38- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳовага ва биродару опа-сингилларга бўлган севгингизни кучайтиринг
Мен ўз Отам ва сизларнинг Отангиз... ҳузурига кўтариламан. ЮҲАН. 20:17
3- ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг
БУ МАҚОЛАДАa
1. Садоқатли одамлар Яҳова билан қандай муносабатга эга бўла олади?
ЯҲОВАНИНГ оиласи «барча мавжудотлар ичида тўнғич» бўлган Исо ва миллионлаб фаришталардан иборат. (Колос. 1:15; Заб. 103:20) Исо ер юзида бўлганида, садоқатли одамларга Яҳовани Ота деб аташлари мумкинлигини тушунишларига ёрдам берган. У шогирдларига гапирганида, Яҳовани «Отам ва сизларнинг Отангиз» деб атаган. (Юҳан. 20:17) Ўзимизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмганимизда, биродару опа-сингиллардан иборат меҳрибон оилага қўшилган бўламиз. (Марк 10:29, 30)
2. Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
2 Баъзилар учун Яҳовани севувчи Ота сифатида қабул қилиш қийин. Айримлар эса биродару опа-сингилларига бўлган севгини қандай кўрсатишни билмаслиги мумкин. Мазкур мақолада Яҳовани севувчи Отамиз деб билишга ва Унга яқинлашишимизга Исо қай йўсин ёрдам беришини билиб оламиз. Қолаверса, биродару опа-сингиллар билан муомала қилганимизда, қайси йўллар орқали Яҳовага эргашиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
ЯҲОВА УНГА ЯҚИНЛАШИШИНГИЗНИ ИСТАЙДИ
3. Намунали ибодат орқали қай йўсин Яҳовага яқинлашамиз?
3 Яҳова севувчи Отадир. Исо Яҳовага у каби нуқтаи назарда бўлишимизни — қаҳри қаттиқ шахс эмас, балки мурожаат қилиш осон, меҳрибон ва севувчи ота деб билишимизни истайди. Исо шогирдларига нима ҳақида ибодат қилишни ўргатганидан буни яққол кўришимиз мумкин. У намунали ибодатни «осмондаги Отамиз» деб бошлаган. (Мат. 6:9) Исо Яҳовага «Қодир Худо», «Яратувчи» ёки «Абадият Подшоҳи» деб мурожаат қилишимиз кераклигини айтиши мумкин эди. Бу нотўғри бўлмасди. Сабаби Яҳовани тасвирлаш учун Муқаддас Китобда бу унвонлар ишлатилади. (Ибт. 49:25; Ишаё 40:28; 1 Тим. 1:17) Лекин Исо қалбларга яқин бўлган «Ота» сўзини ишлатган.
4. Яҳова Унга яқинлашишимизни хоҳлаётганини қаердан биламиз?
4 Яҳовани севувчи Ота деб қабул қилиш сиз учун қийинми? Баъзиларимиз учун осон эмас. Эҳтимол, болалигимиз оғриқли ўтгани туфайли севувчи отани тасаввур қилиш мушкулдир. Яҳова ҳис-туйғуларимизни тўлиқ тушунаётганини билиш бизга тасалли бахш этмоқда. У бизга яқин бўлишни истайди. Шу боис, Унинг Каломи бизни: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деб ундаяпти. (Ёқб. 4:8) Яҳова бизни севади ва дунёдаги энг аъло Ота бўлишини айтяпти.
5. Луқо 10:22 га кўра, Исо Яҳовага яқинлашишимизга қандай ёрдам бера олади?
