўйганига диққат қаратишга ёрдам бермоқчимиди?b Исо азоб устунида жиноятчи сифатида ўлдирилиши кўпларни қоқинтиришини билган. (1 Кор. 1:23) Борди-ю, издошлари ўлимининг чинакам сабабига диққат қаратишганида, бунинг асл моҳиятини тушунган бўлишарди. (Галат. 3:13, 14) Шунда, улар Исога жиноятчи сифатида эмас, балки Нажоткор сифатида қарашарди.
Исо бу сўзларни келтирганининг сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, бошидан кечираётганлари Яҳованинг унга нисбатан иродасининг бир қисми эканини тушунган. Мазкур сўзларни иқтибос сифатида келтирганидан кўп ўтмай, у: «Амалга ошди!» — деб айтган. (Юҳан. 19:30; Луқо 22:37) Ҳа, Яҳова қисқа вақтга Исони ҳимоя қилмагани туфайли у ер юзида бажариши керак бўлган барча ишни тўлиқ амалга оширган. Қолаверса, бу орқали у «Мусонинг Таврот китобида, пайғамбарлар китобларида ва Забурда» ўзи ҳақида ёзилганларни амалга ошира олган. (Луқо 24:44)
a Шунингдек, ушбу сондаги «Исонинг сўнгги сўзларидан сабоқлар» номли мақоланинг 9- ва 10- хатбошиларига қаранг.
b Исо хизмати давомида айтган фикрлар ёки кўтарган саволлар доим ҳам унинг ҳис-туйғуларини акс эттирмаган. Шу йўсин, у издошлари ўз фикрларини билдиришига имкон берган. (Марк 7:24–27; Юҳан. 6:1–5; «Қўриқчи минораси»нинг 2010 йил, 15 октябрь сонининг 4- , 5- саҳифаларига қаранг.)