5 Исо Яҳовага яқинлашишимизга ёрдам бера олади. У Яҳовани жуда яхши билгани ва Унинг фазилатларига мукаммал даражада тақлид қилгани туфайли: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деб айтган. (Юҳан. 14:9) Исо тўнғич акамиз сифатида қандай қилиб Отамизни ҳурмат қилишимиз, Унга итоатли бўлишимиз, Унга ёқмайдиган ишлардан йироқлашишимиз ва Уни мамнун қилишимиз борасида бизга таълим беряпти. Лекин, айниқса, Исонинг ер юзидаги ҳаётидан Яҳова қанчалик меҳрибон ва севувчи Худо эканини кўрса бўлади. (Луқо 10:22 ни ўқинг.) Келинг, бунинг баъзи мисолларини кўриб чиқайлик.
6. Яҳова Исони тинглаганини қаердан биламиз? Мисоллар келтиринг.
6 Яҳова фарзандларини тинглайди. Келинг, у тўнғич Ўғлини қай йўсин тинглаганини кўриб чиқайлик. Яҳова Ўғли ер юзида бўлганида унинг кўплаб ибодатларини эшитгани аниқ. (Луқо 5:16) У Исонинг муҳим қарор чиқариш олдида қилган ибодатини эшитган. Масалан, Исо 12 та ҳаворийсини танлашдан олдин ибодат қилганида Худо уни эшитган. Яҳова, шунингдек, Исо қийин дамларда қилган ибодатларига қулоқ тутган. Яҳудо Ишқариёт хиёнат қилишидан сал олдин Исо Отасига чин кўнгилдан қилган ибодатида олдинда бўладиган қийин синов тўғрисида айтган. Яҳова нафақат Исонинг ибодатини эшитган, балки уни қўллаб-қувватлаш учун фариштасини ҳам юборган. (Луқо 22:41–44)
7. Яҳова ибодатларимизни эшитишини билишдан нимани ҳис қиляпсиз?
7 Ҳозир ҳам Яҳова хизматчиларининг ибодатларини тинглайди ва уларга ўз вақтида ҳамда энг маъқул йўл орқали жавоб беради. (Заб. 116:1, 2) Келинг, Ҳиндистондаги бир опамиз буни шахсан ўзида ҳис қилганини кўриб чиқайлик. У ҳаддан ташқари хавотирланиб, бундан азоб чекарди ва бу ҳақда Яҳовага илтижо қиларди. У шундай деб ёзди: «JW Интернет-телевидениесининг 2019 йил май ойи кўрсатуви ташвиш ва хавотирларни қандай енгиш ҳақида эди. Бу айнан мен учун бўлиб, ибодатларимга жавоб эди».
8. Яҳова қайси йўллар орқали Исога бўлган севгисини кўрсатди?
8 Яҳова Исони яхши кўрган ва унинг ер юзидаги машаққатли хизмати давомида унга ғамхўрлик қилган. Шу каби, Яҳова бизни ҳам яхши кўради ва ғамхўрлик қилади. (Юҳан. 5:20) У Исонинг маънавий, ҳиссий ва жисмоний эҳтиёжларига ғамхўрлик қилган. Бундан ташқари, Яҳова Исони севишини ва ундан мамнун эканини айтган. (Мат. 3:16, 17) Исо ҳар қачон севувчи самовий Отасига таяна олишини билгани туфайли ўзини асло ёлғиз ҳис этмаган. (Юҳан. 8:16)
9. Яҳова бизни яхши кўришини қаердан биламиз?
9 Исо каби барчамиз Яҳованинг севгисини кўп йўллар орқали ўзимизда ҳис қилганмиз. Бир ўйлаб кўринг, Яҳова биз Унинг дўсти бўлишимизга йўл қўйди ва кўпдан-кўп меҳрибон биродару опа-сингилларни ато этди. Улар бизни қувонтириб қийин пайтларимизда далда беради. (Юҳан. 6:44) Қолаверса, Яҳова имонимизни мустаҳкам сақлашимиз учун керак бўлган барча нарсани тақдим этмоқда. Шунингдек, У ҳатто ҳар кунги жисмоний эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилишга кўмаклашади. (Мат. 6:31, 32) Яҳованинг бизга нисбатан севгиси устида мулоҳаза юритганимизда, Уни янада кўпроқ яхши кўрамиз.
БИРОДАРУ ОПА-СИНГИЛЛАРИНГИЗГА ЯҲОВА КАБИ МУНОСАБАТДА БЎЛИНГ
10. Яҳова биродару опа-сингилларимизга қилаётган муносабатидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
10 Яҳова биродару опа-сингилларимизни севади. Бироқ уларни доим яхши кўриш ва севгини намоён этиш биз учун осон бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, барчамиз ҳар хил маданиятга мансубмиз ва келиб чиқишимиз турлича. Шунингдек, ҳаммамиз хатолар қилишимиз ва бошқаларнинг ғашига тегишимиз ҳамда ҳафсаласини пир қилишимиз мумкин. Шундай бўлса-да, имондошларга нисбатан севгимизни мустаҳкамлай оламиз. Қанақасига? Отамизга тақлид қилиб уларга бўлган севгимизни намоён этишимиз мумкин. (Эфес. 5:1, 2; 1 Юҳан. 4:19) Келинг, Яҳовадан қандай ўрнак олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
11. Исо Яҳованинг«меҳр-шафқатига» қай йўсин тақлид қилган?
11 Яҳова «меҳр-шафқатни» намоён этади. (Луқо 1:78) Меҳр-шафқатли инсон бошқалар азоб чекаётганини кўрганида, ташвишланади ҳамда ёрдам ва тасалли бериш йўлларини излайди. Одамларга қилган муносабатида Исо Яҳованинг уларга бўлган севгисини акс эттирган. (Юҳан. 5:19) Бир сафар «Исо оломонни кўриб уларга ачинди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар». (Мат. 9:36) Исонинг меҳр-шафқати ҳис-туйғулари билан чегараланиб қолмаган. У касалларни соғайтирган ҳамда «заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар»га ёрдам берган. (Мат. 11:28–30; 14:14)
12. Меҳр-шафқат кўрсатишнинг айрим мисолларини келтиринг.
12 Биродару опа-сингилларимизнинг муаммолари ҳақида ўйласак, уларга меҳр-шафқат кўрсата оламиз. Масалан, опамиз жиддий соғлиқ муаммосига йўлиққандир. Балки у бу ҳақда умуман гапирмас, лекин унга амалий ёрдам кўрсатилса, хурсанд бўлиши турган гап. У оиласининг жисмоний эҳтиёжларига қандай ғамхўрлик қиляпти? Унга таом тайёрлашда ёки уй ишларини қилишда ёрдам бера оламизми? Балки биродар ишини йўқотгандир. У бошқа иш топгунига қадар, совға сифатида — биздан эканини билдирмасдан — моддий ёрдам кўрсатармиз.
13, 14. Қандай қилиб Яҳова каби сахий бўла оламиз?
13 Яҳова сахийдир. (Мат. 5:45) Биродару опа-сингилларимиз биздан ёрдам сўрашини кутиб ўтирмай, меҳр-шафқатни намоён этишимиз лозим. Яҳова каби бу борада ташаббус кўрсатишимиз мумкин. Биз сўрамасак ҳам Яҳова ҳар куни қуёш чиқишига ғамхўрлик қилади. Қуёшнинг тафтидан нафақат миннатдор бўлганлар, балки барча баҳраманд бўла олади. Бизга керакли бўлган нарсаларни бериш орқали Яҳова бизни севишини кўрсатмоқда. Яҳова жуда меҳрибон ва сахий бўлгани учун Уни севамиз.
14 Самовий Отамизга тақлид қилган ҳолда кўпгина биродару опа-сингилларимиз сахий бўлишда ташаббус кўрсатмоқда. Мисол учун, Филиппинда 2013 йили шиддатли «Хайян» тайфуни сабабли даҳшатли вайронагарчиликлар юз берди. Кўпгина имондошларимиз уйларию мол-мулкидан айрилди. Бироқ бутун дунёдаги биродару опа-сингиллар бир ёқадан бош чиқариб, уларга ёрдам қўлини чўзди. Кўплар хайр-эҳсон қилди ёки улкан қурилиш ишларида иштирок этди. Бунинг натижасида салкам бир йил ичида тахминан 750 та уй таъмирланди ёки қайта қурилди. Шунингдек, COVID-19 пандемияси пайтида ҳам Шоҳидлар имондошларини қўллаб-қувватлаш учун анча меҳнат қилди. Биродару опа-сингилларимизга ёрдам беришга ошиқсак, уларга севгимизни кўрсатамиз.
15, 16. Луқо 6:36 га биноан, самовий Отамизга тақлид қилиш учун қандай йўл тутишимиз керак?
15 Яҳова раҳмдил ва кечиримлидир. (Луқо 6:36 ни ўқинг.) Самовий Отамизнинг раҳмдиллигини ҳар куни ўзимизда ҳис қиламиз. (Заб. 103:10–14) Исонинг издошлари номукаммал эди. Шу боис, у раҳмдилликни намоён этиб, кечиримли бўлган. У ҳатто гуноҳларимиз кечирилиши учун ҳаётини қурбон қилишга тайёр бўлган. (1 Юҳан. 2:1, 2) Яҳова ҳамда Исо кечиримли ва раҳмдил экани бизни уларга яқинлаштиради.
16 Биродару опа-сингилларимизни «чин дилдан кечирганимизда», ўртамиздаги севги янада кучаяди. (Эфес. 4:32) Тўғри, баъзида бошқаларни кечириш жуда қийин бўлиши мумкин. Шунинг учун, бунинг устида ишлашимиз керак. «Қўриқчи минораси»даги «Бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар» номли тадқиқ мақоласи бир опамизга айнан шундай йўл тутишга кўмаклашдиb. У шундай деб ёзди: «Бу мақола бошқаларни кечириш менга қандай ёрдам беришини тушунишимга кўмаклашди. У ерда тушунтирилишича, бошқаларни кечиришга тайёр бўлиш уларнинг нотўғри ҳаракатини маъқуллашни ёки етказган зарарнинг аҳамиятини пасайтиришни англатмайди. Аксинча, бу хусумат каби туйғуни қўйиб юбориб ички хотиржамликни сақлаш дегани». Биродару опа-сингилларимизни чин дилдан кечирганимизда, уларга бўлган севгимизни ва Отамиз Яҳовага тақлид қилаётганимизни кўрсатамиз.
ЯҲОВАНИНГ ОИЛАСИДАГИ ЎРНИНГИЗ УЧУН МИННАТДОР БЎЛИНГ
17. Матто 5:16 га кўра, қай йўсин самовий Отамизга шараф келтира оламиз?
17 Севгига тўла умумжаҳон оилага тегишли бўлиш катта шараф. Иложи борича кўпроқ одам Тангримизга топинишда бизга қўшилишини истаймиз. Буни ёдда тутган ҳолда, Яҳова халқининг ёки самовий Отамизнинг номига доғ туширадиган бирон нарса қилишдан эҳтиёт бўламиз. Хулқ-атворимиз доимо яхши бўлишига интиламиз. Шунда одамлар Яҳова ҳақида билишни ва Унга хизмат қилишни хоҳлайди. (Матто 5:16 ни ўқинг.)
18. Жасорат ила шоҳидлик беришимизга нима кўмаклашиши мумкин?
18 Самовий Отамизга итоат қилганимиз туфайли баъзида айримлар бизни танқид ё ҳатто қувғун қилиши мумкин. Борди-ю, эътиқодимиз ҳақида айтишдан қўрқаётган бўлсак-чи? Яҳова ҳамда Унинг Ўғли бизга ёрдамга келишига ишонишимиз мумкин. Исо шогирдларига қандай гапириш ёки нима дейиш борасида ташвишланмаслик кераклигини айтди. Исо буни қуйидагича тушунтирди: «Нима дейиш кераклигини ўша пайтнинг ўзида билиб оласизлар. Сабаби, ўз-ўзингиздан эмас, балки самовий Отангизнинг қудрати ёрдамида гапирасизлар». (Мат. 10:19, 20)
19. Жасорат ила шоҳидлик берган имондошимизнинг мисолини келтиринг.
19 Келинг, Робертнинг мисолини кўриб чиқайлик. Бир қанча вақт олдин у энди тадқиқ бошлаганди ва Муқаддас Китоб асосида кам билимга эга эди. Ўшанда Роберт нега ҳарбий хизматни ўтамаслигини тушунтириш учун Жанубий Африкадаги судга бориши керак эди. У ерда Роберт биродару опа-сингилларига бўлган севгиси туфайли бетараф қолмоқчи эканини жасорат ила тушунтирди. У Яҳова оиласидаги ўрни учун миннатдор эди. Кутилмаганда судья ундан: «Қайси биродарлар ҳақида айтяпсиз?» — деб сўради. Роберт бундай саволни кутмаганди. Лекин шу заҳоти ўша кун учун келтирилган оятни эслади. У ерда Матто 12:50 келтирилганди: «Кимки самовий Отамнинг иродасини бажарса, ўша менинг ака-укам, опа-синглим ва онам бўлади». Роберт Муқаддас Китобни энди тадқиқ қилишни бошлаган бўлса-да, муқаддас руҳ ёрдамида бу ва кутилмаган бошқа кўпгина саволларга жавоб бера олди. Яҳова у билан фахрлангани аниқ. Қийин вазиятларда Яҳовага таяниб, жасорат ила шоҳидлик берсак, У биз билан ҳам фахрланади.
20. Қандай йўл тутишга қатъий қарор қилишимиз керак? (Юҳанно 17:11, 15)
20 Келинг, Яҳованинг севгига тўла оиласидаги ўрнимиз каби баракани қадрлашда давом этайлик. Энг аъло Отамиз ва бизни севадиган кўпгина биродару опа-сингилларимиз бор. Буни оддий ҳолдай қабул қилмаслигимиз керак. Шайтон ва унинг ёвуз тарафдорлари самовий Отамизнинг севгисидан шубҳаланишимизга ва биз завқланаётган бирликка рахна солишга интилмоқда. Лекин Исо биз ҳақимизда Отамизга ибодат қилиб, бизни ҳимоялашини, оиламиз якдил бўлиб қолишини сўраган. (Юҳанно 17:11, 15 ни ўқинг.) Ҳозирда Яҳова бу ибодатга жавоб бермоқда. Келинг, Исо каби самовий Отамизнинг севгисию қўллаб-қувватлашидан асло шубҳаланмайлик. Шунингдек, биродару опа-сингилларимизга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ бўлишга қатъий қарор қилайлик.
99- ҚЎШИҚ Сон-саноқсиз Шоҳидлармиз
a Биродару опа-сингиллардан иборат севгига тўла оиланинг аъзоси бўлишдан жуда бахтиёрмиз. Барчамиз орамиздаги севги ришталарини мустаҳкамлашни истаймиз. Қизиқ, қандай қилиб? Яҳова бизга севгини қай йўсин кўрсатаётганига тақлид қилишимиз ҳамда Исо ва имондошларимизнинг ўрнагига эргашишимиз мумкин.
c РАСМГА ШАРҲ. Яҳова Гетсемания боғида бўлган Исони мустаҳкамлаш учун фариштасини юборди.
d РАСМГА ШАРҲ. COVID-19 пандемияси давомида кўплар озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаб, уларни етказиш учун меҳнат қилди.
e РАСМГА ШАРҲ. Бир она қамоқдаги биродарга далда бериш ниятида хат ёзаётган қизига ёрдам беряпти.